Сайт бўлимлари
Эски мавзуда янги мулоҳазалар
- Подробности
- Бўлим: Ота-она
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Қайнона-келин муносабатлари ҳақида айтилмаган, ёзилмаган гап қолмаган... деб ўйлардим. Тўғриси, бу мавзудаги мулоҳазалардан иложи борича ўзимни тортардим. Кейинги пайтларда турмуши бузилган аёлларнинг ҳаёт йўлига разм солиб, қайнонасидан нолиб юрганларнинг аксарияти қисматида ўзи айбдор, деган фикрга келдим. Бугунги эски мавзудаги янги мулоҳазалар айни шу хусусда.
Айбсиз “айбдор” қайнона
Жамоамизга янги ходима ишга келди. Юриш-туришидан бинойидеккина жувонга ўхшайди. Ҳамкасблар орасида тиллари буррогина жамоадошимиз зудлик билан олиб борган “суриштирув” натижалари янги ходиманинг турмушидан ажрашгани, ҳозир икки яшар қизчаси билан ижарада яшаб юрганини аён қилди. Биз аёллар янги ҳамкасабимизга хўп ачиндик. Ахир, аёл боши билан бир болани эргаштириб ижарама ижара судралишнинг ўзи бўладими?! Қолаверса, бошида эри йўқ аёлнинг ташвиши ҳам оғир бўлади. Ходимага ўзимизни яқин тутиб, ҳар ким қўлидан келган ёрдамни беришга ошиқди. Тез кунда биз билан иноқлашиб кетган янги ҳамкасабанинг дард “халта”си очилди. Тушлик дастурхонида барча аёллар бир жойда тўпланамиз. Оила, турмуш масалалари ҳақида гап кетса, ҳалиги ҳамкасбимиз лаби лабига тегмай қайнонасини ёмонлай кетади:
— Қайнонам нақ анаконданинг ўзи эди. Бошқоронғилигимда март-апрел ойлари роса қовун-тарвуз егим келган. Эрим топиб келишга уриниб кўрмоқчи бўлганидан, онаси, “Шунча бола туғиб токсикоз нималигини билмаган эканман. Ҳозирги ёшлар уят, ор-номус, шарм-ҳаёни тамоман унутиб юборишган. Уялмай-нетмай шу пайтда қовун-тарвуз топиб кел, деб боламни чирқиратадими?! Пешонам қурсин, менинг” деб роса дод-вой қилган. Эрим латтачайнар, ландовур роса онапарвар эди. Қайнонам ўғлини мендан қизғаниб, турмушимизни бузди. Ҳатто нораста гўдагимга ҳам раҳм қилмади...
Аёлнинг деярли ҳар кунги шикояту нолишлари ана шу гап-сўзлардан иборат бўлади. Бир одам билан яқин бўлганинг сари, унинг камчиликларини пайқаб олаверар экансан. Вақт ўтиши билан янги ходиманинг феъл-атвори, юриш-туришини обдон кузатиб, жамоамизнинг ёши катта аёллари керакли баҳо беришди:
— Шу қизни келин қилган аёлнинг пешонаси ҳам шўр экан! Чой ичган пиёласини чайишга эринадиган, бир коса овқатни эплаб таёрламайдиган, бунинг устига салга қовоғини ўйиб, лабини қимтиб юрадиган қиздан яхши келин чиқармиди?! Келин дегани, очиқфеъл, хушрўй бўлса, табассум билан кўзингга қараб турса-да! Қайнонаси бекорга буни ҳайдаб солмаган кўринади. Ҳақиқатан ҳам бундай келиндан Худо асрасин!
Ҳа. Аслида жувоннинг дастлабки гап-сўзлари, пала-партиш ишлари мени ҳам шу хулоса атрофида тўхтатганди. Чиндан ҳам, қайнонага она сифатида қарасак, ҳеч бир она фарзандига ёмонлик тиламайди. Минг келинга бегона назари билан қараса ҳам, ҳеч бир она ўғлининг турмуши бузилишини, дилбандининг зурриёти сарсону саргардон юришини ҳеч бир қайноналик рутбасидаги она истамайди. Бу аниқ! Демак, юқоридаги фикрларимиз биргина кузатув асносида ўз исботини топди: қайнона-келин можароларида ҳамма вақт ҳам қайноналар айбдор эмас! Хўш, унда нега ҳамма келинларнинг бирдан бир “душман”и қайнона бўлиб қоляпти? Қайнонажонларнинг ҳаммаси ҳам оппоқ эмас! Уларда ҳам етарлича айб бор. Бу ҳақида қуйида кузатасиз.
Қайнона беозор бўлса, рўзғор бозор бўлар
Кўпни кўрган онахонларимиз хатбошига кўз югуртирган заҳоти, барака топ, қизим, худди дилимдаги гапни гапирибсан, деворган бўлса, ажаб эмас. Даставал, шу фикр билан боғлиқ бўлган бир ҳолатни газетхон ҳукмига ҳавола этишлик жоиз деб билдим. — Келин туширишимиздан аввал онам қайта-қайта, “ҳеч қачон келинимга озор бермайман. Келинимни ранжитмайман, ортиқча гап-сўз билан кўнглини оғритмайман” деб икки гапнинг бирида айтавердилар. Гап орасида ярим ҳазил-ярим чин қилиб, “жуда мулойим қайнона ҳам бўлманг, биринчидан келинингиз ҳурмат қилмай қўяди, иккинчидан рўзғорингиз бозордай бўлиб қолади, биров сизнинг фикрингиз билан қизиқмайди” дегандим, онам астойдил ранжидилар. Хуллас, келин тушганидан кейин худди ўзлари айтганларидек, келинчакни бошга кўтаргулик бўлиб юрдилар. У бирор юмушга уннамоқчи бўлса, югургилаб чопиб қўлидан юмушини олиб юрдилар. Бундан ғашим келса ҳам, чидашга мажбурман. Чидаёлмай бир-икки гап қилгандим, онам шарт-шурт оғзимни ёпиб қўйдилар. Шундай қилиб, икки ой ўтар-ўтмас, келинчакнинг тили чиқа бошлади. Ўз билганича, сўраб-суриштирмай ота уйига кетиб қоладимией, бирор иш қиладиган бўлса, онамдан сўрамайдими-ей... Энди онам келинидан нолиб юрибди. Ўзи йўлдан чиқарган келинчакни кўрарга кўзи йўқ. Аслида ҳамма айб онамнинг ўзида. Қайнона деган бироз қаттиққўл, жиддий, сермулоҳаза бўлгани яхши экан.
Дарҳақиқат, ҳар нарсада ўзига хос меъёр-мезон бўлиши лозим. Халқимиз бежизга “қайнонали келин қарқара келин, қайнонасиз келин масхара келин” демайди. Қайнонанинг назоратида бўлган келинчак, ўзини таҳлил қилиб юради. Қолаверса, ғўр, ҳаётий тажрибаси оз келинчак қайнонаси соясида турмуш ва рўзғор учун асқотадиган кўп нарсаларни ўрганади. Назорат, талабчанлик ва албатта меъёрий қаттиққўллик бўлмаган жойда, ўзаро ҳурмат-иззат, ишда унум ва албатта файз-барака бўлмайди. Шундай қилиб, қайнонажонлар аввало келинчакка ғамхўр она, кейин меҳрибон устоз ва албатта ўгитгўй отин бўлишлари икки томон учун ҳам фойдали. Тўғри, арзимаган майда-чуйда келишмовчиликлар боисида оилани бузиш, ёш гўдакларни тирик етим қилиб, икки инсонни бахтсиз қилишни ёқламоқчи эмасмиз! Бу — калтабин одамларнинг иши!
Оқила, доно ва меҳрибон қайнонажонларимиз, оила мустаҳкамлиги сирларини сулув келинчакларга ўргатишни ўзлари учун дастурул амал деб биладилар. Чунки, она учун фарзандининг саодатли ва хотиржам ҳаёти ҳар нарсадан муҳим.
Нима дедингиз?
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 283 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар