1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Келиним гап ташийди

Ўғлингизни уйлантирмоқчисиз. Яқин ўртада сиз кирмаган қизи бор хонадон деярли қолмади. Ниҳоят, бир оиланинг каримасини ёқтириб қолдингиз. Уларга оилангиз ва куёв ҳақида гапирганча гапириб, яна: «Ўзингиз ҳам бемалол суриштириб кўринг, бу умр савдоси», деб, дадил сўз қотдингиз. Бировларни ҳам ўртага қўйиб, қўярга­¬қўймас уларнинг розилигини олдингиз.
Минг хил орзу-ҳаваслар билан, эл­¬юртга ош бериб, тўй¬­томошалар қилдингиз. Қизнинг ота­¬онаси ҳам бу янги оиланинг бахт­¬саодати учун бор­¬будини нисор этган. Икки тараф ҳам ширин ташвишлар билан сармаст. Қудалар бир­¬бирларига энг юксак эҳтиром намуналарини кўрсатиб, борди-келди, салом-аликнинг кети узулмаяпти. «Икки ёш қўша қарисин, Илоҳим!» деган тилак тилингиздан тушмайди. Келин билан бағрингиз тўлиб, уйингизга файз кирган. Гул юзли келинчак «отажон», «онажон» деб елиб-югуриб хизматингизда шай. Қудалар ҳам хурсанд, «Илоҳо, борган жойида тошдек қотиб, палак ёзсин!» деб, яхши умидлар қилишмоқда. Бирдан дилингиз хира бўлиб, ваҳимага тушиб қолдингиз: «Келиним гап ташимаяптимикин?»
Бугунги кунда кўпчиликнинг, хусусан, қайноналарнинг энг катта шикояти ва айблови шу бўлиб қолган. Камига қайнотаю куёвлар ҳам келиннинг гап ташишидан хавфда.
Тўғри, чақимчилик, «деди­деди»лар, майдагаплик, иғво­туҳмат ҳеч қачон оқланмайди. Айниқса, айрим келинларнинг ўзи эндигина барпо этган саодат ошёни – оиласидаги арзимаган гапни ташиб, ўз боргоҳига путур етишига сабаб бўлиши ақлли одамнинг иши эмас, албатта. Бироқ, бу келин зоти оғзини батамом тикиб олсин, қанча хўрланса ҳам, калтакланса ҳам чурқ этмаслиги керак, дегани ҳам эмас.
Сўнгги пайтларда оилавий можароларга, ёш оилаларнинг муаммолари, жанжаллари ва ниҳоят ажрашишларига гувоҳ бўляпмиз. Кузатувлар шуни кўрсатадики, бугунги кунда аксар ҳолатларда келинларга зулм қилинар ва уларнинг ҳақлари поймол этилар экан. Жумладан, биз гапирмоқчи бўлган мавзу – келиннинг гап ташиши борасида ҳам адолат билан ёндашув анқонинг уруғи бўлиб қолибди. Чақимчиликдан қайтариш ҳақидаги насиҳатлар суиистеъмол қилиниши оддий ҳолга айланган.
Қайнона жанобларининг ўй­хаёллари келинда, нимасидан айб топсам бўларкин, нима деб камситсамикин деб тургандек. Озгина илашгудек айбини топиб олса, кўпиртириб, келинни бир­биридан «ширин» гаплар билан роса «эркалайди». Ҳатто баъзан келиннинг ўзи қолиб, ота­онасининг шаънига тил теккизади. Инсон ўзининг ҳақорат қилинишига чидаса ҳам, ота­онасига нисбатан қилинган таънани кўтара олмайди, айниқса, қизлар бу борада жуда ҳассос бўлади. Буни яхши билган қайнона ҳадеб шу тарафдан зарба беради, келини эзилган сари унинг кайфияти ёзилади. Ҳали улар олиб келган латта­буюмдан айб топади, ҳали қилган муомаласидан энсаси қотади ва кейинги гал «ўзларини ўнглаб олишлари» учун учирма гаплар ҳам қилади. Аммо унинг бу қилмишлари қуда тарафга етиб борса, келинни гап ташиганликда айблайди.
Кўча­кўйда ниҳоятда сипо, қудалар билан муомалани дўндириб қўядиган қайнота ҳазратлари уйга кирганда ҳеч нимага фаросати етмайдиган айиқполвонга айланиб қолади. Чунки қайнона уйнинг бекаси эмас, беги бўлиб олган­да. Бечора ота эса қўйдек ювош, қаёққа еталанса, кетаверади, нима куй чалинса, ўйнайверади. Ўзининг на мустақил фикри, на шахсий қарори бор. Яна келинга ҳали заррача ҳам меҳр улашмай туриб, ундан шоҳона иззат­икром кутади. Баъзан майдагапликда хотинлардан ҳам ўтиб кетади. Хонадонида бўлиб ўтган бирор ҳодиса ҳақида сўрасангиз, масъулиятдан қочиб, жиддий ва ақлли  чеҳра билан: «Уйдагилар билади», деб қутулади. Аччиғи устида келинни ҳақорат қиладиган, ҳатто урадиган қайноталар (уларни қайнота дейиш ҳам қийин) ҳам бор экан. Кейин қиз бечора уйига борганда пақ этиб ёрилиб кетса, уни гап ташиганликда айблашади.
Айрим оилаларда ажойиб қайинэгачи ва қайинсингиллар бор. Келин унга тайёр дугона, дўстона муносабат, меҳр­муҳаббат бўлса, у билан чиндан ҳам опа­сингил бўлиб кетиш мумкин. Аммо кўпинча бунинг акси бўлади. Улар ҳам келинни худди келгинди чўридек кўришади. Ҳамма ишни ғинг демай қилиши шарт, касал бўлса ҳам, чалажон бўлса ҳам, ўқишда ёки давлат ишида бўлса ҳам фарқи йўқ. Бир бўлган воқеа: Келиннинг отаси қизи қийналмаслиги учун автомат кир ювиш машинаси олиб берибди. Аммо ундан фойдаланишга қайнисингил жаноби олияларидан рухсат бўлмабди, келин деган «тўртта мошина тахланиб ётса» ҳам, кирни қўлда ювиши керак экан. Бир неча ой, балки йил келин бечора отаси олиб берган кирювар машинани ишлатмай, бир уй одамнинг кийим­кечагини қўлда ювиб юрибди. Кейин нимадир муносабат билан муҳтарама «қиролича»дан изн бўлгач, жиҳоз ишга тушибди. Буни қандай тушуниш мумкин? Аслида­ку, ўша жиҳозни олиб бериш акангнинг бурчи эди. У вазифасини бажармабди. Энди сен нега келинни ўз мулкини ишлатишдан тўсасан? Бунга нима ҳаққинг бор? «Биз атай олиб бермаганмиз, келин кирни қўлда ювиши керак», демоқчимисан? Шу ожизанинг ўрнида ўзинг ёки қизинг бўлса, унга ҳам шу шартни қўярмидинг? Камига бу тентакликни кўриб, билиб турган ота­она ҳам, эрман деб кўксини кериб юрган йигитча ҳам қизга ақл бўлмайди, бировнинг уйида мусофирдек бўлиб турган заифани ҳимоя қилмайди. Кейин келин ота­онасининг: «Кир ювадиган жиҳозингни ишлатяпсанми, болам?» деган саволига тўғри жавоб бериб қўйса, уни гап ташиганликда айблашади. Афсуски, бундай мисоллар жуда кўп.
Энди куёвтўрага келсак, у кишининг нағмалари ҳамманикидан ҳам ошиб тушади. Жаноби олийларига битта гап кам, иккитаси кўп. Ўзини осмонда кўради. Мен ўзи кимман, демайди. Ҳали қайнотасининг, ҳали қайнонасининг қуллуқ қилишини талаб қилиб, келинни бўғади. Бир қарасангиз, келиннинг ота­онаси қилган сарпо ё дастурхонларни ёқтирмай қолади. «Мен кимман­у, менга шуни қилишибдими? Буларнинг ўрнида бошқа одам бўлса, менга ўхшаган фалон фазилатли куёвга нималар қилмайди?» деб, тамаъгирлик ҳам қилади. Келин бундай «хато» такрорланмаслиги учун уйига борганда ота­онасига бор гапни айтса, уни гап ташидинг деб дўппослайди. Мунофиқлик ҳам эви билан-да!
Шунақа куёвлар бор эканки, келинчакка оёғимни ўпасан, мен шунга лойиқман, дер экан. Яна биттаси «Сен менинг кучугимсан, қани, бир вовиллаб бер. Қани, оёғимни яла­чи», дермиш. Мурғак келинчак эса «Эр дегани шунақа махлуқ бўларкан­да», деб гаранг. Бу қанақа эркак ўзи? Ким унга бу ҳуқуқни берди? Эр сўзи ҳайф унга! Аёлини шундай хўрлаб, маза қилиш учун қанчалар мараз бўлиши керак, тасаввур ҳам қилолмайсиз. Тақсиримнинг кўчадаги улфатчиликлари эса оламга сиғмайди. Бунинг ўрнига аёлингни азиз қилсанг ва у шу азизлигида сенга меҳр билан хизмат қилса, ўзингга шараф бўлмайдими? Ҳақиқий иззат, энг олий бахт шу эмасми?
Бугунги кунда ёш йигитлар орасида ҳам, катта ёшдаги эркакларда ҳам энг кўп учрайдиган яна бир «фазилат» боқибеғамлик бўлиб қолди. Зиёфатма­зиёфат юриб, ҳали у чойхонада, ҳали бу ошхонада хўрандалик қилиб, қорнини қаппайтириб, тишини кавлаб уйга кириб келади, рўзғорда эса бир ҳафтадан бери гўшт йўқ. Бечора хотин ҳомиладорми, эмизикликми, камқонми, бирор нарсага бошқоронғими, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ, ўлмай юрган бўлса бас. Унинг жисмига нима озуқа керак, боласига нима зарур, бу ҳақда ўйлаш эр жониворнинг хаёлига ҳам келмайди. Бугун қайси чойхонага бориш керагу, эртага дам олгани дачага соат нечада чиқиш керак, шуни ўйлайди. Эътиборсиз қолган хотин бир кун келиб, гурс этиб тушса, «Кеча яхши юрувди, бугун бирдан шунақа бўлиб турибди­да. Нимадир ёқмайдиган нарса еб қўйган­да. Ҳеч бунақа оғримаган», деб қўяди. Айримлари айбни осонгина келиннинг ўзига тўнкаб қўя қолади: «Ўзи бепарво-да, нима тўғри келса, еяверади. Айтганман, ўзингга қара деб, қулоқ солмайди­да...» дейди-ю, ҳимматлари яна ҳам жўшиб, тузалгунича онасиникига ташлаб қўяди. Гўё соғ бўлсагина хотин керак, касал хотин керакмас. Гўё келиннинг даволаниши ҳалиям ота-онасининг зиммасида.
Келин ўз ота эшигига бир аҳволда кириб келди. Оёқда тургани мажоли йўқ. Қўлтиқлаб аранг олиб киришди. Ранглари сарғайиб, юзлари сўлиб, ўзи озиб­тўзиб кетган. Асаби тортишиб, қўл­оёқлари увишиб, чўзилиб ётибди. Куёв эса ҳолатни изоҳлаяпти: «Ҳайронман, нимага бунақа бўлади бу? Бизникида ҳамма шароит яхши бўлса... Қўлдан келганча ҳаракатдамиз. Ойим ҳам ҳеч қаттиқ гапирмайдилар...» Тақсирим, сиз сўзлаб овора бўлманг, ҳеч қандай изоҳга ҳожат йўқ. «Ранг кўр, ҳол сўр» бўлиб турибди. Соппа­соғ, дуркун қиз бир неча ойда шу аҳволга тушиб турибди. Бу ўз­ўзидан бўлмайди, ахир... Келинни шу аҳволга солиб, хонадондаги «фаровонлик»ни намойиш этган куёв тараф энди келинни гап ташиганликда айблаши ортиқча. Айрим инсофсизлари ўзининг қилмишини хаспўшлаш учун бўҳтон тўқийди: «Олдин ҳам шунақа касали бориди шекили­да.. Эски дарди тутиб қолди­ёв...» Шундай қилиб, соппа­соғ, ойдек қизни бир аҳволга солиб қўяди­да, кейин хунуксан, касалсан, ундайсан, бундайсан, деб маломат қилади. Аслида эса аёлни эрнинг парвариши гўзаллаштиради, яшнатади.
Бир тарафда қайнотасининг ҳамёнига осилиб олган «замонавий йигит»лар ҳам учраб туради. Айримлари кўчама­кўча дайдиб, улфатчилик қилиб, қорнини тўйғизиб юраверади, хотин, бола­чақани эса қайнотанинг зиммасига топшириб қўйган. Ундан ҳам ўтиб тушганлари: «Қилай десам, иш йўқ, фалонча сармоям бўлганида, у қилардим, бу қилардим...» деб хомхаёл бўлиб ётаверади. Бечора ота­она ё қизини ажратиб олиши керак, ёки анави ландовур дангасани ҳам қўшиб боқиши керак.
Ўзича ўзини ўта илмли деб биладиган яна бир «аллома» эса «Хотинни уришга Қуръонда рухсат берилган, ҳазрат Умар хотинини урган экан», деган «кучли» далиллар билан муштаккина ожизани дўппослаб, калтаклашдан чарчамайди. Энг қизиғи, келин бечора нега калтакланаётганини тушунолмай жони ҳалак. Ҳой аблаҳ, сен Қуръон ва Суннатни ўзингнинг бузуқ таъбиатинг, эгри таъбиринг билан булғама! Сен аввал уришга берилган рухсат талоқнинг олдини олиш учун, оғримайдиган қилиб, кўкармайдиган жойига, худди талабага таъзир бериш қабилида, оилани сақлаш учун охирги чора сифатида қўлланадиган, шу билан бирга, фойдаси аниқ кўрингандагина қилиш жоиз бўлган иш эканини ҳам ўқиб, билиб олгин. Шариатнинг ҳукмидан гапирар экансан, инсоф қилиб, охиригача айт. Олдин сен оят­ҳадисни тўлиқроқ ўқи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Хотинини урганлар сизларнинг яхшиларингиз эмас, ёмонларингиздир», деганларини ҳам гапир! Оятни ҳадис билан, ҳадисни сийрат билан изоҳлашни билиб олиб, кейин шариатдан сўзла. Бу чоранинг асосий шартларидан бири – шариат нуқтаи назарида аёл ушбу таъзирга яраша айб қилган бўлиши кераклигини ҳам унутма. Сенинг мутакаббир, сўқир қалбинг билан топилган камчилик эса аслида фазилат ёки оддий одат бўлиши ҳеч гап эмас.
Яна бир тоифа куёвларимиз бор. Келиндан подшоҳларча иззат талаб қилади. Меҳр билан усти­бошини тўғрилаб, тугмаларини қадаб, пойабзалини артиб турган аёлининг юзига қиё боққиси келмайди. Яна осмонга қараганча қандайдир «фармони олий» эълон қилиб, қовоқ уйганча уйдан чиқиб кетади. Жанобнинг битта айтган буйруқлари бироз кечикса, келинни хоҳлаганча хўрлашга ўзини ҳақли деб билади. «Ўзинг кимсан­у, нимани дўндириб қўйдинг?» дейдиган одам йўқ.
Айрим хонадонларда йигитлар ҳам хотинчалиш бўлиб қолган. Келин унинг отасини ота, онасини она, акасини ака, опасини опа деб турса ҳам, уларга қўлдан келганича эҳтиром кўрсатиб турса ҳам, тақсиримнинг кўнгли тўлмайди. «Сен онамни соғинмаяпсан», «Сен менинг опамни ўзингинг опангдек кўрмайсан», «Жиянимни ўзингни жиянингни эркалатгандай эркалатмайсан», деб мижғовланади. Ҳатто «Сен барибир ўз ота­онангдан кечмаяпсан», деб зуғум қиладиганлари ҳам бор. «Нега энди у ўз ота­онасидан кечсин? Сен ўзинг келиннинг уруғига қанчали меҳрлисан, қани айт-чи!» дегинг келади. Ахир, ўз жигарига тортишиш инсоний табиат­ку! Қолаверса, муҳаббат талаб қилинадиган нарса эмас, балки касб этиладиган туйғудир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбдаги муҳаббатга ишора қилиб: «Аллоҳим! Мени ўзим молик бўлмаган нарсада жавобгар қилма», дея илтижо қилганлари ақлли одам учун бу масала қанчалар нозик эканини фаҳмлашга етарлидир.
Келиннинг ота­онасини, ака­укасини, опа­синглисини «чайнаб», мазах қилиб, шу билан ҳузур оладиган кўппак куёвлар ҳам талайгина. Унинг гапларидан келин эзилган сари бу сўтак маза қилади. Кейин бу беюзлиги «айбланувчи»ларнинг қулоғига етиб қолса, яна калтак келиннинг бошида синади, чунки у «гап ташиган­да». Аниқроқ қилиб айтганда, куёвтўра юзма­юз бўлгандаги қиёфаси сохта экани ошкор бўлганидан жириллаб, аламини келиндан олади. Эркакмисан, оғзингдан чиққан гапга жавоб бер, нега мунофиқлик қиласан? Ҳолинг шу экан, нима қиласан олифтагарчилик қилиб?
Яна бир тоифа куёвлар бор, келиннинг олдида атайлаб бошқа аёл­қизлар билан гаплашиб, хат ёзишиб, уни куйдирмоқчи бўлади. Агар келин унинг бу тентаклигига босиқлик қилиб индамай кетаверса, «Сен мени қизғанмадинг», деб яна жанжал қилади. Буёқдаги одам унинг ё жиннилигини, ё соғлигини билолмай, ақлдан озай дейди. Тўнка куёв тушунмайдики, бу билан ўзининг обрўси тўкилади, ўртадаги меҳр­муҳаббат парчаланиб, оила қасрига дарз кетади.
Ҳозирги айрим куёвларнинг топиб олган яна бир гапи «Менга кимлар қизини бермасди? Сен менга шукр қилишинг керак», деган даъво. Бундайлар шунақа деб ўзини ўзи мақтаб, ўзига баҳо бериб, аслида кимлигини ҳам унутиб қўяди. Уйланиб, бир йил­ярим йил ўтмай, ўзича хотин кўрган киши бўлиб, одам танлашга тушади. Ҳой худбин, шунақа зўр экансан, нега ўша фалончихонларни олмай, бу қизга уйландинг? Ахир ўзинг совчи бўлиб, кўриб, ёқди деб олган эдинг­ку! Бу ҳам бир муштипарнинг жигаргўшаси, кимнингдир арзандаси эди. Ўзинг ким бўлиб қолибсан? Сен ҳам Одам боласисан, бир томчи ҳақир сувдан бино бўлгансан, осмондан тушганинг йўқ! Ҳакимлар: «Айб қидиргинг келса, кўзгуга боқ!» дейдилар. Бир ойнага қара, камчиликларинг тўлиб­тошиб ётибди. Ёқтирмайдиган бўлсанг, нега у бечоранинг гулдек умрини хазон қиласан? Унинг ҳам сендан бошқа харидорлари кўп эди. Тақдир экан, қолаверса, сен хумпарни эркак деб, ваъдаларингга ишонгани учун сенинг хасминг бўлиб турибди. Аслида­ку, кўриб олдингми, нима бўлса ҳам, чидашинг керак, сабр қилишинг керак! Бундай одамгарчилик қўлингдан келмас экан, ҳеч бўлмаса унга зулм қилма, ажрашсанг, яхшилик билан ажраш, бошини очиб қўй. Нега уни хўрлайсан? Унинг чорасизлигини суиистемол қиляпсанми? Мен хотин қилмасам, қаёққа ҳам сиғарди, дейсанда­а? Сен зулм қилиб кетавераман деб ўйлама! Ҳаммасини сарҳисоб қилиб, жазою мукофотини бериб қўядиган Зот бор! Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бир заифага қилган зулминг учун муқаррар жавоб берасан! Ҳали бу қилмишингнинг касофати болаларингдан қайтиши ҳам ҳеч гап эмас. Аллоҳ таоло «Қиёмат кунида киши ўз хотинидан ҳам қочади», деб бежизга айтмаган.
Куёвлар ичида энг кўп ёйилган иллатлардан бири бадгумонликдир. Ҳали қайнотадан, ҳали қайнонадан, улардан ҳам ошиб тушиб, бир ёстиққа бош қўйган жуфти ҳалолидан ҳар хил ёмон гумонлар қилиб юради. Бечора қайнота­қайноналар эса бу бадгумон куёвни яхши кўриб, уни қандай қилиб хурсанд қилсак экан деб овора. Киши ота­онанинг қадрини фарзанд кўрганда англаб етганидек, қайнота ва қайнонанинг ҳолини ҳам куёвлик бўлганида  ҳис этади. Бадгумонлик оғир гуноҳлардан экани эса оят­ҳадислардан  аён.
Хуллас, куёвларимизнинг бунга ўхшаш саргузаштлари жуда бисёр, айтиб адоғига етиб бўлмайди. Энг қизиғи, шунча разилликларни қилиб юрган куёвни кўчада кўрсангиз, жуда одобли, муомалали, сертабассум, камтарин, камсуқумгина бўлиб кўринади. Бирпас тек турсангиз, сизга нисаҳат қилиб, йўл-йўриқ кўрсатиб ҳам қўяди. Баъзан тўрга ўтиб, ваъзу иршод, тиловатлар ҳам қилиб қолади. Суҳбатлашсангиз, бир гапириб, тўрт кулади. Аммо асл башараси, ички олами бутунлай бошқа.
Ажабланарлиси, бу «полвон» куёвтўра шунча ҳунар кўрсатиб туриб, яна келиннинг оғзини ёпишга ҳаракат қилади, ҳа деса, уни гап ташишда айблайди, сўзлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилгиси келади. Келин бирор яқини билан, ота­онаси билан учрашса, дарров ваҳимага тушади, безовта бўлади: «Мени нима деяпти экан? Фалон гапни чақмадимикин? Онамни нима деяпти экан? Фалон қилиғимни айтмадимикин?...» Бечора қилғилиқни қилиб қўйиб, хавотирда қолади. Турли баҳоналар билан келинга телефон қилаверади: «Нима қиляпсан? Нималарни гаплашяпсизлар? Қачон келасизлар?...» Бунақа одамлар сирим ошкор бўлмасин деб, келинга гап ташимасликни тайинлаб, акс ҳолда, оилага путур етишини таъкидлашдан чарчамайди. Сен келинга «гап ташима» деб насиҳат қилгунча, ўзингни ўнгла! Тўғри бўлсанг, уйда ҳам кўчадагидек одам бўлсанг, гап ташиса, сенга нима ғам? Ташиса ташийверсин, яхшилигинг, одамгарчилигингни бошқалар ҳам биладиган бўлади. Бориб, онасига: «Куёвингиз жуда ҳалол йигит, ибодатли, саҳарда туриб, таҳажжуд ўқийди, Қуръон ўқийди, онасига итоатли, менга меҳрибон, фарзандларини яхши кўради...» деса, ёмонми? «Отажон, куёвингиз сизни ҳурмат қилади, тунов куни онамни ҳам мақтаб қолди, роса яйраб кетдим. Ўзи яхши одам-да, баъзиларга ўхшаб майдагап аймоқи эмас, маънили сўзлайди», деса, сенга ёқмайдими? Агар шундай гапларни ташийдиган бўлса, ҳеч қачон хавотирланмайсан, аксинча, фазилатинг ошкор бўлганидан хурсанд бўлишинг мумкин. Аммо айбдорлигингдан, асл аҳвол чатоқлигидан келиннинг оғзига қулф солгинг келади.
Кузатувлар шуни кўрсатадики, одатда келиннинг гап ташиганидан хавотирга тушадиганлар уйда бошқа, кўчада бошқа одам бўлади. Ҳатто, кўчада ёмонлиги билан танилган одам ҳам уйдаги ҳолати ошкор бўлишидан унча ташвишланмайди, чунки у бу ҳолини ўзи яшириб ўтирмайди, қанақа бўлса ҳам, ичи­таши бир. Аммо ички ва ташқи қиёфаси фарқли бўлган мунофиқсифат кимсаларгина уйдаги асл сурати ошкор бўлишидан хавфсираб, хотинни гапирма деб бўғизлайверади. Буларнинг барчаси шариат ҳаром қилган зулм ва ахлоқсизликдир.
Адолат юзасидан масаланинг иккинчи тарафини ҳам айтиб ўтишимиз керак. Юқоридаги сатрлардан келин нима деса ҳам, оғзининг боғичи бўлмаса ҳам дуруст экан, деган хулоса чиқмайди. Балки, бу борада ҳам шариатимиз, динимиздаги ахлоқлар меъёр бўлиши лозим.
Айрим келинлар бор, куёвнинг уйига қўйилган «кузатув камераси» вазифасини ўтайди. Тушликка нима овқат қилади­ю, унга қанча гўшт, қанча ёғ солади, кир ювадими, эшик супурадими, эрталабда қайнота кўчага чиқиб кетаётиб нима деди­ю, қанона нима деди, эрнинг ётиб­туриши – ҳаммасининг ҳисоботини онасига етказиб туради. Куёвникидаги ўзига ёқмаган, дидига ўтирмаган нарса бўлса, дарров жар солади, балки менинг тушунчам хатодир, деб ўйламайди. Бунақада ҳеч қачон оилавий барқрорлик бўлмайди. Мана шуни ҳақиқий гап ташиш дейилади.
Келин эри ва унинг яқинларининг шахсий камчиликлари, хатоларини яшириши керак. Зеро, бировнинг айбини яшириш мўминлик бурчидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мўминнинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда яширади», деганлар. Бундай айблар кимгадир хатар туғдиргандагина бу айбни ўша тарафга ошкор қилиш мумкин. Беайб Парвардигор. Ҳеч ким мен айб қилмайман, дея олмайди. Бандада хато­камчилик бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, «Ҳар бир Одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир».
Қиз бола одатда ўз уйидаги тутумга кўникиб қолади. Шунинг учун бошқа жойнинг шароитини ўзиникига солиштириб, ўзига ёқмаган жойи бўлса, шикоят қилишга ўтади. Бундай пайтда унга тез хулоса чиқаришдан эҳтиёт бўлишни тайинлаш керак. Чунки у ўзича айбситаётган нарсаларни гап-сўз қилиб, бўлар­бўлмасга ўртага совуқчилик тушириб қўйиши мумкин. Қолаверса, ўша «айб»лар аслида оддий ҳолат, ҳатто фазилат бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Бундай кўнгилсизликнинг олдини олиш учун эса келиннинг ҳолатни тўғри тушунишига ёрдам бериш, шунга эришиш керак. Бу эса насиҳат ва самимият билан рўёбга чиқади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ёлғончилигига эшитган гапини айтавериши кифоя», деганлар. Бинобарин, оиладаги ҳамма гапни ташқарига чиқиб гапиравериш ҳам кишини ёлғончи бўлиб қолишига олиб боради. Шунингдек, бошқалар нотўғри тушуниши мумкин бўлган ҳолатлардан ҳам сўз очмаслик керак.
Баъзан билимсизлик, дунёқарашнинг торлиги ҳам одамни майдагап, чақимчи қилиб қўяди. Кишида билим чуқурлашган сари, тафаккур кенгайган сари бошқаларни тушуниши осонлашиб боради. Бу қоида эркакка ҳам, аёлга ҳам баб-баробар тегишлидир.
Келиннинг гап ташишига ташқи омиллар ҳам сабаб бўлади. Мисол учун, унга сурункали зуғум ўтказиш, нафсониятига қаттиқ тегиш, дардини эшитмаслик, дил сўзларига қулоқ солмаслик, вақти­вақти билан унга дам олиш, ўзига эътибор қилиши учун шароит яратиб бермаслик ва ҳоказо.
Ҳар кимдан ҳам хато ўтади. Қайнота­қайноналар ёки куёв билиб­билмай келинга ноҳақ қаттиқ гапириб қўйиши, уни ранжитиб қўйиши мумкин. Ана шундай ҳолатда бир қадам чекиниб, келиннинг кўнглини кўтарадиган бир оғиз ширин сўз айтилса ёки бирор совға ҳадя этилса, олам гулистон, ҳаммаёқ сув сепгандек тиниб­тинчиб кетади. Одатда аёллар эркаклардан кўра кечиримли, мурувватли бўлади, уларнинг оналик табиати шуни тақозо қилади. Шу билан бирга, Ҳаким Аллоҳ уларни унутувчанроқ қилиб яратган. Озгина яхшилик билан улардаги ҳамма дилхираликларни офтоб булутни тарқатгандек тарқатиб юбориш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёмонлик кетидан уни ўчирадиган яхшилик қил», деб бежиз айтмаганлар. Аммо кўпинча бизда бунинг акси бўлади.
Ит тинади, қуш тинади, келин тинмайди, аммо бирор марта раҳмат эшитмайди. Баъзи келинчаклар қайнонанинг бир оғиз раҳматига зор бўлиб яшайди. Бир марталик «баракалла»сига атрофини етти айланиб, гирдикапалак бўлиб хизмат қилгиси келади. Агар арзимаган эътироф қулоғига тушиб қолса, бир зумда ҳамма чарчоғи тарқаб, яшнаб кетади. Аммо унга шу мурувватни қиладиган одам топилмайди. Келин бечора ўнта уйни супуриб­сидириб, шифтидан еригача артиб, бир оғиз ташаккур, бир ҳовуч дуо умид қилиб турса, қайнонанинг «зийрак»лиги, «покизалиги» тутиб, ҳаммаёқни обдон текширишга тушади. Қайсидир бир чеккадаги токча ё деразанинг бурчагидан тариқдек чанг топиб олади­да, бармоғи билан сидириб, бурнини жийирганча: «Бу нима?» деб келинни сўроққа тутади. Бордию бирор жой тозаланмай қолиб кетган тақдирда ҳам, бир оғиз «Мана бу ерга ҳам бир қараб қўйсангиз бўларкан, қизим», деб қўйса, шу билан ҳам иш битади. Йўқ, бундай одамгарчиликни пошшобувининг кўнгиллари кўтармайди, мурувват юзасидан кўрсатилган хизматга ранг­баранг таъналар билан «ташаккур» изҳор қилади. Айрим қайноналар келиннинг жони қийналса, тилида раҳм­шафқат кўрсатса ҳам, ич­ичида роҳат туяди. Буни ўзи гоҳида сезмай ҳам қолади ёки тан олгиси келмайди. Буларнинг барчаси қалбий хасталик, ахлоқий ноқисликнинг аччиқ меваси ҳисобланади.
Шукр ҳам гўзал хулқлардан, қалбий мақомотлардан саналади. Бандага ташаккур айтадиган киши Аллоҳга ҳам шукр бажо келтиради. Акс ҳолда, Аллоҳга ҳам ҳақиқий шукр келтира олмайди ёки шукри инобатга ўтмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга шукр келтирмаса, Аллоҳга ҳам шукр келтирмабди», деганлар.
Баъзи «донишманд»лар бор, зулмни қилиб­қилиб, кейин келин дош бера олмай қолса, ўзини ўнглаб, шароитни тўғрилаш ўрнига, дарров насиҳатга тушади: «Келин деган тош келса, кемириб, сув чиқса, симириб, уйни уй қилади­да», деб дарс айтишади. Тўғри, турмушнинг «мушт»ларига чидам бериш, сабр қилиш эру хотиннинг бурчи. Аммо йўқ жойдан уюштирилган, бекордан­бекорга «кашф» қилинган муаммолар, шахсий зулму ситамлар бунга кирмайди.
Келин ҳам инсон, унинг ҳам озурда кўнгли бор, орзу­умидлари, истак­хоҳишлари бор. У ҳам хафа бўлади, шодланади. Ўзингизнинг «нозик» дилингиздан сўзлайвермай, унинг ҳам кўнглини ҳисобга олинг. Унга ҳам тан соғлиги керак. Унинг соғлиги нафақат ўзига, балки сизнинг оилангиз, эрининг келажаги ва фарзандлари учун, набираларингиз учун ҳам зарур. Бирор жойи майиб бўлгандан кейин роса меҳрибончилик кўрсатарсиз, дори­дармонини олиб берарсиз, аммо дардини бирга тортиб бера олмайсиз, ахир.
Куёвлар аёлининг касал, яримжон бўлиб, ҳолдан тойишини кутиб ўтирмай, эртароқ эсни йиғиштириб олишлари лозим. Оилани қаҳр билан эмас, меҳр билан бошқаришга ўрганиш керак. Хотинни «қўлга олиш» учун биринчи кундан дўқ­пўписа, ур­сол билан иш бошламай, ширин сўз, яхши насиҳатлар билан йўл тутиш ҳам мумкин, балки шуниси самарали ва ҳалол бўлади. Оила зуғум, буйруқбозлик билан эмас, бакли севги, меҳр­шафқат билан барпо бўлади. Одатда калтак билан битмайдиган ишлар бир оғиз яхши гап билан ҳал бўлади. Сиёсат фақат қаттиққўллик эмас, балки ўрнида юмшоқлик ҳам қила билишдир.
Келин бечора куёвнинг «Сени севаман», «Сиз менга ёқасиз» деган биргина жумласига жонини берворгиси келади. Аммо куёвтўра осмонда, бир оғиз ширин гапга ярамайди. Лекин ўз жуфти ҳалолидан қизғанган ушбу жумлани кўчада учратган «гўзал»ига тортиқ қилишга тайёр. Яна «Хотиним менга ўша бошқалар қиладиган ширин гап, яхши муомалани қилмайди­да», деб ўзини «оқлаб» ҳам қўяди. Сиз ўзингиз аввал хотинингизга ўша кўчадагиларга сўзлайдиган яхши гапларингиздан бир улуш илиниб кўринг, кейин кўрасиз!
Аёлингиз ота­онасини, туғилиб-ўсган уйини ташлаб, сизнинг уйингнизни уй қилиш учун ҳузурингизга келиб, бор­будини сизга бағишлаган. Ўй­хаёли хонадонгизнинг ободлиги, саранжом­саришталиги. Сизга шириндан­шакар ўғил­қизлар туғиб, катта қилиб берсам дейди. Унинг ушбу фидокорликларини унутманг, бунинг учун уни қанча қадрласангиз кам! Аччиғингиз чиққанда ҳаммаёқни бузиб, ағдар­тўнтар қилишга ўзингизни ҳақли деб биласиз. «Эрнинг ғазаби келганда хотин фақат хўп дейиши керак», деган гапни жуда яхши ёдлаб олгансиз. Аёлингизнинг айрим камчиликларини, толиққандаги нотўғри тасарруфларини сиз ҳам тўғри тушунишга ҳаракат қилинг.
Шуни таъкидлашни истардимки, юқорида айтилган салбий мисоллар ўтмишдан эртаклар эмас, уларни мен ўзимча тўқиб чиққаним ҳам йўқ, минг афсуски, ҳаммаси бугунги воқеълик, кўрган-билганларим, ўз қулоғим билан эшитганларим. Шу билан бирга, бу ҳамма қайнота­қайноналар, қайинэгачи­қайинсингиллар ва куёвлар шундай бўлади дегани ҳам эмас. Худога шукр, халқимизда дин­диёнатли, инсоф­эътиқодли кишиларимиз, гўзал ахлоқлиларимиз жуда кўп. Аммо мазкурлар ҳам оғриб турган жойимиз, тузалиши умидида, гап эгасини топади қабилида сатр қораланган бўлди, холос.
Бугунги кунда оилада гап­сўз қочишига кўпинча оиланинг бевосита аъзолари эмас, ташқи омиллар ҳам сабаб бўлаётганини эслатиб ўтиш жоиз. Кўп ўринларда келин­куёвларнинг яқинлари ўзлари билган­билмаган ҳолда оиланинг бузилишига сабаб бўлиб қолмоқда. Айрим жойларда бир келинга куёвнинг бутун уруғ­аймоғи хўжайинчилик қилгиси келади. Тўғри, гап уқмас келинлар ҳам бўлади. Аммо 99% аёлни тарбия қилса бўлади, йўлга солса бўлади, фақат буни уддалашни ўринлата олиш лозим.
Келинларнинг хўрланишига сабаб бўлиб турган яна бир воқелик – аёл­қизларнинг эркаклардан ададда кўплигидир. Оиласиз эркакни деярли кўрмайсиз, аммо турмуш кўрмаган, бева аёлларнинг сон­саноғи йўқ. Таассуфки, бу ҳолат айрим эркакларнинг (аслида буларни эркак дейиш ҳам қийин) ҳовлиқишига, аёлларга зулм қилишига замин яратиб бермоқда. Оиланинг барқарорлигини таъминлаши керак бўлган кап­катта қайноналар эса «онаси ўпмагани»дан олиб беришга тайёр. Бундай пайтда улар аёлликларини ҳам унутиб қўядилар чоғи.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир мусулмон киши барча тасарруфдарида Аллоҳдан қўрқиши, У Зотнинг шариатига, кўрсатмаларига амал қилиши, Унинг кузатиб, сарҳисоб қилиб турганини ҳис эта билиши лозим. Бандалар қошида эмас, аввало Аллоҳнинг ҳузурида мақтовга лойиқ бўлишга интилиш даркор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Мўминларнинг иймони энг баркамоли – хулқи гўзалроғи ва аҳлига мулойимроғидир», деганлар. Бошқа бир ривоятда эса: «Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшиларингиздир. Мен ўз аҳли энг яхши бўлганингизман», дейдилар.
Бировнинг «аҳли» деб унга қарашли кишиларга айтилади. Бинобарин, бу ҳадис фақат эрларга эмас, балки қайнота­қайноналарга ҳам тегишлидир. Ҳадисдаги одамийлик ўлчовининг нақадар олий ва дақиқлигини қаранг! Демак, набавий мезонга кўра, ошна­оғайниси, ҳамкасблари, раҳбар­хўжайинлари билан ёки қариндош­уруғи, маҳалла­кўйи билан ёхуд ота­онаси билан яхши муносабатда бўлишнинг ўзи билан киши энг яхши инсон бўла олмас экан, балки ўз аҳлига, ўз қарамоғидагиларга ҳам яхши бўлган кишиларгина одамларнинг энг яхшиси ҳисобланар экан. Бу сўзда жуда катта воқеий ҳақиқат ўз ифодасини топган.
Одатда инсон ўзига яхшилик қилган ёки яхшилик қилиши кутилган кишиларга яхши муносабатда бўлади, бу табиий. Ўзидан юқорида турган кишиларга эса мажбурликдан ҳам яхши муоамала қилинади. Ижтимоий алоқалар, қандайдир манфаатлар илинжида яхши муносабат кўрсатиш ҳамманинг қўлидан келади. Ҳатто, ота­онага яхшилик қилишда ҳам турли манфаатлар, орият каби ички турткилар ўрин тутиши мумкин. Бинобарин, мазкур ҳолатларда кўрсатилган яхшилик билан кишининг қанчалар олийжаноблиги очиқ намоён бўлмайди. Аммо қўл остидаги, ўзидан қуйи, заиф одамларга, ўзига қарам бўлганларга бўлган муносабат кишининг ҳақиқий ахлоқини кашф қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлу оиласига яхши бўлган кишини одамларнинг энг яхшиси демоқдалар. Шунга кўра айтиш мумкинки, ўз келинларига яхши бўлган қайнота ва қайноналар энг яхши инсонлардир, аксинча бўлганлар эса яхши инсонлар эмас.
Ҳозирги кунда келин­куёвларга моддий таъминот – уй­жой, сеп­сидирғалар ортиғи билан муҳайё қилиб берилмоқда. Аммо барибир оилаларда тотувлик, бахт­саодат етишмайди. Сабаби – уларга маънавий «сеп» қилиб беришга деярли ҳеч ким қунт қилаётгани йўқ. Оила қандай даргоҳ, эрнинг вазифа ва бурчлари нимаю, хотиннинг вазифа ва бурчлари нимадан иборат, керагича ўргатилмаяпти. Пазандалик, тикувчилик, қурувчилик, савдогарлик, яна нима ҳунар бўлса, ўргатишади, аммо оила хусусида таълим­тарбия йўқ. Бугунги кунда ана шундай оила илмига ихтисослашган махсус ўқув курсларини ташкил қилиш, уларда оила учун зарур бўлган шаръий ва тажрибий билимларни ўқитиш, керак бўлса, намунали ёшларга ушбу ўқув курслари тарафидан махсус шаҳодатнома берилишини йўлга қўйиш жуда ҳам яхши самара беради. Зеро, бошқа илмларни сув қилиб ичиб юборса­ю, оила илмидан саводсиз бўлса, ҳеч қачон бахтли оила барпо эта олмайди. Мана шу ҳақиқатни унутмаслик керак.
Тўрт кунлик дунёни хушнудлик, зикру ибодатлар, меҳр­муҳаббат билан маза қилиб ўтказайлик. Яхши гап билан ҳам мақсадга эришиш мумкин! Фитна­фасод, гина­адоват қилиб, ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам қийнаб яшашдан не фойда?
Аллоҳ талодан барчаларимизнинг ичу ташимизни ислоҳ этишини, оилаларимизни мустаҳкам қилишин сўраб қоламиз.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
21.01.2016

Ҳозир сайтимизда 125 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ