Сайт бўлимлари
Ота-онага итоатнинг чегараси
- Подробности
- Бўлим: Тарбия
- Чиққан санаси: 31 Декабрь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Ота-онанинг итоати ҳақидаги биз юқорида ўрганиб ва эслаб ўтган таълимотлар, яна бошқа қўшимча маълумотларни баъзи тарафларнинг суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Баъзи ота-оналар болаларининг гуноҳ ишларда ҳам уларга итоат қилишларини истайдилар. Ҳатто Аллоҳнинг амрига, У зотнинг динига хилоф бўлган ишларда ҳам, менинг айтганим бўлиши керак, дейдиган ота-оналар йўқ эмас. Бу ҳақдаги можаролар, низолар, саволлар тез-тез учраб туради.
Аммо, инсоннинг ва унга тегишли нарсаларнинг барчаси чегараланга нарсалар эканини унутмаслик лозим. Жумладан, ота-онага итоатнинг ҳам чегараси бор. Бу ҳақийқатни ота-онага итоат қилишни амр қилган Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилган.
Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўнал¬ганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман». (15-оят)
Ҳа, ота-онанинг фарзандда ҳаққи кўп. Фарзандлари уларни ҳар қанча эъзозласа, уларга ҳар қанча шукр қилса, итоат этса, оз. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳаққи ундан ҳам юқори. Чунки, ота-она фарзанднинг дунёга келишига, униб-ўсишига сабабчи бўлсалар, Аллоҳ таоло ҳақийқий яратувчи ва ризқ берувчидир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан устиндир. Бу оятда ана шу ҳақийқат баён этилмоқда.
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма!»
Агар ота-она ўз қадрини ўзи туширса, ота-оналик бурчини адо этиш, Луқмони Ҳаким каби боласини ширкдан қайтариш ўрнига уни Аллоҳ таолога ширк келтиришга зўрласалар, нотўғри қиладилар, гуноҳкор бўладилар. Унда фарзанд уларга итоат этмайди. Гуноҳ ишда ота-онагаки итоат этилмаганидан кейин, улардан бошқасига итоат этмаслик турган гап. Мўмин-мусулмон кимса нафақат Аллоҳга ширк келтиришда, балки умуман, У зотга маъсият бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат этмайди.
Лекин бу, бошқа эътиқодда бўлгани учун ота-онангдан бутунлай воз кеч, дегани эмас.
«Ва дунёда икковларига яхшилик қил…»
Мусулмон фарзанд кофир ота-онасига эътиқод, дину диёнат масаласида итоат этмагани билан, уларга ширин муомалада бўлади, дунёвий эҳтиёжларини қондиради. Ушбу ояти карималар нозил бўлмаган вақтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос, Саъд ибн Молик каби ота-онаси мушрик бўлган саҳобийларга ота-оналарини ҳурматлашни, уларга яхшилик қилишни буюрганлар.
«...ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш.»
Яъни, менинг йўлимни тутган мўмин-мусулмонларнинг изидан юр.
«Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир.»
Мендан бошқага эмас. Қиёматда ҳаммангиз менга қайтасиз.
«Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман.»
Ва ҳар ким қилган яхши амалига яраша мукофот, ношукр бўлганлар нонкўрлигига яраша жазоларини оладилар.
Бу борадаги умумий қоидани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида баён қилганлар.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат йўқ» – дедилар».
Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Яъни, бандани рози қиламан, деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди.
Мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун барча яхшиликларни қилиши матлуб. Аммо бу ишлар шариат кўрсатмаларидан заррача ҳам четга чиқмаслиги лозим. Акс ҳолда, банда Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолади.
Ота-она зулм қилсалар ҳам, уларга яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасидаги ҳужжат ва далилларни чуқур таҳлил қилган фуқаҳолар бундан истисно қилинадиган нарсаларни ҳам аниқлганлар.
Машҳур Ҳанафий олимлардан Мулло Алий Қори:
«Бу (ота-она зулм қилса ҳам, уларга итоат қилиш) айни камолдир. Аммо, жоизликнинг асли эътиборидан хотини билан ажрашиш ҳақида амр бўлса, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам», – деган.
Имом Таҳовий:
«Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади, наҳий қилинган нарсаларда эмас», – деган.
Тоҳир Фатаний:
«Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас», – деган.
Иззуддийн Абдуссалом:
«Фарзандга иккисининг итоати ҳар бир амрда ва ҳар бир наҳийда вожиб бўлмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар», – деган.
Имом Ғаззолий:
«Кўпчилик уламолар ота-онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота-онанинг итоати эса мажбурийдир», – деганлар.
Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар:
«Агар ота-онанинг ҳаққига баробарига риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади. Чунки насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устин қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса, онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради.
Баҳз ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Рамули, кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Онангга», – дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Онангга», – дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Онангга», – дедилар.
«Кимга яхшилик қилай?» – дедим.
«Отангга, сўнгра энг яқинларга, кейин ундан кейинги яқинларга ва ҳоказо», – дедилар».
Мана шу ҳадисдан уламолар «онанинг ҳаққи отаниинг ҳаққига кўра уч баробар кўп» деган хулосани ҳам чиқарганлар. Ота-она албатта, ҳар бир фарзанд учун улуғ зотлар. Лекин онанинг тутган ўрни алоҳида таъкидланади. Чунки она фарзандга ҳомиладор бўлганидан бошлаб, унинг машаққатини тортади. Тўққиз ой давомида қорнида кўтариб юради. Ҳомиладорликнинг қанчалик қийин кечишини ҳар бир ақлли одам яхши билади. Фақат фарзанд учун фидокорлиги туфайлигина она ўша машаққатларни кўтаради. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.
Қолаверса, ҳар бир фарзанднинг туғилиши қанчалик оғир машаққат эканлигини ҳам ҳамма яхши билади. Туғиш дарди ўлимни бўйинга олиш билан баробар эканлигини, айниқса, аёллар яхши биладилар. Шунинг учун ҳам, онанинг фарзанддаги ҳаққи алоҳида улуғ бўлади.
Кейин уни эмизиб, ювиб-тараб, тўғри тарбия бериб, катта қилиш қанчалик улкан меҳнат эканлигини ҳам ҳамма яхши билади. Бу машаққатли меҳнатни ҳам фақат онагина яхшилаб адо эта олади. Шунинг учун онанинг фарзанддаги ҳаққи буюкроқ бўлади.
Расулуллоҳ соллал¬лоҳу алайҳи васаллам, ана шу эътибордан, уч марта «онангга яхшилик қил» деганларидан сўнггина, тўртинчи мартада «отангга» деб жавоб бердилар ва улардан кейингина яқинларга – бошқа қариндошларга яхшилик қилиш кераклигини таъкидладилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Одамларнинг қай бирининг аёл кишида ҳаққи энг улуғ?» – деб сўрадим.
«Эрининг», – дедилар».
«Одамларнинг қай бирининг эр кишида ҳаққи энг улуғ?» – дедим.
«Онасининг», – дедилар».
Насаий ривоят қилган.
Демак, эркак кишилар учун уларда ҳаққи энг улуғ одам оналари бўлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 257 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар