1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Асаб бузишга арзимайди

 

 

 

Бугунги кунингиз жуда оғир кечди. Эрталабданоқ ишингиз қовушмай, кечгача табиатингиз тирриқ, юрагингиз сиқиқ юрдингиз. Ҳаммаси аёлингизнинг «Эртага катта қудангизнинг туғилган куни экан, шунга бирор арзирли совға топиб келсангиз», дейишидан бошланди. Аввалига «Нима бало, қудам бир йилда уч марта туғилган кунини нишонлайдими?» деб хунобингиз ошди. Кейин «ёнингизда ҳемири ҳам йўқлигини, маошгача ҳали саккиз кун борлигини» айтдингизу балога қолдингиз. Аёлингиз хонадонни бошига кўтариб бобиллай кетди: «Ҳов эркак,  қачон бошқа одамларга ўхшаб бирор марта айтган нарсамни баҳона топмай муҳайё қилгансиз? Сизга турмушга чиқибман-ки, шу дийдиё! Бу гал ҳам именинага аммамнинг бузоғига ўхшаб сўппайиб, қўлингизни бурнингизга тиқиб бормоқчимисиз? Аммо ман сизга ўхшаб бунақа шармандаликка чидолмайман, ерри остидан бўлса ҳам совға топиб келасиз. Агар «ман эркак эмасман, қўлимдан келмайди» десангиз, манави халатимни кийиб уйда ўтиринг, ман ўзим бозорга чиқиб, ҳаммасини уддалайман».
Аламингиздан эшикни қарсиллатиб ёпиб, ишга жўнавордингиз. Аёлингизнинг ортингиздан: «Ҳай, ишдан қайтишда ўғлингизнинг мактабига ҳам учраб келинг, яна ремонтга пул сўрашмоқчи шекилли?» деб саннаб қолганини эшитмаганликка олдингиз. Йўлак эшигини жаҳл билан очувдингиз, ноқулай ҳаракатдан кўйлагингизнинг битта тугмаси «чирт» узилиб кетди. Уни ердан олиб чўнтакка солдингизу асабингиз баттар таранглашди.
Тиқилинч автобусда бир барзангининг оёғини бехос босиб олувдингиз, гурзидай муштини бурнингиз тагида ўйнатиб: «Ҳей ипирисқи, кўзингга қарсанг ўласанми, ё бир ҳушёр торттириб қўяйми», деб ўдағайлаганидан дамингиз ичига тушиб кетди. Бунинг устига эрталабданоқ ичволиб, ҳаммаёққа саримсоқпиёз ва ароқ ҳидини бурқситаётган бир ароқхўр тинмай ёнингизга суйкалиб, ҳиқичоқ аралаш аллақандай қўшиқни хиргойи қилар, асабингизни баттар ўйнар эди.
Ишхонангизда сизни бундан ҳам каттароқ кўнгилсизликлар кутиб турган экан. Бугунга бир неча юмушни режалаб келган эдингиз, аммо ҳаммаси чиппакка кетди: марказдан текширувчилар бор экан, бошлиқ  ходимларга ҳисоботларни зудлик билан тайёрлаб туриш ҳақида топшириқ берибди. Энди ишга киришмоқчи бўлувдингиз, сейфнинг калити эрталаб алмаштирган шимингизда қолиб кетибди. «Уф, ҳали уйга ҳам бориб келиш керак».
Энди жўнайман деб турганингизда, телефон жиринглайди, гўшакда яна аёлингизнинг «ёқимли» овози: «Ҳай, дадаси, икки киши келиб, электрни ўчирамиз, деяпти, уч ойдан буён тўламас эканмиз, бирор жойга яширган пулингиз бўлса айтинг, тўлаб қўяй». Жаҳл билан гўшакни ташлаб турсангиз, бошлиқ ҳузурига чақириб қолади: «Мулла Икром, ғизиллаб бозорга бориб келсангиз, кеннойингиз бугун ўртоқлариникига ўтиришга бормоқчи экан». Қани, унга рад жавоби бериб ёки баҳона топиб кўринг-чи, беш йил аввалги хатойингизни ҳам юзга солиб шарманда қилиб ташлайди.
Бу орада ҳамкасбларингиз билан кеча ким кимни ғийбат қилгани хусусидаги даҳанаки жанглар ҳам, кимдир папиросни гул тувагига ташлагани учун фаррош томонидан сизга дашном берилгани ҳам, вилоятда яшайдиган  укангизнинг қарзга ботиб қолгани, иложи бўлса жиндай ёрдамлашиб юбориш ҳақида телефон орқали қилган илтимоси ҳам кайфиятингизни чоғ қилмагани аниқ.
Хулласи, сиз яшаётган дунёнинг бунақа «адолатсизлиги»дан, ташвишларнинг кўпайиб кетганидан, бугунга мўлжалланган қанчалаб ишларингизнинг битмай қолганидан, одамларнинг худбинларча  иззат-нафсингизу вақтингиз билан ҳам,  истагингизу бошингизга кетма-кет тушаётган мушкулотларингиз билан ҳам ҳисоблашмасликларидан ўн марта тутаб, юз марта ёниб оласиз…
Нега инсонларнинг дунё ҳаётидаги кунлари худди сизнинг бугунги ҳолатингиз каби ғавғо-муаммоларга тўла кечади? Нега яшаш бунчалик оғир, машаққатли, нурсиз? Нега қувончли, бахтли, дамлар жуда кам, бунинг устига ниҳоятда қисқа? Ҳамманинг бошида ҳам сизникидай ташвиш, ғам кўпми ёки фақат сиз шунақа «омадсиз», бебахт одаммисиз? Унда нима қилиш, қандай йўл тутиш керак? Қандай қилиб фароғатли, осойишта ҳаёт кечириш, руҳий хотиржамликни қўлга киритиш мумкин?
Шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, ҳар бир инсон, у бой ёки камбағал бўладими, оддий деҳқон ёки катта амалдор бўладими, эр ёки аёл бўладими, ҳамма ҳар куни, йўқса   кунора ё ҳафтада ана шундай кўнгилсизликларни, «бебахт» кунларни албатта бошидан кечиради. Улардан қутулиш учун, дунё кўзга ана шундай зулмат кўринмаслиги учун ҳар бир инсон ўзича йўл ахтаради: биров бунинг сабабларини ўрганишга уринади, биров фолбинга чопади, бошқаси ҳар бир кунини газетларда чоп этиладиган мунажжимлар «башорати»га солиштириб чиқади. Яна бири эса буларнинг ҳаммасини буюк бир Зот бошқариб-кузатиб турганини англаб, ҳамма ишини Унга ҳавола этади.
Инсон яралишига кўра ҳаётда жуда нотавон, сал қийинчилик ёки йўқчиликка чидамайдиган бетоқат, бесабр, ҳеч нарсадан қониқмайдиган махлуқ саналади. Ана шу хислати туфайли ҳаётида таскин, ором топа олмайди. Хотиржам яшашни орзу қиладию аммо буни катта мол-дунё орқали қўлга киритаман, деб болаларча фикр юритади. Минг машаққат билан мол-дунё топганида аллақачон хотиржамлиги ва оромини бой берганини тушуниб қолади. Қалби осойиш топишини истайдию аммо бунинг асл сабабларини бошқа иш ва машғулотлардан ахтаради. Фақат сокин нафсгина руҳий хотиржамлик келтиришини билгани ҳолда нафсининг васвасаларига, фитналарига учиб, орзу-ҳавасга зўр беради.
Мактабда ўқиб юрганимизда устозларимиз «Ҳали шунақанги замонлар келадики, фан-техника тараққиёти энг юксак даражага етиб, машиналар инсонларнинг оғирини енгил қилади, барча ишлар техника зиммасига юкланиб, инсоннинг мацнавий камолоти учун катта имкониятлар очилади, одамлар ортиқча жон койитмай тўкин, хотиржам ҳаёт кечирадиган бўлади», деб овутишган эди. Уларнинг юксак тараққиёт ҳақидаги гаплари асосан тўғри чиқди.
Аммо закий муаллимларимиз бир нарсада хато қилишган экан: ҳаётнинг фаровонлашуви,  тўкинлашиши ҳам одамларга руҳий фароғат, қалб хотиржамлигини бера олмади. Тараққиётда энг юқори даражага эришган илғор мамлакатлардаги миллионлаб кишилар ҳам бугун асло хотиржам эмас, оромини, ҳаловатини йўқотган.
Яқин ўтмишимизга мурожаат қиладиган бўлсак, хонадондан бир киши бирор касб-ҳунар, масалан, деҳқончилик, боғбонлик, косиблик, хаттотлик ёки бошқа нарса билан шуғулланар, унинг топгани бутун оиланинг бир йиллик харажатларига етарди. Ҳатто ортиб қолиб, яқинлар орасидаги муҳтожларга ёрдам ҳам қилинар эди. Чунки у пайтларда нафслар бугунгидай ҳакалак отмаган, орзу-ҳаваслар ҳозиргидай чўққисига чиқмаган эди. Кўпчиликнинг бор маишати нон-сув ва оби-ёвғондан, кийими бир сидирға яктак-чопондан иборат эди.
Аммо бугунги кунда оиладаги ҳамма, эр ҳам, хотин ҳам, ҳатто болаларгача тирикчилик ғамида елиб-югуради, эртадан-кечгача тиним билмайди. Илм ёки китоб мутолаасига вақт йўқ. Ота-онадан хабар олишга имкон топилмайди. Бола тарбияси ҳақида бош қотиришга фурсат етмайди. Ҳатто овқатланиш ҳам йўл устида, тик турган ҳолда кечади.
Хотиржам яшаш учун мол-дунё топиляпти, «дунё топиб олай, кейин мазза қилиб хотиржам ҳаёт кечираман» деб орзулар қилиняпти. Аммо бир шоир айтганидай, «Бир тоғдан ошиб ўтсак, сўнгги чўққи шу, деймиз, кейинги тоғ тизмасин кўриб унда не деймиз?».
Ҳозирга келиб бу ҳолатни ҳамма чуқур ҳис этиб турибди. Буни бутун дунёдаги жамиятлар ҳам тан олишга мажбур бўляпти. Фан-техниканинг юксак ривожига қарамай, дунё янги, йигирма биринчи асрда ҳам чинакам бахтли-осойишта ҳаётга эриша олмади: урушлар, мустамлакачилик фитналари, маданият ва мафкураларнинг глобаллашуви, зулм-ваҳшийликлар, жиноятчилик ва фаҳшнинг  авж олиши, ўз жонига қасд қилишлар, бедаво касалликларнинг кўпайиши, ахлоқий тушунчаларнинг поймол бўлиши каби фожиалар аср кишиларини тобора ғамгин-изтиробли, эртанги кунидан умидсиз қилиб боряпти. Инсоният учун энг тансиқ бўлган сокин нафс, осойишта ҳаёт, руҳий хотиржамлик эса орзулигича қолиб келмоқда.  
Атрофингизга бир боқинг: қўшнингиз, ҳамкасбингиз, қариндошингиз эрта тонгдан тирикчилик ғамида кўчага отланди. Одамлар автобус-троллейбусларни тўлдириб, машиналарини  елдириб ишга, юмушга шошяпти. Ҳамманинг миясида ишлаш, пул топиш, яхши яшаш, рўзғорини бут қилиш режалари.  Ҳамманинг калласида «манави ишимни битирсам, анави ерга учрасам, шунда хотиржам бўламан, буни топсам, унга эришсам, шунда ҳаётим осойишта, бир маромда ўтади» деган хаёллар.
Аммо бугунга режалаган юмушлар битмайди, чаласи эртага, индинга, келаси ойга ва йилга қолади. Кўпинча бир юмуш ўз ортидан яна қанча юмушларни эргаштириб келади. Бир ташвиш устига яна ўнта ташвиш қўшилади. Эркин Воҳидовнинг «Учи тугук дастрўмол» шецрида айтилганидай, юмушларимиз асло тугай демайди, уларни эсдан чиқармаслик учун дастрўмолимиз учига тугадиган тугунларимиз кўпаяверади. Охири ўша ишларимизни ҳам битирамиз, дунёнинг ҳамма жиҳозларини қўлга киритамиз, орзулаган олий мақсадларимизга ҳам эришамиз. Аммо биз орзиқиб кутган хотиржамлик, ором, руҳий сакинат келай демайди, думини тутқазмайди.
Унда нима қилиш лозим? Ташвишлар тугамас экан, деб уйга кириб бошни ўраб ётиб олиш керакми? Ёки таскин ва осойишта турмуш кечиришнинг қандайдир биз билмаган сирлари, ҳаётий тажрибалар асосида топилган ечимлари борми? Қандай қилиб хотиржам, ҳеч нарсанинг ташвишини қилмай, бирор нарсадан хавотирланмай, жон ҳовучламай ҳаёт кечириш мумкин? Келинг,  шу ҳақда суҳбатлашайлик, кўрган-билганларимизни ўртоқлашайлик, тажрибаларимизни баҳам кўрайлик.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 72 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ