Сайт бўлимлари
Қўшнининг ҳаққи
Миқдод ибн ал-Асваддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан зино ҳақида сўрадилар.
«Ул ҳаромдир. Уни Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром қилган», – дейишди.
«Қўшнисининг хотини билан зино қилиш ўнта бегона хотин билан зино қилгандан ёмонроқ», – дедилар.
Сўнг ўғрилик ҳақида сўрадилар.
«Ул ҳаромдир. Уни Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром қилган», – дейишди.
Ўнта уйга ўғриликка тушиш қўшнининг уйига ўғриликка тушишдан енгилроқ», – дедилар».
Шарҳ: Қўшнининг ҳаққи шу қадар катта экан. Қўни-қўшничилик алоқалари бузилишининг бош сабабларидан бири ҳам номаҳрам қўшниларга кўз олайтиришдир. Бундан қўшнининг бошқа нарсаларига кўз олайтиришнинг ҳукми ҳам шундай экани келиб чиқади.
Ҳадиснинг иккинчи ярмида қўшнининг уйини ўғирлаш бегона уйни ўғирлашдан ёмонроқ гуноҳ экани айтилган. Чунки, қўни-қўшничилик алоқаларининг яхши бўлиши бутун жамиятнинг ислоҳ бўлишига олиб келади.
Бир қўшни иккинчисига хиёнат қилдими, униси ҳам бунга хиёнат қилади. Бориб-бориб, ҳамма бир-бирига хиёнат қилишга ўтиб кетади. Чунки, жамият қўшниларнинг улкан йиғиндисидан иборат.
Бир одам Аллоҳ таолодан қўрқиб, қўшнининг ҳаққига риоя этса, уни ҳурмат қилса, унинг аҳли-аёлига, мол-мулкига кўз олайтирмаса, бундай қилишни хаёлига ҳам келтирмаса, қўшниси ҳам унга худди шундай муносабатда бўлади. Бундан бошқа қўшнилар ҳам ўрнак оладилар.
Шу тарийқа, бутун жамият бир-бирига яхши муносабатда бўлади, юқоридаги гуноҳ ишларга ўрин қолмайди, охир-оқибат бу жамият бахт-саодатли, тинч-тотув яшайдиган жамиятга айланади.
Бунинг акси бўлса, бир қўшни иккинчисига хиёнат қилади, униси нариги қўшнига хиёнат қилади, натижада бутун жамият бир-бирига хиёнат қиладиган, алдайдиган, обрўсини тўкадиган, молини ҳаромдан ейдиган жамиятга айланади. Аллоҳ таоло бундан Ўзи сақласин.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Зино ҳаромлиги. Уни Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром қилганлари.
2. Қўшнисининг хотини билан зино қилиш ўнта бегона хотин билан зино қилгандан ёмонроқлиги.
3. Ўғрилик ҳаромлиги. Уни Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром қилгани.
4. Ўнта уйга ўғриликка тушиш қўшнининг уйи-га ўғриликка тушишдан енгилроқлиги.
5. Қўшнининг ҳаққи бошқаларникидан анча устунлиги.
ЯХШИЛИКНИ ҚЎШНИДАН БОШЛАШ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга Жаброил қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шунчалар тавсия қилдики, ҳаттоки, уни меросхўрим қилиб қўйса керак, деб ўйладим», – дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнининг ҳаққи ҳақида васият қилгани ҳақида бироз аввалроқ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисни такрорлаб келган.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
«Унинг қўйи сўйилди. У хизматчи йигитига:
«Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми?» – деб ҳадеб сўрайверди.
Сўнг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Жаброил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шу қадар тавсия қилдики, ҳатто, уни меросхўрлик қилса керак, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман», – деди».
Шарҳ: Бу ҳадисда саҳобалардан бирларининг ана шу ҳадиси шарифга қандай амал қилишлари кўрсатилмоқда. Қўшни яҳудий экан, душманлик қилиб юрган ғайридийн одамлардан экан. Лекин ҳадисда «қўшни» дейилганми, бўлди. Яҳудийми, насронийми, мажусийми, ким бўлишидан қатъиназар, унга яхшилик қилиш керак.
Масалан, бу ҳадисда қўй сўйса, гўштидан беришга тавсия қилиняпти. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу буни қайта-қайта тайинлаяптилар. Демак, қўшни ким бўлишидан қатъиназар, мўмин-мусулмонларга қўшнининг кўнглини юмшатадиган, ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлайдиган воситалар билан совға-салом қилиб туриш лозим бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Ғайридийн бўлса ҳам, қўшнининг ҳаққи борлиги.
2. Саҳобаларнинг қўшни ҳаққига риоялари кучли бўлгани.
3. Қўй сўйганда қўшнига унинг гўшти ёки бош-қа маҳсулотларидан ҳадя қилиш лозимлиги.
4. Қўшни ҳаққи тўғрисидаги таълимотлар Жаброил алайҳиссалом орқали келган таълимотлар экани.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Менга Жаброил алайҳиссалом қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шунча кўп тавсия қилдики, ҳатто, уни меросхўрим қилиб қўйса керак, деб ўйладим», деганларини эшитдим».
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бўлиб, Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнининг ҳаққи ҳақида васият қилганларини баён этган ҳадисни такрорлаб келган.
ЭШИГИ ЯҚИНИГА ҲАДЯ ҚИЛАДИ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшним бор, улардан қайси бирига ҳадя берай?» – деб сўрадим. Ул зот:
«Сенга эшиги яқинроғига», – дедилар».
Шарҳ: Демак, қўни-қўшнига яхшилик қилишда, ҳадя беришда эшиги яқинроқ бўлган қўшнидан бошлаш керак экан. Агар бир қўшнини ташлаб, ундан кейингисига ҳадя берилса, ўртадаги қўшнининг кўнглига «Мени ёмон кўрса керак, бўлмаса, ён қўшни бўлиб туриб, шунақа қиладими?» деган шубҳа тушади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Муомала маданиятига оид тафсилотларни биладиганлардан сўраб ўрганиш лозимлиги.
2. Қўшниларга ҳадя бериш яхши иш экани.
3. Қўшниларга ҳадя беришни эшиги яқинидан бошлаш кераклиги.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Ё Расулуллоҳ, менинг иккита қўшним бор, қайси бирига ҳадя берай?» – деб сўрадим. Ул зот:
«Сенга эшиги яқинроғига», – дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган аввалги ҳадиснинг айнан ўзи. Аммо ровийлари бошқа бўлгани туфайли имом Бухорий уни таъкид маъносида бу бобга киритганлар.
ҚЎШНИЛАРНИ ЯҚИНРОҒИДАН, CЎНГ УНДАН КЕЙИНГИСИДАН
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Ундан қўшнилар ҳақида сўралди. Бас у:
«Олдидан қирқ ҳовли. Ортидан қирқта. Ўнгидан қирқта. Чапидан қирқта», – деди».
Шарҳ: Шариат нуқтаи назаридан, ўнг томондан, чап томондан, олд томондан ва орқа томондан қирқта хонадон қўшни ҳисобланар экан ва уларда қўшнилик ҳаққи бўлар экан.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Яқин қўшнини қўйиб, узоқ қўшнисидан бошламайди. Лекин узоқдан олдин яқиндан бошлайди», – деди у киши».
Шарҳ: Бир киши қўшниларига бирор нарса ҳадя қилмоқчи бўлса, яқин қўшнисини қўйиб, узоқдаги қўшнидан бошламаслиги керак экан. Аксинча, ҳадя беришни яқин қўшнидан бошлайди, кейин эса узоқроқдаги қўшниларига бериши мумкин экан. Ҳадя, сов-ға-салом каби олди-бердиларни яқинроқдаги қўшнилардан бошлаб, узоқдагиларга қараб кетиш керак.
ҚЎШНИСИНИНГ ЮЗИГА ЭШИГИНИ ЁПГАН ОДАМ
Ибн Умардан ривоят қилинади:
«У киши:
«Бошимизда шундай замон ёки пайтлар бўлдики, бир одамнинг бир дийнори ёки дирҳами бўлса, ўшанга унинг мусулмон биродаридан кўра ҳаққлироқ одам йўқ эди.
Бугунги кунга келиб эса, дийнор ва дирҳам биримизга мусулмон биродаримиздан афзалроқ бўлиб қолди.
Ҳолбуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Қиёмат куни кўпчилик қўшнисининг бўйнига осилиб олиб: «Роббим! Бу қўшним менинг юзимга эшик ёпди ва яхшилигини манъ қилди», деб даъво қилади», деганларини эшитганман», – деди».
Шарҳ: Демак, қўшнининг юзига эшик ёпмаслик керак, муҳтож бўлганда ёрдам бериш керак, яхшилик қилиш лозим, акс ҳолда, қўшни қиёматда ҳаққини даъво қилиши мумкин экан.
Мана бу ҳақийқатни ҳам яхши билиб олиб, атрофдагиларга тушунтиришимиз керак.
Мулоҳаза қилиб кўрсак, аввал гап ота-онани ҳурмат қилиш тўғрисида кетди.
Кейин болаларга меҳрибонлик, раҳим қилиш тўғрисида гап борди.
Сўнг қавм-қариндошга оқибат қилиш ҳақида гапирилди.
Энди эса, қўшни ҳақида гап бормоқда.
Демак, Ислом таълимоти бутун инсониятни ўзаро яхши алоқада, яхши муомалада бўлишга чақирар экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Ўтган кунларни эслаб туриш яхши экани.
2. Аввалги мусулмонларда молу дунёдан кўра биродарлари афзал кўрилгани.
3. Кейинчалик молу дунё мусулмон биродардан афзалроқ бўлиб қолгани.
4. Бу дунёда қаровсиз қолган қўшни қиёмат куни ўз қўшнисининг бўйнига осилиб олиб даъво қилиши.
5. Қўшни ҳаққи қиёматда савол-жавоб қилинадиган ҳаққлардан бири экани.
ҚЎШНИ ОЧ ҚОЛИБ, ЎЗИ ТЎҚ БЎЛМАС
Абдуллоҳ ибн Мусовир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ибн Аббоснинг Ибн Зубайрга хабар бериб айтаётганини эшитдим:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас», деганларини эшитдим».
Шарҳ: Бу жуда улуғ, оғир, катта гап. Қўни-қўшниларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг оч, юпун қолишидан жуда эҳтиёт бўлиш керак экан.
Дарҳақийқат, қўшнисидан хабар оладиган, қўшнисини оч, юпун қолдирмайдиган жамият жуда тараққий этган, тинч-тотув, аҳил жамият бўлади.
Лекин одамлари қўшнисининг аҳволи билан иши йўқ, ўзи эса керагидан ортиқ еб юрадиган жамият албатта таназзулга кетади, ҳалокатга учрайди.
Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшандай кишилардаги мўминлик сифатини инкор қиляптилар. Буни ҳар биримиз жуда яхши билишимиз лозим.
Бугунги кунимизда бундай ҳолатлар бор. Ҳолбуки, қўни-қўшнилардан хабар олиб туриш, муҳтожларига ёрдам бериш мўминлик бурчимиздир.
ШЎРВА СУВИНИ КЎПРОҚ ҚИЛИБ, ҚЎШНИЛАРГА УЛАШИШ
Абу Заррдан ривоят қилинади:
«Менинг халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар:
Қўл-оёқлари кесилган қулга (агар у бошлиқ қилиб тайинланса) итоат қилиш, гапига қулоқ солиш.
Шўрва қилсанг, сувини кўп қил. Сўнгра қўни-қўшниларнинг аҳли байтига назар сол. Ундан уларга ҳам улаш.
Намозни ўз вақтида ўқи. Имомни намозни ўқиб бўлган ҳолда топсанг, ўзинг ўқиб олгансан, бўлмаса, нафл бўлади», – дедилар».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида уч муҳим ишга тавсия қилмоқдалар. Буларга алоҳида эътибор бериш ва уларга амал қилиш ҳар бир мусулмондан матлубдир.
Ҳар бир жамиятда тўғри йўлдаги раҳбарга итоат қилиш муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун, мусулмонлар жамиятида бу ишга алоҳида эътибор берилган. Бу ҳолат кўпгина яхшиликларни жалб қилиш билан бирга кўпгина ёмонликларни дафъ ҳам қилади.
Иккинчи тавсия қўшнига яхшилик қилиш ҳақида. Ҳеч бўлмаса, шўрванинг сувини кўпроқ қилиб бўлса ҳам қўшнидан хабар олиб туриш ҳақида.
Албатта, бу тавсияга амал қилиш қўшнилар орасидаги алоқалар ва улар орасидаги муҳаббат ришталари мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.
Гап шўрва ёки унинг ичидаги гўшт ёки сувда эмас, балки инсон зотига бўлган эҳтиром ҳиссида эканини ҳамма яхши билади. Бу иш қўшнилар орасидаги алоқа мустаҳкамланиб туришига хизмат қилади. Озиқ-овқат танқис пайтларда эса, унинг аҳамияти яна ҳам зиёда бўлади.
Бу ҳадиси шарифдаги нозик нуқталардан бири қўшнига яхшилик қилиш тўғрисидаги набавий тавсиянинг мусулмонлар раҳбарига итоат қилиш ва намоз каби икки улкан иш орасида келганидир. Мана шунинг ўзи қўшнига яхшилик қилишга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қанчалар эътибор берганларини яққол кўрсатиб турибди.
Учинчи тавсия намозни вақтида ўқиш кераклиги ҳақида. Албатта, мусулмон шахс ва жамият ҳаётида намознинг тутган ўрни ҳақида гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Бу ҳаммага равшан ҳақийқат.
Аммо, ҳадисда намоз ҳақида келган ибораларни аниқ тушуниш учун бир оз шарҳ қилишга тўғри келади.
«Намозни ўз вақтида ўқи. Имомни намозни ўқиб бўлган ҳолда топсанг, ўзинг ўқиб олгансан, бўлмаса, нафл бўлади.»
Яъни, баъзи сабабларга кўра намозни вақтида ўқиб олиб масжидга борсанг, имом намозни тугатган бўлса, ҳечқиси йўқ. Чунки, сен ўзинг уни ўқиб олгансан. Имом тугатган бўлмаса, иқтидо қиласан ва бу сенга нафл намоз бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мўмин-мусулмонларнинг раҳбарларига итоат қилишлари лозимлиги.
2. Ўз таомини кўпроқ қилиб, қўшнилар билан баҳам кўриш яхши иш экани.
3. Намозни вақтида ўқиш фазийлат экани.
4. Намозини ўқиб олган одам ўша намозни ўқиётган имомга иқтидо қилса, кейинги намоз унинг учун нафл бўлиши.
5. Қўшнининг ҳаққига катта аҳамият бериш кераклиги.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй, Абу Зарр! Шўрва қилсанг, сувини кўпайтиргин-да, қўшниларингдан хабар ол ёки қўшниларингга ҳам тақсимлаб бер», – дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда қўшничилик алоқаларини яхшилашнинг энг халқчил омилларидан бири ҳақида сўз юритилмоқда. Кўп нарса талаб қилинмайди. Шўрванинг сувини мўлроқ қилиб, ундан қўшнига ҳам берилади.
Гап таомда эмас. Гап қўшнига бўлган эътиборда. Бу муомаладан қўшни хурсанд бўлади. У ҳам жавоб тарийқасида яхшилик қилишга ўтади. Оқибатда жамият аъзолари орасидаги ижтимоий алоқалар мустаҳкамланади. Бу эса, ҳар бир жамият учун жуда керакли омилдир.
ҚЎШНИЛАРНИНГ ЯХШИСИ
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таолонинг наздида, дўстларнинг энг яхшиси дўстларига энг кўп яхшилик қиладиганидир.
Қўшниларнинг энг яхшиси қўшниларига энг кўп яхшилик қиладиганидир», – дедилар».
Шарҳ: Демак, қўшниларнинг энг яхшиси қўшниларига энг кўп яхшилик қиладигани бўлар экан. Биз ҳам ана шундай қўшнилардан бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим ва лобуд.
Дўстлар ва қўшниларнинг яхшисини аниқлашда Исломий ўлчовларни ишга солишимиз керак. Уларнинг насаби, мансаби, молу дунёси, қуввати ва бошқа нарсаларига қараб эмас, айнан дўстлари ва қўшниларига яхшилик қилишларига қараб баҳолашимиз лозим.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Дўстларнинг энг яхшиси дўстига энг кўп яхшилик қилишига қараб белгиланиши.
2. Қўшниларнинг энг яхшиси қўшнисига энг кўп яхшилик қилишига қараб белгиланиши.
СОЛИҲ ҚЎШНИ
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон кишининг саодати кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркабдадир», – дедилар».
Шарҳ: Демак, ушбу нарсалар бахтли, саодатли кишининг бу дунёдаги аломатларидан экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мусулмон кишининг саодатига омил бўладиган нарсалар ҳақида бир қанча ривоятлар собит бўлган. Ушбу ҳадиси шариф ўшалардан биридир.
Кенг маскан киши саодати омилларидан бири бўлиши бежиз эмас. Албатта, маскан – турар жой одам боласи умрининг кўп қисмини ўтказадиган ердир. Умрнинг энг нозик ва масъулиятли қисми одамнинг шахсий масканида ўтади.
Масканнинг кенг бўлиши яшаш шароитининг қулайлиги маъносидадир. Киши ўз уйида яшаш учун барча шароитларга эга бўлса, саодатли бўлиши турган гап. Умрининг кўп қисми ўтадиган масканда ўзи учун керак бўлган барча қулайликлар мавжуд бўлса, албатта, бу нарса саодат омилларидан бири бўлади.
Солиҳ қўшни кенг масканга чамбарчас боғлиқ омилдир. Маскан ҳар қанча кенг шароитли бўлса ҳам, қўшни яхши бўлмаса, инсоннинг саодати кўзлангандек бўлмаслиги турган гап. Чунки, яхши уйдаги осуда ҳаёт ёмон қўшнининг кирдикорлари билан ҳаловатини йўқотиши турган гап.
Шунинг учун ҳам, солиҳ қўшни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан киши саодати омилларидан бири деб эълон қилинмоқда.
Яхши улов инсон зоти ўз ҳаётида доимий эҳтиёжи тушиб турадиган нарсалардан биридир. Инсоният ривожланиши жараёнида маркаблар ҳам ривожланиб келмоқда ва унга инсоннинг эҳтиёжи ортмоқда.
Албатта, инсон ўз ҳаёти давомида маркаб саодат омилларидан бири эканини доимий равишда сезиб туради. Маркабсиз ҳаёт ўтказишни тасаввур қилишнинг ўзи бугунда мумкин эмас.
Шу боис ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши маркабни мусулмон киши саодати омилларидан бири дея эълон қилмоқдалар.
Аллоҳ таоло барчаларимизга мусулмон кишининг ушбу саодат омилларини ва бошқаларини ато этиб, уларнинг доимийлигини таъминлаган бўлсин.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Кенг маскан мусулмон киши саодати омилларидан бири экани.
2. Солиҳ қўшни мусулмон киши саодати омилларидан бири экани.
3. Яхши маркаб мусулмон киши саодати омилларидан бири экани.
ЁМОН ҚЎШНИ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларидан (баъзиси):
«Аллоҳим! Мен сендан у дунёдаги қўшнининг ёмон бўлишидан паноҳ тилайман. Бу дунёдаги қўшнини ўзгартирса бўлади», эди».
Шарҳ: Лекин у дунёдаги қўшнини ўзгартириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам, ёмон қўшнидан паноҳ сўралар экан. Қўшнининг ёмон бўлиши кишининг бадбахтлигидан бир аломат экан, чунки унинг ёмонлигидан қўшниларнинг туну кун ҳаловати йўқ, ҳаётлари уриш-жанжал, хавф-хатар, кўнгилсизлик билан ўтади.
Абу Мусодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«То кишилар қўшнисини, ака-укасини, ота-онасини ўлдирмагунча, қиёмат бўлмайди», – дедилар».
Шарҳ: Демак, қўшничилик алоқаларининг ёмонлашиши ҳам қиёматнинг яқинлашиш аломатларидан бири экан. Қўшнилар бир-бирини ўлдирса, бола ота-онасини, ака-укасини ўлдирса, қиёмат қойимнинг яқинлашув аломатларидан экан.
Шунинг учун, ота-она, ака-ука, ёр-биродар, қўни-қўшнилар билан ниҳоятда яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилиш лозим.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қўшнисини ўлдириш қиёмат аломатларидан бири экани.
2. Ака-укасини ўлдириш қиёмат аломатларидан бири экани.
3. Ота-онасини ўлдириш қиёмат аломатларидан бири экани.
ҚЎШНИГА ОЗОР БЕРМАСЛИК
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Ё Расулуллоҳ! Фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади. Кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади», – дейилди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У аёлда яхшилик йўқ. У дўзах аҳлидандир», – дедилар. Бояги кишилар:
«Фалончи аёл бўлса, фарз намозларини ўқийди, кийимларидан садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди», – дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир», – дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш экани таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди.
Аксинча, қўшнилари билан тинч-тотув яшаган, уларга озор бермаган одам катта бахт-саодатга эришади ва аҳли жаннатдан бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қўшниларга тили билан озор бериш кишининг дўзахга киришига сабаб бўладиган омиллардан бири экани.
2. Бирор кишига озор бермаслик кишининг жаннатга киришига сабаб бўладиган омиллардан бири экани.
Умора ибн Ғуробнинг аммаси Оиша розияллоҳу анҳодан:
«Баъзимизни эримиз хоҳласа, жаҳли чиқиб ёки чарчаб, ҳориб турган бўлса, кўнмайди. Бундай қилишда бизга танглик борми?» – деб сўради.
«Ҳа. Албатта, унинг ҳаққи шулки, агар эгарнинг устида бўлсанг ҳам манъ қилма», – деди. Мен унга:
«Баъзан ҳайз кўрган аёлларнинг эри билан ётадиган биргина кўрпа-тўшаги бўлади. Бошқа ёпинчиқлари бўлмайди. Шунда нима қилиш керак?» дедим.
«У ҳолда аёл изорини (лозимини) белидан пастига яхшилаб боғлаб олади, бирга ётаверади. Эрга изорнинг устидаги нарса жоиз.
Мен сенга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилганларини айтиб бераман. Бир кеча навбатим келганда арпадан ун қилиб, ундан хамир қилиб, битта нон тайёрладим.
У киши келиб, эшикни ёпдилар, намоз ўқийдиган жойларига бордилар. У киши қачон ухламоқчи бўлсалар, эшикни қулфлаб қўярдилар. Шунингдек, ухлашдан олдин тўрваларининг оғзини ҳам, сув идишларининг оғзини ҳам беркитиб қўярдилар, чироқни ҳам ўчирардилар.
Мен: у киши қайтиб келсалар, нонни едираман, дея интизор бўлиб турдим. Қайтиб келмадилар. Мени уйқу олди. У кишини совуқ олди.
У киши ёнимга келиб, мени уйғотдилар ва:
«Мени иситиб қўй, мени иситиб қўй», – дедилар.
«Мен ҳайз кўрганман», – десам, у киши:
«Майли, ҳайз кўрган бўлсанг ҳам, оёқларингни кашф қил», – дедилар.
Мен оёқларимни кашф қилдим. У киши юзларини ва бошларини оёқларимга теккизиб, бироз исиниб олдилар.
Шу пайт уйимизга қўшнимизнинг қўйи кириб қолди. Қўй бориб, нонни тишлаб олди ва қочишга тутинди. Мен қимирлаган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб кетдилар. Югуриб бориб, эшикни тўсиб олдим.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нонингдан қолганини ол! Қўшнингга қўйида озор берма», – дедилар».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қўшнингга қўйида озор берма» деган гаплари шу ҳадиснинг ушбу бобга киритилишига сабаб бўлган.
Қўшнининг қўйи кириб қолиб, уйдаги биргина ноннинг қолганини олиб қочмоқчи бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан унинг йўлини тўсиб, нонни олиб қўйишган, лекин бу воқеа туфайли қўшнига озор бермасликни тайинлаган эканлар.
Маълумки, одатда қўни-қўшнилар орасидаги жанжал кўпроқ шунақа нарсалардан чиқади–мол-қўй қўшнининг экинига тегиб қўяди, боласи бирор нарсасини синдириб қўяди ва ҳоказо. Ана шундай пайтларда ҳам қўшниларга озор бермаслик керак эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Оиша онамизнинг «агар эгарнинг устида бўлсанг ҳам манъ қилма» дейишлари муслима аёллар эрларининг жинсий майлларини қондиришга алоҳида эътибор беришлари кераклигини кўрсатади. Бу ишга эътиборсизлик билан қараш кўпгина нохушликларга, ҳатто оилаларнинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.
2. Ҳайз кўрган аёлларнинг эри билан бир кўрпада ётишлари жоизлиги.
3. Эрга ҳайз кўрган хотинини изорнинг устидан қучоқлаши жоизлиги.
4. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг «арпадан ун қилиб, ундан хамир қилиб, битта нон тайёрладим» дейишлари уларнинг оила хизматидаги содда ва камтар ҳаётларининг намунаси экани.
5. Ухлашдан олдин эшикни қулфлаб қўйиш кераклиги.
6. Ухлашдан олдин тўрваларнинг оғзини ва сув идишларининг оғзини ҳам беркитиб қўйиш кераклиги.
7. Ухлашдан олдин чироқни ўчириб қўйиш кераклиги.
8. Қўшнининг ҳайвонига ҳам алоҳида муомала қилиш лозимлиги.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимнинг қўшниси унинг ёмонликларидан омонда бўлмаса, у жаннатга кирмайди», – дедилар».
Шарҳ: Қўшниларига ёмонлик қилиб юрадиган, қўшнилари унинг ёмонлигидан қўрқиб турадиган одам жаннатга кирмас экан. Ушбу ҳадисдан қўни-қўшнилар билан муомалани яхшилаш, уларга озор бермасликни ўрганиб оламиз.
ҚЎШНИ АЁЛ ҚЎШНИ АЁЛГА ҚЎЙНИНГ ТУЁҒИНИ ҲАМ АРЗИМАС САНАМАСИН
Амр ибн Муоз ал-Ашҳалийнинг момосидан ривоят қилинади:
«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй, мўмина аёллар! Сизлардан ҳеч бир аёл зинҳор ва зинҳор қўшни аёлга қўйнинг куйган туёғини ҳам арзимас санамасин», – дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй, муслима аёллар! Эй, муслима аёллар! Ҳеч бир қўшни аёл қўшни аёлга қўйнинг туёғини ҳам арзимас санамасин», – дедилар».
Шарҳ: Бунинг маъноси шуки, бир аёл қўлидаги куйган калла-почани «Шуни ҳам қўшнимга бериб ўтираманми?» демасин, бериш кўнглига тушибдими, шуни бўлса ҳам берсин, арзимас нарса деб санамасин.
Чунки, шу тарзда давом этаверса, инсон бориб-бориб, арзийдиган нарсани ҳам бермайдиган бўлиб қолади. Натижада, қўни-қўшнилар орасида меҳр-оқибат йўқолади. Ҳозирги кунга ўхшаб ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Ҳатто, қўшниси вафот этиб қолса ҳам, билмай юраверади.
Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар айнан аёлларга қарата айтилгани катта ҳикматга моликдир. Одатда, қўшнилар орасининг бузилиши кўпроқ аёллар ўртасидаги бир-бирини менсимаслик одатларидан келиб чиқади.
Бас, аёлларимиз бу ҳақийқатни тўла тушуниб етмоқлари ва қўни-қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашда ихлос ила фаол қатнашмоқлари лозим.
ҚЎШНИНИНГ ШИКОЯТИ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Ё Расулуллоҳ! Менинг бир қўшним бор, доим менга озор беради», – деди.
«Бориб, уй анжомларингни кўчага олиб чиқиб қўй», – дедилар.
У бориб анжомларини чиқарди. Унинг атрофига одамлар тўпланишиб:
«Нима бўлди, нега бундай қилиб турибсан?» – деб сўрашди.
«Қўшним менга доим озор берарди, шуни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб айтувдим, менга: «Бориб, уй анжомларингни кўчага олиб чиқиб қўй», – дедилар. Айтганларидек қилдим», – деди.
«Ё Аллоҳ, уни лаънатлагин, уни хор қилгин!» – дея бошлашди. Бу(гап) қўшнига етиб борди. У югуриб келиб:
«Жон қўшни, нарсаларингни уйингга олиб кир! Аллоҳга қасамки, энди сенга озор бермайман», – деди».
Шарҳ: Демак, баъзи вақтларда қўшнидан шикоят қилиш ҳам жоиз экан. Ўша жамоанинг бошлиғига шикоят қилиб, қўшнини кўпчиликнинг, маҳалла-кўйнинг таъсири билан одобга чақириш усуллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам бўлган экан.
Бизда ҳам бу набавий услуб қадимдан қўлланиб келинган. Қўшнилар орасида пайдо бўлган келишмовчиликларни уламолар, маҳалла аҳли, катта ёшдаги кишилар ва тажрибали одамлар ҳал қилиб, уларни яраштириб, аҳил-иноқ бўлишга чақириб келганлар.
Бу нарсани яна ҳам яхшилаш борасида қўлимиздан келган чораларни қўллаб боришимиз керак. Ўсиб келаётган ёш авлодни ҳам шу руҳда тарбиялашга аҳамият бермоғимиз лозим.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Раҳбарларга қўшнидан шикоят қилиш мумкинлиги.
2. Одобсиз қўшнига таъзир бериш учун жамоатчиликни жалб қилиш мумкинлиги.
3. Жамият аъзолари ўз ҳамжамиятларига эътибор беришлари, уларнинг ҳолидан хабар олишлари кераклиги.
4. Жамоатчилик беодоб қўшни ҳақида танқид сўзларини айтишлари мумкинлиги.
5. Хатога йўл қўйган киши кўпчиликнинг гапини қабул қилиб ўзини ўнглаши кераклиги.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнисидан шикоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Юкларингни кўтариб, кўчага олиб чиқиб қўй, ким ўша ердан ўтса, ўша ёмон қўшнингни лаънатласин», – дедилар.
Бас, кўчадан ким ўтса, у(ёмон қўшни)ни лаънатлаб ўта бошлади. Шунда у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Ул зот:
«Одамлардан сенга нима етди? Албатта, Аллоҳнинг лаънати одамларнинг лаънатидан устундир», – дедилар.
Шикоят қилган одам:
«Шунинг ўзи кифоя қилади», – деди».
Шарҳ: Демак, устидан шикоят қилинган қўшни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, менга одамларнинг лаънати етди, энди Аллоҳнинг лаънати ҳам етиб қолмасин, деб тавба қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шикоятчи қўшнига: «Энди уйингга киравер, қўшнинг адабини еди, тавбасига таянди» деган эканлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Раҳбарга қўшнидан шикоят қилиш мумкинлиги.
2. Қўшнининг зулми ҳақида жамоатчиликни огоҳ қилиш мумкинлиги.
3. Золим қўшнини жамоатчилик лаънатлаши мумкинлиги.
4. Золим қўшнига Аллоҳ таолонинг лаънати бўлиши.
Ибн Мубашширдан ривоят қилинади:
«Жобирдан қуйидагиларни эшитдим:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнисидан шикоят қилмоқчи бўлиб келди. У Рукн билан Мақомнинг ўртасида ўтирган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар.
Ҳалиги одам у зотни Мақомнинг олдида, одамлар жаноза ўқийдиган жойда оппоқ кийимли бир одам билан тик турганларини кўрди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида у:
«Ё Расулуллоҳ! Сизга ота-онам фидо бўлсин, сиз билан мақомда турган оппоқ кийим кийган одам ким?» – деб сўради.
«Сен уни кўрдингми?» – дедилар.
«Ҳа», – деди.
«У ҳолда жуда кўп яхшиликни кўрибсан, сен кўрган ўша зот Роббимнинг элчиси Жаброил алайҳиссалом эди. У менга қўшни ҳақида шунчалар тавсия қилдики, ҳаттоки, унга мерос белгиласа керак, деган гумонга бордим», – дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам қўшнисига озор берганларга насийҳат бор экан. Бир киши қўшнисининг устидан шикоят қилаётган пайтда Жаброил алайҳиссалом Каъбанинг олдида туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнининг ҳаққи тўғрисида кўпгина васиятлар қилиб кетган экан.
Бу ҳол ҳам Исломда қўшнининг ҳаққи қанчалар улуғ эканига яна бир далилдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Раҳбарга қўшнидан шикоят қилиш мумкинлиги.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом оқ кийимли одам шаклида келганлари.
3. Жаброил алайҳиссалом оқ кийимли одам шаклида келганларида оддий одамларга ҳам кўринганлари.
4. Улуғ кишилардан «Сиз билан турган ким эди?» қабилидаги савол сўраш мумкинлиги.
5. Жаброил алайҳиссаломни одам шаклида кўрган шахс кўп яхшиликни кўрган бўлиши.
6. Қўшнининг ҳаққи меросхўрнинг ҳаққига яқин экани.
ОЗОР БЕРИБ, ҚЎШНИСИНИ КЎЧИШГА МАЖБУР ҚИЛГАН КИШИ
Савбондан ривоят қилинади:
«У киши: «Икки киши ўзаро уришиб қолиб, уч кундан ортиқ гаплашмай юрса, улардан бири ҳалокатга учрайди.
Агар иккови ҳам бир-бирига гапирмай, гина сақлаб вафот этса, иккови ҳам ҳалокатга учрайди.
«Бир одам қўшнисига зулм қилса, қаҳр кўрсатиб қўшнисини кўчиб кетишга мажбур қилса, у албатта ҳалок бўлади», деган эканлар».
Шарҳ: Уришиб қолган икки шахсдан бири гапириб, иккинчиси гаплашмаса, ўша гаплашмагани ҳалокатга учрар экан.
Иккови ҳам душманликда бардавом бўлиб, бир-бирини кечирмай, узр сўрамай ўлиб кетса, икковиям ҳалокатга учраб, дўзахга тушар экан.
Қўшнисига зулм қилиб, унга қаҳр кўрсатиб кўчиб кетишга сабаб бўлган ёмон қўшни ҳам ҳалокатга учрайди. Қиёмат кунида унинг оқибати ниҳоятда ёмон бўлар экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Икки киши ўзаро уришиб қолганда уч кундан ортиқ гаплашмай юришлари мумкин эмаслиги.
2. Уришиб қолганлардан бири гапириб, бошқаси гапирмаса, гапирмагани ҳалокатга учраши.
3. Агар иккови ҳам бир-бирига гапирмай, гина сақлаб вафот этса, иккови ҳам ҳалокатга учраши.
4. Қўшнисига зулм қилиб, қаҳр кўрсатиб уни кўчиб кетишга мажбур қилган кимса албатта ҳалок бўлиши.
ЯҲУДИЙ ҚЎШНИ
Мужоҳиддан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг олдида эдим. Унинг хизматчиси қўйнинг терисини шилаётган эди. Шунда у киши:
«Эй ғулом! Қўйни сўйиб бўлгандан кейин яҳудий қўшнимиздан бошлагин», – деди.
Шунда ўша ердагилардан бири:
«Яҳудийдан?! Аллоҳ сени аҳли салоҳдан қилсин», – деди.
«Албатта, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшнининг ҳаққи ҳақидаги васиятларини эшитганман. Ҳатто, уни меросхўр қилиб қўярмиканлар, деб ўйлаб қолганмиз», – деди».
Шарҳ: Ушбу ривоятда қўшнининг ҳаққи унинг мусулмон бўлишига боғлиқ эмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу уйларида қўй сўйиш бошланиши билан хизматчига мазкур қўйнинг гўштидан яҳудий қўшнига беришни унутмасликни қайта-қайта таъкидлашлари бежиз эмас.
Ўша пайтда ҳам баъзи кишилар яҳудийларнинг душманликлари эътиборидан, буларга яхшилик қилиб бўлмайди, деган фикрда эканлари ривоятдаги кишининг Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг гапларидан ажабланиши мисолида кўриниб турибди.
Ҳа, оддий инсоний ўлчовда уларга яхшилик қилиб бўлмаслиги турган гап. Аммо Ислом Аллоҳ таолонинг дийни ва инсоннинг нуқсонларини тўлдириб туради. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнининг ҳаққи тўғрисида ўта таъкидли гапларни айтганлар. Демак, қўшнининг қўшни бўлгани учун ҳаққи бор. Унинг дийни, миллати ва қабиласидан қатъиназар.
Шунингдек, қўшни фосиқ ва фожир бўлса ҳам унинг ҳаққи борлиги ўз-ўзидан маълум бўлади. Фосиқ ва фожир қўшнига яхшилик қилиш ўтган салафи солиҳларимизнинг одатларидан бўлган.
Абу Ҳанийфа ўта парҳезкор ва тақводор бўлиш билан бирга хатокорларга нисбатан кенгбағирли эди. Унинг кечани мастлик билан ўтказадиган қўшниси бор эди. У бор овози билан бақириб:
Зое қилдилар. Қандай йигитни зое қилдилар,
Оғир кунда керакли ҳимоячини зое қилдила,–
деб қўшиқ айтиб чиқар эди. Унинг овози кечаси билан Абу Ҳанийфанинг оромини бузар эди.
Бир кеча мазкур қўшнининг овози чиқмай қолди. Тонг отганда Абу Ҳанийфа суриштириб, унинг маст-лиги туфайли қамалиб қолганини билди. Волийнинг ҳузурига бориб уни қамоқдан озод қилди.
Икковлари қайтиб келишаётганида Абу Ҳанийфа унга:
«Эй йигит! Сени зое қилдикми?»–деди.
«Йўқ. Муҳофаза қилдингиз. Аллоҳ ажр берсин!»–деди у.
Абу Ҳанийфа билан бирга бўлган ўша йигит ичишни ташлади, илм ҳалқаларининг аъзоларидан бўлди ва охири Куфанинг фақиҳларидан бирига айланди».
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмон шахсда мусулмонмас қўшнининг ҳам ҳаққи борлиги.
2. Ўзига етган моддий нарсалардан қўшнига ҳам бериб туриш кераклиги.
3. Сўйилган қўйнинг гўштидан яҳудий қўшнига берилгани.
4. Илмли кишилар қўшнининг ҳаққини бошқаларга эслатиб турмоғи зарурлиги.
5. Қўшнининг ҳаққи меросхўрнинг ҳаққига яқин экани.
ХУЛОСА
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи «Ал-адаб ал-муфрад» китобига киритган қўшни муомаласи маданиятига оид ривоятлар билан танишиб бўлганимиздан кейин бу масала бўйича оят ва ҳадислар жуда кўплигини яна бир бор эсга олиб қўйишимиз керак бўлади.
Аммо бу китобда келганларининг ўзи ҳам бир оламга татигуликдир. Кишилар ушбу таълимотлардан бир оз бўлса-да хабар топиб, уларга амал қилганларида, қўшнилар орасидаги кўнгилсизликлар барҳам топар эди.
Ҳозирги кунимизда ҳам дийнини маҳкам тутган мўмин-мусулмонлар бу масала бўйича келган таълимотларга қўлдан келганича амал қилиб, унинг яхшиликларидан баҳраманд бўлиб келмоқдалар. Қўшни ҳаққига риоя қилган маҳалла ва жамиятларда кўпгина муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб келмоқда.
Аммо, минг афсуслар бўлсинки, баъзи ҳолатларда қўшничилик алоқаларида, қўшниларнинг бир-бирлари билан бўлган муомалаларида Ислом таълимотлари унутилиб қолаётган ҳоллар ҳам йўқ эмас. Албатта, бундай ҳолатларда кўнгилсизлик ва нохушликлар юзага чиқади. Маҳалла ва жамиятнинг тинчи бузилади.
Аввал бехабар бўлсак, энди хабардор бўлдик. Ушбу таълимотларга аста-секин, қадамма-қадам амал қилишга ўтайлик. Уларни ҳаётимизга татбиқ қилиб, яхшиликларидан баҳраманд бўлайлик. Қўшниларнинг аҳил-иноқ бўлиб, ўзаро эҳтиром, бир-бирига меҳрибонлик асосида тинч-тотув ва саодатли яшашларига нима етсин!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 43 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар