Сайт бўлимлари
Қаттиққўл устозлар яхши таълим берадилар
Қачонлардир, баъзи бир хатоликларга дуч келганимизда бизни аҳмоқлар деб хақоратлайдиган устозимиз бўлар эди. Украинадан ташриф буюрган Джерри Якупчинский бизнинг оркестрда дирежёр бўлиб, жуда жаҳлдор ва қаттиққўл инсон эди.
“Яхши киши ёмонлик кўрмагай, ҳаргиз”
—... Баъзан нарсаларни ўйласам, ҳайрон қоламан,- деб қолди таассуф аралаш ҳайрат билан ҳамкасб дўстларимдан бири.- Ўзи биз одамзотга берилган ҳаёт жуда қисқа, шуниям қадрига етмай аллақаёқдаги бефойда нарсаларга сарфлаб юборамиз. Инсон боласи бировга ёмонлик қилмай, ҳасад қилмай, уришмай-талашмай яшаса бўлмасмикин-а?..
Дўстимнинг суҳбат орасида айтганларини мулоҳаза қила туриб, чиндан ҳам азиз умримизнинг, саломатлигимизнинг қадрини билмай ўзимизга ўзимиз жабр қилаётганимизни мулоҳаза қилдим. Қайсидир файласуф “Доно ўзгаларнинг хатосини кўриб, ўзини ўнглайди. Ақлли ўз хатоларидан хулоса чиқариб уларни такрорламасликка уринади, ахмоқ эса адашгани сари янглишганини билмай хатога йўл қўяверади” деган экан.
“... Ҳар кимки ёмон бўлса жазо топқусидир”, деб шоҳ ва шоир бобомиз кишиларга ёмонлик қиладиганлар кимсаларнинг қисматини абадиятга дахлдор сатрларида битган эди. Айримларимиз юқоридаги мисралар мағзини чақиш нари турсин, оддийгина, кунда кунора қулоғимизга чалинадиган “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил” деган нақлни унутиб қўйганмиз. Бировга ёмонлик қилишликнинг, дилини оғритишнинг албатта жавоби бор. Мусулмон кишининг товонига кирган ниш ҳам гуноҳига каффоратлигини далил этади саҳиҳ ҳадислар. Бироқ ёлғон дунёнинг ишвакор жонон каби бевафо мол-давлатига, мансабу амалига ҳаволаниб биродар диндошларимизга озор берамиз. Омади чопган танишимиз, давлати кўпаяётган биродаримизга ҳасад қилиб, унга қарши зарба бериш истагида беҳаловат бўламиз. Икки гапнинг бирида “мусулмонмиз” деган иборани такрорлаб толмаймизу феъл-атворимиз, амалдаги қилмишларимиз нафақат мусулмончиликка хос эмас, балки уялгулик!..
— Анча аввал акаларим бозорда савдо қилишарди, -дейди қўқонлик муштарийимиз Музаффар Шамсиддинов.- Улар билан бир растада савдо қиладиган бир одам акамларнинг иши юришиб кетаётганини кўриб ҳасади келганми, нуқул ғайирлик қилиб жанжал чиқаравераркан. Охир оқибат даҳанаки жанглар муштлашувга айланибди. Ҳалиги киши девдай кучи бор, гавдали , акаларим чуваккина эмасми, икки акамни ҳам урибди. Камига касалхонага ҳам ётволибди, “мени уришди, жароҳатландим” деб мелисага шикоят қилибди. Қариндошими аллакими судда ишлар экан, хулласи калом, акам анча пайт ишдан қолиб терговма тергов сарсон бўлди. Ҳалиги киши эса, “фалон миқдорда пул берсанг, даъвойимдан кечиб, аризамни қайтариб оламан, бўлмаса қаматаман” дебди. Акам айтган пулини қилиб берди. Орадан кўп ўтмай ўн беш яшар қизи дарахтдан йиқилиб вафот этди... Бегуноҳ одамларнинг дилини оғритиб, қақшатганнинг балоси беайб қизига урганмикин... Эшитишимча, ўшандан кейин ҳам инсофга келмабди, яна аллақанча ғаламислик қилиб юрган. Бошқа одам бўлса, фарзанд доғининг қийноғидан кўзлари очилиб, ўзини тафтиш қилган, иймонга кирган бўларди. Яқинда ўша одамни жинни бўлиб вафот этгани ҳақида эшитиб қолдим. Соппа соғ юрганди, нима сабаб бўлиб ақлдан озган, билмайман...
Кўнгил — Аллоҳнинг уйи. Уни обод қилганга Яратганнинг мукофоти беҳисоб эканлиги ваъда қилинган муборак китобларда. Кўнгилни оғритган, унга озор берганга эса жазо муқаррар экани Аллоҳнинг улуғ Китоби ва Пайғамбар (с.а.в)нинг саҳиҳ ҳадисларидан бизга маълум.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар”. (“Азҳоб” сураси 58-оят) Яъни, иймон аҳлига ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасалар-да озор берадиган кимсалар ўз устларига ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни юклаб олган бўладилар. Мулоҳаза қилинг, биродар, биз гуноҳнинг гуноҳлигини унутиб қўймаяпмизми?..
Расулуллоҳ (сав) шундай деганлар: «Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир» (Термизий ривояти).
— Таниган танимаганининг шаънига бўҳтон гаплар гапириб, уни ёмон отлиққа ачиқариб юрадиган бир қўшнимиз бўларди,- дейди бир дугонам.- Кўзига кўринган аёл борми, бўлди, орқа-олдига қарамай уни “ахлоқи бузуқли”лигини, ҳатто ҳеч тортинмай “фалончи билан юриш”ини ҳам гапириб ташларди. Бу қилиқлари ҳам камдек Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан бирор жисмоний нуқсони бор кишини кўрса, таҳқирлаб, устидан кулиб юрарди. Бувим раҳматли, “Шу хотинга Худонинг ўзи тўзим берсин-а, ҳар бир айтган гапимиз ҳисоб-китобли. Бу оғзидан чиқаётган ҳар бир бўҳтон гапи учун жавоб беришини ҳеч ўйлармикан”, деб аттанг қилардилар. Бувим раҳматли бўлиб кетдилару , ўша хотиннинг аччиқ қисматини биз кўрдик. Ғийбат бўлмасин, тўнғич ўғлини уйлантирганди, биринчи невараси туғма тил-забонсиз – гунг туғилди. Меҳнаткаш, бировга озори етмайдиган одамларнинг болаларини ўғрига чиқариб юрарди, ўғиллари уйида қандайдир наркотик моддаларни экиб, ўстирган экан, ҳуқуқ-тартибот ходимлари хабар топиб жавобгарликка тортишди. Биттаю битта қизи ўн олти ёшида “севиб-қолдим”, “ўламан саттор, шунга тегаман” деб обрўли бир хонадоннинг ўғлига узатилганди, икки болали бўлгач арзимаган нарсага, оиласи бузилиб, икки нораста гўдакни эриникига ташлаб, ота уйига қайтди. Ғийбат бўлиб гуноҳга шерик бўлмайлигу, эридан ажрашиб ҳам тек юрмади. Акалари билан келинойиларининг тинчини бузаверганди, охири улар уйга сиғдиришмади. Боши очиқ аёл ишлагани хорижга кетди. Афсуски, у ёқларда ҳам тинч юрмаган экан. Икки йил деганда қорнини қаппайтириб кириб келдию, бироз вақт ўтиб фарзандли бўлди. Худо кечирсин, боланинг отаси кимлигини ўзи ҳам билмаса керак... Ҳозир ҳамманинг бошидан бўҳтон мағзавасини қуйиб юрган ўша қўшни хотин тил-забонсиз, бир томони ишламай тўшакка михланиб ётибди. Одамзот қилган амалларининг жавобини нафақат нариги дунёда, балки шу дунёда ҳам оларкан, деб ўйлайман қўшнимизнинг қисматини ўйласам...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди”. Сўнг: “Тақво мана бу ердадир”, дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва: “Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир” дедилар. (Муслим ривояти).
Тил билан берган озор — тиғ билан берилган озордан минг чандон ўткирроқдир. Бегуноҳ инсонлар ҳақига бўҳтон ва туҳмат гапларни айтиш билан уни ҳақорат қилмоғи, одамларга ҳар хил лақаблар қўйиб, масхаралаб юрмоғи жуда хунук ҳолат ва ундайлар энг ёмон хулқли кимсалардирлар.
Чин инсоний фазилатлар эгаси биродарига оғири тушмайдиган, озори етмайдиган бўлади. Одамлар ундан рози бўлса, қўни-қўшни, яқин дўсту ёрлари мамнун бўлса, қалбида кибр- риё бўлмаса, тили ёлғон ва бировлар ҳақидаги бўҳтон гап-сўзлардан бегона бўлса, ундай кишининг иймони саломат ҳисобланади. Орамизда шундайлар кўпайиб, ҳар бир амалимиз кўнгилларни обод этиш, биродарларимизни қувонтириш ва хайрли мақсадлар сари эврилсин...
Баҳор Турсунзода
Собиқ директоримдан миннатдорман
Ишхонамизда раҳбарлар алмашиниши ҳақида гап бошландию бошбошдоқлик, бир-бирига яширин-ошкора «совуқ» уруш эълон қилиниши, ҳасадгўйлик авж олиб кетди. Бу борада аёлларни-ку хотинфеъллигига боради, десам, эркаклар аёл ҳамкасбларга «намуна» бўлди.
Аввалига юқори бошқарма орамиздан сал бундайроқ одамни топиб директор вазифасини бажарувчи қилиб қўйди. Шундан кейин сал бўлса-да, тартиб-интизом ўрнатилса керак, деган ўйга боргандим. «И.о.» жанобларининг ўзлари тутган йўл ҳаммасидан ошиб тушганини кўриб, яна дамим ичимга тушиб кетди. Ҳали бу омонат курсида ўзларининг қачонгача ишлаши номаълум бўлган акамиз, кўзларига ёмон кўринган одам борки, бўйнига аллақанча айбини қўйиб ишдан бўшатиб юборишни бошлади. Агар ходим вақтида ишхонада бўлса, хизматини аъло даржада бажарадиган бўлса, у бечора ўз-ўзидан «сокращение»га тушиб ишдан четлатиладиган бўлди. Қисқаси, икки ой мобайнида ишхонамиз ағдар-тўнтар бўлиб кетдики, камина бош ҳисобчининг бошига ҳам мағзава тўкила бошлади. Даставвал, мен банк ва молия орасида бўзчининг мокисидек қатнаб юрган пайтимда, ишга келмаяпти, деб вақтинчалик директор жаноблари навбатдан ташқари йиғилиш чақириб, «масалам»ни кўрибдилар ва унга кўра, «ўз ишимга масъулиятсизлигим» сабабли менга бир ҳафта муҳлат ичида ишдан бўшаш шартини қўйишибди. Ишчиларнинг ойлик маошини пластик карточкаларга тушириб, солиқ ва ушланмаларни тўлаб бир аҳволда хонамга кириб келсам, ёрдамчим тўлиб-тошиб мажлис «қарор»ини етказди. Ҳайрон бўлдим. Қанақасига ишимга масъулиятсизлик қилибман?! Иш пайтида шахсий ишларим билан шуғулланмаган, вазифамга кирадиган мажбуриятларни бажариш билан банд бўлсам. Бу нимаси экан?! «И.О.» аканинг олдига кириб, бу вазиятга ойдинлик киритишларини сўрамоқчи бўлганимда, бошқармадан бир гуруҳ вакиллар келиб, мутлақо бошқа одамни — бир опахонни директор қилиб тайинлашди. Ана ундан кейин ҳалиги аканинг сояси ҳам ишхонада кўринмади. Энди асаббузарлик ва дилхираликлардан нарироқ тинчгина ишларман, деб ўйлаб юрганимда, директор ўринбосари менга қарши «совуқ уруш» эълон қилди. Билишимча, ўринбосарнинг жияни иқтисодчи экану ёлчитиб бирор жойда ишлолмаётган экан. Қисқаси, улар менинг ўрнимни кўзлаган экан. Кунда бири устимдан арзнома кўтариб директор опага киради. Ҳар куни эрта тонгдан опа хонасига чақириб олиб, менга «тарбиявий соат» ўтади. Охири шундай даражага бордики, эрталаб ишга боргим келмас, ишхонамдагиларни кўрсам кўнглим озар даражада бошимга оғриқ кирадиган бўлди. Хотиним ақлли, мулоҳазали аёл. У анчадан бери менга ўзининг бизнес режасини гапириб, тадбиркорликни йўлга қўйишимиз ҳақида гапирарди. Ишдан зерикиб қийналиб юрганимда ҳам у жонимга оро кирди:
— Агар айтганимни қилсангиз, иккимиз ҳам ишли бўламиз, бошқаларга ҳам иш топамиз ва ўзимизга хон, ўзимизга султон бўлиб ишлаймиз. Биласиз, мен ҳам бировга бўйсуниб ишлашни ёқтирмайман. Менга қолса, раҳбар бўлсаму бошқаларни ишлатсам. Келинг, менинг режам асосида бизнес лойиҳа ишлаб чиқамиз...
Рафиқам ниҳоятда дадил, тутган жойини кесадиган аёл. Унинг журъатига, шижоатига қойил қолиб, узоқдан севиб, минг бир тўсиқларни енгиб ўтиб уйланганман. Шунча пайт у айтаётган режа ҳақида ўйласам юрагим орқага тортиб кетарди. Аммо ишимда тирноқ тагидан кир ахтариб, оёғимдан чалишга шай турган ғаламисларнинг тилини тишлатиш учун ҳам унга ён босдим. Бир ҳафта мобайнида бизнес-лойиҳамизнинг хомаки режасини туздик. Унга кўра, майдони жиҳатдан кичик шаҳарчани эслатадиган маҳалламиздан бўш ер олиб, боғ ва боғ ўртасида кўп қаватли, шинам бино қурилиши керак эди. Бинода тикувчилик ва кондитерлик цехи, аёллар учун саломатлик ва гўзаллик хонаси, дорихона, кичик тиббиёт хонаси, келин кўйлаклари ва гўзаллик салони, савдо дўкони, тўйхона, интернет ва компьютер зали, дам олиш хоналари, спорт зали ва ёш болали ходимлар ҳамда мижозлар учун болалар хонаси фаолият кўрсатиши керак эди. Хотинимнинг лойиҳасини кўриб, тўғриси чўчиб кетдим. Бунга ҳазилакам маблағ ва вақт кетадими?! Қолаверса, қишлоқ жойида бу каби бизнеслар ўзини оқлаши мумкинми? Яна орқага тисарилмоқчи эдим, «Маликайи Дилором»имдан хижолат бўлдим тўғриси. Нима бўлса бўлар, деб таваккалига иш кўра бошладим…
Бошида анча қийинчиликларга, машаққатларга дуч келдик. Ҳаттоки, бошлаган ишимиздан хабар топганлар устимиздан роса кулишди ҳам. Уч йил деганда маҳалламиз чеккасида атрофи мўъжазгина боғ билан ўралган, ҳовлисидаги мармар ҳовуз осмонни қучиб турган бино барпо бўлди. Мен молиявий ишларни назорат қиламан ва ҳужжатлар, давлат идораларига кириб-чиқишни ўз бўйнимга олганман. Хотиним иш бошқарувчи. Аввал қариндош-уруғларни иш билан таъминладик. Узоқ йиллар ўқитувчилик қилиб пенсияга чиққан онам болалар хонасига мудира бўладиган бўлди. Катта укам интернет ва компьютер залига қарайдиган, синглим билан кичик укам тиббиёт хонасида иш бошлади. Турли ўқув марказларида ўқиб уйда бекор ўтирган маҳалламизнинг қизу жувонлари тикувчилик ва ширинликлар цехини гуллата бошлашди. Қолган ўринлар ҳам шу тахлит банд этилгач, бошлаган ишимдан кўзим қувнаб, яшариб кетдим!
Ўтган йилни яхшигина даромад билан якунладик. Бир йиллик иш фаолиятимизда бутун туманимиз аҳолисига хизмат кўрсатиб, меҳнатимиз, хизматимиз оғиздан оғизга кўчди. Энди қўшни туманлардан ҳам мижозлар келишяпти. қайси куни ишхонадаги фисқу фасод гапларга учиб, иғво тарқатувчиларни қўллаб мени ишдан бўшаб кетишимга сабаб бўлган опа — собиқ ишхонамнинг директори ҳам марказимиз хизматидан фойдаланишга келган экан. Зарур ҳужжатларни хотинимга имзолатиш учун олиб келаётиб, дарвоза олдида кўриб қолдим. Мени сўнгги русумдаги «Ласетти»дан тушганимни кўриб ранги оқариб кетди... Нима бўлганда ҳам ундан миннатдорман…
Фарзона тайёрлади
Фароғат қасри
Ривоят қилишларича, Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг оталари Собит бир куни таҳорат олмоқчи бўлиб, ариқ бўйига келибдилар. Шу пайт ариқдан оқиб келаётган бир қирмизи олмага кўзлари тушибди. Собит олмани олиб, бир тишлабдилар. Тишлабдилар-у, "Ие, бу қайси боғнинг олмаси экан, эгасини рози қилмай еб қўйибман-ку! Охиратда бунинг жавобини қандай бераман?" дея ўйланиб қолибдилар.
Ва олма оқиб келган томонга юрибдилар. Бироз юрсалар, рўпарадан бир боғ чиқибди. Боғда сув тараб юрган боғбондан сўрабдилар:
- Мана шу олма сизнинг боғингизданми?
- Ҳа, менинг боғимнинг ҳосилидан.
- Унда ё олманинг ҳақини олинг ёки рози бўлинг. Мен олмани билмасдан еб қўйибман.
Боғбон рўпарасида ҳалол, одил ва инсофли йигит турганини сезибди. Дилида туғилган нияти тилига кўчибди:
- Битта шартим бор. Агар шу шартга кўнсангиз, мен олма учун рози бўламан.
- Шартингизни айтинг, - дебдилар Собит.
- Бир қизим бор: икки кўзи кўр, тили гунг, икки оёғи ва икки қўли шол. Ўшани никоҳингизга оласиз.
Собитнинг кўксидан "э, воҳ" деган нидо отилиб чиқибди. Шартга кўнай, десалар, бир олмани деб ҳаётларини бир умрга мажруҳ қиз билан боғлаш оғир. Кўнмасалар, олма эгаси рози бўлмай, қиёматда азобга қолади. Собит ўйлаб-ўйлаб, охири ўша қизга уйланишга розилик берибди. Оқшом гувоҳлар иштирокида никоҳ ўқилиб, куёв қиз ҳарамига кирибди. Не кўз билан кўрсинки, қаршисида бир париваш таъзим билан салом бериб турибди.
- Эй қиз, сиз кимсиз? - сўрабдилар Собит.
- Мен боғбоннинг қизиман, бугун сизга никоҳлашди-ку, - дебди соҳибжамол қиз.
Воқеа сабабини боғбондан сўрабдилар. У эса ўз шартини шундай шарҳлабди: кўр деганим - эсини таниганидан буён ҳаром ишларни кўрмади; гунг, соқов деганим - ҳанузгача ёмон ва беодоб сўзларни тилга олмади; икки қўли шол деганим - ўзгалар ҳаққига қўл узатмади; икки оёғининг шоллиги - остона ҳатлаб гуноҳ ишларга қадам қўймаганидир, дебди. Собит бу бахтдан хурсанд бўлиб, ўзига бундай покдомон, ҳалол жуфтни рўпара қилгани учун Аллоҳ таолога беадад шукроналар айтибди. Ана шу икки покиза ва ҳалол инсонлардан Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳидек буюк зот дунёга келган экан.
Оила - муқаддас даргоҳ. Уни пок сақлаш учун эса турли бузуқ ишлардан йироқ бўлиш, хусусан, фарзандларни ҳалол йўл билан боқиш, тарбиялаш талаб этилади. Ота-боболаримиз бу нарсага алоҳида эътибор қаратганлар. Чунки фарзанднинг келажакда ким бўлиб етишиши, асосан, оиладаги муҳитга, ота-онанинг тарбиясига боғлиқ эканлигини улар яхши билишган.
Динимизда оила қуришга алоҳида рағбат кўрсатилади. Имкон бўлганда ҳар бир инсоннинг оила қуриши, ҳатто, улкан савоб қозониш имконияти сифатида тарғиб қилинади. Жумладан, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида шундай деганлар: "Эй йигитлар жамоаси, сизлардан ким уйланишга қурби етса, уйлансин, чунки уйланиш кўзни аёлларга қарашдан ва фаржни ёмон, ҳаром ишлардан сақлайди. Агар қайси бирларингиз уйланишга қурби етмаса, рўза тутсин, рўза тутиш у учун яхшидир" (Бухорий ва Муслим ривояти).
Дарҳақиқат, инсоннинг чиройли тарзда шаръий никоҳдан ўтиши уни ёмон йўллардан асрайди. Бу эса ўз-ўзидан жамиятда айрим хунук иллатларнинг урчишига тўсиқ қўяди. Шунинг учун уйланиш, пок оила қуриш нафақат инсон маънавий оламининг, балки жамият равнақи ва ободлигининг ҳам гаровидир.
Лекин бугунги ривожланган дунёнинг "маданиятли" инсонлари ҳаётида оиланинг қадри тобора йўқолиб бораётгандек. Бу нарса дунё афкор оммасининг ҳақли равишда ташвишига сабаб бўлмоқда. Ҳатто, Ғарб оилаларида ўтказилган тадқиқотлар оила институтининг яшаб қолиш эҳтимолини жиддий муаммо тарзида талқин қиляпти.
ХХ асрнинг иккинчи ярмида Ғарб мамлакатларида айрим гуруҳлар "ҳуррият", "шахс эркинлиги" деган шиорларни кўтариб, "оиланинг кераги йўқ, никоҳ шарт эмас, у инсоннинг эркини чеклаб қўяди" деган даъволар билан чиқишди. Ана шу бемаъни ҳаракатга қўшилган миллионлаб кишилар ҳозир бу сафсата келтирган кулфатларнинг азобини чекаяпти. Минглаб оилалар парокандаликка юз тутди, кўплаб болалар тирик етим бўлди, жамиятда зино, фаҳш, турли бузуқликлар авжига минди. Ҳар хил бедаво касалликлар, жумладан, ОИТС каби балолар инсоният бошига бало ёғдира бошлади. Фаҳш ишларни тарғиб қилувчи мафкура радио, телевидение, матбуот саҳифалари, ҳатто болалар ўқийдиган китобларга ҳам «чанг» солди.
Бугун онгли инсоният мазкур асоратлардан қандай қутулишни билмай ҳайрон. Охир-оқибат, ўша "ҳуррият" тарафдорларининг ўзлари ҳам оиланинг, ундаги пок ҳаётнинг қанчалик зарур эканини англаб етишди. Айни кунларда оиланинг афзаллигини тарғиб қилиш, эркак ва аёлларни оила қучоғига қайтариш учун миллионлаб маблағлар сарфланяпти, махсус қонунлар чиқарилаяпти.
Қуйида Одам Ато яратилганидан бери амал қилиб келган оила тизимининг бузилиши натижасида вужудга келган инсоний фожеаларнинг айрим кўринишларидан мисоллар келтирмоқчимиз.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин "оммавий маданият" ниқоби остида амалга оширилган "жинсий инқилоб" нафақат анъанавий оила шаклларига жиддий зарар етказди, балки зино, фаҳш ишларининг ҳаддан зиёд урчиб кетишига сабаб бўлди. Ҳатто, бугунги кунда айрим давлатларда зинога қонуний рухсат берилиб, уларда расмий рўйхатдан ўтган кўплаб фоҳишахоналар фаолият юритмоқда. Бу нарсага айрим одамларнинг эрк, ҳуқуқ нуқтаи назаридан табиий қараётгани, айниқса, ачинарлидир. Оилада ота-она ва фарзанд муносабатларининг азалий анъаналарига путур етди. Жамиятда ажралишлар сони кескин ошиб кетди. Масалан, биргина Буюк Британияда 1970 йил туғилган болаларнинг 40 фоизга яқини ўз ҳаётининг қайсидир даврида оилада фақат онаси ёки отаси билан яшаган. Шунингдек, оила бузилишлари фарзандлар руҳияти, тарбиясига салбий таъсир ўтказган. Айни шу масала бўйича Ғарб тадқиқотчилари 60 та ажрашган оилаларнинг болалари ҳаётини ўрганиб, уларнинг қарийб барчаси ота-оналари ажрашган пайтда кучли эмоцион
ал ҳолатда бўлганлигини аниқлашди. Мактабгача ёшдаги болалар эса баъзан содир бўлган воқеалар учун ўзларини айбдор санашган.
Кейинги пайтларда никоҳсиз яшаш ғарб жамияти учун табиий ҳолга айланиб бормоқда. Масалан, Швеция, Германия каби мамлакатларда ёшларнинг никоҳга кирмай бирга яшашларини табиий қабул қилишади. Бундай "оила"лар сони Буюк Британияда ўтган асрнинг 70-йилларида 300 фоизга ўсган.
Ҳозирги Буюк Британияда "бирга яшаш" никоҳга киришдан олдинги «тажриба» босқичи ҳисобланади.
Оилавий ҳаётнинг бундай тарзда ўзгариб бориши онгли инсонларни ўша даврлардаёқ жиддий ташвишга солган. Масалан, 1859 йилда "Бостон Куартерли Ревю" журнали ходимларидан бири шундай деб ёзади: "Эски маънодаги оила ҳаётимиздан йўқолмоқда ва бу нафақат институтларимизнинг эркин характерига хавф солади, балки жамиятимизнинг мавжудлигини ҳам хавф остида қолдиради". Шунингдек, 1980 йили Буюк Британияда Консерваторлар партияси оила тушунчасини сиёсат даражасида муҳокама қилган. 1986 йилда Бош вазир Маргарет Тетчер хоним хотин-қиз консерваторлар конференциясида: "Бизнинг сиёсатимиз оиладан, унинг эркинлигидан ва хотиржамлигидан бошланади", деб ҳайқирган эди.
Хуллас, жамиятнинг соғлом ва яшовчан қолиши учун оиланинг қанчалик зарур эканлигини бугун адашган инсониятнинг ўзи яна тан олмоқда. Лекин энди бой берилган вақтни ортга қайтаришнинг иложи йўқ, билъакс, янги авлод ихтиёрида эса асл инсоний ҳаётдан оғишмаслик имконияти бус-бутун турибди. Зора, ундан тўғри фойдаланса...
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар: "Қайси қавмда зино тарқалса, Аллоҳ таоло уларни ота-боболари билмаган касалликларга мубтало қилади". Бугунги кундаги саратон, заҳм, ОИТС каби асримиз ваболари илгари бўлган эмас. Уларнинг ҳаммаси бандалар қилаётган қилмишлар учун юбораётган офатлари эмасмикан? Ҳа, оиладек пок, муқаддас даргоҳни топташ, уни турли бузуқ йўлларга алмаштириш ҳеч қайси дин, халқ, тузум ва фалсафада оқланган эмас.
Биз муқаддас оила даргоҳини бутун ва пок сақлаб, унинг асл қадр-қимматига етишимиз керак. Шунда у биз учун бетакрор, жозибали, меҳру муҳаббатга тўла, файзиёб фароғат қасрига айланади.
Беҳзод Мамадиев
“Маърифат” газетасидан олинди.
Еще статьи...
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 97 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар