Сайт бўлимлари
“Оммавий маданият” – маънавият кушандаси
«Оммавий маданият» Ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Уни Ғарбда «популяр» ёки қисқартирилган ҳолда, «поп-культура» (яъни «оммавий маданият») деб аташади. Гарчи «маданият» деб аталса-да, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсад-ниятига кўра «оммавий маданият» чинакам маданиятнинг кушандасидир.
Мутахассислар (файласуф ва социолог олимлар)нинг фикрича, ҳали илм-фанда «антикультура» («ғайримаданият») деган илмий тушунча шаклланмаганлиги учун «Поп (оммавий) маданият» тушунчаси, ночорликдан қўлланилмоқда. Чунки, «оммавий маданият», аслида маданиятсизлик, яъни маънавиятсизлик ва ахлоқсизлик синонимидир. «Оммавий маданият» шу боисдан, энг аввало, юксак истеъдод ва ўлмас маънавий-ахлоқий ғоялар байроқдори бўлган мумтоз маданиятга, санъатга, унинг бойликларига қарши тиш-тирноғи билан курашиб, уни инкор этиб келяпти. Ғарб дунёсининг ўзидаги файласуфлар, социолог олимлар, «Бизга «Тўққизинчи симфония» (Бетховен) керак эмас!» ёки «Мона Лиза»ни лойга қориштирамиз!» каби жаҳолатпарастликка асосланган хитоблар «оммавий маданият» тарафдорлари ва мухлисларининг дастурий қарашлари негизини ташкил этади, деб ёзадилар.
Таассуфли жиҳати шундаки, гоҳида ғоятда истеъдодли инсонлар ҳам «оммавий маданият» тарғиботчиларининг қутқусига учраб, унинг тегирмонига сув қуймоқда. Масалан, рассом Салвадор Дали Леонардо да Винчининг «Мона Лиза» («Жаконда») асарини кулги қилиб, Мона Лиза лаблари устига мўйлов чизган ва «Мўйловли Жаконда» асарини яратган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, мана шундай «аччиқ истеҳзоли, қора мазмунли кулги» - «оммавий маданият» фаолиятининг энг етакчи белгиларидан биридир. «Оммавий маданият» намояндалари қора, заҳарханда, беҳаё кулгуни «исён ифодаси» деб билишади. «Нимага қарши исён» деган савол туғилади. Агар «поп-маданият» дунёга «эҳсон» этаётган «поп-арт» («тасвирий санъат» деса ҳам бўлади), «поп- натижаларига қараб ҳукм юритадиган бўлсак, улар инсоният яратган барча қадриятларни исёнкорлик билан инкор этади: юксак маданиятни, маънавиятни, ахлоқни, юксак орзу-мақсадларни менсимайди... Улар учун эзгуликнинг ўзи йўқ. Жумладан, санъат - алоҳида истеъдодлар томонидан яратиладиган маънавий бойлик, мўъжиза эканлиги каби ижоднинг олий мезонлари «поп-маданият» тарафдорларининг ўта даражада ғашини келтиради. Уларча, ҳамма санъаткор бўлиши мумкин. Ҳамма нарса санъат аталиши мумкин. «Поп-арт» - оммавий санъат шу хулоса манбаида вужудга келган.
Чунончи, «оммавий маданият» намояндаларидан бири Карл Маннинг фикрича, атроф-борлиқда, маиший ҳаётда мавжуд барча нарсалар (масалан, консерва банкалари, синиқ тиш чўткалари, машина, водопровод кабиларнинг занглаган бўлаклари, турли суратлар, журнал-газета қийқимлари ҳам) ҳаёт бағридан алоҳида ажратилиб, уларга муайян тартиб берилиб, одамлар назарига тутилса, бу оддий чиқиндилар баайни археологик қазилмалар чоғида топилган қадимги юнонлар даврига хос осори атиқалардай ўзгача аҳамият касб этиб, «санъат, маданият намуналари» қаторидан ўрин олар эмиш.
«Поп-арт»чиларнинг дастурий қараши шундайки, улар инсонни эмас, аксинча, нарсалар ва буюмларни эъзозлашади; маънавий дунёни эмас, маиший-истеъмолчилик ҳис-туйғуларини қадрлайдилар ва уларни кенг оммалаштиришга интиладилар. Уларнинг маънавий позицияси - маънавиятни ўлдириш ва «нарсаларга қуллик»ни рағбатлантиришдир. Американинг таниқли адиби Р. Бредбери айтганидек, «оммавий маданият» мактабидан ўтган авлод учун ҳаётнинг маъноси - автомобил, телевизор, музлаткичга эга бўлиш. Агар телевизор иккита бўлса, уларга шунча яхши.
* * *
«Оммавий маданият»да «Поп (оммавий)-музика» алоҳида ўрин тутади. «Поп-музика»ни «Янги рок» белгилайди. «Янги рок», таъбир жоиз бўлса, кучайтирилган ритмик тузилмали мусиқадир. Яъни жазавали ритм, зарб, шовқин ушбу мусиқанинг қиёфасидир. Бу мусиқа тинглашга, қалбдан ҳузурланишга эмас, балки вужуд ҳаракатига, талвасали рақсга йўналтирилган. «Оммавий маданият»даги техник-ижро воситалари мусиқа имкониятларини ниҳоятда торайтирмоқда, полифонизм - мусиқий садолар бойлиги ва ранг-баранглигини йўққа чиқармоқда.
Умуман айтганда, «поп-музика» ижрочилиги кўнгилочар мусиқа ниқоби остида оммавий васвасали, шайтоний талвасали, бадахлоқ рақслар, кўпинча охири жанжал, ур-йиқит, ваҳшийликларга бориб етадиган агрессив дискотека шоуларини уюштириш билан ажралиб туради. 1970 йилда Калифорниянинг Алтамонте шаҳрида бўлган мусиқа фестивалида ўзини «поп-музика» қироли ҳисоблайдиган «Роллинг Стоунз» («Айланаётган тош») гуруҳи концерти ана шундай ур-йиқитлар билан тугаб, полиция бу можаро оқибатлари билан узоқ муддат шуғулланишига тўғри келган эди. «Поп-музика» намояндалари ўз «оммавий»ликларини таъкидлаш учун саҳнадаги хатти-ҳаракатлари ва кийим-либослари намойишида ҳам - одоб-ахлоқ, жамиятга эҳтиром туйғуларини рад этиб - асосан кўча, оломончилик қонун-қоидаларига амал қиладилар. Ва ўзларининг кулгули даражада ажралиб турадиган шундай рафторларидан фахрланадилар. Афсусланарли томони шундаки, бундай ҳолатларни «поп-музика»чилар санъатдаги демократизмнинг, халқчилликнинг тантанаси, деб билишади.
Аслида, уларнинг саҳнада ўзларини безорилардай тутиши санъатни ва санъаткорликни ерга уради. Бу эса ҳайрон қоларли эмас: чунки асл санъатни ерга уриш - «Оммавий маданият»нинг дастурий, яъни ўз олдига мақсад қилиб қўйган вазифаларидан биридир.
«Поп-музика» намояндалари ижро этадиган қўшиқ матнлари эса, аввало, шеъриятнинг оддий талабларига жавоб бермайди ёки улар кўпроқ кўчада мавжуд беҳаё, жаргон ибораларга - қадриятларни, инсоний эзгуликларни киноя, мазах қиладиган сўзларга асосланган. Хуллас, эркинлик, демократия «намуналари» деб тавсия этилаётган «поп-музика» матнлари билан ҳақиқий шеърият ҳамда асл халқчил дид, соғлом руҳият, маънавият ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.
* * *
1964 йилда АҚШда Т.Сазерн ва М.Хоффенберг деган икки муаллиф ҳамкорликда ёзишган «Кенди» («Асал қиз») номли романини нашрдан чиқаришди. Кейинчалик бу китоб қайта ва қайта, катта миқдорларда америкалик китобхонларга тақдим этилди. Ушбу роман асосида яратилган кинофильм кинотомоша бозорида кенг тарқалди. «Кенди» қаҳрамони, «Асал қиз» деб таърифланган жувон дуч келган одам билан тўшакда айш-ишрат қилишдан чарчамайди. Унинг ишқибозлари - турли диний ва сиёсий қарашли шахслардир. «Кенди» романи Америка адабиётида шаклланган ва кенг тарқалган романтик табиатли, ширин ва гўзал ўй-хаёлларга берилувчан қизлар тимсолини кескин ҳажв қилади, уларнинг устидан кулади. Бадиий маҳорат талабларидан анча пастда турадиган, аммо «кўнгилочар»лик мавзуи мухлисларини ошуфта этган бу китобга АҚШ адабиётшунослари: «Маданий таназзулда олдинга қараб қўйилган улкан қадам», дея киноя билан баҳо беришди.
Худди шу китоб билан айни бир вақтда АҚШда Жон Речи исмли ёзувчининг «Тунги шаҳар» номли романи чоп этилди. Китоб саҳифаларида шаҳардаги тун - жиноятлар базмига айланади, инсон шахси ва унинг қадри эса мис чақага арзимайди. Бу роман «тубанлик ва қабоҳат - инсон табиатини белгиловчи ҳақиқатдир», деган ғояни тасдиқлаш учун битилган.
Биз нега бу икки романни эсладик? Айнан, ана шу китоблар ва улар асосида яратилган фильмлар - ғарбдаги «оммавий маданият»нинг адабиётдаги, телевидения ва кинодаги йўлини белгилаб берди. Интим муносабатлар, шаҳватпарастлик, зўравонлик, худбинлик, «Ким кучли бўлса - ўша ҳақ» деган чангалзорлар қонунини поэтиклаштириш АҚШ ва Европа «оммавий маданият»ида мана шундай асарлар таъсирида кенг оммалашди. Агар айрим Ғарб давлатларида эркак билан эркак, аёл билан аёл ўртасидаги никоҳ - ҳайратланарли ҳодиса бўлмай қолаётганлиги назар тутилса, «оммавий маданият» тарғиб этаётган маънавий тубанликлар, беҳаёликлар, қабоҳатлар нақадар чуқурлашиб кетганлигини тасаввур этиш қийин эмас.
Шу ўринда зарур бир изоҳ: «поп (оммавий) маданият»нинг намояндалари ва тарғиботчилари «поп-адабиёт»ни унчалик тан олишмайди. Уларнинг фикрича «адабиёт - бу сўз санъати» дегани. «Поп (оммавий) маданият» эса санъатга, жумладан, «сўз санъати»га қарши. Аниқроғи, «санъатсиз сўз», яъни ёввойи, дағал, тарбия, ахлоқни хуш кўрмайдиган «кўча сўзлари»га мойил. Бироқ, улар хоҳлайдими-йўқми, айнан Ғарб оламида бемаза қовуннинг уруғидай кўпайиб, томир отаётган «оммавий маданият» таъсирида «Поп (оммавий) адабиёт» ҳам туғиляпти. Ва бу «адабиёт» «оммавий маданият»нинг тубан ғоялари тарғиботига хизмат қилмоқда.
* * *
«Оммавий маданият» кўпдан-кўп шаклларда ўзини намоён этади. Китч (заррача бадиий-эстетик қимматга эга бўлмаган нарса ва буюмларга юксак андоза тусини бериш), комикс (тагига қисқа матн ёки луқмалар битилган беҳаё матбаа - расм маҳсулотлари), старизм (субъэктив эҳтиросларга берилган ҳолда, эстрада артистлари, актёрлар, спортчилар, теледикторларни илоҳийлаштириш), хеппининг (аввалдан режалаштирилмаган, ногаҳонда уюштириладиган «кескин» томошалар, масалан, роял, пианино ёки автомобилларни уриб абжағини чиқариш ёхуд ўт қўйиш орқали ваҳшиёна, оммавий «кўнгил очиш»лар уюштириш) «оммавий маданият»нинг айрим кўринишларидир.
* * *
Юқорида биз Ғарбда «оммавий маданият»нинг тарихи, туғилиш манбалари тўғрисида сўзладик. Ҳозир-чи? Ҳозирга келиб эса бу тамойиллар янада ғовлаб, томир отяпти. Масалан, «поп-музика»га хос ўша ритмик «бит» (зарб), қўшиқ ниқобидаги алаҳсираш, валдирашга яқин дидсиз «репп»лар таъсири дунё миқёсида тарқалиб, миллий мумтоз ва халқ мусиқа санъатидан одамзотни узоқлаштирмоқда. Ғарб давлатларининг айримларида «оммавий маданият» тарқатаётган «порнография» (шармсизлик, ҳаёсизлик) ҳамда садизм (зўравонлик) тарғиботи йўлидаги ғовлар, қарангки, суд қарорлари асосида, бирин-кетин олиб ташланаяпти. Ҳатто АҚШ мактабларида «Янги рок» мусиқалари ўқув дастурларига киритилган...
«Оммавий маданият» мактабининг «натижалари» эса яққол кўриниб турибди. Масалан, АҚШнинг айрим мактабларида содир этилаётган портлашлар, болаларнинг савдойи, вас-вос кимсалар қўлида қурбон бўлаётгани, ёшлар феълида кучайиб бораётган агрессивлик жаҳон оммавий-ахборот воситалари орқали ҳаммага маълум. «Экканингни ўрасан» деб шунга айцалар керак-да.
Афсуски, ер юзидаги ахборот алмашинуви мислсиз тезлашган ҳозирги глобализм шароитида, Ғарбдаги «марказлар» бундан фойдаланиб, бошқа давлатлар ва халқлар ўртасида Ғарб ҳаёти «жозибалари»ни, жумладан, «оммавий маданият» таъсирини «эркинлик шабадалари» тарзида имкон қадар кенг ёйишга енг шимариб ҳаракат қилмоқдалар.
АҚШнинг таниқли сиёсатшуноси Збигнев Бжезинский шундай ёзади: «...Маданият соҳасида Америка жаҳон ёшлари орасида алоҳида жозибадорлиги билан ажралиб туради. Бу эса АҚШга жаҳоннинг ҳеч бир давлатига насиб қилмаган сиёсий таъсирни таъминлайди. Айниқса, Американинг телевизион дастурлари ва фильмлари жаҳон бозорининг тўртдан уч қисмини эгаллайди. Унинг оммабоп мусиқаси, америкаликларнинг қизиқишлари, овқатланишларидаги одатлари ва ҳатто, кийинишларига бутун дунйода тақлид қиладилар». АҚШ сиёсати ва мафкураси намояндалари ўз мамлакатлари манфаати, сиёсати ва турмуш тарзини фақат китоблар, публитсистик чиқишлар орқали тарғиб этиш билан чекланиб қолаётганлари йўқ. Дунё халқларини «ғарблаштириш»-га уринишлар қуроли сифатида, масалан, «оммавий маданият» воситаларидан, турли-туман ахборот тарқатиш (реклама, матбуот, кино, телевидения каби) йўлларидан зўр бериб фойдаланилмоқда.
* * *
Албатта, халқимиз, жумладан, ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёту санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди. Бироқ ғарбдаги тараққийпарвар зиёлиларнинг ўзи «ғарбнинг муаммоси» сифатида баҳолаётган «оммавий маданият»нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.
Тўғри, биз демократия даврида яшаяпмиз. Жамиятимизда қизиқиш ва майлларга ҳурмат билан қаралади. Аммо хатарли қизиқиш ва майллардан давлат ва жамият ўзини ҳимоя қилиши лозим. Бунинг учун эса, энг аввало, реклама ва оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги давлатимиз қонунларининг талаблари қатъий бажарилиши керак. Яъни «реклама»чилар ва журналистлар давлатимиз, жамиятимиз хавфсизлигига (жумладан, халқни, ёшларни маънавий айнитишга олиб келадиган ҳолатларга) йўл қўймасликлари керак. Афсуски, бундай ҳолатлар юз бераяпти.
Қолаверса, дунёқараш тарбияси имкониятларини ривожлантиришимиз лозим. Масалан, «Огоҳлик» иборасининг маъноларини бугунги замон шароитидан келиб чиқиб, анча кенг миқёсда тушунишимизга тўғри келади. Яъни бугунги огоҳлик халқимиз, айниқса, ёшлар дилини, руҳиятини, ақл-идроки ва умуман маънавиятини диний-ақидапарастлик, жаҳолатпарастликлар хатаридан ташқари, айни пайтда, жаҳонда юз бераётган сиёсий, мафкуравий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва эстетик манфаатлар йўналишидаги ошкора ва хуфя курашларнинг кенг миқёсдаги хатарли жиҳатларидан, жумладан, «оммавий маданият»нинг емирувчи таъсиридан муҳофаза қилишни ҳам ўз ичига олади. Иложи бўлса, мамлакатимиз таълим тизимининг - мактаблардан тортиб то олий таълим муассасаларигача бўлган барча босқичлари ўқув дастурларига ана шундай кенг, юксак малакали, илғор замонавий, маъно-мазмунли, махсус «Огоҳлик» дарсларини киритиш мақсадга мувофиқдир. Бу ўйлаб кўриладиган муҳим ва жиддий масаладир.
Михли Сафаров
“Maърифат” газетасидан олинди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар