1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Расмий никоҳингиз борми?

Кейинги пайтларда фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ва  фуқаролик ҳолатларини қайд қилиш бўлимлари томонидан турмуш қураётган фуқароларнинг никоҳини расмий қайд этиш, ундан аввалроқ эса никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши борасидаги олиб бораётган тарғибот-ташқиқот ишларига қарамай, барибир аҳоли орасида юқоридагиларга нисбатан совуққонлик билан бепарволарча муносабатда бўлиш ҳоллари кузатилмоқда. Шошма-шошарлик билан тезроқ хотиржам бўлиш учун фарзандини 10-15 кун ичида уйлантириб ёхуд куёв томоннинг   «Тўйдан кейин ёшлар ўзлари никоҳдан ўтиб олишади, фарзанди туғилгунча ўтволишса бўлди-да» деганига кўниб, охири аламдан, изтиробдан лабини тишлаб, ҳам фарзандининг бахтига, ҳам бир неча йиллик  меҳнатига куйиб қолаётган юртдошларимиз ҳам анчагина. Биз таҳририятимизга ана шу муамолар  юзасидан  келган мактублар ва телефон қўнғироқларини инобатга олиб, ушбу мақолани ёзишга қарор қилдик. Даставвал расмий никоҳдан ўтмай турмуш қурган айрим ҳамюртларимиз ҳаётига бирров назар солсак-да, ана ундан кейин мунозарамизни давом эттирсак.
1-манзара. Нигора опа  ҳар икки- уч кунда совчиликка келиб, қизининг мақтовини хўп келтиришдан чарчамайдиган совчиларга қандай розилик берганини ўзи ҳам билмай қолди.  Совчиларнинг сўзамолгинаси — куёвнинг онаси экан. Ўар икки гапининг бирида, «Қизингизни келин эмас, қиз ўрнида кўрайин», деб онани тоза авради. Анча олдин турмуш ўртоғи вафот этиб, уч нафар болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган Нигора опа, қизини узатиш ҳақида ҳали ўйлаб ҳам кўрмади. Қизи эндигина ўн олти ёшга тўлган, ҳали коллеж талабаси. Опа бу борада ота-онаси, опалари билан маслаҳатлашган эди, улар ҳам қизини зудлик билан узатиши кераклигини айтишди.
— Ҳозир қизлар жуда ёмон бўлиб кетган. Замон ўзгарган, Нигор, ҳозирги пайтда ўн саккиздан ошган қиз қари қиз ҳисобланади. Эртага йигирмага тўлса, остонангдан биров сўраб келмайди. Кейин олиб юраверасан, қариқиз қилиб, — деди катта опа бўлмиш Назокатхон.
Хуллас,  бу борада ҳамманинг фикри бир жойдан чиқди: қизни узатиш керак, тамом-вассалом! Бироқ бирорта “ақлли” одам, “жонсўз” қариндошдан совчиларнинг кимлигини аниқлаш, куёв бўлмишнинг насл-насабини суриштириш ҳақида садо чиқмади. Ўатто она ҳам қизи ҳали қўғирчоқ қўлтиқлаб юрган қизалоқ экани ҳақида ҳам ўйламади. Тўй бошлаб юборилди. Куёв томон худди ёв қувгандек шунчалик шошилинч тўй ҳаракатига тушиб кетишди-ки, орадан йигирма кун ўтиб-ўтмай Нигора опа қиз узатиб, қайноналик мартабасига эга бўлиб қолганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ва никоҳнинг эртаси куни Нигора опанинг шўрига шўрва тўкилиб қолди. Куёв бўлмиш олдин ҳам уйланган экан. Олдинги хотини билан расман ажрашмай туриб, иккинчи бора уйланибди. Бундан хабар топган биринчи хотини икки боласини етаклаб, “Мен ҳали расман ажрашганим йўқ. Бу уй мен ва болаларимга ҳам тегишли”, деб келиб ўтириб олибди. Она бу шармандаликни эшитиб, ҳушидан кетиб қолди. Қизининг никоҳи расман қайд этилмаган эди. Ўали ўн еттига ҳам тўлмаган қизини кундош балосига йўлиқтирган онаизорга қизини тезроқ узатишни маслаҳат берган “меҳрибонлар”и ҳам энди ёрдам бера олмайди.
2-манзара.  Жамила опа куёв томон нега бунчалик шошилишаётганини тушунмади. Бирорта касал ётган қариндошлари бўлмаса, ҳеч ким узоққа кетмаётган бўлса, нега бунча шошилишади? Ўа тўй дегани аста-секинлик билан бўлади-да. Ёшлар аввал никоҳдан ўтишсин. Бундоқ бир-икки ой гаплашиб юриб, бир-бировларининг феъл-атворини ўрганишсин, деса, қуда томон, бўладиган иш тезроқ бўлгани яхши, тўйни ўтказиб олайлик. Ана ундан кейин ёшлар биринчи фарзандлари туғилгунча никоҳдан ўтаверишади-да, деяпти. Ўа, майли-да, турмуш ўртоғи ҳам қудаларининг фикрини маъқуллаяпти: “Энди бир ками қизинг бўлғуси куёви билан кўчама кўча етаклашиб юриши қолувди. Дарров тўйларини ўтказиб юборишсин, ана ундан кейин гаплашиб, характерини ўрганиб юришади!”
Жамила опанинг кўнглида  аллақандай ғашлик  бўлса ҳам хўжасидан ортиб бир нима деёлмади.  Икки ҳафта деганда тўй бўлиб, қизи узатилиб кетди. Никоҳнинг эртасига куёвникига кабоб олиб борган синглиси ва келини зум ўтмай орқаларига қайтишганини кўриб, онаизорнинг юраги орқасига тортиб кетди...
— Опа,  худо уриб қўйди, куёв жинни экан. Кечаси билан Меҳринисони қўрқитиб чиқибди. Қиз бечоранинг ранглари ўчиб, лабларига учуқ тошиб кетган, — синглиси йиғидан ўзини тўхтатолмай гапира кетди.
— Бугун эрталаб Меҳринисонинг ҳамма сарполарини ваннага солиб, устидан сув қуйиб юборибди, — ваҳимадан кўзлари инидан чиққан келин ҳам қайнсингисининг  сўзига қўшимча қилди.
Жамила опанинг танасида мадор қолмади. Деворга суянган кўйи ерга ўтириб қолди...
3-манзара.  Шаҳло узатилганида ўн тўққиз ёшда эди. Кўпчилик сингари у ва оиласидагилари ҳам тўй арафасида никоҳни расмий қайд қилишга “ортиқча югур-югур” сифатида бепарво қарашди. Тўй бўлиб ўтди. Яшай бошлашди. Орадан бир йил ўтиб оилада фарзанд туғилди. Бу пайт куёв тўра хорижда ишлаётган эдилар. Расмий никоҳ бўлмагани учун қайнона-қайнотаси чақалоққа гувоҳнома олишда қийналишди. Никоҳ расмийлаштирилиши учун эса никоҳланаётганларнинг иккови ҳам  шу ерда бўлиши керак эди. Шаҳлонинг турмуш ўртоғи яна бир дунё пул сарфлаб Ўзбекистонга келишни истамади. Чақалоққа эса гувоҳнома онасининг фамилияси орқали бериладиган бўлди. Орадан уч йил ўтиб куёв хориждан қайтиб келди. Аммо энди унинг фикри ўзгарган, Шаҳло билан яшагиси йўқ, ҳатто ўзига бошқа умр йўлдош ҳам танлаб қўйган эди. Шундай қилиб у биринчи рафиқаси — Шаҳлони боласи билан ота уйига қайтариб юборди. Орада расмий никоҳ бўлмагани учун Шаҳло эридан на боласига алимент ундиролди, на ота-онаси сепига атаган нарсаларни ололди.  Йигирма уч ёшли жувон уч яшар боласи билан кўчада қолди. Номард эр ҳатто ўз фарзандини ҳам тан олмади.
Азизлар, ҳукмингизга ҳавола этилган манзаралар билан танишиб чиқдингиз. Энди мунозарамиз қатнашчиларининг бу борадаги фикрларини кузатамиз.
М. Гадоева, 50 ёш Бухоро  вилояти, Ромитан тумани, “Самосий” маҳалласи котиби:
— Биз туман ФЎДЁ бўлими мудири ва маҳалламиз маслаҳатчиси билан биргаликда никоҳланувчи фуқароларимизга никоҳни расмий қайд қилиш борасида тушунтириш ишларини олиб борамиз. Ўз ўрнида қайси хонадонда ўғил уйлантириш ёки қиз узатиш ҳаракатлари бошланса, маҳалла маслаҳатчилари албатта ота-оналарга биринчи навбатда никоҳни расмийлаштиришни уқтиришади. Аммо шунга қарамай, айрим ўзбилармон оилалар ўзлари билганча иш тутиб, фарзандларини расмий никоҳдан ўтказмай бошларига бир дунё ташвиш орттириб олишади. Айнан шундай воқеа маҳалламизда содир бўлди. Маҳалламиздаги хонадонлардан бири маҳалла маслаҳатчисининг бир неча маротаба огоҳлантиришига парво қилмай, қизини расмий никоҳдан ўтказмай узатиб юборишган. Оқибатда келин-куёв турмушининг дастлабки кунлариданоқ келишолмай қолишди. Маҳалла вакилларининг аралашуви ҳам кор қилмади. Хуллас, янги оила  орадан бир ой ўтмай парокандаликка учради. Келинчак ота уйига эгнидаги кийимбоши билан қайтиб келди. Куёв томон ҳатто қизнинг ота-онаси қилган нарса буюмларни ҳам қайтаришмади. Расмий никоҳи бўлмагани учун келинчак бирор жойга даъво қилолмади. Хўш, бунга ким айбдор? Маҳалла вакилларининг гапига эътибор бермаслик, менсимаслик, ўзи билганча иш тутганлик оқибатида ким азият чекди?! Ўша одамларнинг ҳам кўзи очилди, нотўғри йўл тутишганини англаб етишди, аммо катта йўқотиш эвазига. Ахир ҳар бир ота-она учун фарзандининг бахтидан буюк неъмат йўқ, бу дунёда. Шунинг учун ҳам яна бир бор юртдошларимизга мурожаат қилардимки, азизлар, фарзандингизнинг тақдирига бефарқ бўлманг. Аввал расмий никоҳдан ўтказиб, сўнг тўйни белгиланг. Бу ҳам ўзингиз учун, ҳам фарзандингиз учун яхши бўлади. 
Марям опа, 55 ёш, маҳалла кайвониси:
— Ҳозир чўнтагида уч-тўрт сўм пули кўпайган эркак борки, хотинини иккита ёки учта қиляпти. Ўеч кимга билдирмай, икки-уч оғиз калимани тиловат қила оладиган одамни топишади-да ўзларича никоҳ ўқитиб, яшайверишади. Аммо ўша қўшхотинлилар ҳам, домла ҳам, никоҳ яширинча эмас ошкора ўқитилишига ақли етмайди. Уйида бола-чақаси, хотини ўтиради, “дадаси сафарга кетганлар”, деб, “дадаси” эса бир жойда ҳушига келган ишни қилиб юрибди. Ана шундай эркакларнинг тузоғига илинган аёлларга қийин. Ўзларича шаръий никоҳ ўқитишади, қонуний никоҳ эса йўқ. Бир куни ўша номард эркакнинг жонига тегишса, қуруқ қўл билан тўрт томонларини қибла қилиб қўйишади. Агар бола туғилса, виждонсизлари болани ҳам тан олишмайди. Хўш, кейин кимга қийин, ўша ширин-ширин сўзларга ишониб бировнинг эрига сездирмай тегиб олганга қийин! Айтмоқчиманки, аввало аёл деганлари фаросатли бўлсин. Ўаётига, тақдирига бефарқ бўлмасин. Ўз ҳақ-ҳуқуқини танисин. Ўшанда ҳеч қийналмайди, изтироб чекмайди. Ўақ-ҳуқуқини таниган аёл ҳеч қачон ўзини хафа қилиб қўймайди!
Азиз муштарий, мана баҳсимизда иштирок этган юртдошлармизнинг фикр-мулоҳазалари билан танишиб чиқдингиз. Энди шу ўринда, мутахасис фикрига ҳам мурожаат қилсак.  
Соҳиба Ҳойибова. Бухоро шаҳар 2-сонли ФЎДЁ бўлими мудири вазифасини бажарувчиси:
— Жуда долзарб мавзу кўтарилибди. Ўақиқатда фуқароларимиз неча йиллар давомида астойдил яхши ниятлар билан фарзандини бахт уйига йўллашни орзу қилади. Аммо ҳамма нарса ҳам фақатгина орзу-ҳавасга боғлиқ эмас. Аввало фарзандини тақдирини, келажагини ўйлайдиган ота-она унинг ҳаётда қоқилмаслиги учун зарур чораларни кўриши, ўз ўрнида фарзандига тушунтириш шарт. Ахир қанча молу дунё сарфланиб тўй қилинади, қолаверса бир дунё урф-одатлар остида инсон ТАҚДИРИ ётибди. Фарзандини уй-жойли қилиш орзусидаги ота-она бўлғувчи келинининг сарпо суруғи, сепига келадиган қимматбаҳо анжомларига ёки куёв томоннинг нақадар давлатли экани, машинаси бор-йўқлигига эътибор қилишади-ю, турмуш остонасида турган ёшнинг эплилиги, қўлида касбу кори бор-йўқлигига, оиласининг яхши-ёмон кунида ўзининг касб ҳунари асқотишига эътибор беришмайди. Оқибатда ёш оиланинг парокандаликка учрашига, мурғак гўдакларнинг ота-она меҳрига зор, тирик етим бўлиб қолишига айнан катталар сабабчи бўлишади.
Биз турмушимизда айнан шу салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ФЎДЁ бўлимлари ҳузурида  “Оила мактаби” ўқув машғулотлари ва касб-ҳунар таълими муассасаларининг 3-босқич талалабаларига  “Ёш оила қурувчилар дорилфунуни” ўқув машғулотлари доимий равишда ўтказиб боряпмиз. Машғулотларда Камолот ЁИЎ, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, Оила ва никоҳ маркази, аёллар саломатлигини ҳимоя қилиш репродуктив маркази ходимлари ёшларга “Оила муқаддас ва бирламчи тарбия маскани”, “Тиббий кўрикнинг мақсади ва аҳамияти”, “Оила мустаҳкамлигининг ижтимоий психологик омиллари”, “Носоғлом оила фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи макон”, “Гиёҳвандилик ва ичкиликбозлик оила заволи” каби мавзуларда тушунтириш ишларини олиб боришмоқда.
Шу ўринда фуқароларимизга мурожаат этиб айтмоқчиманки, турмуш қуришдан олдин  бир-бириларининг соғлиги ҳақидаги тиббий маълумотдан бохабар ҳолда, қонуний никоҳларини қайд этиб, қурилажак оиласининг, туғилажак фарзандларининг соғлом бўлишига аҳамият беришсин. Зеро қонуний никоҳ оила бутунлиги, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди.

БАҲОР тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 103 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ