1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мусулмон оилаларига хатарлар

Биз юқорида Аллоҳ таолога ибодат қилувчи, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашувчи мусулмон оиласини қандай барпо қилиш тўғрисида сўз юритдик. Энди айрим мусулмон хонадонларида тарқалган, натижада оилага салбий таъсир ўтказаётган баъзи муаммоларни айтиб ўтишимиз керак. Чунки мусулмон оила оламга соғлом авлодни етиштирувчи биринчи тарбиявий маскан ҳисобланади.

Намозни тарк қилиш. Аллоҳ таоло намозни тарк қилган кимсани дунёю охиратда хасратда қолишга ҳукм қилган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир” (Мунофиқун сураси, 9-оят).
Муфассирлар айтишади: “Бу оятдаги Аллоҳнинг зикридан мурод беш вақт намоздир. Ким намозни тарк қилса, ҳасрат чеккувчилардан бўлади”.
Намозни тарк қилган кимса нифоқдан ва дўзахдан омонда бўла олмайди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким қирқ кун жамоатда аввалги такбирни топиб намоз ўқиса, унинг учун иккита нарсадан омонда бўлиш ёзилади: дўзахдан омонда бўлиш ва нифоқдан омонда бўлиш” (Имом Термизий ривояти).
Намозни тарк қилган кимса ҳақида Аллоҳ таоло айтади:
(Ушанда) кўзлари қуйида (ерга қараган) ва уларни хорлик эгаллаган ҳолда бўлурлар. Улар соғлом бўлган ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо ундан бош тортгандилар)(Қалам сураси, 42 -43-оятлар).
Саиб ибн Мусайяб (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Инсонлар соғлом бўлсалар-да, “Намозга шошилинг! Нажотга шошилинг!” калималарини эшитиб, унга жавоб бермайдилар. Дунёда намозни муҳофаза этган ҳар бир киши охиратда Аллоҳ таоло учун сажда қилади. Ким дунёда намозни тарк этадиган бўлса, Аллоҳ таоло охиратда ундай кишидан сажда қилиш неъматини олиб қўяди”.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким намозни мухрфаза қилса, қиёмат кунида намоз у киши учун нур, хужжат ва нажот бўлади. Ким намозни муҳофаза қилмаса, у учун нур ҳам, хужжат ҳам, нажот ҳам бўлмайди. Ундай киши қиёмат куни Қорун, Фиръавн, Хомон ва Убай ибн Халаф билан бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Айрим уламолар айтишади: “Намозни тарк қилган кимса ана шу тўрт киши билан тирилтирилади. Чунки у одам мол-мулки ёки вазирлик (мартабаси) сабабидан, ё бўлмаса тижорати сабаб намозидан машғул бўлиб қолади. Агар моли сабаб намоздан чалғиб қолган бўлса, Қорун билан бўлади. Мулки сабаб намоздан машғул бўлиб қолган эса, Фиръавн билан бўлади. Вазирлиги (мансаби) сабаб на-моздан машғул бўлиб қолган такдирда, Ҳомон билан бўлади. Тижорат билан машғул бўлиб қолган ҳолда, Макка ғайридинларининг тожири Убай ибн Халаф билан бўлади”.
Намозни вақтидан кечиктириб ўқийдиган кишилар ҳақида Аллоҳ таоло айтади:
“Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар” (Марям сураси, 59-оят).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Намозни доимий ҳолатда зое қилиб, ундан тавба қилмаган кишига Аллоҳ таоло “ғой”ни ваъда қилган”. Ғой-жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ўта чуқур ва таъми ўта ёмон жойдир.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) қўшимча қилиб: “Бу ерда намозни зое қилишдан мурод намозни бутунлай тарк қилиш эмас, балки ўз вақтидан кечиктириш тушунилади”, дейдилар.
Намозни тарк қилган кимса ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар бир жон ўзи (дунёда) қилган (яхши ва ёмон) амали билан гаровлидир. Фақат ўнг томон эгаларигина жаннатларда бир-бирлари билан савол-жавоб қилурлар жиноятчи (ғайридин)лар ҳақида (Улар дўзах аҳлига): “Сизларни Сақарга нима киритди?” (деганларида), улар айтурлар: “Бизлар (дунёда яшаганимизда) намозхонлардан эмас эдик, мискинга (бизга берган Аллоҳнинг бойлигидан) таом берувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (беҳуда сўзларга) шўнғийдиганлар билан бирга шўнғир эдик. Жазо кунини (қиёматни) ёлғонга чиқарар эдик то аниқ нарса (ўлим) келгунича”. Энди шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермас”.
Ким намозни тарк этиб, Аллоҳ таолога сажда қилмайдиган бўлса, қиёмат кунида Сақар водийсида тирилтирилади. Бундан Аллоҳ таолонинг ўзи паноҳ берсин.
Намозни тарк қилган инсоннинг юзи қиёмат кунида биринчилардан бўлиб қора тортиши ривоят қилинган.
Ҳаром ейиш. Кўпгина мусулмонларнинг уйларида тарқалган иллатлардан яна бири - луқманинг ҳалол-ҳаромлигига эътибор қилмай ейиш. Бу катта мусибатдир. Чунки бунинг натижасида диний тарафдан ўзини жиловлаб туриш ва муроқаба заифлашади.
Зеро, тирик қалб эгаси ҳалол ейишга ошиқади. Касал қалбли инсонга эса, ҳалолданми ёки ҳаромданми, фарқи йўқ, истеъмол қилаверади.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Инсонларга бир замон келади. Киши молни қаердин топаётганига, ҳалолданми ёки ҳаромданми эканига эътибор ҳилмай кўяди” (Имом Насоий ривояти).
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал-лам)дан: “Албатта, ҳалол очиқдир. Албатта, ҳаром очиҳдир. Иккисининг орасида шубҳали нарсалар бор. Уларни кўпчилик билмайди. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлабди. Ким шубҳаларга воқе бўлса, ҳаромга воқе бўлибди...”, деганларини эшитдим”, деди (Муттафақун алайҳ).
Албатта, ҳаром луқма ейиш дуо қабул бўлмаслигига сабаб бўлади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Албатта, Аллоҳ таоло пок Зотдир. Фақат пок нарсаларнигина қабул қилади. Албатта, Аллоҳ таоло пайгамбарларга буюрган нарсасига мўминларни ҳам буюради.
Аллоҳ таоло айтади.
“(Пайғамбарларимизга бундай дедик:) “Эй пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман” (Муъминун сураси, 51 -оят);
“Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”(Бақара сураси, 172-оят)
Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир кишини зикр қилиб: “Узоқ сафарда юриб сочи тўзиган, усти чанг киши кўлини кўтариб, ё Аллоҳ, ё Аллоҳ, дейди. Ҳолбуки таоми ҳаром, шароби ҳаром, кийими ҳаром ва ҳаром билан овқатланган бўлади. Бундай инсоннинг дуоси қандай ижобат қилинсин?” дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан инсонларнинг дўзахга кирипшга энг кўп сабаб бўладиган нарса ҳақида сўралганида у зот (алайҳиссалом): “Оғиз ва фарж”, деб жавоб бердилар.
Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан инсонларнинг жаннатга киришига энг кўп сабаб бўладиган нарса ҳақида сўралганида у зот (алайҳиссалом): “Аллоҳга тақво қилиш ва хусни хулқ”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ҳаромдан ўсган гўшт борки, дўзах унга хақли бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бир ўйлаб кўринг! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларининг тақволари қандай эди? Уларнинг аввалида Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) турадилар. У киши ҳақларида Оиша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Абу Бакр Сиддиқнинг бир қуллари бўлиб, у Абу Бакрга харож чиқарар эди. Абу Бакр Сиддиқ ундан ер эдилар. Бир куни қул харождан бир нарса олиб келди. Абу Бакр Сиддиқ ундан едилар. Қул Абу Бакр Сиддиққа: “Бу нималигини биласизми?”, деди. Абу Бакр Сиддиқ: “Нима бу?” дедилар. Қул: “Жоҳилиятда бир инсонга коҳинлик қилган эдим. Коҳинликни яхши қилмайман. Уни алдагандим. Шу (коҳинлигим) сабабидан менга бир нарса берди. Бу еганинг ана шу молдан”, деди. Абу Бакр Сиддиқ қўлини оғзига киргизиб, қорнидаги бор нарсани қайд қилиб юбордилар” (Имом Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Дийнор (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Маккага йўлга чиқдик. Йўлда дам олиш учун тўхтадик. Тоғдан бир чўпон тушиб келди. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) унга: “Эй чўпон, қўйлардан биттасини менга сот”, дедилар. Чўпон: “Мен қулман”, деди. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Хожангга “Қўйни бўри еб кетти”, деб қўя қолмайсанми?” дедилар. Чўпон: “Аллоҳ қаерда қолади?” деди. Умар (розияллоҳу анҳу) йиғладилар. Қул билан хожасини олдига бориб, қулни сотиб олдилар ва озод қилдилар. Қулга қараб: “Мен сени бу калима учун дунёда озод қилдим. Охиратда ҳам дўзахдан озод қилинишингни умид қиламан”, дедилар”.
Имом айтади: “Банда ҳаром қилинган нарсадан икки томонлама муохаза қилинади (жавобгарликка тортилади).
Биринчиси: Раббисига бўлган ёмон гумони учун. Агар Аллоҳ таолога итоат қилиб, ҳар нарсадан У Зотни устун қўядиган бўлса, унга фақатгина ҳалол нарсалар берилади.
Иккинчиси: юқорида зикр қилинган нарсани би-либ тургани сабабли. Ким Аллоҳ таоло учун бир нарсани тарк қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло унга тарк этган нарсасидан кўра яхшироғини эваз қилиб беради. Лекин ундай инсон шаҳвати сабрига, ҳавойи нафси ақлига ғолиб бўлганлиги боис ҳаром ишларни қилади.
Биринчи тоифа инсон илми пастлигидан, иккинчи тоифадаги инсон эса ақли ва фаҳм-фаросати заифли-гидан шундай йўл тутади.
Демак, ҳар бир мусулмон киши ўзи ҳақида, аёли ва фарзандлари ҳуснида Аллоҳ таолога тақво қилиши ва уларни фақатгина ҳалол йўл билан таомлантириши лозим бўлади.
Ўтган салафи солихдардан бирининг аёли эри тонгда уйдан чиқиб кетаётганида шундай дер экан: “Бизнинг ҳақимизда Аллоҳ таолога тақво қилинг. Ҳаром нарса билан таомлантирманг. Чунки биз очликка сабр қила оламиз. Лекин жаҳаннам ўтига сабр қила олмаймиз”.

"Исломда оила" китобидан

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 110 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ