1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Еганин ош деманг ёлғиз аёлнинг...

Инсонга фақат оиласида бахт топиш тақдир қилинган.  Одам боласи учун бойлик, мансабу амал, ҳашамат беролмаган чинакам саодатни оиласи, ҳаловатли хонадони беради.  Бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор этолмайди.  Дунё ғамларини, ҳаёт ташвишларини ташқарида қолдиришга ундайдиган, кўнгилга хотиржамлик, дилга ором берадиган маскан бу шубҳасиз –оила. Шунингдек Яратган одам боласини жуфтликда масрур қилиб яратган. Жуфтликнинг фалсафаси ҳам шунда. Эркак учун мингта ошна-оғайни, дўсту жўра аҳли аёлининг ярим меҳрини беролмайди. Аёл киши учун ҳам шундай, бир шаҳар дугонаси бўлсин, улардан кунда кунора меҳрли илтифот, хушмуомала кўрсин, жуфти ҳалолининг  биргина жилмайиши, бир оғизгина ширин сўзига етмайди. Аёл ўзининг тоифадошига суянмайди. Аёлга фақат

Эркак суянчиқ бўлади

 “Аёл зоти бошида паноҳи бўлишини истайди. У ҳар қанча мустақил, мағрур бўлсин, барибир ана шу паноҳига бош эгиб яшайди. Бош паноҳининг кимлиги, қандайлигинининг унга фарқи йўқ. Кўмирчи бўлсин, темирчи бўлсин, тўрт девор ичра суюкли бўлсин. Аёл ҳарқанча хўрликни, таҳқирни кўтаради. Аммо "боши очиқ" деган гапни кўтармайди.  "Ўнта ўғлим бўлмасин...чолим ўлмасин" демиш гап аёллар юрагидан отилиб чиққан бўлади!..”  деган эди адиб  Тоғай Мурод.
Аммо ҳаётда ҳар қандай ҳолат, ҳар хил вазият бўлади. Кимнингдир турмуш ўртоғи бевақт вафот этса, яна бировнинг турмуши бўлмай, қисматига бева аёл деган ёзуқ битилади. Аёл бева бўлса ҳам аёл. У ҳамиша меҳрга, ширин сўз, эътиборга эҳтиёж сезади.  Ёнида уни тушунган, суянадиган инсони бўлишини истайди.  Бироқ  негадир жамиятимизда болалари билан эридан ажрашган ёки эри вафот этган аёлнинг турмуш қуриши маъқулланмайди. Гўёки икки-уч бола билан эри вафот этган ёки турмуши бузилган аёл умрининг сўнгигача ёлғизликда яшашга маҳкум. Агар шундай тақдирли аёлларнинг бирортаси турмушга чиқадиган бўлса одамлар орасида гап-сўз, ғийбатга қолиб кетади. Айримлар шармандани кўргандай қўлини бигиз қилиб кўрсатишдан ҳам тортинмайди.  Аслида бу ҳолат нечоғли тўғри? Бева аёлнинг турмушга чиқишга ҳаққи йўқми? Бугунги мулоҳазалар айни саволлар атрофида.

“Чиғириқ”қа қайтгулик қилмасин...”

Бу ҳолат ўз бошимдан ўтган. Турмушим бузилиб, бир яшар қизчам билан ота уйимга қайтдим. Аввал бошдан ота-онамнинг рози-ризолиги билан узатилгандим. Ёлғон ва алдовларнинг қурбони бўлдим. Ота-онам тузукроқ суриштирмай, ҳали хотини билан тўлиқ ажрашмаган йигитга мени узатиб юборишган экан. Тўйдан икки ой ўтиб куёв Россияга ишлагани кетди. Шу бўйи қизим туғилди, отаси қизимни ҳам кўргани йўқ. Бир эшитсак собиқ хотини ўғлини олиб эримнинг олдига борган экан. Улар ўша ерда ярашиб, бирга яшаб, ишлаб юришган экан. Россиядан туриб эрим жавобимни берди. Эрим қабул қилмаса, у уйда ким учун яшайман? Ноилож ота уйимга қайтдим. Ҳеч бир қизни ота уйига қайтгулик қилмасин экан. Уйга қайтган кунимдан бошлаб қариндош-уруғ менга эр қидиришга тушишди. Ҳали биринчи турмушимдан олган зарбамдан ўзимга келмай туриб,  яна иккинчи турмуш остонасига келдим. Куёвликка танланган эркак  ўзимдан бир неча ёш катта, тўртта болали, аёли ўтиб тул қолган экан. Икки қизи узатилган, бир қиз, бир ўғли билан яшар экан. Хуллас, отам тап тортмай мени ўзи тенги одамга узатиб юборди. Иккинчи тумушим ҳам силлиқ кечяпти, деёлмайман. Умрим ўгай болаларнинг қош-қовоғига қараш, ўгай болаларнинг дашноми, ҳақоратини эшитиш билан ўтяпти. Сочим супурги, қўлим косов, аммо қадр-қийматим йўқ. Шу кунларда ўгай ўғлим билан хотини қизим билан мени уйдан ҳайдаш режасида юришибди. Айтмоқчиманки, ота-онанинг фарзандига ҳақи бир бор бўлади. Биринчи турмуши ўхшамадими, кейин аёлдир эркакдир яқинлари ўз ҳолига қўйсин. Агар мени ҳам яқинларим қадрлаб, ҳаётимни ўйлашганида ҳеч қачон отамдан катта одамга узатиб юборишмасди. Сал кутишса ўзимга муносиб, тенгим чиқиб қоларди. Э, нимасини айтай, авваломбор қушнинг ҳам ини бузилмасин экан. Худо бир бахт бермаса, қайтиб бермас экан. Ёмон куйдим. Куйиб кул бўлдим...
Лайло, Бекобод тумани.
Мулоҳаза: Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, никоҳ икки томоннинг ихтиёри билан юзага келадиган ҳодисадир. Шу сабабдан никоҳ қилинаётган вақтда ҳар иккаласидан алоҳида розиликларини сўраш ва жавобни гувоҳлар ҳам эшитишлари никоҳнинг шартларидан ҳисобланади. Ислом дини таълимотига кўра турмуш қуришлик ихтиёрий бўлиб, шунга биноан ҳар бир эркак ва аёл никоҳ вақтида ўз розилигини билдириши шарт. Табиатан, бокира қизнинг ҳаёси никоҳга рози эканлигини сўз билан ифодалашига қўймаслиги боис, унинг сукут сақлаши ҳам розилик аломати ўрнида қабул қилинади. Аввал турмуш кўрган аёл эса, розилигини очиқ-ойдин, овоз чиқариь айтиши шартдир.

Аёл эркакни, эркак аёлни тўлдиради

Ёлғиз аёл албатта турмуш қуриши шарт. Бу жамиятнинг поклиги учун ҳам зарур. Эри вафот этган ё турмушидан ажраган аёлнинг турмуш қуришига салбий қараган кишининг фаросатида сакталик бўлади! Аёлнинг ёлғизлиги- фитна, дейдилар. Қолаверса, аёл эркакни, эркак аёлни тўлдириб туради. Атрофга қаранг, ҳаётда йўлини йўқотган, ёмон йўлларга юриб, ножоиз ишларни қилиб юрган аёллар борки, кўпчилигининг эри йўқ.  Бошида эркаги йўқ аёл- дарвозасиз уйга ўхшайди. Ўтган-кетган, таниш-нотаниш борки  у уйга бош суқиб ўтади, тош отиб кетади. Шунинг учун ҳам ёлғиз аёлни дарҳол тенгини топиб қовуштириш керак. Бу ишга масъулиятсизлик, бепарволик, уят қилиш жоиз эмас. Чунки Аллоҳ шуни истаган, аёл ва эркакни жуфтликда яратган. Буни бандаси инкор қиларканми?!..
Жумагул ая, Қашқадарё вилояти
Мулоҳаза: Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Энг қизиғи, ана шу барча жуфтликлар  ажралмасдир, бири бирини тўлдирувчидир.  Мусбат ва манфий зарралар бирлашсагина электр қувватини ҳосил қилганидай, икки акс нарса жуфтлашиб, яхлит бир комил нарсани пайдо қилади. Бирисиз иккинчисининг қадри, аҳамияти тушиб кетади. Яратганнинг ҳикматини қарангки, жамики мавжудотларнинг энг олийи бўлмиш одамзод жуфтлигини ҳам бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, ҳатто туриш-турмушда, феъл-атворда, қилиқларда, воқеликка муносабатда, фикрлашда, ҳис-туйғуларда фарқланадиган қилиб яратган.
Ана шундай мутлақо бир-бирига ўхшамаган, бири иккинчисининг ғирт акси саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув бўлиб яшаб кетишлари, бора-бора бир-бирларисиз тура олмасликлари, муҳаббат қўйишлари, ҳаёт давомийлигини таъминлаб умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Аллоҳнинг санъатига ва ҳикматига далолатдир.
“Одамзодга никоҳ ва иймондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатманд бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларининг ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди” дейилади “Дуррул-Мухтор” китобининг “Никоҳ фасли” бобида.

Фарзандларни деб...

Турмуш қуриш мажбурий эмас, ҳар кимнинг хоҳиш- ихтиёри.  Турмуш қурмаган ёлғиз аёлларнинг ҳаммаси ҳам ёмон йўлга юравермайди. Ёмон йўлга юраман деса оилали, эрли- болали аёл ҳам юриб кетиши мумкин. Аввало Худо ҳамманинг ўзига инсоф берсин. Қолаверса, уруш йилларида гўшангаларда бева қолган момоларимиз бутун умр жуфтини кутиб, садоқат билан турмуш қурмай ўтиб кетишган. Айримлар кўз очиб кўрган ёстиқдошидан бевақт айрилса садоқат юзасидан ҳам турмуш қурмай ўтиб кетади. Яна бир томони фарзандлари билан бева қолган аёл болаларининг қисматини ўйлаб ҳам бошқа турмуш қилмайди. Негаки ўгай ота барибир ўгай. Айрим оталарнинг ўз боласига жони ачимайдию, бегонанинг боласига қандай раҳм қилсин?!  Ёлғиз аёл турмуш қурсин, боши очиқ юрмасин, деб гапириш осон. Аслида эса ҳар ким ўзидан ўтганни ўзи билади. Иккинчи марта турмуш қурганларни ҳаммаси ҳам бахтли бўлиб, тиниб-тинчиб кетганини кўрмаганмиз. Кўпчилик турмуши бузилган ё эри вафот этиб бева қолган аёллар ўзидан ёши анча катта, болалари уйли-жойли бўлган, эркакка турмушга чиқишади ва бир умр қийналиб юришади. Иккинчи эри ҳам ўлганидан кейин эрининг болалари ҳайдаб юборган аёлларни ҳам кўрганмиз. Умуман, бу масалага бир томонлама қараб бўлмайди...
Раъно, Бухоро шаҳри
Мулоҳаза: Бирор инсон йўқки, ҳаётининг қайсидир палласида «Мен бахтли яшадимми?» дея ўзига савол бермаган бўлсин. Ҳар бир киши бахтга интилади, шу йўлда курашади, бахти учун кўп нарсани қурбон қилади. Аммо инсонларнинг "бахт" тушунчасига қарашлари турлича: бировга арзимас туюлган нарса биров учун чинакам бахтиёрлик рамзидир. Хасталарга соғлик, хунукларга чирой, камбағалга мол-дунё, мажруҳларга тўрт мучанинг мукаммал бўлиши чинакам бахт тимсоли саналади. Лекин кўпчилик бир нарсада якдил: оилавий бахт ҳамма нарсадан азиз ва ардоқлироқ.

“Беванинг ўғлига қиз берманг!.. ”

Турмушидан ажрашган ё эри вафот этиб бева қолган аёл албатта турмуш қуриши шарт, деб ҳисоблайман. Кишининг дунёқарашига жуфти, оиласи жуда катта таъсир кўрсатади. Қолаверса, эркаги йўқ хонадон билан қуда-андачилик қилиш ҳам жуда мушкул. Шу савдо ўз бошимдан ўтди. Яқинда неварамни узатдик. Қудағай аёл эри  вафот этгач, бошқа турмуш қилмаган экан. Бир қиз, бир ўғил билан умрини ўтказган. Аввало болалар ота тарбиясини кўрмай ўсган. Айниқса қиз бола учун ота тарбияси, оилада ота, эркак ўрнини ҳис қилиб улғайиш ниҳоятда зарур. Қудағайнинг қизи бундай нарсалардан узоқ ўсгани учунми, келин бўлиб тушган жойида ҳам тиниб-тинчиб кетгани йўқ. Уч бола билан онасиникида экан. Эри ҳам онда-сонда келиб хотини, болалари билан овқатланиб, гаплашиб ўтириб қайтаркан. Қизимизни олаётганларида “Она-бола яшаймиз. Шу кичкинагина рўзғорнинг хизматини қилса бўлди” дейишганди. Ваҳоланки, қизи  ҳам эри, болаларини етаклаб келиб онасиникида яшар экан. Невара қизимга бир қаричлик бола- эрининг жиянлари ҳам хўжайинчилик қиларкан. Тағин қайнонанинг зуғуми, ўғлини қизғониб ҳар турли қилиқларни қилиши ортиқча! Қисқаси, бева аёл турмушга чиқиши керак. Халқда “Сен яхши бўлсанг, олам яхши” деган гап бор. “Бегона эркак болаларимга ўгайлик қилади, кун бермайди” каби баҳоналар билан турмушга чиқмадими, кейинчалик бахтли кишиларни кўрганда ҳасад қилмасин. Аммо ўз-ўзидан бахти кемтик, оиласи тўкис бўлмаган аёл бошқаларга яхши назар билан қаролмайдиган, ўзгаларнинг бахтига ҳасад қилиши табиий ҳол. Шунинг учун ҳам бева аёлга келин бўлган қизлар тиниб-тинчиб кетишгунича кўп азият чекишади...  

Иккинчи турмуш ҳамиша ҳам бахт берадими?

Ўз оиласида бахтли бўлган кишигина чинакамига бахтиёрдир, деган эди файласуфлардан бири. Киши оиласида бахт топиши учун эса уни тушунадиган, меҳр-муҳаббат билан ардоқлайдиган жуфти ҳалоли бўлиши керак. Жуфтлар ўртасидаги ўзаро ишонч, бир-бирини тушуниш ва юксак муҳаббат бахтиёрлик завқини улашади. Акси бўлса-чи?  Мақола мавзусига қайтадиган бўлсак, бола билан иккинчи эр остонасига борган аёлларнинг ҳаммаси ҳам оиласида бахт ва ҳаловат топганми?  Бу саволга ҳар қандай ҳолатда ҳам ижобий жавоб беролмаймиз. Сабаби иккинчи эр, ўгай оталарнинг меҳрсизлиги, ўгай болалар туфайли эр-хотинлар ўртасида келиб чиққан зиддиятлар ҳақида эшитганмиз, гувоҳ бўлганмиз. Аёл, она учун  бу дунёда фарзандидан қадрлироқ, азизроқ неъмат бўлмайди. У ўгай ота фарзандига зулм қилса, фарзандига меҳр қўёлмаса ич-ичидан эзилади, ўртанади ва турган гапки ўша рўзғор, ўша оилага кўнгли бўлинади. Бу эса иккинчи турмушида ҳам бахтиёр ва хотиржам бўлишига тўсқинлик қилади.
Бу бизнинг мулоҳазалар эди. Айни мавзу юзасидан муштарийларимизнинг фикри қандай экан? Мактуб ва телефон қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 107 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ