Сайт бўлимлари
Давом этган "биринчи муҳаббат"
Можаро бола талашишдан бошланган.
Россиянинг Тула областида истиқомат қилувчи Елена Кострикина номли 32 яшар аёл ўғил кўради. Унинг даъвосига кўра, боланинг отаси – Михаил Кострикин. Аёлдан ёшроқ кўринадиган бу йигит унинг расмий эри. Бундан ташқари Еленанинг яна бошқа тўшакдош(лар)и бор. Жумладан, тожикистонлик роппа-роса 41 ёшга тўлган Саид исмли тожик киши. Бир вақтнинг ўзида иккита эркак билан алоқа қилган дуркун жувон аввалида қорамағиз Саидни тан олмайди. "Мен ундай одамни билмайман", деб залда очиқ айтади. "Сиз Саидни танийсизми? У билан бирга бўлганмисиз?" деган томошабинлар саволига "танимайман, кўрмаганман", деган жавобдан нарига ўтмайди. Кейин аниқланишича, Саид Елена билан етти йилдан бери беникоҳ бирга яшаётган экан. Аёл буни кейин тан олади. Ва мамнунлигини хандон кулги билан ифодалайди. Елена деганимиз ўрта бўй, гўштдор, гусубурида, кўрки йўқ, лекин, нечундир кўпни ўзига ром этган енгил оёқ жувон.
Жанжал икки ёшга тўлган Дима исмли кўккўз, ранги сап-сариқ, бурни пучуқ боланинг нотайин отасини аниқлашдан бошланди. Буни аниқлаш ДНК га топширилади. Тўртта эркак ДНК текширувидан ўтади. 1-Еленанинг эри Михаил Кострикин. 2-Қирра бурун, қоратўри Саид Шарипов. 3-Борис деган ўрта ёшли киши. 4-Виталий исмли ёш йигит.
Учинчи, тўртинчи кишини нега текширувга жалб этилганини билмадим. Ҳойнаҳой улар ҳам бағри кенг аёлнинг хушторларидан бири бўлса керада. ДНК натижасига кўра, учта рус кишисида ҳеч қандай оталик аломати топилмаган. Лаборатория ходимаси Саидга қараб қўлидаги ДНК натижасини ўқийди: "Саид, сизда оталик аломати 99 фоизни кўрсатди".
Оталигини эшитган Саиднинг қувончи чексиз эди. Унинг қувончига шерик бўлган томошабинлар одатларига биноан чапак чалишди. Залда қарсак янгради. Чунки Саид 41 ёшгача фарзанд кўрмаган экан. "Наҳот пуштим қуриган бўлса, наҳот мендан насл қолмаса" деган хавотирда экан. Залга ўрнатилган катта иккита экранда мухбирнинг Саид билан унинг уйида ДНК натижасидан олдин ўтказган суҳбати намоён бўлади.
– Клянусь богом! – деб сўз бошлайди Саид, – агар бола меники экани аниқланса, уни бошимда кўтариб юраман. Яхши тарбия бераман. Клянусь богом! – деб яна қасам билан сўзини давом эттирди у, – мен 41 ёшгача фарзанд кўрганим йўқ. Бефарзандман. Шу ёшгача тирноққа зор ўтдим.
– Ижозат берсангиз яна бир бор ДНК олсак, – деди лаборатория ходимаси.
– Пожалуйста! – деб оғзини ланг очди Саид.
Бундай текширув, юқорида айтилганидек тўрт кишида ўтказилади. Кўрсатувда иштирок этаётган томошабинлар ва жонли кўрсатувни телевидение орқали кўраётган россияликлар кўз ўнгида ДНК натижаси ўқилади. Миллионлар кўзи олдида Саиднинг оталиги эълон қилинади. Ана қувончу, мана қувонч. Мухбир Саидга яқинлашиб, уни гапга тутди.
– Натижа чиққунча, юрагингиз така-пука бўлгандир?
– Шундай.
– Мана фан сизнинг оталигингизни исботлади. Мана энди наслингиз давом этади. Эндиги ҳис-туйғуларингиз қандай?
– 41 ёшда фарзанд кўрган кишининг ҳиссиётлари қандай бўлиши мумкин? – деган мазмунда жавоб берди у.
Мухбир ўсмоқчилашга ўтди.
– 41 ёшда фарзанд кўрдингиз-а. Димка сизнинг ёлғиз ўғлингиз, тилаб олган ягона дилбандингиз-а?
– Шундай. Қайта айтаман, менинг Димкадан бошқа фар-зандим йўқ.
Устакор мухбирнинг мақсадини на гўл Саид пайқади, на Елена ва на студияда ўтирган доно томошабинлар. Мухбир Саиднинг учта фарзанди билан аллақачон танишиб бўлган, ҳатто суҳбат ўтказишга улгурган эди. Лекин уни ҳозирча сир тутиш керак.
Ҳамма Саид ва унинг хуштори Елена қувончига шерик. Қарсаклар, табриклар, юзда табассум билан изҳор этилган ажойиб тилаклар. Ҳазил-мутойибалар. Саид қаердандир гул-даста топиб, ёнида ўтирган хушторига узатди. (Қиш кунида Россияда табиий гулдаста фалон пул туришини унутмайлик. Бу лавҳа сал кейинроқ керак бўлади).
– Елена, сен бугун жуда мамнунсан. Мен сени ҳеч қачон бундай қувноқ ҳолатда кўрмаганман. Саид қулоғингга нима деб пичирлади? – сўради ўртани олиб бораётган мухбир.
– "Мен сени севаман" деди, – кулиб жавоб берди Елена.
– О! Ажойиб! Демак, тожикча тўй уюштиришимиз керак. Студиялагилар мухбирнинг "о"сига қарсаклар билан жўр бўлишди. Мухбир Михаил Кострикинга микрофон тутди:
– Рафиқангга рашк қилмайсанми?
– Йўқ, нега рашк қилай. Севгани билан бахтли бўлсин, – деди. "Қўша қарисин" демади. Ичида "қўшмазор бўл" деган демагани бандасига қоронғи.
Мухбир башанг кийинган тожик кишининг олдига келиб:
– Тожиклар уюшмасининг вакили Абдулла Давлатов бу ерга ташриф буюрган. Ёшларга тилакларингиз, – деди.
– Табриклайман, бахтли бўлишсин. Ишларига омад. Худо кўрсатмасин, кейинги кўрсатувга Михаил келиб, "бола меники" демасин-да, – деб, билса – ҳазил, билмаса – чин тарзида табриклади. "Икки ёш" дейилган жувон билан киши тўйда ўтирган келин-куёвдек илжайиб ўтирарди.
Зал кўтаринки руҳда. Ҳамма хурсанд. Илло ўртакаш мухбир юзидаги сохта хурсандлик йўқола бошлади. У ясама табассумни орқага улоқтириб, жиддий тусга кирган. Демак, ҳозир кутулмаган бир нарса рўй беради.
Шодиёна авж палласига чиққан пайтда, тўсатдан, ҳеч ким-нинг таклифисиз саҳна ўртасида тожик аёли пайдо бўлди. Мухбир йигит Давлатовнинг сўзини бўлиб, "кечирасиз, бир лаҳза", дедида кейин худди ҳеч нима билмагандек, шарқона узун кўйлаги тўпиғини ёпган, рўмолини орқадан боғлаб олган аёлга салом бериб:
– Сиз кимсиз? – деди.
Аслида залга кирадиганлар мухбирнинг таклифидан сўнг остона ҳатлаб ўтади. Хоҳлаган одам эшикни тепиб киравер-майди. Эшик олдида қанча қўриқчиси бор. Лекин сценарийни пухта ёзган мухбир у аёлни танимагандек яна салом бериб:
– Сиз кимсиз? – деди.
Зални сукунат қоплаган. Тиқ этган товуш йўқ. Ҳамма ҳайратда. Гўё одамлар нафас олмаётганга ўхшарди.
– Сиз кимсиз?
Унинг кимлигини залда фақат икки киши билади, холос
– Мен Шаҳзода Шарипова, Саиднинг қаллиғиман.
Мунгли товушни эшитган ҳар инсоннинг дили титраб кетди. Қарсак ўрнига қичқириқлар кўтарилди. Сукунатни ғазаб ва ҳайрат натижасида оғиздан отилиб чиққан оҳлари бузди. Кимдир ачиниб оҳ урди. Кимдир ғазабини ютолмайди, "а", "о" деган товушлар чиқарди.
– Кечирасиз, Саид уйланмаган, у сўққабош, – деди мухбир ўзини билмаганга солиб.
– Мен унинг рафиқасиман.
– Қўлингиздаги нима?
– Шаҳодатномаи загс, – дейди аёл тожик тилида. Аввалдан тайёрлаб қўйилган тилмоч унинг сўзини русчага ўгириб турди.
Залда яна ғала-ғовур кўтарилди.
– Сўрасак майлими? Сизлар ажрашганмисизлар? – сўрайди студиядаги аёллардан бири.
– Йўқ, мен у кишининг никоҳидаман. Расмий ажрашганимиз йўқ.
Мухбир гувоҳномани очиб ўқий бошлайди:
– 28 май, 1993 йил Тожикистонда загсдан ўтилган. Бу ёғи неча пулга тушди... Саид бугун Еленанинг қўлини сўраяпти. Сиз бунга нима дейсиз?
– Агар у киши шуни хоҳласа, мен қарши эмасман.
– Марҳамат қилиб мана бу ерга ўтиринг.
Шаҳзодага "ёш келин-куёв" ўтирган узун оромкурси ёнидаги алоҳида ўриндиқдан жой кўрсатилди.
– Фарзандларингиз борми? – тошбўрондек саволлар отила бошлади.
– Ҳа, фарзандмиз бор.
Қарсакларга аллақачон барҳам берилган. Унинг ўрнига ғазабнок оҳангдаги товушлар студия тинчини бузарди.
– Нечта? – ҳар томондан бир хил савол ёғилди.
– Учта – икки қиз бир ўғил.
Бақир-чақир кучайди. Ғала-ғовур ичида қолган мухбир:
– Биринчи канал телетомошанбинлари ҳалигача бундай шокка тушишмаган эди, кўрсатувнинг иккинчи қисмини бир оздан сўнг бошлаймиз, – деб кўрсатувнинг биринчи қисмини шартта тўхтатиб қўйди.
Иккинчи қисм бошланди.
– Шаҳзода 10 йилдан бери эрини кўргани йўқ. Қаранг, уларнинг учта фарзанди бор экан, – деди мухбир кўзини катта очиб, учта бармоғини юқори кўтарган ҳолда. – Келинглар, улар шу ўн йил давомида отасиз қандай кун кўрганларини биргаликда кўриб, эшитайлик.
Сўнг, операторлар томонидан Тожикистонда суратга олиб келинган видео лавҳа жумҳурга кўрсатилди. Видеода Саид-нинг хотини, иккинчи қизи ва ўғли намоён бўлди. Оғир-вазмин бу жувон паст овозда ерга қараб сўз бошлади.
"У кишини уйдан чиқиб кетганига ўн йил бўлди. Шундан бери дараги йўқ. Тирикми, ўликми, ҳеч қандай хабар билмаймиз. "Уй қуришга етарли пул топсам, тезда қайтаман" деб кетганди. Бир куни сизларнинг кўрсатувингизда у киши чиқиб қолди. Кўрдик, тирик эканлар, уйланиптилар, бир ўғиллари бор экан. Лекин, фарзандим йўқ, хотиним йўқ деб, тўғри сўзламабди. Манави болалар шу кишининг фарзанди.
Дадаси! Нега болаларингиздан тонасиз. Ахир шулар сизнинг фарзандларингиз-ку. Тўрт мучаси соғ. Ногирон эмас-ку. Ёлғиз бошим билан шуларни катта қилдим. Обшежитиенинг тор хонасида қисилиб яшадик. Сиз уйда ҳеч вақо йўқлигини билардингиз. Мен чой қайнатиб, бозорда сотиб, болаларни боқдим", деб кўзидан шашқатор ёш оқизди.
Сўз Саиднинг ўртанчи қизи Мадинахонга берилди. Енги узун кўйлак кийган, рўмолини олдидан ўраб олган иболи бу қиз бошини ерга қаратиб нуқул йиғларди. У картошка пўчоғини арчиб еганларини, кўчадаги болалар "уйсиз, етимвачча" деб тахқирлаганини эслаб, яна кўзига ёш олди.
Залда шовқин кўтарилди. "Сиз эркаклар фақат тўшакда эркаклик қила оласиз холосми?!" деган таъналар ёғилди. "Тезда иккинчи қисмга якун ясалди. Ҳозиргина хурсанд ўтирган зал ғазаб отига минган. Муҳаббат нафратга айланган.
Гапни қисқа қилиб айтганда Саид учта боласидан тонади. "Булар менинг болларим эмас", дейди. Экранда Саид ва унинг учта фарзандининг ёнма-ён сурати намоён бўлади. Болалар отага бир томчи сувдек ўхшарди. Бу уч бола Саиднинг пушти камари эканини исботлаш учун ДНК керак эмас. Болаларнинг юзи "биз Саиднинг пушти камаримиз" деб турибди.
– Саид, мен сендан учинчи марта сўраяпман. Жавоб бер. Болалар сеникими? – деди залда ўтирган тўлиқ бир киши.
– Йўқ.
– Унда, аёлинг бу болаларни кўчадан орттириб келганми?!
Бадкирдор Саид покиза аёлига туҳмат қилгани тили бормади. Савол жавобсиз қолди. Саволлар эса тинмай ёғиларди.
– Буларнинг бари "бред!" – деди охири Саид.
"Бред"и нима экан деб қомусга қарадим. Бу калима бир неча хил маънони ифодалар экан.
1. Алаҳлаш, босинқираш.
2. Аҳмақона гап, бўлмағур сўз, ёлғон, уйдирма.
Мухбир тутақиб: "Қанақа бред?!" деб бақириб юборди.
– Сен эркакмисан, эркакча жавоб бер. Болалар сеникими? Юзимга қара! – деди бояги тўладан келган киши.
– Йўқ. Болалар меники эмас.
– Ахир экрандаги суратга қара, ўғлинг, икки қизинг қуйиб қўйгандай ўзингга ўхшайди-ку! – деди аёллардан бири.
– Шундан кейин сен ўзингни эркак деб биласанми, гапир!
Елена, ўз дилбандидан воз кечган, пуштини тан олмаётган эр билан қандай бир ёстиққа бош қўясан?! Бундан кейин у билан қандай яшайсан?! – деб қичқирди бошқа бир аёл.
Ҳурматли ўқувчи, нобакор Саиднинг шунча гап-сўз асносидаги ташқи ҳолатини тасвирлаб ўтирмадим. Бунинг ҳозир имкони йўқ. Гап чўзилиб кетади. Қисқа айтганда, кўрсатув бошида умсунган хотиндек ўтирган Елена ҳозир бошини хам қилиб жим ўтирибди. Саид турқини бузмай, ҳеч нима бўлмагандек ҳаммани алдаб ётибди.
Даҳанаки жангни эслатувчи бу савол-жавобларга мухбир барҳам бериб, "энди 10 йилдан бери фарзанд доғида яшаётган онаизор сўзларини тингласак", деб қолди.
Яна Тожикистондан келтирилган видео лавҳа экранга ўзатилди. Унда Саиднинг онаси ўз уйида тасвирга олинган эди.
"Мана шу ерда ўғлим Саиджон туғилган. Отасидан эрта айрилган. У менинг энг севимли ўртанчи фарзандим. Шу ерда катта бўлди. Шу ерда ўқиди. Ва шу ерлик бир қизга уйланди. Мана шу уйда унинг биринчи қизи дунёга келган. Ўзи қийналиб етим ўсгани учун "онажон, мен сизга ҳамиша қарашаман, зориқтириб қўймайман, сизни ташлаб ҳеч қаерга кетмайман", дер эди. 10 йил олдин пул топиш мақсадида Россияга кетишини айтди. "Мендан хавотир олманглар, изламанглар" деб уйдан чиқиб кетди. 10 йил дом-дараксиз йўқ бўлиб кетди. Бир куни ҳамсоялар "Россия телевидениесида ўғлингизни кўрсатяпти" деб қолишди. Оёғимни қўлга олиб, телевизорга чопдим. Ўғлимни кўриб, телевизорни ўпдим. Худога шукр қилдим. Боламни топиб берганларинг учун сизларга раҳмат, қуллуқ", деган жойига етганда Елена аччиқ қилибми, аразлабми, ёки она сўзларини кўтара олмайми, ҳар нечук шарт ўрнидан турдида, залдан лапанглаб чиқиб кетди. Девона ошиқ унинг орқасидан чопти. Хушёр мусаввир дарҳол улар изига тушди.
– Сен мени алдадинг. "Онам йўқ" демаганмидинг. Оиланг борми деб, неча марта сўрадим. Сен ҳамиша "йўқ, йўқ" деб мени алдаб юрган экансан, – деди Елена даҳлизда.
– Елена, ўзингни бос. Мен сени ташлаб кетмайман. Мен сенсиз яшолмайман. Сен учун ҳамма нарсадан воз кечаман. Мен сени севаман, – деб ўрис хотинга ялинишга тушди.
"Севмай ўл!" дейдиган одам топилмади. Ҳайтовур икков-лашиб яна студияга қайтиб, ўз ўринларига ўтиришди.
Томошабинлар боласини кўришга муштоқ онанинг сўзла-рини қайғуга чўмган ҳолда жим ўтириб тинглашар эди.
"Ўғлим у ерда уйланиб, оила қилибди. Унинг оиласи бу ерда. Ўғлимнинг ватанга қайтишини истайман. Уни бу ерда ҳаммамиз яхши кўрамиз, йўлига интизормиз".
Она сўзини тугатган ҳамоно бир рус аёли океан остидан отилиб чиққан ракета сингари сакраб туриб, бор овози билан:
– Айт, номард, бу сенинг онангми ё йўқми?! Боладан воз кечганингдай онадан ҳам воз кечасанми?! – деб бақирди. Унинг гапи бўғзига тиқилиб, ўпкаси тўлди. Бу рус аёлининг важоҳатини кўрган киши қўрқиб кетиши аниқ. – Подонок! – Разил, палид! Наҳот онанг билан 10 йилдан бери алоқани узиб қўйгансан-а. Наҳот бирор марта хабар олмаган бўлсанг-а. Сен Онангни сотдинг, ватанни сотдинг, паразит – ҳаромтовоқ!
– Ўзингизни қўлга олинг. Студияда тинчлик сақлашларингни сўрайман, – деб, мухбир одамларни тинчлантира бошлади. Аёл эса қўлини шопирганча ҳамон қичқирар эди.
– Тинчланинг, тинчлик сақланг! – деб сўзида давом этди:
– Мана бугун 10 йилдан бери ўғлини кўрмаган онаизор ўз фарзандини кўриш, қайта қучоғига босиш учун минглаб чақи-рим узоқликдан Москвага етиб келдилар. Марҳамат, студияга Саиднинг онаси Нағзигул Шариповани таклиф этамиз.
Студияда жонлаш пайдо бўлди.
Ўлдига чиқарилган онахон студияга тожикистонлик ҳам-соялари ҳамроҳлигида кириб келдилар. 10 йил олдин номард ўғил томонидан мурдага айлантирилган она анча тетик экан. Тан-жонлари соғ. Бошларида битта кичик, битта катта рўмол. Қўлларидаги дастрўмол билан тўхтовсиз оқаётган ёшларни артиб турибдилар. Ёнларидаги ҳамроҳлари рўмолини олдидан ўраган муслима аёл. У рус тилида бемалол сўзлашар экан.
Шу онда студияга йиғилганлар хаёлидан нималар ўтгани ҳақида бир нима дейиш қийин. Баъзилар "кампир ҳозир ўғли қулоғининг тагида шавла қайнатади, ўрис келинининг сочини битта-битта юлади", деб ўйлаган бўлишининг эҳтимоли катта. Рус жамияти учун бу ажабланарли ҳол эмас. Чунки бундан олдинги кўрсатувда Елена студияга кира солиб, собиқ эри Михаилни дўппослашга тушган эди. Россияликлар ва Россия телевединиясини мунтазам равишда кузатиб борувчи телето-мошабинлар бунақа тўполонларга кўникиб кетган.
Нуроний онахон руслар кутганича жанжал кўтармадилар. "Тузим кўр қилсин, оқ сутимни оққа, кўк сутимни кўкка соғдим", деб қарғамадилар. Ўзбек ойим янглиғ "анди, лўли" демадилар. Меҳри холадек, келинни "ўзи букри, кўзи ғилай, тиши сўйлақ, лаби дўрдоқ" деб ёмонламадилар. "Россияда ўғлимнинг бошини айлантириб тегиб олган мегажин, таъвия, жодугар" деб камситмадилар. Бошяланг, эркакчалиш аёл ёнида ўтириб, студияга онаси кириб келгач, унинг истиқболига турган ўғлини кўриб: "Ҳоо, тўхта! Ўша жодугарингдан кечмагунингча дийдорингни кўрмайин. Йўқол!" деб қувиб солмадилар. Аксинча, "Вой, онанг ўргилсин, соғинганман болам. Бўйларингдан онагинанг ўргилсин. Неча йилдан бери сени излайман" десалар, ношуд ўғил онадан кўнгил сўрашнинг ўрнига:
"онажон, мен бу аёлга кўнгил қўйганман, яхши кўраман" деб турибди-да. Бу гал ўзим ғазабда "яхши кўрмай ҳар бало бўл! Кўнглинг кўчасида шаҳватдан бошқа ғам йўқми?!" девордим.
Кўнгил иши қийин. Кўнгилга "уни суй, буни суйма" деб буйруқ бериш бекор. Бари бир у нозик, инжиқ дил буйруқни бажармайди. Лекин ўжар дилни поклаш ва тарбиялаш билан тўғрилаш мумкин. Покиза дил ҳар қандай таъвияга кўнгил қўймайди. Эрига хиёнат қилган хотинни бир лаҳза севмайди. Очдан ўлса ҳам одамлар чайнаб ахлатга ташлаган нарсани оғзига солмайди. Зилол сув турганда, балчиқдан хўпламайди.
"Рус аёллари қоматни сақлаб қолиш учун кеч соат олти-дан кейин овқатланмайди" деган миш-мишни эшитган эдик. Шунча можаронинг бош сабабчиси Елена рус аёлларининг битилмаган бу қонунига амал қилмаган кўринади. Ёки у юқо-рида эсланганидек, сув ичиб семирадиганлар сортиданмикин. Унга бир бор кўзи тушган одам бунга амин бўлади. Саид эса буқани букламай ютиб юборса ҳам эт олмайдиган, ит ғажиган суякдай қуриб қолган рамақижонлар туридан бўлса керак. Унинг нимжон жасадини кўрган одам бунда иккиланмайди. Ахир ўйлаб кўринг, у 10 йилдан бери Россияда пул топиб, уйга бир тийин ҳам жўнатмаган. Учта бола картошка пўчоғини ювиб, пишириб еб катта бўлган. "Ота" эса ўрис ўйнашига қишда гул совға қилиб ўтирибди. "Вино, водка, салаларни" гапирмасаям бўлаверади. Топганини хушторига сарфлагандан кейин семирадида у жонивор. У ёғда эса учта бола ва хотин картошка пўчоғини еб кун кўрган. Бечоралар ошдаги тошни ғажирлатиб еб соппа-соғ юрадиганлар туркумига кирса керак.
Уй қуриш учун пул топгани Россияга кетган ўғил на уй қурди, на онасига пул жўнатди, на фарзандларининг устини бутлади ва на уларнинг қорнини тўйғазди. Топганини ўзи еди. Лекин семирмади. Ўйнаши эса ўзига учта келади. Шундай бўлгандан кейин унинг таъриф-тавсифида "буқани букламай ютса ҳам семирмайдиган, ит ғажиган суякдай қуриб қолган, қулоғидан кун кўринадиган киши" десак янглиш бўлмас.
Қизиққонлик қилиб, кишилар шахсиятига тегаётгандек туюларман. Бирини нозик, бирини семиз дейиш тахқирловга ўхшар. Аслида ундай эмас. Аввало улар ўз қадр-қийматини, иззат-нафсини ўзи оёқ ости қилди. Ёлғончилик билан ўзини ўзи шарманда қилди. Зино бир жиноят ҳисобланса, фарзанддан тониш иккинчи жиноят. Тирик онани ўлдига чиқариш эса пасткашлик, нонкўрлик, номардлик ва бундан бошқа барча салбиётни ўз ичига олган катта жиноят, улкан гуноҳдир.
Бу шаънда қизиққонлик дуруст бўлмагани каби совуққонлик ҳам дуруст эмас. Мен масалага мўътадил ёндашяпман. Кирдикори фош бўлган Саид ҳикояси орқали Россияда мўр-малахдай ёйилган саидсимонларни; ўзбек, тожикларни Саиддек шарманда бўлмасликка чақиряпман. Қуввати билагидан ошиб кетган, шаҳват қони қайнаб турган ёш муҳожирларни маъсиятдан нафратлантиряпман. Иззатини билмаган баъзи ёшлар ярим яланғоч бузуқ хотинни кўриб орқасидан эргашиб кетяпти. Топган тутганини ўша бузуққа сарфлаяпти. Баъзи беюзлар ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, онани, жуфти ҳалолини, пушти камарини тан олмаяпти. Шарманда қилгани етмагандек, ватандан ва ватандагилардан бутунлай воз кечяпти.
Иккинчи хотинга уйланиш айб эмас. Муҳаббат инсоний фитрат. Лекин эй йигит, кимга кўнгил қўйяпсан, бир қараб қўй, яхшилаб ўйлаб кўр. Эрини алдаган бевафогами, ёки ҳар ким нажасини тўкиб кетадиган бир бедавогами? "Муҳаббат чирой танламайди, уйқу – жой", деб ўзингни ўзинг алдама.
Ўзимизда ҳам сухсурдай қизларнинг уруғи кўп. Вафодор, иболи гўзаллар ўрикзордаги ўрикдай ғиж-ғиж. Чалпакка ўраб итга отсанг ит қайрилиб қарамайдиган алвасти кетидан сўлак оқизиб юргандан кўра пулни топ, тез уйга қайт, оила қур...
Ёш, келишган Михаилга хиёнат қилган Елена қари Саидга вафо қилади деб ўйлансанми? "Етти йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб яшар экансиз, нега унда никоҳдан ўтмаяпсизлар?" дейилган саволга на Елена жавоб берди ва на Саид. Чунки иккаласи ҳам бу "муҳаббат" узоққа бормаслиги аниқ билади.
Қилмиши фош бўлмаганлар "бизни ҳеч ким кўрмади" деб суюнишмасин. Агар тез тавба қилишмаса, ҳаммаси Қиёматга қолади. У ердаги азоб-уқубат дунёдагидан анча оғир.
Гўзалликка ошифта укажонлар, чирой шайдолари, фаттон соҳибжамолга кўзингиз тушган ҳамон вужудингизда уйғонган ички ғалаённи ишқ-муҳаббат деб ўйламанг. У муҳаббат эмас, ўткинчи шаҳвоний бир ҳирс. Жисмоний қўзғалиш, руҳий иш-тиёқ эмас. Оч киши овқатни кўрганда ҳосил бўладиган табиий ҳолат. Иймон савияси паст кишиларда жисмоний майл руҳий майлни енгади. Сиз автобусга ўхшаб ҳаммага ичидан жой топиб берадиган аёлга эмас, ўзингизга хос маркабга ошиқинг.
Муҳаббат – икки пок дилни тандан олдин боғловчи нафис туйғу. Наҳс босган нопокка насиб қилмайдиган руҳий майл.
У кўплар ўйлаганича осон етиладиган нарса эмас. Унинг ўзига яраша аччиқ мушкуллари бор. Ҳофиз Шеърозий дейди:
Аё соқий, суниб жоминг, қил эҳсон яшнасин диллар, Кўринди аввал ишқ осон-у, сўнгра тушди мушкуллар.
Ўртадаги қисқа танаффусдан сўнг яна студиядаги можаро-га қайтамиз.
Ўн йил ўғлини кўрмаган, ўлик-тиригини билмаган Она ўғлини кўрган заҳоти қучоғини очганча у томон интилди. Дакки-дашномни йиғиштириб: "онанг ўргилсин, соғинганман болам..." деб қирқ яшар кишини тўрт яшар боладек эркалатди.
Ҳикматлар мажмуасидан иборат ّلعت ةعوسوم ءامكلحا نم م номли китобда мавзуга оид ҳикматни ўқиб қолдим. Унда "Она учун энг катта зарба у йигирма йил тарбиялаган ўғлини қўшни- нинг қизи оз кунда қўлига ўргатиб олишидир", дейилган эди.
Глобаллашаётган бу оламда қўшнининг қизи эмас, дунёнинг нариги чеккасидаги шўх қиз йигитни интернет, телефон орқали ром этиб, қўлига ўргатиб оляпти. Илгари бегона маҳаллага келин бўлиб тушган қиз: "Маҳаллада шунча йигитлар туриб бегонага текконимга йиғлайман" деб кўз ёш тўкар экан.
Ҳозир корейсга теккани ҳам йиғламай, хандон отяпти. Йигитлар улардан қолишмайди. Сухсурдай қўшни қизларнинг қадрига етмасдан қаердаги қаланғи-қасанғига ёпишиб олишяпти. Шундан кейин "эркак киши хотин кишининг яхши ёмонини қаёқдан билади", деган сўз тўғримикин деб қоласиз.
Буни эслашимнинг сабаби – она ўн йил ўғлини кўрмади, дийдорига тўймади, энди етишган маҳалда ўғил онаси билан тез сўрашиб, салом-алик қилди-ю ортга қайтиб, яна хуштори- нинг пинжига суқилди. Кўнгил учун бўлсаям онасининг ёнига ўтирмади. Номард, онангни ёнида лоақал ўн дақиқа ўтир.
Студия тартиби шундайдир-да, дерсиз.
Студия маҳкама эмас-ку. Онаси билан ўтирса биров уни уришиб берармиди? Уришган тақдирда ҳам, "бор, тошингни тер, бу менинг онам, ўн йилдан бери кўрганим йўқ" деса, биров унга қаршилик кўрсатмайди-ку.
– Ризигул Латиповна, илтимос, сиз тушунтириб бера ола-сизми, нега Саид ўз фарзандларидан тоняпти? – деди мухбир Саиднинг онасига ҳамроҳ бўлиб келган муслима аёлга.
– Мен ҳам шунга ҳайронман. Нега у ўз болаларидан тоняпти. Ахир мен бу оилани жуда яхши биламан. Саидни ёшлигидан танийман. Мен бу маҳаллага келганимда у икки яшар эди. Ташлаб кетган шу хотинини олмасдан олдин улар-нинг остонасига ётиб олган. Саидни онаси "бу қизни олиб бермайман" деганда, бизникига келиб, дадамга роса ялинган.
Саид, дадамни "опоғдада" дер эдингиз. "Онам кўнмаяпти, ўртага тушиб, ўзингиз онамни кўндиринг, илтимос, ёрдам беринглар" деганингизни эслайсизми?
Шаҳзода билан Саиднинг тўйи бўлди. Шу учта бола кўз ўнгимизда дунёга келган, – деди аёл равон рус тилида.
Зал томондан аёл кишининг Саидга отилган "подонок!" деган ҳайқириғи эшитилди.
Бундан олдинроқ мухбир айни саволни Шаҳзодага йўнал-тириб: "Нега эрингиз фарзандларидан тоняпти?" деганда, у: "мен буни изоҳлашдан ожизман", деганди.
– Биламан, ҳозир онахон учун бу саволга жавоб бериш оғир. "Нега ўғлингиз ўз ўғил-қизини тан олмаяпти?" дейиш бизга ҳам осон эмас, – деди мухбир. Шунда ҳамсоя хотин:
– Саидали, уялмайсизми? Ахир булар ўзингизнинг жигар-бандларингиз-ку, – деди.
Боядан бери оғзига талқон солиб жим ўтирган Саидали шарт ўрнидан туриб ҳамсоя томон юрди.
– Чунки мен бу хотинни умримда севмаганман, – деди Шаҳзодани кўрсатиб. Шаҳзода қўлидаги загс гувоҳномаси билан юзини тўсиб олган. У бундай юзсизликка ҳаётида илк бор дуч келиши. Қолаверса, студияда кўтарилган ғала-ғовур ва жанжалларни умрида кўрмаган.
– Саидали, умуман уятингиз қолмабди. "Шаҳзодани олиб беринглар, Шаҳзодани олиб беринглар" деб ялинавериб жон ҳолимизга қўймаган эдингиз. Энди эса "яхши кўрмаганманга" ўтвобсиз, – деб ҳамсоя аёллар Саидга ўтмишни эслатишди. Ҳужжат-исботи йўқ домод тўра лом-мим демай хушторининг биқинига ўтирволди. Шаҳзода ўзининг тарафини олиб, ўт-мишни варақлаётган қўшниларга қўлини силтаб: "қўйинглар, майли, у кунларни эслашнинг фойдаси йўқ", дерди.
– Илтимос, менга сўз беринглар, – деди бир рус аёл ва изнни кутмай сўзида давом этди. – Саиднинг хотиндан воз кечишига чидаса бўлади. Лекин фарзанддан воз кечиш нафақат мусулмончиликда, балки христианликда ҳам катта гуноҳ.
– Хотин, бола-чақа эмас, у ўз Онасидан воз кечган. "Онам ўлган" деб ўн йил алдаб юрган, – гапга аралашди мухбир. Ва Еленага юзланиб: – Шу гаплар ростми? – деди.
– Ҳа, мен ундан қайта-қайта сўраганман. "Ота-онанг бор-ми, фарзандинг борми?" деганман. У доим: "Ота-онам ўлиб кетган, фарзандим йўқ" дерди.
– Мен бу махлуқни ўз исми билан атамай, ҳайвон деб ата-гим келяпти, – деди Абдулла Давлатов.
Студиядаги руҳий ҳарорат ниҳоятда юқорига кўтарилган. Ҳамма тутаққан. Сал гапга одамлар қизишиб кетяпти.
Шу тарзда навбатдаги қисм ҳам ниҳоясига етди.
Сўзамол мухбир якуний қисмни тўғри бориб қалбга тақаладиган ва найзадек санчиладиган сўзлар билан бошлайди:
– Саид "менинг наслим эмас" деган учта бола бугун олис юртдан бу ерга учиб келишган. Уларни студияга таклиф қилишдан олдин диққатингизни бир нарсага жалб қилмоқчиман. Ота ўз оиласини ташлаб кетгандан кейин болалардан каттаси балоғатга етади. Тўнғич фарзанди Муниса турмушга чиқади. Тўйда ота иштирок этмайди. Ёрдам, совға-салом жўнатмайди. Ҳатто қизи турмушга чиққанини ҳам билмайди. Биз ана шу тўйдан лавҳалар олиб келганмиз.
Саид, қизингизни тўйини томоша қилинг!!
Экранда оппоқ либос кийган, бошига рўмол ўраган, лўнда айтганда, бутун танаси; зийнатлари кўзлардан тўсилган иболи Муниса ва унинг келишган қаллиғи намоён бўлади. Саиднинг онаси, Мунисанинг бувиси келин-куёв оёғи остига пойандоз соляпти. Ҳамма хурсанд. Айниқса ёш болалар. Илло тўйида отасини кўрмаган Мунисанинг қувончи ҳамманикидек эмас.
Ҳозир у ўз уйини тарк этиб, қаллиғининг уйига йўл олади. Урф-одатга биноан қиз отасига таъзим қилиб, у билан хайрлашиши керак. Ота қизига панд-насиҳат қилиши, унинг кўнглини кўтариши лозим. Шу тарзда қиз падарона гўзал йўлланма билан янги ҳаётга қадам қўяди ва янги хонадонга кузатилади.
Она қизим! Қиз ота-онага омонат. Қиз узатиш Одам Атодан мерос. Қиз бола вояга етгандан кейин турмушга чиқиши, ўз туғилиб ўсган уйини ташлаб, ота-она, ака-укаси билан хайрлашиб, янги хонадонга кўчиши илоҳий суннат. Дунё қизларининг пешонасига битилгани шу. Фақат шу йўл орқали инсоният сулоласи давом этади.
Севикли фарзандим! Қўлимиздан келганча аянгиз иккимиз сизга гўзал тарбия беришга кўп ҳаракат қилдик. Оқ ювиб, оқ тарадик. Ўқитдик, ўргатдик, яхшиликка одатлантирдик. Энди шуларнинг барчасини ҳаётга татбиқ қилинг. Умр йўлдошингизни султон деб билинг. Одамлар подишоҳга муомала қилгани сингари сиз умр йўлдошингизга шундай муомалада бўлинг. Қайнона, қайнотангизни "ая, дада" денг. Чақирсалар "лаббай" деб жавоб қайтаринг. Иш буюрсалар "хўп бўлади" дан бошқасини айтманг. Кам бўлмайсиз, инша Аллоҳ.
Нури дийдам! Илоҳо бахтли бўлинг. Қаллиғингиз билан қўша қаринг. Сизга бахт-саодат тилайман. Сиҳат-саломатлик, туман бойлик, тинч-омонлик, файз-барака тилайман. Қўша-қўша солиҳ ва соғлом фарзандлар кўринг.
Илоҳо, қизим ва ўғлимни муҳаббат ва раҳмат риштаси билан боғла. Одам Ато ила Момо Ҳаво, Муҳаммад алайҳиссалом ила Ҳадижаи кубро, ҳазрати Али ила Фотимаи Заҳро ўрталаридаги муҳаббат каби муҳаббатни уларга ҳам насиб эт. Босган изини, борган жойини қутлуғ қил.
Ризқларига, умрларига, илмларига ва фарзандларига ба-рака бер. Ҳамма ёмонларнинг ёмонлигидан Ўзинг асра. Ким уларга ёмонликни ирода этса, ўзи билан ўзини овора қилиб қўй, тузган режасини ўзининг зиддига қил... деган мазмундаги сўз ва дуолар билан қизини узатади. Кимдир узун, кимдир қисқа сўзлаб, ҳаммани йиғлатади. Юзларга фотиҳа тортилиб, қиз ота уйидан куёв уйига кўчади.
Бечора Мунисанинг дарвозадан кузатиб қўядиган отаси йўқ. Кимнингдир отаси маҳбус, кимникидир марҳум, бу икки-сига узр бор. Аммо Муниса отасининг тақдири мажҳул. Бадкирдор ота Россияда нима қилиб юрганини қиз билмайди.
Ушбу ҳиссиётларни пайқаган ўткир рус мухбири Мунисани саволга тутди:
– Отанг ўрнига тўйда сенга ким оталик қилди?
– Тоғам, – деди Муниса шарқ шеъриятини безаган гўзал забонда.
Фаҳишабоз ота эса дил даҳлизидан кириб, бутун вужудни титратиб юборадиган тўй машҳадини индамай томоша қилиб ўтирибди. "Фаҳишабоз ота" атамасини қўполликка йўйманг. Етти йил бегона хотин билан беникоҳ яшаган кишини яна нима деб аташ мумкин?
Тўй видеосини томоша қилаётган Саид юзида ўзгариш сезилди. Кўзида ёш қалқигандек бўлди. Қуриган лабини тили билан намлади. Меҳр томирлари жунбушга келгани сезилиб турарди. У падар эканини, фарзандларини соғинганини ҳис қила бошлади. Юзи падарона тусга кирди. Экрандан кўзини узолмай қолди. Қочоқ отасини қувиб келган уч дилбандини бағрига босгиси келди. Ахир уларнинг ҳар биттасини унинг ўзи туғуруқхонадан олиб чиққан. Тетапоя турганда суюнган, тили чиқиб "дада" деганда қувончдан боши кўкка етган.
Ҳамма берилиб томоша қилаётган тўй тантанаси туши-рилган видео лавҳа бирдан ўчади. Саидни боядан бери дам сизлаб, дам сенсираб хитоб қилаётган мухбир бу гал уни кесатиқ маънода сизлаб:
– Сиз "менинг болам эмас" деб тан олмаган тўнғич фарзандингиз ўз қаллиғи билан студиямизга ташриф буюрган. Уларни ичкарига таклиф этамиз. Улар бугун қочоқ оталарини кўриш ва уларни ташлаб кетиш сабабларини сўраш учун бу ерга келишган, – деди.
Узукка кўз қўйгандек бир-бирига жуда мос тушган келин-куёв; Саиднинг қизи ва куёви студияга кириб келишди. Ундан кейин иккинчи қизи кириб келди. Сўнг 15 ёшлар чамаси ўғли студияга таклиф этилди. Болаларнинг бўй-басти, ранг-рўйи, ақл-хуши, ҳусн-жамоли, ахлоқ-одоби жойида. Худо Саидни бу борада қисмаган экан. Ҳавас қилса арзирли ажойиб авлод. Булардан воз кечишнинг сира иложи йўқ. Қизлар ўранган, ибо ва ҳаё пардасига бурканган.
Учта бола кириб ўз ўрнига жойлашгандан сўнг улар ортидан амакилари, Саиднинг укаси кириб келди. Шундай қилиб студияда Саиднинг онаси, рафиқаси, учта фарзанди, туғишган укаси, иккита ҳамсоя аёл жамланишди. Улар бир тараф, Саид ва хуштори бир тараф. Худди рингни эслатади. Ана энди томошани кўрасиз. Залдаги томошабинларнинг Саидга ҳеч қандай қариндошлик жойи йўқ. Таниш, дўст ёки душман ҳам эмас. Текин томошани кўргани келган ғирт бегона одамлар.
Шундай бўлишига қарамай, гўё Саид уларнинг қизини ташлаб кетгандек ғазаб билан тинмай "подонок!", "паразит!" ва мен нақлидан истиҳола қилган бурама гаплар билан дакки-дашном бериб туришди. Агар бегонанинг мавқеи шундай бўл-са, ғазабга тўлган қондошлар ҳоли ва мавқеи қандай бўлиши мумкин? Жабр кўрмаган умуман ёт инсонлар шунчалик сўк-са, ҳақорат қилса, жабрдийданинг сўкиши қанақа бўларкин? Аввал даҳанаки жанг, сўнг қўл жанги бошланади. Хушторига қарата "сен учун ҳамма нарсадан воз кечаман" деган қари қаллиғ ҳам тек турмаса керак. Тилини қайраб, енгини шима-ради. Ўтган кўрсатувда ҳамманинг кўз ўнгида эрини дўппос-лаган Елена қўлини қовуштириб жим ўтирмайди. "От кимники – минганники" деб, жанггоҳда эр талашадиган кепатаси бор. У бир чўқишда қочираман деган важоҳатда ўтирибди.
Ҳамманинг юраги така-пука. Нима бўларкин... Ҳатто кўрсатувни суратга олаётган оператор ҳам жон ҳовучлаб туриб-ди. Ахир у ўз тажрибасидан келиб чиқиб, бундай ҳодисанинг оқибати нима билан якун топишини яхши билади-да.
"Охрана" деб аталмиш баҳайбат қўриқчилар фавқулоддаги ҳолатга шай туришибди.
Энди студияда нима бўлганини яхшироқ билиш учун сал орқага қайтишга тўғри келади.
Фарзандлардан биринчи бўлиб Муниса қаллиғи билан залга кириб келди. Тўғри отасининг ёнига бориб: "Ассалому алайкум, дадажон" деди. Саид онаизор истиқболига қандай шошиб борган бўлса, қизининг истиқболига ҳам шундай шошиб келди. Ота-бола қучоқ очиб кўришишди. Икки томон кўз ёшини бир-бирининг елкасига тўкди. Елкага тушган ёшлар аста сизиб дилга қуйилди. Бири "отажон" деса, бири "қизгинам" дерди. Кейин Саиднинг куёви қайнатаси олдига келиб, куёв болага лойиқ одоб билан сўрашди.
Биринчи қисмда зал, уларнинг ўзини ибораси билан айт-ганда, шокка тушган эди. Якуний қисмда зал қайтадан шокка тушди. Улар бундай етук одобни кўрмаганига бир асрдан ошган эди. Балки ундан кўпроқдир. Ўн йилнинг аламини оли-ши керак бўлган қиз отасига қулоч очса-я? Роса қизиқ-ку!
Аслида қандай бўлиши керак эди?
Саиднинг онаси кела солиб, ўғлининг бошини айлантириб тегиб олган жодугар бошида ёнғоқ чақиши керак эди.
Шаҳзода эса эрини ундан совитиб, ўзига иситиб олган Еленанинг гўштини бурда-бурда қилиш керак. Жангга тирик етимлар қўшилиб, аёл танасини нимта-нимта қилиши керак.
Ундан кейин қовоғи солиқ қўшнилар галма-галдан ўрисни қарғаб, бири: "дийдоринг қурсин, бетавфиқ", деса, иккинчиси: "турқинг қурсин, уятсиз, мегажин", деб ўтиши керак.
Иккита қиз студияга келгунча онаси уларнинг қулоғига қуйиб қўйган, тинмай ўргатган гапларни ёмон отанинг юзига қўрқмасдан шарт-шарт айтиб ташлаши, албатта лозим.
Саиднинг укаси "Ҳа, ота безори, ҳа, ноинсоф, кўппак! Хотинбоз ифлос! Қаёғларда изғиб юрибсан?! Биқинингдан дарча очиб қўярдиму, акамсанда", дейиши мумкин эди.
Саиднинг ўғли эса, онаси тайинлаганидек, дадани кўрганда сўрашмай, қовоқ солиб, ғоздек ўтиб кетиши керак.
Мусулмонларни қоралаш, ёмонотлиққа чиқариш, номуно-сиб атамалар билан аташ авжига чиққан пайтда руслар Тожи-кистондан келган мусулмонлардан бундан бошқа нарсани кутмаётган эди. Мана ҳозир қулоқ эшитган миш-мишлар кўз ўнгимизда ҳақиқатга айланади. Жангари мусулмонлар студияни бошига кўтариб, бир-бири билан жиққамушт бўлади.
Буларнинг бирортаси бўлмади. Кутилган даҳанаки жанг ҳам, қўл жанги ҳам рўй бермади. Бад хаёллар тарқаб кетди.
Агар Саид Россияга бориб ўзини ва миллатини шарманда қилган бўлса, унинг жабрдийда қариндошлари, кийинишидан, ахлоқ-одобидан, сўзидан, чин мусулмонлиги яққол кўриниб турган оила аъзолари ва ҳамсоялари Саидга нисбатан гўзал муомала билан ўзларининг етук одоблари орқали миллатдош-ларининг юзини ёруғ қилишди, мусулмон қандай бўлишини оламга кўрсатиб беришди.
"Москвага кетяпмиз, Россия телевидениясида чиқамиз, шу- нинг учун бизга шим олиб беринг, сочимизни европача қилиб таранг", деб қизлар онасига хархаша қилмади. Бошида рўмол, эгнида узун кўйлаги билан студияга кириб, ёмон отага яхши муомала қилиб, томошабинлар ҳайратини оширди. Уларнинг олқишига сазовор бўлди. Ҳайратини яширолмаган мухбир:
– Вот это воспитание! – деб юборди.
Муслималарнинг етук одобига йиғилганларнинг барчаси тасанно ўқиди. Ажнабий тилда: "Браво! Браво!" – "Офарин, тасанно!" деб олқишлашди.
Сўз берилишини кутиб ўтирмай сўзлайдиган аёллардан бири бор овоз билан қичқириб:
– Саид, ўрнигдан тур! Бундай улуғвор онанг пойига бо-шингни қўй, тиз чўк! – деди.
Саид телевизорга чиқавериб артист бўлиб кетганми, ёки айбига иқрор бўлдими, ҳар нечук ўрнидан туриб онаси томон юрди. Студияга кириб келгандан бери йиғлаб ўтирган она пойига тиз чўкиб, бошини эгди. 15 ёшли ўғлини ўз олдига ўтирғизди. Охири: "Бу учови менинг фарзандларим!" деб тан олди. Зал донг қотди. Ҳар нарсага хархаша қиладиган Елена жимжит. Оний тинчликни норғул рус йигити бузиб:
– Саид! Тўғрисини айтаман, бу ҳодисаларни кўрган, эшитган ҳар бир инсон қалбида сенга нисбатан нафрат туғилиши аниқ. Сен билан дўстлашадиган одамнинг топилиши қийин. Сени яхши кўрадиган одам деярли йўқ. Илло орқангдан қидириб Тожикистондан Москвага келган манави ажойиб қариндошларинг, ўғил-қизинг, энг аввало онанг ва рафиқанг ҳануз сени севишади. Уларни кўз қорачиғидай авайлаб асра. Улардан асло ажрама, – деди ҳис-ҳаяжонда.
Бу гапни эшитиб, Умар ибн Хаттобнинг сўзлари ёдимга тушди: "Дўст учун жонни қурбон қилиш қийин эмас, лекин жонни қурбон қилишга лойиқ дўстнинг топилиши қийин".
Тожиклар вакили Давлатов "Саидга Россия фуқаролигини бермаслик керак", деб очиқ айтди. "У бир неча соатдан кейин депортация қилиниши мумкин", деб мухбир қўрқитди. Қол-ганларнинг қовоғидан қор ёғди. Ҳамма хўмрайган, тутаққан.
Мудҳиш воқеа баёнига нуқта қўйишдан олдин, бу фожиа яна такрорланмаслиги учун мен Саид ва унга ўхшаган оқибат билан ҳисоблашмайдиган ёшларга бир оғиз сўз айтмоқчиман.
Биз сизларни полиция ё депортация билан қўрқитмаймиз, қўрқита олмаймиз ҳам. Биз сизларни маъсиятнинг шум оқиба- тидан қўрқитамиз. Қиёматдан қўрқитамиз.
Ватандан чиқиб кетгандан кейин бизни ҳеч ким кўрмайди деб ўйламанг. Бу ёғига яшил чироқ, деб истаган номаъқулчи- ликка йўл очманг. Балким, ҳеч ким қилмишингизни кўрмас, ҳеч ким билмас. Лекин ёлғиз Аллоҳ ҳаммасини кўриб, билиб турибди. Икки Малак ёзиб боряпти. Бошга бало тушмасидан бурун, шарманда бўлмасдан олдин, ўзингизни ўнглаб олинг. Нобакорларга яқин йўламанг. Тавба қилинг, Аллоҳга қайтинг.
Ақли расо йигитлар, сизни ўз домига илинтирган "қиз", дилингизни ёндирган соҳибжамол агарчи маликаи Турандот бўлган тақдирда ҳам ҳеч қачон Онага тенг келмайди. "Сен учун ҳамма нарсадан воз кечаман" дейишга лойиқ эмас. Гап-ни ўйлаб гапиринг. Сизни ошифта қилган жамол яқинда сўла-ди. Ана-мана дегунча йигитлик қуввати сиздан юз ўгиради. Қарилик ҳамласига учрайсиз. Дастёрга эҳтиёжингиз ортади. Шаҳват сўнгач, "сўзона дил" ёр истамайди. Узоқ йил эр-хотин бўлиб яшаганлар қолган умрни "ака-сингил" сингари ўтказа- дилар. Шу пайтда ўйнаш эмас, хотинингиз ва ўзингиз боқиб катта қилган дилбандингиз жонингизга оро киради.
Фарзандларингиз: "Доктор, ҳар қандай дори-дармон керак бўлса дунёнинг нариги чеккасидан бўлса ҳам топиб келамиз. Фақат отамизнинг жонини сақлаб қолинг, уни бу оғир дард-дан халос этинг", деб сизга жони ачиши ва жон куйдириши учун Сиз аввал улар учун астойдил жон куйдиринг. Ҳозирдан тайёргарлик кўринг! Эртага кеч бўлади.
Ёшликда фарзанддан тонсангиз, кексайганингизда сизни қип-қизил даштга олиб бориб, бирор тош устига ўтирғизиб келса, бировдан ўпкаламанг.
Ҳамма нарсада меъёрни ушланг. Камитманг ҳам, ошириб ҳам юборманг. Нуқсон зарар бўлгани каби ҳаддан ортиғи ҳам зарар.
Асал гарчи ширин, яхши даволар жумласидандир,
Ошиб ҳаддан ширинлик, акси пайдо бўлмасин дерман.
Киши инсоф ила виждон либосидан бўлиб маҳрум,
Ёмон феъли билан эл ичра расво бўлмасин дерман.
Абу Абдулборий Жалолиддин ибн Иброҳимнинг "Ҳамдард" китобидан
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар