1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳамият ва рашк ҳақида

Дунёдаги ҳамма сут эмизувчи ҳайвонларнинг эркакларида, жумладан, инсонда ҳам ҳамият, яъни ўз аҳли оиласини, аёлини қизғаниш, авайлаш деган табиий туйғу бор. Фақат чўчқагина бундай туйғуга эга эмас экан. Демак, келиб чиқадики, бошқа барча сут эмизувчи ҳайвонлар сингари, инсон зотининг эркакларида ҳам қизғаниш бор. Яъни ўзининг ахли оиласини, ўзига тааллуқли бўлган хотин-қиз яқинларини бошқалардан, бегона таъсирлардан асраши, алоҳида меҳрибонлик кўрсатиши нормал ҳолат ҳисобланади. Акс ҳолда эса, норма — меъёр бузилган бўлиши, ва у киши юқорида номи келтирилган ўша жирканч махлуқ тоифасига яқинлашиб қолган бўлиши мумкин. Бу гапларга озгина бўлса ҳам шубҳаси бўлган кишилар ҳайвонот олами ҳақидаги керакли диск ёки китобларни излаб, ўзлари учун ишонч ҳосил қилишлари мумкин. Ёки шу каби масалалар тасниф тавсифи билан шуғулланадиган телеканалларни томоша қилишсин, ҳаммаси ойдинлашади.
Шунингдек, рашк ҳам маъно жиҳатидан ҳамиятга яқин туйғу. Рашк ҳақида ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина ҳадиси шарифларини келтирсак, кифоя қилади: «Рашксиз эркак эркак эмас». Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ. Қоида ана шу.
Ўзларини олий ирқ ҳисоблаб, мамлакатларини энг ривожланган давлат деб юрган халқлар орасида бузуқчилик ва фаҳш ҳаддан ташқари оммалашиб кетганлигининг сабаби ҳам ана шу ҳадиси шарифдан келиб чиқадиган маъно ва мазмунга эътиборсизлик қилинганидандир. Биз яшаётган мамлакатда ҳозирча бузуқчилик ва фаҳш у даражада оммалашиб кетмабдими, демак, мазкур ҳадиси шариф асосида ўрнатилган меъёрларга амал қилиш бор. Шу озгина натижани ушлаб қола олсак, аҳволни яхшилашга эриша олсак, марра бизники, бизга бахт кулиб боқади, Худо хоҳласа! Акс ҳолда эса... Қўйинг, у ёғини айтмайлик...
Қўшиқчи йигитларимиздан бирининг концертини телевизордан кўрсатишаётган эди. Хонанда бир қўшиғини тугатганда залдаги томошабинлар уни табриклаш учун саҳнага гул кўтариб чиқа бошлашди. Кимдир у томондан, кимдир бу томондан. Шунда бир эркак ва бир аёлдан иборат жуфтлик ҳам саҳнага кўтарилди. Афтидан эр-хотин бўлса керак, чунки уларнинг юриши ака-сингилга ўхшамасди. Борингки, ака-сингил бўлиши ҳам мумкин. Улар хонанданинг олдига боришди. Йигит киши қўшиқчининг қўлини сиқиб табриклади, ёнидаги аёл шериги эса қўшиқчига гул бериб, кейин унга томон интилиб, унинг юзидан ўпиб кўйди. Сўнг иккаласи хонандага яна омад тилашиб, пастга қайтиб тушишди. Бу воқеа юқорида зикр қилинган меъёрнинг очиқдан очиқ бузилишига мисолдир. Тағин, бир ўпич экан-да, деб қўйиш инсофга тўғри келавермайди.
Баъзан биргина ўпич ҳам улкан можароларни келтириб чиқариши мумкин. Бутун дунёга машҳур бўлиб кетган «Отелло» трагедиясидаги воқеа ҳаммага маълум: биргина совға қилинган рўмолчанинг йўқолгани туфайли Отелло ўз хотини Дездемонани бўғиб ўлдиради. Кундалик ҳаётимизда кўриб эшитиб турибмизки, кўпгина эр кишилар хотинининг биронта бегона эркак билан турганини ёки бегона кишининг машинасида келганини кўрганида қанчалик ноқулайликлар юзага келади. Шунинг учун аксарият оқила аёллар бунақа ҳолатга тушиб қолишдан ўзларини ниҳоятда эҳтиёт қилишади. Чунки улар эрининг, ўзининг, оиласининг шаънини сақлашни ўзлари учун муқаддас бурч деб ҳисоблашади.
Яқинда интернетга кириб, республикамиздаги сайтлардан биридаги танишув эълонлари билан қизиқдим. Бир қизми ё аёлми рус тилида мана бу маънода ёзган экан: «Хотинини рашк киладиган, оилам, уйим жойим, дейдиган эркакка турмушга чиқмоқчиман». Аниқки, ўша қиз ёки аёл ўйнаб ёзмаган, ўйлаб ёзган. (Яратган Парвардигор ўша бандасининг тилаганини ижобат айласин!)
Кўпинча санъаткорлар ёки катта димоғли кишиларнинг ташаббуси ва ибрати сабабли халқ орасида озми кўпми яшаб келаётган рашксизлик балоси охир оқибат оилавий жанжалларни келтириб чиқараётгани ойдай, кундай равшан гап. Атрофимизда бузилиб кетаётган оилалар сони кундан-кунга кўпайиб кетаётганининг асосий сабабларидан бири ҳам ана шу бўлса, ажабмас. Аччиқ бўлса ҳам айтиш керак, кўпчилик юртдошларимизнинг, айниқса, номи чиққан қўшиқчи ёки актрисаларнинг, олималарнинг бева юриши жамиятимизнинг ҳуснига доғ бўлиб турибди. Чунки халқулардан намуна, улгу олади. Аслида эса, ҲАММА инсонлар қандай касб эгаси бўлиши, нима иш қилишидан қатъий назар оилада БАХТЛИ бўлишга ҳақлидирлар. Бинобарин, жамият оилалардан таркиб топади. Қачонки, оилалар бахтли бўлмаса, жамият бахтли бўлолмайди, бири иккинчисига бевосита ва чамбарчас боғлиқ.
Бундан 10-15 йил олдин телевизорда кўрганим бир воқеа нимагадир ҳеч эсимдан чиқмайди. Рус қўшиқчиси Алла Пугачёва у вақтлар ўзидан ўн беш-йигирма ёш кичик Филипп Киркоровнинг аёли эди. Улар Болгарияга Алла Борисовнанинг бир неча қўшиғига композиторлик қилган бир инсонни кўришга борганини кўрсатишди. Ўша композитор бир ўрмон жойда турар экан. Меҳмонлар боришган вақтда мезбон гулхан ёқиб, атрофида хаёл суриб ўтирган эди. Улар табиийки, қучоқлашиб, ўпишишиб кўришишди. Кейин озроқ сўрашиб ўтирган бўлдилару, Филипп — эр гулхан атрофида қолиб, хотин — Алла Пугачёва композитор билан суҳбатлашган ҳолда ўрмоннинг ичкарироғига кириб кетишди. Бу ерда ёмон фикрга боришимиз жоиз эмас, чунки покиза хотинларни фоҳишаликда, зинода гумонсирашга бизнинг маънавий ҳаққимиз йўқ. Лекин аниқки, бу воқеа рашксизликнинг яққол мисоли. Бироқ, барибир, нималардир сабаб бўлиб бу жуфтлик кейинчалик ажралишиб кетишди. Бу ерда бу гапларнинг келтирилишидан мақсад уларни танқид қилиш эмас, асло. Мақсад — рашк мавзуси асосида ҳаётда ҳар хил воқеалар бўлишига мисоллар келтириш. Қолаверса, бу айтилган гаплар афкор омма биладиган оддий гаплар. Биздан бўладигани — хулоса чиқариш, холос.
Рашкнинг энг олий намунаси маънавиятимиз устозларидан бири Эркин Вохидовнинг «Рашким» ғазалида келтирилган:

Сени ётлар тугул, ҳатто, қилурман рашк ўзимдан ҳам,
Узоқроқ термулиб колсам, бўлурман ғаш кўзимдан ҳам.

Демак, келиб чиқадики, инсонда мўътадил, соғлом рашк бўлиши керак. Бунинг мисоли таомга солинадиган тузга ўхшайди: туз умуман солинмаса ёки оз солинса, ейиш ноқулай, кўп солинса ҳам еб бўлмайди.
Бу мавзуда қайта қайта келаётган «қизғаниш» сўзи кимларнингдир асабига тегиши керак эмас, чунки бу сўз ёхуд бу мавзу ўз аёл яқинларини асраб авайлаш, қадрлаш маъносида талқин қилиняпти.
Шу ўринда халқимиз орасида мавжуд бўлган, Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам вақтларида дўстлик ва биродарликнинг олий намунаси ўлароқ жорий қилинган бир одатни зикр қилиб ўтиш пайти келди. Зеро, бу анъанани тўғри тушуниш ҳам аҳлу аёлларни асрашнинг туб моҳияти кенг қамровли эканини янада аниқроқ идрок қилишга ёрдам беради.
Маълумки, бир киши вафот этса, унинг акаси ёки укаси унинг бевасига уйланиши инсоннинг нафсига кўп ҳам хуш келавермайди, лекин бундай вақтда ўша яқин кишисининг аёлига уйланиб, унинг ўзига ва болаларига ғамхўрлик қилишни соғлом ақл талаб қилади. Чунки у аёл бева юрса ҳамда унинг болаларига оталик қилувчи ғамхўри бўлмаса, бу ҳолат ҳам теварак атрофдаги маҳаллот ва жамиятга ярашмаслиги ва ноқулайликлар келтириб чиқариши, ҳам ўлган кишининг руҳини безовта қилиши мумкин. Шунда марҳумнинг акаси ё укаси, ёки биронта бошқа қариндоши, ёки бир дўсти ёхуд биродари ундан қолган аёли ҳамда фарзандларига эгалик қилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Шу йўл билан ўша боқувчисиз қолган оила оқилона асраб авайланган, шаъни ҳимояланган бўлади.
Аммо бу ерда битта «лекин» бор. Гап шундаки, бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Айниқса, олдинги мавзуларда айтилганидек, мард одамгина мардлик ва мурувват кўрсатсин. Агар ўша боқувчисиз қолган оилани ўз қанотига олмоқчи бўлган киши хотинсиз бўлса, майлига-ю, бироқ хотинли, оилали кишининг бундай ишни қилиши қийинроқ кечади. Чунки бирдан ортиқ оилани бошқаришнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун исломда биттадан ортиқ аёлга уйланишга рухсат берилгану, аммо адолат шарт қилиб қўйилган. Яъни адолатни таъмин қила олмайдиган эркак учун битта аёл — оила кифоя. Қолаверса, республикамиз Қонунларида ҳам «Бир кишининг битта никоҳда яшаши» мумкинлиги қайд этилган.
Аёлларни асраб-авайлаш, қизғанишнинг ҳикматларидан яна бири шуки, ўзининг қадрдон хотин-қизларини қадрлаган эр киши бошқаларнинг ҳам аёлларини ҳурмат қилишни ўзига одат қилади. Масалан, бировнинг қизига, хотинига, опа-синглисига ёмон ният билан қарамайди. Чунки у биладики, бировнинг аёлига бузуқчилик мақсад ила қараш худди бетона давлат чегарасига бостириб кираётгандай қароқчилик ва босқинчиликка ўхшайди, ва шубҳасизки, ўша давлат эгаси ҳам бунга тинч қараб турмайди. Ва яна биладики, киши ўзганинг қизи ёки хотинига нисбатан маънавий тажовуз содир этса, бошқа бировлар унинг қизи ёки хотинига нисбатан бундан-да зиёда шармандаликларни қасд қилиши мумкин. Табиийки, бу ҳолатга рози бўлишнинг, ҳатто, чидаб туришликнингҳеч иложи йўқ. Чунки одамзот яшаётган бу дунёнинг қайтар дунё эканлиги аниқ: инсон ўз қилган яхшиликлари эвазига яхшилик, ёмонликлари эвазига ўша ёмонликларига қараганда минг-минг бора кўпроқ ва ёмонроқ эваз олмасдан бу дунёдан кетмайди. Чунки яхшиликнинг купи ҳам яхши, ёмонликнинг ози ҳам ёмон, чидаш қийин.
Талабалик давримда бир курсдошим айтиб берганди: «Бошқа институтда ўқийдиган бир қишлоқдошимни кўргани тез-тез бориб тураман. У ижарада турган ҳовлида уй эгаларидан бўлса керак, бир отахон ҳам бор. Қачон қарасам, бир эски каравотда ётгани-ётган, атрофида нохуш ҳидлар сабабли бўлса керак доимо пашша чивин айланиб ётади. Ёшига қарайман, нима бўлганда ҳам қари киши-да, деб ҳар борганимда саломлашаман. Баъзи вақтларда олдига сув-пув олиб бориб бераман. Отахоннинг айтишига қараганда у мана шу оиланинг бошлиғи, яъни уй бекасининг эри, шу ҳовлида кўриниб тура-диган фарзандларнинг отаси экан. Отахондан «Нима учун улар сизни ҳурмат-иззат қилмайди?» деб сўрасам, бечора йиғлашдан нари-бери бўлиб, саволимга жавоб берди. Қисқаси, отахон кучининг бор вақтида таксичи бўлган экан, ўша даврларида пулнинг кўплигидан оиласидагиларга анча мунча қўполликлар, азиятлар ўтказган, қаерда бўлса хам кўзига чиройли кўринган аёл ёки қизнинг кўнглини топиб, нафсини қондириш учун бор бойлигини сочиб бўлса ҳам, зино деб аталадиган бузуқликни амалга оширар экан. «Шаҳарда мен қучоқлаб ётмаган бирорта гўзал қиз, аёл қолмади, лекин шу икки кўзим тўйма-ди! Ўғлим, сен ёшсан, келажакда ўзингнинг насибангга тушадиган ҳалол жуфтингдан бошқасига эътибор берма, тағин мендай хор бўлиб қолма!» деб отахон менга насиҳат қилди».
Одамнинг қилган амаллари худди энг ишончли банкда сақланадиган омонатга ўхшаб сақланади, асло йўқолиб кетмайди. Эзгу амаллар қилса, савоб ва ажрини ҳам ўзи кўради. Не ажабки, агар хунук ишлар билан шуғулланса, ундан кўра ҳам бадтарроғи бошқанинг эмас, ўзининг бошига тушади. Ўша отахонга ўхшаб қолишдан Худонинг Ўзи сакласин! Ўша отахон ҳам йигитлик даврида солиҳ амаллар қилганда, балки қарилик чоғида роҳатини кўриб ўтирармиди? «Эҳтимол» дейишдан бошқа сўзимиз йўқ. Аниғи ва нақди шуки, ҳозирча тирикмиз, кучимиз бор, ниятимиз тўғри бўлса - бўлди, ҳар не ажойиб ишлар қилиш имкони бугун қўлимизда. Эртанги кун эса - насия. Хоҳлаган киши нақдини, хоҳлаган киши насиясини танлайди. Биздан бўладигани — эслатиб қўйиш. Зеро, шоҳ шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари гувоҳлик беряптиларки:

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.
Яхши киши кўрмагай ёмонлиғҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур.

Бахтиёр Муҳаммадамин Абдураҳим ўғли

Ҳозир сайтимизда 109 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ