1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Дўст...

Севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг ушбу сатрларида ёзилганидек, бу ўткинчи дунёда кулбаи вайронангда кошона килиш олиш ҳам бир бахт. Бахтли бўлишга эса ҳар бир инсон ҳақли. Шу боис, дўст танлай билиш ҳам умри азизни бахт билан безамоқнинг муҳим шартидир. Зеро, дўст деб билган инсонингдан кўрилган хиёнат ёхуд зулм сени дунёдан бездириб, инсонларга бўлган ишончингнинг сўнишига олиб келади. Шунинг учун ҳам инсон дўст танлашда доимо эҳтиёт бўлмоғи даркор.
Шарқда ўз донолиги билан ном қозонган Луқмони Ҳаким ўғлига дўст танлаш борасида бундай деган: “Бирор киши билан дўстлик риштасини боғламоқчи бўлсанг, аввал унинг жаҳлини чиқар. Агар ғазабланган пайтда сенга инсоф билан муносабатда бўлса, у билан дўст бўл. Йўқса, ундан узоқлаш”.
Бундан ташқари, инсон дўст танлаётганда унинг ўзи билан қанчалик ҳамфикрлигига ҳам эътибор қаратмоғи даркор. Зеро, Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг ким билан юрганларига эътибор беринглар, улар ўзларига ўхшаганлар билан бирга бўладилар”, дея марҳамат қилганлар.

Агар дўстлар ҳамфикр бўлолмас эканлар, улар ўртасидаги ришта омонатдир. У тезда завол топади. Дўст эса алмаштирилиб турувчи матоҳ эмас. У ришта бир умрлик бўлгандагина қадрлидир. Сен шу вақт мобайнида унга чидаб эмас, у билан муаммоларингга ечим топиб, маслаҳатлашиб яшамоғинг керак. Дўстга чидаб яшаганда ҳамма нарса сохталашади: хафа бўлмасин деб гап-сўзингни майин қиласан, демак, тилинг сохталашди. Ундан узоқлашгинг келади, лекин ноиложликдан меҳр кўргазасан, демак, дилинг сохталашди.
Шу ўринда бир ривоятни келтириб ўтмоқчиман. Нақл қилишларича, бадавлат бир инсон ўғлига чиройли тарбия берибди. Ўғил вояга етгач, ёмон улфатлар билан дўстлашиб қолади. Бундан хабар топган бой фарзандини чақириб, насиҳат қилибди. Лекин ўғли хотиржамлик билан: “Хавотир олманг отажон, мен уларнинг таъсирига берилмайман. Менга берган тарбиянгиз дилимга маҳкам ўрнашган”, дейди.
Бой унинг гапини эшитиб, ўғлига аллақачон улфатларининг таъсири бўлганини сезади. Аммо энди ўғлини оддий гап билан улардан ажратиб бўлмасди. Шунда ота бир тадбир ўйлаб топади. Ўғлини олмаларни саватга солиш учун ёрдамга чақиради. Олмалар ичида биргина чириган олмани кўрган ўғил уни олиб ташламоқчи бўлиб, қўл чўзганида ота: қўяқол, бу зарарсиз, дейди. Орадан бир ҳафта ўтиб, бой яна ўғлини чақиради. Саватдаги олмаларнинг барчаси айниган ҳолатда эканини кўришади. Шунда ўғил отасига ҳайрон бўлиб қарабди. Отаси эса: “Эй фарзандим, сен барча дўстларингнинг таъсиридан қандай қутилмоқчисанки, бир дона олма идишдаги бутун олмаларни мана шундай ҳолга келтирган бўлса?!”,- дея танбеҳ берибди. Ўғил хатосини англаб, отасидан узр сўрабди.
Демак, дўст танлашда яна бир эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳат — хулқ атвор, яқин юрсанг қораси юқмайдиганини топа олишдир.

Нигора АБДУМУХТОР қизи

Ҳозир сайтимизда 128 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ