Сайт бўлимлари
Алифми ёки калтак?
- Подробности
- Бўлим: Тарбия
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
ҚИЙШИҚ ИМОРАТ
Қайси бир радиоканалда интеллектуал дастур (!) олиб борилаётган эди. Бошловчи савол берди:
– «Мажолис ун-нафоис» асари кимнинг қаламига мансуб?
Бир неча дақиқа ичида уч-тўрт тингловчи боғланиб, ушбу саволга жавоб беришга уринди. Биринчи бўлиб қўнғироқ қилган тингловчининг жавобини эшитиб, аввалига кулгидан ўзимни тия олмадим, кейин эса бир хуноби ошган бошловчига, бир ўша саводсиз ўқувчи қизга ачиниб кетдим.
– Ўзингизни таништиринг, – деди бошловчи унга. Қиз исмини ва мактабда ўқишини айтди. – Хў-ў-ш, саволни такрорлайман: «Мажолис ун-нафоис» асарини ким ёзган?
– Ҳмм... «подсказка» берворинг.
– Хўп, бу шоир исмининг бош ҳарфи «А».
– Аброр Ҳидоятов! – ҳайқирди қиз ҳеч иккиланмай, қувонч билан.
Радиобошловчининг асабийлашиб кетгани овозидан яққол билиниб турарди, чунки қиз эсига келган таниқли кишилардан яна бирининг исмини келтирган эди. Шунда сезиб қолдим: қиз ўйинда иштирок этиш учун эмас, шунчаки эфирга чиқиш мақсадида қўнғироқ қилган. Ундан кейинги қатнашчилар ҳам қойиллатиб жавоб бера олишмади. Ниҳоят бир талаба йигит бошловчини сиқилишдан қутқарди:
– Бу асарни ҳазрат Алишер Навоий ёзган.
Нафақат радиобошловчи, балки менинг ҳам елкамдан тоғ ағдарилди. Мактабларимизда, ана шундай, «алифни калтак» дейдиган ўқувчилар борлигига қаттиқ ачиндим. «Хўп, бир-иккита ўқувчи Навоийни танимаса, осмон узилиб ерга тушармиди», дегувчилар топилар. Бу фикрга раддия тайёр: аждодларини танимайдиган, халқининг ўтмишига беписанд қарайдиган одам ўзлигини англаши мумкинми?
Унутмайлик, бағримизда ўсаётган ҳар бир ёш биз орзу қилаётган келажакнинг битта устуни ҳисобланади. Энди тасаввур қилинг: қураётган иморатингизда бир-икки устуни кам бўлса, қийшайиб қолади-ку...
«ЎЧИР ОВОЗИНГНИ, МАҲМАДОНА!..»
Келинг, гапни чувалатмай, асосий мақсадга ўтақолай. Ўзингиз ҳам фаҳмлаб турибсиз, гап фарзандларимизнинг таълим-тарбияси ҳақида.
Хўш, айрим ўқувчилар юқорида тилга олинган қиз каби «даҳолик»ка эришаётган экан, бунинг асосий сабаблари нимада?
Масалани сиёсатга тақашнинг ҳожати йўқ. Юртимизда мактаб таълимини ислоҳ қилиш йўлида амалга оширилаётган ишларга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Ўқийман, деган одамга ҳар қандай шарт-шароит муҳайё. Шундай экан, ақалли бир бор холис бўлайлик-да, айбни ҳар доимгидай бошқаларга ағдармай, ўзимиздан қидириб кўрайлик.
Аллақайси замонда ёш ота-она машҳур алломанинг ҳузурига келишибди. «Яқинда фарзандли бўлдик, унинг тарбиясини қачондан бошлашимиз даркор?» деб сўрашибди улар. Аллома ҳам савол берибди: «Фарзандингиз неча ойлик бўлди?» «Уч ойлик», жавоб қайтарибди улар. «Унинг тарбиясини роппа-роса уч ойга кечиктирибсизлар», деган экан аллома. Ушбу ривоятдан хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. Ўзбекларда эса фарзандлар тарбияси ҳақида ўзига хос оддий фалсафа бор: «Ҳа-а, бир-бири билан уришиб-тепишиб катта бўлади-да...» Тўғрисини тан олиш керак, тарбия борасида анча нўноқмиз. Нобел мукофотини олиши мумкин бўлган боламизга нонни «нанна», овқатни «ашша» қилиб ўргатгунимизча, рус қўшнимизнинг фарзанди ҳамма нарсани ўз оти билан атаб, бурро-бурро гапираётган бўлади. Дилбандимиз эндигина дунёни англай бошлаб, «У ким? Бу нима?» қабилида саволлар бера бошласа, «Уф-ф, бошимни қотириб юбординг, бирпас жим ўтир», «Ўчир овозингни, маҳмадона!» тариқасида жавоблар эшитади. Бора-бора, у сав
ол сўрамай қўяди, эндигина куртак отган истеъдоди ва қобилияти бўғилади-қолади.
ЗЎРАВОНЛАР
Академик лицейда ишлаб юрган пайтида ҳамкасбларим айтиб қолишди: «Ҳозирги ўқувчилар жуда талтайиб кетди, агар бирор эркак ўқитувчи ёқмай қолса борми, панароққа олиб чиқиб, калтаклашдан ҳам тойишмайди...» Бу ҳақида олдин ҳам эшитгандим, барибир ишонмадим. «Бор гап, бунақа воқеалар бўлиб туради, ўқитувчи бечора эса ҳеч кимга оғиз очолмайди», дейишди улар. Наҳотки, ўқувчи таълим берган устозига қўл кўтарса?! «Устоз отангдай улуғ» деган гап қаерда қолди унда? «Сенга бир ҳарфни ўргатган устознинг ҳаққини мингта бойлик билан ҳам адо этолмайсан», деган гап-чи?
Бундай кўнглисиз ҳолатнинг асл сабабчилари албатта ота-оналардир. Йилда аранг бир марта қорасини кўрсатган ота-онага фарзандидан шикоят қилсангиз, «Эртадан-кечгача ишдамиз, тирикчилик билан овора бўлиб, болаларга вақт ажратолмаяпмиз», дея узрхоҳлик қилишади. Ўғлига ё қизига қаттиқроқ гапириб кўринг-чи, аюҳаннос солиб, елдай учиб келишади. «Нимага менинг боламни хафа қилдинг? Ҳатто чертишга ҳам ҳаққинг йўқ», деб дўқ-пўписа қилишади. Бунақада ўқитувчининг обрўси қоларканми?
Афсуски, биз ўз фарзандимизга мактабда яхши билим олиш кераклигини уқтирмаймиз. Аксинча, ўқишига мутлақо бепарво қараб, институт ёки университетга ПУЛ билан киритиб қўйишга ваъда қиламиз (қарабсизки, яна бир танбал тайёр-да). Кейин эса пул билан ишга жойлаймиз, уни бошқалардан пул олишга ўргатамиз. Эътиқоди пулга айланган одамнинг эса манқуртдан фарқи йўқлигини биз ғофиллар қаёқдан ҳам билайлик?..
Аброр Адҳамзода
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 215 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар