Сайт бўлимлари
“Биринчи бахтим- ой бахтим...”
– Менинг айбим нима? Кўнглингиз бўлмаса ўшанда уйланмай қўяверинг эди. Мен сизга менга уйланинг деб ёпишиб олмагандим-ку!..- Нафиса ҳўнграб йиғламаслик учун лабларини қаттиқ тишлаб олди. Сирожиддин бошини қуйи солиб, индамай ер чизиб ўтиришдан чарчади чоғи, хотинининг гапига жавоб қилмай ҳовлига чиқди. Ҳовлига чиқиб ҳам кўнгли таскин топмади. Онаси сўрида кўрпа қавиётган экан. Сирожиддин сўри четига омонатгина қўнди. Онаси қовоғини очмай кўзойнак устидан қараб қўйди-да, индамай ишини давом эттирди.
- Сизни шунчалик ранжитдимми, онажон?- Сирожиддин орадаги совуқ жимликка тоқат қилолмади.- Ҳатто юзимга ҳам қарагингиз келмайди-я?!- Шойиста опа индамай юмушида давом этаверди. Бироздан кейин ўғлига зимдан қараб турди-да секин гап бошлади:
- Ҳаҳ, болама, болам, шу ишинг яхшими энди? Ширингина турмушингга заҳар қўшиб, болаларингни кўзларини мунғайтириб... Эҳ, болам-а, сен онангга кутмаган жойидан зарба бердинг-ку! Мен сен билан ҳамиша фахрланиб юрганман, ўғлим! Оиламизнинг кемтиклигини билдирмай, ҳатто ўзингдан катта амакиларингга ҳам дадангнинг ўрнига бош бўлиб юрган ўғлимдан шундай номаъқулчиликни ҳеч кутмагандим...
- Сиз ҳам мени тушунмайсизми, онажон? Наҳотки, мени хато қиляпти, бизга панд беряпти деб ўйласангиз, онажон? Сиз мени ҳамиша тушунгансиз, мени қўллаб-қувватлагансиз-ку!
- Тўғри, ўғлим, гапларинг тўғри. Лекин бу ишингни ёқламайман ҳам, қўлламайман ҳам. Қўш хотинлининг қай бири ҳаловат, осойиш топибдики, энди сен топсанг?! Сен бу қароринг билан ўз ҳаётингни, ўз умрингни ўзинг хомталош қилишга қўл урмаяпсанми? Сен шундай қилсам хотиржам бўламан, деб ўйлаяпсанми? Йўқ, ҳеч қачон болам, ҳеч қачон! Мен сен айтган қизни ҳеч қачон Нафисахон келинимнинг ўрнига қабул қилолмайман!
- Нега унинг ўрнига экан?..- Сирожиддин ғудраниб қўйди.
- Сен айтганчалик ҳам бўлсин, кундошликка қабул қилолмайман. Келинимнинг устига кундош пайдо бўлишини ҳеч қачон оқламайман. Болаларингга қара, болаларинг онаси мунғайиб турганда қандай қувнаб юрсин? Мен билмайман ўғлим, сен катта одам бўлиб ўзинг қарор қабул қиладиган, ўзинг хоҳлаган ишни қиладиган бўлиб қолибсан. Майлику-я, лекин эсингда бўлсин, мен ўн беш йилдан бери гапимни икки қилмай хизматимда юрган, менга ҳатто ўз қизларимдан ортиқ меҳрибон бўлган келинимни сенга хафа қилдириб қўймайман. Агар онанинг розилиги сен учун муҳим бўлмаса, майли болам, унда ўзинг биласан, уйланавер ўшанингга. Агар менинг розилигим керак бўлса, тезроқ ундан кечгину, оилангнинг қувончини қайтар!..
Сирожиддин бошини ердан кўтаролмай қолди. Нима қилсин, бу аро йўлдан қандай қутилсин, қандай қилса тўғри қилган бўлади?..
***
У оила қурганида ҳали ўсмирликнинг шўх- бебош ўйинқароқлигидан бегона бўлиб улгурмаганди. Битириш имтиҳонларининг энг охиргиларини топшириб юрган кезлари эди. Мактабдан чақириб олишди уни. Эшик олдидаги “Тез ёрдам” машинасини кўриб юраги бир қалқиб кетди. Чопиб ичкарига кирган эди, онаси йиғламсираганча тўхтатди:
- Сирожиддин, шошма болам, дўхтирлар дадангга қарашяпти. Бироз шошилмай тур, кейинроқ кирарсан...
- Нима бўлди, ая? Нега дўхтирлар келади? Нега дадам оғриб қолдилар?- Сирожиддин бир уюм саволларни қалаштириб ташлаб, жавобини шошиб кутар, икки кўзи дўхтирлар кириб-чиқаётган хонада эди. Бирор соатлардан кейин дўхтирлар чиқиб кетишди. Кечга томон Самандар ака кўзини очиб ўғлини кўрмоқчилигини айтди. Унга довур Сирожиддин катталарнинг гап-сўзидан икки кундан кейин уйланиши керак бўлган амакиси қочиб кетганини, тўй қолдирилганига, қудаларнинг олдида субутсизга айланганига куйинган отасининг юраги хуруж қилиб қолганини илғаб олганди.
- Биламан, ҳали бу ҳақида сенга гапириш учун анча эрта. Сенга севги-муҳаббатни ўзим тақиқлаб қўйгандим,- деб секин гап бошлади дадаси.- Чунки ўқишингни, ҳамма ҳавас қиладиган касбу кор эгаллашингни истардим. Сен билан фахрланишни, ўғлимнинг етук мутахассис бўлиши истардим. Лекин амакинг менга жуда ёмон панд берди, ўғлим. Қудаларнинг олдида шарманда бўлдим. Тўйга узоқ-яқиндан ҳамма таниш-билишлар айтилган. Хуллас, тўйни қолдиришнинг иложи йўқ... Ўғлим, бирорта қизни ёқтирсанг айт, бугуноқ ўша қизнинг уйига совчиликка борамиз. Амакингга аталган тўйда сен уйланасан...
Сирожиддин учун отасининг бу гаплари ҳукмдек эди. Отаси айтдими, бўлди ўша гап амалда бажарилиши керак. Аммо нега энди у амакисининг ўрнига уйланиши керак? Амакиси ўша қизга уйланишни истамас экан, ўша пайтларда рад қилса бўларди-ку. Сирожиддин ўшанда кўнглидан кечган эътирозларини ҳеч кимга билдирорлмасди. Билдирмади ҳам. Онасига синфдоши Дилнозада кўнгли борлигини айтганди, қизнинг ота-онаси узатилмаган опаси, уйланмаган акаси қолиб, мактабни битириш арафасида турган қизларини узатмасликларини айтиб, ҳатто совчиларни эшикдан киргизишмабди. Ҳамманинг боши қотиб, муаммога ечим излашаётганда, қўшнининг чевар қизи Нафиса эсларига тушди.
- Нима-а-а?!- Сирожиддин Нафисанинг исмини эшитиб бир сапчиб тушди.- Ахир у...- Сирожиддин Нафисанинг калондимоғлигини, уни кўрса лабини буриб терс қараб кетишини айтолмади. Қайси куни Сирожиддин боғидаги ариқчага сув очган эди, подани кўчадан ҳайдаб келгунича сув қўшниси томонга оқаётганини кўриб ҳайрон қолди. Бир пайт қаёқдандир лабини буриб, қошини такаббурлик билан кериб турган Нафисани кўрдию, нима гаплигини фаҳмлади. Қўшни қизнинг яна бир қитмирлиги экан бу. Бир куни Сирожиддиннинг сигирини подадан чиқариб қувса, бир куни қочиб кетмасин деб бойлаб қўйган эчкисини очиб юборади. Фақат унга ташвиш келтиргани учунми Сирожиддин қўшни қизни ёқтирмасди. Энди ўша қўшни қизга уйлантиришмоқчи уни...
Сирожиддин ўша қитмир қўшни қиз билан ўн беш йилдан бери яшайди. Тўртта фарзандлари бор. Қўшни қизнинг болаликка хос беозор шўхликларида самимий меҳр- муҳаббат яширинган экан. Ўн беш йилдан бери у Сирожиддин ва унинг оиласига садоқат билан хизмат қилади. Нафисада бир эркак орзу қиладиган барча фазилатлар бор: эпчил, чаққон, сариштали, чевар. Қайнонасини ўз онасидек кўриб ҳурмат қилади. Қайнбўйинларини туғишганларидек кўриб иззат қилади. Пишир-куйдир, супир-сидир унинг учун иш саналмайди. Сирожиддинни жон қадар севиб, ардоқлайди. Биргина рафиқанинг вазифаси шулардан иборат-да. Аммо... Аммо Сирожиддиннинг кўнгли кейинги пайтларда ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Ҳамкасб дўсти Дониёрнинг туғилган кунида унинг севган қизига ҳамроҳлик қилиб келган қиз билан дўстона танишуви муҳаббатга етаклади уни. У ҳам одам, севишга, севилишга ҳақли. Бу туйғу унга насиб этиб-этмай уйланишга мажбур бўлди. Кейин ҳаётнинг турмуш деган қозонида қайнаб, рўзғор ташвишларига буткул ўралашиб қолди. Талабалик даври ҳам унга татимади. Отасидан ажраб қолди. Энди отасининг ўрнига бутун бошли оилага Сирожиддин раҳбар бўлиб қолди. Оиланинг ташвиши ҳам, қувончи ҳам, ютуғи ҳам у билан бўлди. Шунча ташвиш турганида Сирожиддин муҳаббат ҳақида хаёл сурармиди? Бунинг учун унда вақт бўлармиди? Ёки шу пайтга довур кўнгли орзусидаги маликасини учратмаганмиди? Саволлар кўп, лекин уларнинг жавоби битта: Сирожиддин севиб қолди. Ўзи тенгги, ўқиш, иш билан бўлиб турмуш қуришга улгурмаган қизга кўнгил қўйди. Бироқ бу муҳаббатни висол риштаси билан яна-да мустаҳкамлаш имкони бормикан? Сирожиддин қизга кўнглини очганди, бошида у эътибор бермади. Кейинчалик муносабатлари жиддий тус ола бошлаганди, Сирожиддин қизга уйланиш истагида эканлигини билдирди.
- Қанақасига, ахир сиз оилалисиз-ку,- деди Шодия кутилмаган таклифдан ҳайратланиб.
- Уни ҳам ташлаб қўймайман, сиздан ҳам кечгим йўқ. Никоҳимга оламан сизни, агар рози бўлсангиз...
Шодия бу таклифни маъқуллади. Тўғри, қиз болалик ғурурига бундай таклиф оғриқ бердию, барибир оила қуриш кераклигини ўйлаб ҳозирча сукут билан жавоб бериб қўя қолди. Сирожиддин онаси ва аёлига хотини устига яна уйланиш ниятида эканини айтишга ўзида куч тополмай юрганди. Қайси куни телефони хотинининг қўлига тушиб, смс хабарларини ўқиб қолибди. Шундан бери уйида тинчлик йўқ. Нафиса “яшамайман, болаларимни олиб кетаман” деб хархаша қилади, кўз ёши қилади. Онаси албатта келини томон. Сирожиддиннинг кўнгли, туйғулари билан ҳеч кимнинг иши йўқ. “Севиш бахт-ку! Севги инсонни тарбиялайди-ку, яхши томонга ўзгартиради-ку! Нега ҳеч ким мени тушунмайди?” Йигит шу саволлар куйида оввора эди.
Ўша куни Сирожиддин Шодияни кўриш, у билан гапни бир ерга қўйиб никоҳ масаласини ҳал қилиш учун Тошкентга йўл олганди. Йўловчи машинада зерикиб қолмаслик учун ўзи билан газета олган газетани варақлашга тушди. Газетадаги “Кўчадаги кўчада қолиб кетар экан” деган сарлавҳали ҳаётий ҳикоя диққатини тортди ва эътибор билан уни ўқишга тутинди. “... Ўшанда шаҳар касалхонасида бош шифокор эдим. Аёлим ҳам шаҳар туғруқхонасида шифокор эди. Ёшлик қилдимми, бегона аёлнинг нозу карашмасига учдимми, хуллас, қўл остимда ҳамшира бўлиб ишлайдиган, турмуш қуриб бир неча ойгина яшаган жувонга уйланиб олдим. Аёлимнинг кўнгли синди. Болаларим маъюсланиб, уйга борганимда менга салом бермай, ҳар тули бурчакларда яширинадиган бўлди. Сен болаларимга мени ёмон кўрсатгансан, деб биринчи аёлим билан жанжаллашардим. Туғруқхонадаги, касалхонадаги ҳар хил гап-сўзлар аёлимни роса ҳолдан тойдирибди. У бетоб бўлиб қолди. Мен иккинчи аёлимнинг гапига кириб биринчи оиламдан хабар олмай қўйдим. Бунинг устига иккинчи аёлим биринчи хотинимнинг ишхонасига бориб ўзини кўз-кўз қилиб уни руҳан синдиришга уринар экан. Афсуски мен бу гаплардан жуда кеч хабар топдим. Кўчадаги аёлларга пул ва вақт сарфлаш, уларга илакишиш кишининг хотиржамлигини, файз-баракасини ва обрўсини йўқотаркан. Менда ҳам шундай бўлди. Ишимдан айрилиб қолдим. Турган гапки мансабим ва пулим иккинчи аёлимни қониқтирмаганидан орада ҳар хил жанжаллар, келишмовчиликлар пайдо бўла бошлади. Қисқаси, охир-оқибат иккинчи аёлим менга хиёнат қилди ва мен яна бошимни эгиб биринчи оиламга қайтишга мажбур бўлдим. Шукр, ўзингники барибир ўзингники экан, аёлим билан фарзандларим менинг оиламга қайтганимни чинакам тантана қилиб қаршилашди. Улар худди ҳеч нарса бўлмагандек, авалгидек “дадажон” деб бўйнимга осилиб, мени хижолатликдан халос қилишди. Аёлим ҳам ҳурмати, меҳр-муҳаббатини мендан дариғ тутмади. Икковлашиб хусусий клиника очдик. Яна ишларим юришиб кетди. Хуллас, менинг бу мактубимни албатта газетага чоп этинглар, йигитларга, эркакларга ибрат бўлсин. Кўз очиб кўрганидан қўймасин ҳеч кимни...”
Сирожиддин газетани ёпиб, машина ойнасидан йўлни кузатди. Манзил яримлаб қолибди. У тушунуксиз ўй-хаёллар гирдобида қолган эди. Ҳар кимнинг ўз ҳаёти бор, дейдилар. Битта одамнинг иккинчи оиласи ўхшамабди, дегани бу ҳаммада шундай бўлади, дегани эмас-ку. Балки, Сирожиддиннинг ҳаёти ундай бўлмас? Ахир Шодия унга хиёнат қиладиган қизга ўхшамайди-ку! Барибир... Ғалати... Тушунарсиз... Телефонининг смс келганини билинтириб чалган куйи Сирожиддиннинг хаёлларини тўзғитиб юборди. “Узр, мен шошилинч қишлоққа кетяпман. Онам чақиртирдилар. Яхши жойдан совчилар сўрашяпти экан. Кетяпман. Учрашолмаймиз... Шодия” Сирожиддин хабарни ўқиганида машина Тошкентга кириб келганди. Бошида қандайдир туйғудан аъзойи бадани қақшагандек бўлдию, бироздан кейин кўнгли хотиржам тортди...
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 142 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар