1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Оилавий сирларни сақлаш

Бахтли яшашни истаган оила аъзолари ўз оилалари сирларини сақлашга, айниқса, эр-хотин ўз ўрталаридаги сирларни бировга айтмасликка ҳарис бўлишлари керак. Инсоннинг ҳаёти гоҳида ғам-андуҳларга, дилни оғритадиган воқеаларга тўлиб кетади. Мана шундай лаҳзаларда киши ўзига яқин киши билан мароқли суҳбат қилишни, барча шикоятларини айтиб, ундан тасалли олишни истаб қолади. У оғриқлар хоҳ жисмоний бўлсин, хоҳ руҳоний бўлсин, фарқи йўқ. Ичидаги барча гапларини бировга айтса, дардлари анча енгиллашганини, қалби бир оз бўлса-да ҳузурга тўлганини ҳис этади. Руҳшунослар ҳам ўз беморларини баъзан ширин сўз билан муолажа қилишади.
Ислом таълимоти инсонга оилавий сирларни фош қилишни ҳаром қилган. Оиланинг сирлари жуда ҳам кўп бўлади. “Уй сирлар сандиғидир” деб бежизга айтилмаган.
Инсон сақлаши керак бўлган сирлардан яна бири қуйидаги ҳадисда айтилганидек, мажлислардаги суҳбатлардир.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Мажлислар омонат жойлардир. Аммо учта мажлис бундан мустаснодир: ҳаром қон тўкилган, ҳаром фарж, бировнинг молини ноҳақ ўзиники қилиб олинган мажлис”. Абу Довуд ривоят қилган.
Ҳадиснинг маъноси: Пайғамбар алайҳиссалом ушбу ҳадисда барча мажлислар омонат жойлари эканини баён қилмоқдалар. Бу дегани мажлисда қатнашаётган ҳар бир киши, ўша мажлисда умумий масалалар ҳал қилинадими ёки хос масалалар ҳал қилинадими, у ерда эшитаётган ҳар бир сўзига омонатдор бўлиши керак. Мажлис иштирокчилари ўртасида бўлиб ўтадиган барча музокаралар, баҳслар, муҳокамалар, тортишувлар, билдириладиган фикрлар, ўртага ташланадиган ғоялар ва қабул қилинадиган қарорларни сақлаш, ҳеч кимга айтмаслик ҳар бир мажлис аъзосининг зиммасидаги вожибдир.
Сақланиши керак бўлган сирлардан яна бири эр-хотин ўртасида бўладиган суҳбат, жимоъ ва ҳоказолардир. Ким жуфтининг сирини ошкор қилса, қиёмат куни Аллоҳнинг наздида манзили энг ёмон киши бўлади. Бунга қуйидаги ҳадис ишора қилади.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида инсонларнинг манзил жиҳатидан энг ёмони аёли билан яқинлик қилиб, аёли ҳам у билан яқинлик қилгандан сўнг, улардан бирлари ўз шеригининг сирини ёйган кишидир”. Муслим ва Абу Довуд ривояти.
Бунинг маъноси шуки, киши уйида аёли билан жимоъ ёки унга олиб борадиган ишларни қилса, кейин улфатлари билан ўтирганда ўша ишни уларга айтса, аёл ҳам уйида бўлиб ўтган барча ишларни дугоналарига, қўшниларига айтса, ана ўшалар қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузурида энг хунук, энг жирканч манзил соҳиблари бўлишар экан.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй эркаклар, сизлардан бирингиз аҳли билан холи қолганда, эшикни қулфлаб, пардани тушириб, кейин ҳожатини қондирса, ундан сўнг суҳбатдошларига ўша ишни гапириши мумкин. Эй аёллар, сизлардан бирингиз эшигини қулфлаб, пардасини тушириб, ҳожатини раво қилгач, дугоналарига уни айтиши мумкин”. Шунда қизил аралаш қорачароқ юзли бир аёл: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, аёллар ҳам шу ишни қилишади, эркаклар ҳам шу ишни қилишади” деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ундай қилманглар! Бу худди йўл ўртасида эркак шайтон урғочи шайтонга йўлиқиб қолиб, ундан ҳожатини қондириб, кейин уни ташлаб индамай кетганига ўхшайди” дедилар. Баззор ривоят қилган.
Инсон сақлаши керак бўлган сирлардан яна бири суҳбатдошининг унга айтган сўзларидир. Агар сиз бир инсоннинг сўзини тинглаётган бўлсангиз, у гапириш асносида у ёқ, бу ёққа қараб қўйса, билгингки, у сизга омонат гапни гапирди. Энди сиз у гапни сақлашингиз, ҳеч кимга айтмаслигингиз керак бўлади. Қуйидаги ҳадис бунга ишора қилади.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Агар бир киши ёнидаги кишига бир гапни гапирса, кейин ўша гапираётган одам у ёқ, бу ёққа қараб қўйса, ўша гап омонатдир”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Ҳадисларда омонатга хиёнат қилиш мунофиқлик аломати экани очиқ айтилган. Шунинг учун омонат гапни эшитган одам нафақат гапирувчининг сирини сақлаши, балки мунофиқликдан узоқ туриши учун ҳам омонатга хиёнат қилмаслиги лозим бўлади.    
Ҳа, азизлар! Сир сақлаш қанчалик оғир бўлмасин, уни фош этиш оғир гуноҳ ҳисобланади. Шунинг учун имкон қадар сиримизни ҳеч кимга айтмайлик. Ўзимиз ичимиздаги сиримизни сақлай олмай бировга айтамиз-да, кейин ўша одам ўша сирни бошқа бировга айтса, ундан хафа бўламиз. Ахир ўзимиз сақлай олмаган сиримизни бошқа биров қандай сақласин?! Ўзимиз ўша сирнинг эгаси бўла туриб, ўз сиримизни сақлай олмадик-ку!
Аллоҳ таоло барчамизни омонатдор бандаларидан қилсин. Нафақат сирларни, балки, бизга ишонилган барча омонатларни муҳофаза этишни насиб этсин!

“Ал-усра ас-саъийда фий зилли таъалийм ал-ислам”
китоби асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 102 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ