1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Нега мен?” деманг...

 “Қаттиқ хасталикка чалиниб, ётиб қолдим, – ҳикоя қилади бир танишим. – Тузалишдан умид қилсам ҳам, юриб кетишимга кўзим етмасди. Шу пайтгача яхши юрганим учунми, беқарор бўлар, “Нега энди ҳамма соппа-соғ-у, мен касал бўлишим керак?” деган савол ўйларимдан кетмасди. Энг хижолатлиси, соғ пайтимда гап-гаштакларимизга кам қўшилгани учун биз доим мазах қилиб юрадиган бир ўртоғим ҳолимдан тез-тез хабар оларди. Узоқ суҳбатлашиб ўтирар, айтаётган гаплари, ривоятлари кўнглимга ёруғлик соларди. У кетгач, эшитганларимни тафаккур қилиб, хулосалар чиқарардим. Ўша ўртоғим ўргатганидек, ҳар қандай ҳолатда ҳам “Алҳамдулиллаҳ” калимасини такрорлардим. Бора-бора бир жойда ётишга ҳам кўникдим. Аммо бу шунчаки, ҳамма нарсадан умид узиш эмас. Бу – қазойи қадарга розилик эди. Кўнглимда тузалиб кетишга, яна оёқларим билан юришга чинакам умид уйғонди. Шунда тушундим, ҳаловат, хотиржамлик таслимиятда экан...”
Саодат асридан...
Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни саҳобалар йиғилган мажлисда сўрадилар:
– Сизлар мўминмисиз?
Мажлис аҳли сукутга чўмди. Шунда ҳазрат Умар (розийаллоҳу анҳу) жавоб берди:
– Ё Расулуллоҳ, мўминмиз.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) савол бердилар:
– Имонингизнинг аломати нима?
Ҳазрат Умар дедилар:
– Неъматларга шукр, балога сабр қиламиз, қазойи қадарга рози бўламиз.
– Каъбанинг Раббига қасам, сизлар бу сифатларингиз билан ҳақиқий мўминсиз” (Имом Табароний).
Яқин ўтмиш ибрати
Таниқли теннисчи, жаҳон чемпиони Артур Эш қон қуйиш жараёнида оғир хасталикни юқтириб олди. Аҳволи кундан-кун ёмонлашарди. Умрининг сўнгги кунларини яшаётган Артур мухлисларидан кўплаб мактублар оларди. Улардан бирида бундай сўзлар бор эди: “Парвардигор бундай дард учун нега бошқани эмас, сизни танлади?”
Артур эса мухлисига бундай жавоб ёзди: “Бутун дунёда ҳар йили эллик миллион бола теннис ўйнашни бошлайди, шундан беш миллиони ўрганади. Беш юз минг нафари профессионал даражасига чиқади. Беш минги катта мусобақаларда қатнашиб, эллик нафари “Уимблдон”гача келади. Тўрттаси ярим финалда, иккитаси финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Қўлимда чемпионлик кубогини тутиб, қувониб турарканман, бирор марта: “Нега мен?” демадим. Энди хасталикка чалиниб, азоб чекаётганимда: “Нега мен?” десам, тўғри бўладими?”
Мўминнинг сифати
Ҳар қандай ҳолатни ҳам розилик билан қабул қилиш мўминлик белгиси. Зеро, бунда Аллоҳ таоло розилиги бор. Илоҳий ризога эришиш эса мусулмон одамнинг энг улуғ орзуси.
Кўпчилигимизга, бирор неъмат берилса, ўзимизни лойиқ деб билганимиз учун ҳам “нега менга?” деган савол хаёлимизга келмайди. Аммо қийинчилик етса, тилимизга чиқармасак-да, дилимиздан: “Нега машаққатларга фақат мен дучор бўларкинман?” деган савол ўтиши бор гап. Шундай пайтлар ўзимиздан юқори эмас, пастдагиларга қараш ҳақидаги муборак тавсияни унутиб қўямиз...
Яна бир ҳақиқат бор, банда илоҳий ризога фақат амаллари билан етишолмайди. Балки оз бўлса ҳам, амалнинг ихлос ила бажарилгани, ўша амал эгасининг ҳар қандай ҳолатда қазойи қадарга розилиги саодатга етишиш асосидир.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади.

Ҳозир сайтимизда 202 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ