Сайт бўлимлари
Яна ўзбекчилик ҳақида...
Ёхуд бефарқликдан қачон халос бўламиз?
Ҳар бир миллатни бир-биридан ажратиб турувчи фақат ўша миллатга хос бўлган қараш, нуқтаи назари бўлади. "Ўзбекчилик" элимизни бошқа миллат вакилларидан ажратиб турадиган муҳим жиҳатимиздир. Йиллар давомида сайқал топиб, олий қадрият даражасига кўтарилган бу тушунча замирида ўзбек миллатига хос барча фазилату хислатлар тажассум топган.
Ўзбекчилик бу...
Уйига меҳмон келса ўзи емаган ноз- неъматларни дастурхонга тортадиган ҳам ўзбек халқининг ўзбекчилиги. Бағри кенг, ўзига ёмонлик қилган одамга ҳам хайрихоҳ назар билан қараб, бағрини очиш ҳам ўзбекнинг ўзбекчилиги. Ҳамма нарсага кўникиб “хўп” дейиш ҳам ўзбекнинг ўзбекчилигига хос. Қўлидан ёрдам бериш келмаса ҳам “акажон, биздан нима ёрдам?”, “Бизга нима хизмат?” деб қўлини кўксига қўйиб туриш ҳам элимизнинг ўзбекчилиги. Тўй қилса “овозаси етти иқлимга етсин”, “Ҳофизлар тўрт томондан бири олиб, бири қўйиб куйласин”, тўйга атаб битта қўй олган эрининг овозини ўчириб “Ўнта қўй нима бўлади? Боринг, олдига яна ўнта қўчқорни етаклаб келинг” дейиш ҳам ўзбек аёлларининг ўзбекчиликка йўйадиган одатларидан. Тўй-маъракаларини дабдаба билан, тўкин-сочин дастурхон атрофида овозадор қилиб ўтказишга тиришиш ҳам ўзбекнинг ўзбекчилиги. Уйини қўшнисининг уйидан баландроқ ва ҳашаматлироқ қилиб қуриш истаги ҳам ўзбекчилик. Нима бўлса “боламга” деб бешикдаги боласига иморат тиклаб, сандиқ-сандиқ сарпо йиғиш ҳам ўзбекчилик удумларидан. Бозорда сотувчининг тарозидан ураётганини билиб туриб индамаслик ҳам ўзбекчиликка мансуб. Иккита одам урушаётганда “тўхта-чи, охири нима билан тугаркан” деб панада туриб томоша қилиш ҳам ўзбекчилик. Бирор қонун бузилиши ё жиноятнинг шоҳиди бўлиб қолсаю, ҳуқуқ-тқртибот ходимлари гувоҳлик беришини сўраса “Билдим дедим тутилдим, билмадим дедим қутилдим” қабилида гувоҳликдан қочиш ҳам ўзбекчилик. Ўзига нисбатан ноҳақлик қилинса, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, жиноятни олдини олиш ўрнига “югур-югур қилиб идорама идора изғийманми, э, майли-да” деб айрим нокасларнинг омма кўз олдида ҳар турли қилмишларни қилиб юришларига шароит яратиш ҳам ўзбекчилик...
Охирги жумла сизга ғалати туюлдими? Ҳа, аслида ўзбекчиликнинг ўзига хос, бири хуш, бири нохуш ҳолатларини эслашимизга айнан охирги жумла билан боғлиқ воқеа сабабчи бўлди.
“Э, майли...” Ёхуд бепарво қўл силташ одати
Кичик тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланию, хусусий дўконини юргизаётган танишим бор. Бир куни танишимнинг дўконига харид учун кирсам, фиғони фалак бўлиб гоҳ мобил телефонидан, гоҳ шаҳар телефонидан аллақандай рақамларга қўнғироқ қиляпти.
- Тинчликми,- дедим, унинг хавотирли юзига тикилиб.- Кимдир қўнғироқғингизга жавоб қилмаяптими?
- Ҳа-а-а... Уч кун олдин ўзини аллақайси фирмадан деб таништирган бир одам келганди,- деб гап бошлади қўшним.- “Олтмиш беш минг берсангиз, сизга фирмамиз маҳсулотларини сотишингиз учун музлаткич олиб келиб бераман. Фирмамизнинг махсус машинасида болалар билан келиб ўрнатиб берамиз. Истасангиз, менга пулини тўланг-да, эртага ўзингиз олиб келинг. Лекин агар фирма томонидан махсус ходимлар келиб ўрнатиб беришса, музлаткич бузилганда ўзимиз тузатиб берамиз” деди. Муҳрланган аллақанча қоғозларга мендан имзо қўйдириб олиб, олтмиш беш минг сўм пулимни олиб кетганди. Музлаткични олиб келиб ўрнатиб берамиз, деганига ҳам икки кун бўляпти. На келади, на телефон қўнғироқларига жавоб беради. Ўзи дўконга кириб бир соат вайсаганида “шу одам фирибгарга ўхшайдиёв” деган хаёлга боргандим. Тағин бир дунё муҳрланган қоғозлар, олтмиш беш минг сўмдан қилиб тахланган пулларни кўриб, “мана бошқа дўкончилар ҳам беришган экан-ку, мен ҳам бера қолай, битта музлаткич бўлса зарар қилмасди” деб пул берворгандим. Чиндан ҳам фирибгар экан, чоғи, келиш уёқда турсин, ҳатто қўнғироқларга ҳам жавоб бермаяпти...
- Қани, менинг телефонимдан қўнғироқ қилиб кўринг-чи, жавоб берармикан?- деб танишимга телефонимни тутқаздим. Бир-икки қайта –қайта рақам терди, жавоб бўлмади.
- Майли, қўяверинг, бирор иши чиққандир. Ўзи келиб қолар ё қўнғироқ қилар...- Танишим гапираётган гапига ўзи ҳам ишонмаётгани сезилиб турганди.
Ҳафта ўтиб атай ўша воқеага қизиққаним учун танишимдан хабар олдим.
- Э, фирибгарга тушибман-да...- деди танишим хижолатли кулимсираш билан.- Ваъда қилган нарсасини опкелмади. Олтмиш беш минг пулга куйганим эмас, алданганим алам қиляпти.
- Сизга телефон рақам қолдирган экан-ку, шунга асосланиб ҳуқуқий идораларга мурожаат қилинг. Алам қиляпти, деб ўтираверасизми?
- Э, қўйинг... Ўша фирибгарни орқасидан югур-югур қилиб юрсам, қанча ишим қолиб кетади...
Танишим бепарво қўл силтади. Унинг бу иши ҳам ўзбекчилигимизнинг ўзига хос одатларидан бири.
Андиша эмас БЕФАРҚЛИК!
Аслида мулоҳаза рамзи бўлган ўзбекчиликнинг бу тарздаги кўринишларининг жамиятга турган-битгани зарар эканини ўйлаб кўрмаймиз ёки ҳатто шу оддий ҳақиқатларни мулоҳаза қилишга ҳам эринамиз. Танишимнинг куппа-кудуз куни, турқидан фирибгарлиги кўриниб турган, бунинг устига пулини “расмий” тарзда шилиб кетган товламачига алданиб ўтиргани, кўзи очилгач ҳуқуқий идораларга мурожаат қилишга ҳам эринаётгани, ҳа-ҳа эринаётганини қандай изоҳлаш мумкин, ҳайронман. Атрофимиздаги танишимга ўхшаган эринчоқлар, ҳафсаласизлар касрига жамиятда товламачилик, бировнинг ҳақига кўз олайтириш, тарозидан уриш каби ҳам жиноят, ҳам гуноҳ саналган ишлар тобора урчиб бормаяптимикан? Бугун танишим ва унга ўхшаган беш-олтита лоқайд кишиларнинг “арзимаган” олтмиш беш минг сўмини талаб кетган талончи-товламачи, эртага бошқаларнинг юз минглаб, миллионлаб пулини шилмаслиги ёхуд катта жиноятларга қўл уриши, давлат мулкини ҳам талон-тарож қилмаслигига ким кафолат беради? Танишимга йўлиққан кимса фирибгар – товламачи. Товламачилик эса жиноят.
Жиноятни яшириш ҳам- жиноят
Бу жиноят ҳақида ўз вақтида тегишли идораларга хабар бермаслик- жиноятни яшириш. Жиноятни яшириш ҳам жиноят ҳисобланади. Қачон бизнинг ҳуқуқий маданиятимиз ошадию, қачон ҳуқуқбузарлик, қонунбузарликларни ўз вақтида тегишли муассасаларга хабар берадиган бўламиз? Ахир, товламачига алданиб қолиш анча-мунча ҳуқуқбузарлик эмас, жиноят-ку! Товламачининг кирдикорлари ҳақида ҳуқуқ-тартибор органларига хабар бермаслик билан уни жиноятини қўллаб-қувватлаган, товламачининг кейинги ишларига рағбат берган бўлмаймизми?
Бугун инсоният шиддатли даврда, ақл ва тафаккур улкан чўққиларни забт этаётган замонда яшамоқда. Лекин шу билан бирга инсоният ҳаётида баъзи ижтимоий муаммолар борки, улар жамиятни хавотирга солмай қўймайди. Бу муамолар сирасига товламачилик жиняотини ҳам бемалол қўшса бўлади.
Айнан товламачиликдан азият чеккан муштарийлардан ҳам таҳририятга қўнғироқлар бўлиб туради. Шундай қўнғироқларнинг бирида, пойтахтга талаба бўлиш мақсадида келган қизнинг, товламачига алданиб қолгани, яъни ўша олий ўқув юртида ўқийдиган талаба қиз абитуриентнинг қимматбаҳо тилла тақинчоқларини гаров сифатида олиб, унга Х вариант опкелиб беришни ваъда қилганича, йўқ бўлиб кетганини, қиз ҳам ўқишга киролмай, ҳам тақинчоқларидан айрилиб уйига кириб борганини айтиб берди. “Энди нима қиламан?” деб йиғлаётган қизга, ҳуқуқ –тартибот ходимларига мурожаат қилишини, улар албатта жиноятчини топишини маслаҳат бергандик, муштарийимиз:
- Вой, мелисахоналарда сарғайиб юраманми?- деб жавоб қилдилар ҳафсаласизлик билан. Ҳа, “мелисахонада сарғайишни” истамасангиз, куйиб қолаверасиз-да, дегандим, гўшакдан аввал чуқур тортилган “уҳ” сўнг эса алоқа узилганлигини далолат қилувчи овоз эшитилди.
Асл мақсади мўмай пул илинжида кишилар бойлигига кўз тикиш эвазига ҳаром луқма топиш бўлган кимсаларнинг қилмиши ҳисобланган товламачилик жиноятини бугун дунёнинг исталган минтақасида учратиш мумкин. Таассуфки, инсонлар товламачининг асл башарасини, мақсадини кўра- била туриб ҳам унга алданаверишади, Алданганларнинг аксарияти эса, танишим ва таҳририятга қўнғироқ қилган жабрдийди қиз каби жиноятни фош қилишга эринишади. Бу энди ўзбекчилик андишаси, мулоҳазаси эмас, ЛОҚАЙДЛИК, БЕПАРВОЛИК ва БЕФАРҚЛИКнинг ўзгинаси!
Жиноятга жазо муқаррар!
Бугунги мураккаб замонда одамзот ҳар қадамда ҳушёр бўлмаса, ҳам ўзига ва ҳам атрофидагиларга зарар етишига сабабчи бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Энг ёмони, инсонлар ўртасидаги лоқайдлик ва бепарволикдан ғараз ниятдаги кимсалар фойдаланиб, ўзларининг ёвуз ниятларини амалга оширишияпти. Товламачиликка ўхшагана жиноятларни қўя турайлик, лоқайдлик ва бепарволикнинг ўзи бугунги кунда катта хатарга айланмоқда. Афсуски, бу фикрлар атрофида ҳар қанча мулоҳаза қилмайлик, товламачи- фирибгарлардан азият чеккан жабрдийдаларнинг ҳаётидан ўнлаб, юзлаб мисоллар келтирмайлик, кўпчиликнинг қон-қонига сингиб кетган ўзбекчиликнинг бефарқлиги сўзимиз таъсирини енгиб қўймоқда. Аммо унутмаслик керак, айб саналган, гуноҳ ҳисобланган ҳар бир иш- жиноят. Жиноятга эса жазо муқаррар. Жумладан товламачилик жинояти ҳам жазодан мустасно эмас.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида кўрсатилишича, товламачиликда айбланган жиноятчига уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси, ёхуд ўта хавфли рецивидист ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган ҳолатда ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси, фирибгарлик жиноятида айбланувчига эса энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд олти ойгача қамоқ жазоси тайинланади. Башарти фирибгарлик жинояти ўта хавфли рецивидист ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзда тутиб содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд беш йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Умида АЗИЗ тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 92 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар