Сайт бўлимлари
Шукрни унутмадикми?
Дўстим билан интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали гаплашаётгандик. Ҳол-аҳвол сўрашаётганимизда, менинг жавобларимга ишора қилиб “Бугун жуда сершукр бўлибсизми? Худога шукр-ей, анчадан буён сиздан “шукр” сўзини эшитмагандим” деб қолди. Дўстимнинг бу дашномидан хижолат чекиш баробарида сергак ҳам тортдим. Чиндан ҳам, кейинги пайтларда кўпчилигимиз шукрни унутиб қўяётгандекмиз. Эътибор берганмисиз, атрофимиздаги кишиларни кузатсангиз, пессимистик руҳ, тушкун кайфиятни илғайсиз. Айниқса, қовоғидан қор ёғаётган одамларга кўзинг тушганда, юрагинг орқага тортиб кетади киши. Замондошларимизнинг ўзаро суҳбати, гап-сўзлари қулоққа чалинганида ўйланиб қоламан; сўнгги пайтларда ўзимизга инъом этилган неъматлар қадрини унутаётгандекмиз. Яқин таниш- билишлар билан учрашиб қолганимизда ҳам гурунгимизнинг асосий қисмини норозилик, туриш-турмушимиздан ёзғириш, нолиш ва албатта ношукрлик ташкил қилади. Гўёки, дунёнинг бор ташвишу қайғулари бизнинг бошимизга юкланган. Гўёки, ёзғириш, ношукрлик қилиш билан муаммоларимиз ҳал бўлиб, кемтигимиз бутланиб қоладигандек. Гўёки, биздан бошқанинг муаммоси йўқ. Гўёки, бошқалар ташвиш, тирикчилик, ҳаёт ўйловларидан холи...
Аслида-чи, аслида ҳаётимиз қандай? Ҳеч мулоҳаза қиламизми, ёлғон дунёнинг бошию кети кўринмас ташвишлари кўксимиздаги омонат жонимизни қийнашга, Яратганнинг тақдирига норозилик қилиб, гуноҳкор бўлишимизга, умуман ўз-ўзимизга жабр қилишимизга арзийдими?
Шаҳримиз кўчалари бўйлаб кезар эканмиз, айни мулоҳазалар атрофида юртдошларимизнинг фикрлари билан қизикдик.
Саодат Жўраева,ўқитувчи:
“Бандаларидан ёрдам сўраманг...”
- Ҳа, айримлар жуда ношукр бўлиб кетган. Гап-сўзларини эшитиб, юрагингиз орқага тортиб кетади. “Уним йўқ”, “буним йўқ” деган нолишларга ўрганиб қолганлар ҳам бор. Худди, улар йўқчилигидан нолиса, биров қўшқўллаб, “ол, сенда йўқ экан, менда бор” дейдигандек. Бандасига арзи-ҳол қилишнинг нима кераги бор?! У ҳам ўзимизга ўхшаган ожиз банда бўлса. Ундан кўра, борига шукр қилмайсанми, Аллоҳ ўзи муаммоларинг ечимига йўл кўрсатади, дегим келади шундайларга...
-
“Нолиган билан дунё ками бутланмайди...”
Баҳодир Икромов, такси ҳайдовчиси:
- Бу бор гап. Баъзида ўзимиз ҳам шундай гапларни гапириб қоламиз. Одам боласининг бошида ҳар хил кун бўлади-да. Тўғри, нолиган билан, куйинган билан бу дунёнинг ками бутланмайди. Лекин баъзи- баъзида дардингни кимгадир айтиш билан ҳам енгиллаган маъқулмикан, дейман. Тўғри, ношукрлик, ёзғириш оҳангида эмас, шунчаки, гурунг сифатида. Ахир одам тафтини одам олади, дейишади-ку...
“Муаммолар сабабини ўзингдан изла!”
Ҳалима ая, пенсионер:
- Кўпчилигимиз ишларимиз юришиб, ҳаётимиз бир текис кетаётганида шукрни унутиб қўямиз. Аллоҳни эсламай қўямиз. Ҳаётимизга озгина кемтиклик раҳна солиб, турмушнинг нотекис йўлларида қоқинсак, бўлди! Айюҳаннос солиб, тақдирдан, ҳаётимиздан нолишга тушамиз. Аллоҳни эсга оламиз. “Нега бунақа бўлади?”, “Нима учун мен қийналяпман”... Шунга ўхшаган дийдиёлар. Дийдиёю дардини дастур-хон қилиш билан ким барака топибди?! Сиз дардингизни дастурхон қилган одамнинг қўлидан эшитишдан бошқа нимаҳам келарди?! Қолаверса, дардингизни, нолишингизни жимгина эшитаётган кишининг ўзи ҳам беғаму бешавишмикан? Тирик жон борки, муаммоси бор, одам борки, ўзига яраша ғам-ташвиши бор. Киши қийин вазиятга тушганда дод-вой қилиб, баттароқўзини мушкул аҳволга солгандан кўра, ўша муаммоларнинг келиб чиқиш илдизини ўзидан қидирсин. Феъл-атворини тафтиш қилиб, хатоларини, камчиликларини таҳлил қилсин. Нуқсонларни билиш, хатоларни тан олиш билан иш битмайди. Одам боласи аввало ўзидаги қусурларни кўра олиши, кўрганида албатта уларни тузатишгаҳаракат қилиши, ҳаёт йўлларида йўл қўйган хатоларидансабоқ олиши керак. Аслида, ҳаётнинг ҳар бир куни сабоқ, дарс! Ҳамма гап одам боласи ўша сабоқни ўзлаштириши-да! Одамлар борки, бутун умри хатолар устига қурилган.Бир янглиш босган қадами каттароқ бир хатони бошлаб келади. Ношукрлик, тақдиридан, ҳаётидан нолиш ҳам шундайларга хосдир...
Ногирон йигитнинг ибрати
Абдураҳмон Абдураҳимов,иқтисодчи:
- Саволингизга ўзимга сабоқ берган бир воқеа билан жавоб бермоқчиман. Бир куни ҳамкасб дўстим билан машинасида саёҳатга чиқдик. Шаҳарнинг сершовқин кўчаларини ортда қолдириб, кенг дала-даштлар бўйлаб кетаётганимизда машинамиз бузилиб қолди. Бошимиз қотиб, нима қилишни билмай турганимизда бир йўловчи машина, ичкаридаги қишлоқда автомобил тузатадиган уста борлигини айтди. Бир амаллаб ўткинчи юк машинасидан илтимос қилиб, қишлоққа, устахонага кириб бордик. Ишонасизми, бизга уста деб кўрсатишган йигитни кўриб... ҳайратдан қотиб қолдик! Йигитнинг оёқлари тиззадан пасти йўқ эди. Устахонаси каттагина, 5-6 чоғли шогирд болалар ҳам ишлаётган экан. Бизнинг узоқданлигимизни билиб, қўярда қўймай уйига таклиф қилди. Бир пиёла чой устида йигит билан минг йиллик қадрдонларга айланиб кетди. Биласизми, менга ибрат бўлгани, йигит ногирон бўлса-да, қайсидир маънода кўнгли кемтик бўлса-да, икки гапнинг бирида “шукр, Ўзига беҳисоб шукр” деган жумлани тез-тез ишлатар, шундоқ айтиш эмас, чеҳрасидан ҳам астойдил шукроналик ифодасини илғаш қийин эмасди. Йигитнинг мамнун қиёфаси, табассумли чеҳрасига қараб ўзимдан уялиб кетдим. Тўрт мучамиз соғ бўла туриб, шукрни аҳён-аҳёнда эслаймиз. Салгина ишимиз юришмай қолса ё бирор мушкулотга йўлиқсак тақдиримиздан нолиб, тушкунликка тушиб қоламиз. Узоқ ишлоқдаги нотаниш уста йигит менга яхшигина сабоқ берди. Жисмида нуқсони бўлса-да, “мен ногиронман, оёқларим тузук бўлмаса, ўзимни эплаб юролмасам, қийналиб ишлаб юрганим нимаси, давлат ногиронлик нафақасини ҳар ойда тўлаётган бўлса” деб уйида ётиб олмай, ҳунар ўргангани, устахона очиб, атрофидагиларга ёрдами тегаётганини кўриб, уста йигитга қойил қолдим. Руҳиятни тушкунлик эгаллаганида ён-веримизга каттароқ кўз билан теран назар ташлаб, аҳволи биздан кўра мушкулроқ, аммо шу ҳолида ҳам тушкунликка тушмай олға интилаётганлардан ҳаётнинг асл моҳиятини ўрганишимиз яхши натижа беради...
Инсон руҳияти жуда мураккаб. Одам руҳан ўзини қай ҳолатга тайёрлаб борса, охир-оқибат шу вазиятга рўпара келиши аниқ. Бу ҳаётда кўп марта ўз исботини топган. Бу борада ҳам элдан ошириб бир нарса деийш гумон: “Шукр қилсанг зиёда бўлгайсан, ношукр бўлсанг пиёда бўлгайсан” дейди халқ. Қолаверса, ношукрлик, тушкунлик ва ғамгинлик руҳиятга ўрнашгани сари, кишини фақат салбий воқеа-ҳодисалар қуршаб олади. Демак, нохуш ҳолатларга тушмаслик учун аввал нохуш хаёллардан узоқлашиш даркор. Унутманг, сиз ҳаётга жилмайиб қаранг, ҳаёт эса сизга кулиб боқади. Нима дедингиз?
Умида АЗИЗ тайёрлади.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 106 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар