1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қайнона-келин ўртасида нега низо чиқади?

 

Янги тушган келинларнинг кўпи машаққатларни осонлик билан енгиб, келинлик вазифасини кўнгилдагидай эплаб кетадилар, қайнонларини рўзғор ташвишларидан халос этадилар, уларнинг меҳрини қозонадилар. Қайноналар ҳам бундай келинни “қизим” деб бағрига оладилар, билмаганини ўргатадилар, қийналганида ёрдам берадилар, йўл-йўриқ кўрсатадилар, уй-рўзғор ишларида, бола тарбиясида уларга яқин кўмакдошга айланадилар.

Бироқ ҳаётда қайнона-келин орасида турли тўқнашувлар ҳам содир бўлиб туради. Гап қайнона-келин ўртасида борар экан, шуни айтиб ўтиш лозим: бу масала аввалдан инсониятнинг атоқли намоёндалари диққат-эътиборида бўлиб келган. Жумладан, 19-асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган шарқ мутафаккирларидан бири Аҳмад Дониш ўзининг “Наводирул воқеъ” номли китобида қайнона-келин низолари ҳақида ёзар экан, шундай дейди: “Қайнона-келин низолари бундан олдинги оилаларда ҳам бўлган. Бундан кейин ҳам бўлади. Улар доим урушаверадилар. Улар нима учун урушадилар? Чунки нима сабабдан урушаётганларини ўзлари ҳам билмайдилар. Шунинг учун урушадилар”. Демак, бу ўринда қайнона-келин низолари сабабларини аниқлаб, уларни бартараф этиш алоҳида аҳамиятга молик. Бундай келишмовчиликларни келтириб чиқарувчи сабаблардан айримларини қуйида кўриб чиқамиз:

1. Баъзи қизларда оилавий ҳаётга, қайнонага, қайнона-келин муносабатларига нисбатан салбий тасаввур шаклланган бўлади. Айниқса, ёшлар қайнонани олдиндан фақат салбий қиёфада тасаввур қилади. Оила қургандан кейин тасаввуридаги эмас, ҳаётдаги қайнона билан яшайди. Оқибатда ўз тасаввуридаги қайнонага хос камчиликларни ҳаётдаги қайнонадан ахтара бошлайди. Борини-ку топиши аниқ. Ҳатто йўғини ҳам топишга ҳаракат қилади. Чунки тасаввури уни алдаганини тан олишни истамайди.
Ҳаётда камчиликсиз одам бўлган эмас, бўлмайди ҳам. Идеал қайнона, идеал келин ҳам бўлиши мумкин эмас.
Келинлар ўзлари тушган янги оила аъзоларига илк таассурот асосида баҳо беришга шошилмасликлари керак. Акс ҳолда пашшадан фил ясаш ҳеч гап эмас. Келинлар оғир-босиқ, сабр-тоқатли бўлишлари, иложи борича ўзлари тушган хонадон аъзоларининг яхши томонларини кўра билишлари, эри шу хонадон аъзоси эканини унутмасликлари керак. Ана шунда бу оила тинч-тотув бўлади.
2. Қайнона-келин дунёқараши, уй-рўзғор тутиш борасида келишмовчилик пайдо бўлади.
Икки авлод дунёқараши, ҳаётий тамойиллари ўртасида тафовут бўлиши табиий. Аммо кўп ҳолларда қайнона-келин бир-бирининг акси бўлади. Баъзида эса қайнона-келин андишани йиғиштириб қўйиб, ҳар бири ўзининг гапини ўтказишга ҳаракат қилади. Бундай келишмовчиликлар олдини олиш учун катталар ёшларни назорат қилишда меъёрни билишлари керак. Ёшлар ҳам ўз навбатида иложи борича ота-оналарини тушунишлари, уларнинг ғашига тегадиган ноўрин қилиқлардан, қайнонага хуш келмайдиган салбий одатлардан тийилишлари лозим.
3. Баъзи келинлар келинлик, оналик вазифасини бажаришга тайёр бўлмайдилар. Шундай келинлар бўлади: улар на овқат пиширишни, на кир ювишни, на катталар билан муомала қилишни эплай олади.
Келин келинлигининг биринчи куниданоқ ҳамма нарсани керагича билиши, катта тажрибага эга қайнонаси даражасида туриши қийин. У даражада билмаса ҳам майли-я, лекин билишни истамаса қийин. Шунинг учун қизларга ош-овқат пиширишни, мева-сабзавотлардан қишга шарбат, тузлама, мураббо тайёрлашни, уй-жойни саранжом-саришта тутишни, дид билан меҳмон кутишни, тежамкорликни, уй жиҳозларидан авайлаб фойдаланишни ўргатиш зарур. Чунки эл орасида “Қиз бола бировнинг хасми, бошқа оилага тушиши бор” деган гап мавжуд. Шуни эътиборга олиб, қизларни рўзғор тутишга пухта тайёрланади.
Қайноналар ҳам келинлардан ҳадеб камчилик ахтаравермасдан, уни ўз фарзандидай кўриб, билмаганини сабр-тоқат билан ўргатиб боришлари, камчиликларини юзига солавермасдан, яхши томонларини эслаб туришлари лозим. Яхши сўз ҳам, ёмон сўз ҳам бир оғиздан чиқади. Қайноналар келинларида ҳосил қилинган кўникма, малаканинг ўғли учун, келажакда набиралари учун хизмат қилишини ёдда тутсинлар.
4. Айрим ҳолларда қайнона-келин бола тарбияси масаласида келишолмай қолишади. Баъзи оилаларда болалар бобо-бувилар ёки ота-оналар томонидан меъёридан ортиқ эркалатиб юборилади. Натижада ота-оналар билан бобо-бувилар ўртасида “Болага ким тарбия бериши керак” деган масалада келишмовчилик чиқади. Аслида улар ҳам, булар ҳам болалар келажакда яхши инсон бўлиб вояга етишини исташади. Танлаган йўллари эса турлича бўлади. Бироқ улар бир тўхтамга келиб олишмаса, бола тарбиясининг ҳолига вой деяверинг. Бунинг учун улар боладан холи жойда муросага, якдил қарорга келиб олишлари лозим. Ана шунда бобо-бувилар ҳам, ота-оналар ҳам аҳиллик билан бола тарбияси борасида муносиб чора-тадбирлар кўришади.
5. Баъзан катта хонадонда овсинлар – қайнона илтифотини қозониш йўлида – бир-бирларидан рашк қилишлари сабаб жанжал келиб чиқади.
Оилада икки ёки ундан ортиқ келин бўлса, қайнона уларнинг ҳаммасига бир хилда қарай олмаслиги табиий. Келинлардан биронтаси қайнона дидига яқинроқ, баъзиси узоқроқ бўлади. Аёллар ўта руҳий сезгирликлари боис буни тезда пайқайдилар. Натижада “ўгай” келин билан қайнона ўртасида келишмовчилик бошланади. Бунинг олдини олиш, овсинлар орасига совуқчилик туширмаслиги учун қайнона келинларига имкон қадар бир хил муносабатда бўлиши керак. Бу ўринда келинлардан ҳам ақл-идрок, сабр-тоқат талаб этилади.
6. Баъзи ҳолларда қайнона келинининг ёш хусусиятларини, қизиқишини, орзу-ҳавасларини ҳисобга олмайди.
Қайноналар орасида бир умр уй бекаси бўлганлари ҳам бор. Улар бошқа юмушлар билан уй-рўзғор ишларини баравар олиб боришни бошдан ўтказишмаган. Ана шундай қайноналар ёшлигида ўзларини рисоладагидек келин бўлганман деб биладилар, қайнота-қайноналарини қандай ҳурмат қилганларини, уларнинг соясига кўрпача солганларини тез-тез эслаб турадилар, келинларининг ҳам ўзларидай бўлишини истайдилар. Баъзан уни ўғил орқали очиқдан-очиқ талаб қиладилар. Бунга келинларининг имкони борми-йўқми, ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Бундай қайноналар “эҳтиёжини” қондириш имконига эга бўлмаган келинлар уларнинг ғазабига учрайди. Қайнона келини ҳақида бўлар-бўлмас гапларни ўғлининг қулоғига қуяди, “Ўғлимга айтиб сени қўйдириб юбормасам, юрган эканман”, дея дўқ-пўписа қилади. Баъзи ҳолларда мақсадига эришади ҳам. Бундай қайноналар ўғиллари, набиралари бахтидан кўра ўз ҳузур-ҳаловатини кўпроқ ўйлайди. Бунинг олдини олиш учун ўғилдан ақл билан иш тутиш талаб қилинади.
7. Айрим келинларнинг янги оилага мослашиши қийин кечади. Оқибатда қайнона-келин орасида зиддият (бир-бирини тушунмаслик, низо) келиб чиқади. Ҳар бир оиланинг ўзига хос муҳити, қонун-қоидалари, анъаналари, атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабат мезонлари, ҳатто фақат шу хонадон аъзолари тушунадиган иборалар бўлади. Янги тушган келин ўзи билан туғилиб ўсган уйининг муҳитини, одатларини ҳам олиб келади. Шунинг учун айрим ҳолларда келин билан қайнонанинг оилавий муҳитлари мос келмай қолади.

Ота-оналар иқтисодий, моддий, ижтимоий савияси орасидаги тафовут ҳам кўп келин-куёвлар орасидаги муносабатлар кескинлашувига таъсир қилади. Чунончи, келин янги тушган хонадонда қизлик хонадонидаги иқтисодий мўл-кўлчиликни кўрмасдан, ўз турмушидан совуши мумкин. Шунинг учун – иложи бўлса – эр-хотин ҳатто иқтисодий тарафдан ҳам бир-бирига мос бўлиши тавсия этилади.

Зиёуддин Раҳим

Ҳозир сайтимизда 107 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ