Сайт бўлимлари
Муроса қилишни билинг
Кишилик жамиятида яшашга маҳкум экансиз, сиз хоҳлайсизми-йўқми, барибир ҳар куни ўнлаб турфа хил одамлар билан тўқнашишга, алоқа ўрнатишга, мулоқотга киришишга, олди-берди қилишга тўғри келади. Улар яхши ва ёмон, софдил ва ғирром, ҳақиқатгўй ва алдамчи, оқил ва аҳмоқ, ҳалим ва серғазаб, улфат ва ғаним бўлишади.
Сиз кимларгадир яхшилик қилмоқчи бўласиз, аммо ундан душманлик кўрасиз. Сиз кимдандир ўпкаланиб юрибсиз, аммо у сизга кутилмаганда содиқлик кўрсатади. Баъзилар ҳақидаги илк таассуротларингиз алдамчи чиқиб қолади: олтин деганингиз жез экан, муттаҳам деб ўйлаганингиз мутлақо олийжаноб экан, ёрдам кутганингиз аро йўлда ташлаб кетади.
Дунёдаги одамларнинг ана шундай турфа хил қилиб яратилганининг сиз билан биз билмайдиган сирлари, илоҳий ҳикматлари бор. Вазифа эса ҳамма билан муроса қилиш, ҳар бир инсоннинг қалбига йўл топа олиш, ёвузлик қилганга эзгулик билан жавоб қайтаришдан иборат.
Мана, ишхонангизда бўлган мажлисда бошлиғингиз кутилмаганда ҳе йўқ, бе йўқ, сизни роса танқид қилди, дейлик. Тўғри, касбдошларингиз даврасида шаънингизга айтилган туҳмат гапларни индамай эшитиб ўтириш оғир! Иззат-нафсингиз қаттиқ оғринади, юрагингиздаги чандиқ яна биттага кўпаяди. Бошлиққа нордонгина жавоб қайтариш қўлингиздан ҳам келарди. Лекин бу ҳам масаланинг тўғри ечими эмас, у жимгина эшитиб, индамай кета қолмайди. Барибир яна ўзингизга зарар: баҳона топиб ҳайфсан беради, мукофотингизни қирқади, ўсишингизни тўхтатиб қўяди, ёмонликка олса ишдан ҳайдашгача боради. Бундай ҳолатларда қандай йўл тутган маъқул?
Ҳар бир кўргуликдан ҳикмат қидиринг, ҳар бир фожиадан яхшилик изланг. Бўлиб ўтаётган ҳодисага зийрак кўз билан боқинг: «Эҳтимол бошлиғимнинг ҳозирги кайфияти чатоқдир, асаби бузилгандир, балки у вазирликдан дакки эшитиб келгандир, аламини кимгадир сочиши керак-ку, ахир унинг гап эшитишида ҳаммамизнинг ҳам «ҳиссамиз» бор-да, раҳбар бўлиш осонми, иннайкейин ўзим ҳам кейинги пайтда ишга анча бепарво бўлиб кетдим, балки ўзим билмаган хатоларим кўпдир» каби тахмин-мулоҳазалар билан ўзингизни овутинг. Булар ҳам безовта қалбингизга, қақшаган асабингизга малҳам бўлолмаса, унда янада чуқурроқ фикрлашга ўтинг: «Бошга ҳар на келса бировданмас ўзингдан кўр, тақдиримда бугун дакки эшитиш ёзилган бўлгач, истасам ҳам, истамасам ҳам албатта унга рўпара бўлиш бор, қазога рози бўлмаслик оқил кишиларга хос нарса эмас, майли, бундан кейин топширилган ишга бунақа бепарво бўлмайман».
Шунда ҳамма нарса ўз жойига келади. Бошлиқ ҳам ғазабидан тушган, сизнинг ҳам асабингиз жойида, ҳамкасблар ҳам виждон оғриғидан қутилиб қолишган, сизларни уриштирмоқчи бўлган «шайтоннинг бўйни узилиб тушган».
Икки баобрў дўст қуда-анда бўлишди. Икковларининг фарзандлари ҳам оилада ёлғиз улғайган эди. Табиийки, катта мансаблар эгаси, топиш-тутиши яхши бўлган икки биродар дилбандларини ҳеч нарсадан қисмай, айтганини муҳайё қилиб, па-палаб ўстиришган. Тўйдан беш-олти ой ўтмаёқ янги оила аҳиллигига дарз кета бошлади. Келин-куёв ёшликка бориб, бўлар-бўлмас ишлардан ғишава чиқара бошлашди, «деди-деди»лар кўпайиб кетди.
Қудалардан ёши улуғи ва мансаби кичикроғи ҳаёт тажрибасига суянган ҳолда ёшларга панд-насиҳат қилиб, уларни муросага чорласа, келиннинг отаси эса ўз мавқе-мартабаси ва мол-дунёсининг ҳароратига маст бўлиб «қудасига ҳали кимлигини кўрсатиб қўйиши, қизини «хўрлаш»ларига йўл қўя олмаслиги» билан дўқ уриб, вазиятни баттар чигаллаштиради. Ҳатто «гап уқмас» қудасига таъсир кўрсатиш учун унинг хонадонига бир неча бор маҳалла оқсоқолларини, дўстларини бошлаб бориб, «муҳокама қилиб» келди. Куёвини ҳузурига чорлаб, танбеҳ берди, қизини ажратиб олиш билан қўрқитди.
Ваҳоланки, куёв бечора ичмас, чекмас, бузуқ ва гуноҳ ишлар билан шуғулланмас, бор айби хотинини йўлга солиш, ундан итоат кутиш эди, холос. Фарзанд ширин, иккови қуданинг хотиржамлиги, ҳаловати, фароғатига раҳна етди. Ўртада қизариб-бўзаришлар ҳам бўлиб ўтди. Ҳатто келиннинг оиласидагилар қудаларининг жанжаллашишдан қочаётганини, гап талашишлардан ўзини четга олаётганини, инсоний андишасини бошқа нарсага йўйишди: «Айби борки, ғиринг дея олмаяпти, йўқса айтмайдими ичидаги гапларини, шунчалик қўрқаркансан, ўғлингни йўлга солсанг ўласанми?».
Катта қуданинг сабридан, «индамаслиги»дан бошқаларнинг бошига иш тушганини кўриб роҳатланадиган ғаламис кимсалар яйраб, гап-ғийбат бозорини қизитди. Икки қуданинг хонадони анча вақтгача ғам-алам ва ғурбат масканига айланди. Бир-бирларига хусуматлари кучайди, ўртадан парда кўтарилди.
Орадан ойлар ўтди. Ёшлар аста-секин турмуш деб аталган мураккаб жараённинг сир-асрорларини, талаб-қоидаларини англаб етишди, кўзлари очилди. Бир-бири билан синашта бўлиб, ҳаётлари маромига тушди. Бунинг ортидан қудалар ҳам «ярашиб» кетишди. Фақат ўртада йўқ ердан туғилган совуқчилик, юракларга тушган дарз қолди. «Вақт энг яхши табиб», деганларидай аста-секин дил яралари ҳам тузалиб кетди. Ҳозир икки хонадон аъзоларидан аҳилроқ одам дунёда йўқ.
Энди ўзимизга битта савол берайлик: мана шу машмашада катта қуда босиқлик қилмай, муроса йўлини тутмай қудасига ўхшаб қизиққонлик қилганида, обрў-мавқе талашганида, нафсониятини ўйлаганида охири нима билан тугар эди? Уруш-жанжаллар авжига чиққан, иккала оиладагилар бир-бирлари билан ёвлашган, асаблар таранглашган, соғлиқлар йўқотилган, ҳақорат-муштлашишлар, ҳатто судлашишгача борилган бўлар эди. Охири тоқатлар бардош бера олмай, келин-куёв ажрашиб кетган, ўртада туғилажак фарзанд ҳатто отасини кўрмай етимликда улғайган бўлур эди. Бундан энди кимга фойда бўлардию, кимга эса зарар?!
Одамлар билан муносабатларда сиз ҳамиша муроса йўлини тутинг, ҳар бир ноқулай ҳолатдан чиқиб кетиш йўлини қидиринг, ёмонликни эзгу мақсад сари буриб юборинг, ҳалимлик ва тавозеъ каби хислатларни намойиш қилинг. Кимдир сизга душманлик қилса, сиз унга ёрдамга шайланинг. Кимдир ғийбат қилса, сиз унга муҳаббатингизни билдиринг. Сўкканга қучоғингизни очинг. Шу йўл билан сиз уларнинг хусумат қиличларини синдирасиз, ғазаб оловларини ўчирасиз, қалбларидаги нафрат музларини эритиб юборасиз, қазиган чоҳларини ўзларига кўмдирасиз.
Қўшничилик муносабатларида ғаразлар, тушунмовчиликлар, машмашалар, хусуматлар, уриш-жанжаллар айниқса кўп учрайди. Арзимас сабаблар, таги йўқ гаплар туфайли кўп қўшнилар бир-биридан аразлаб юради, ғижиллашади, судлашишгача боришади.
Ахлоқимиз талабларига кўра, қўшнилар билан яхши муомалада бўлишимиз, ёрдам ёки қарз сўраса беришимиз, касал бўлса ҳолидан хабар олишимиз, йўқлигида уйи ва оиласини ҳимоя қилишимиз, унга зарар ёки қийинчилик туғдирмаслигимиз керак. Туркистоннинг улуғ олими ва жамоат арбоби Алихонтўра Соғуний: «Бугун қўшнимиз ҳам овқат еяптими? Агар улар оч қолган бўлишса, бугун овқатимизни уларга беришимиз ёки уларнинг овқат топадиган кунларини кутишимиз керак», дер эканлар.
Ҳасан Басрий айтади: «Яхши қўшничилик қўшнига зарар беришдан тийилиш эмас, балки қўшни тарафидан келган зарарга сабр қилишдир». Маҳмуд Қошғарий эса: «Чиябўри қўшничиликка риоя қилиб қўшнисини емайди», деган.
Бир танишим шундай ҳикоя қилади: «Инсончилик экан, бир куни ишдан келсам, уйда ёлғиз қолган фарзандлар бепарволик қилиб, пастдаги қўшниникига сув оқизиб юборишибди. Фалокат кўлами ҳақиқатан салмоқли: яқиндагина таъмирдан чиққан деворларда сув изи, гиламлар ивиган, шифтнинг сувоғи кўчиб тушган, хонадон соҳибаси аламидан нуқул лабини тишлайди. Унинг ҳолатини тушундим. Дарров етказилган зарарнинг товонини тўлашга розилигимни билдирдим. Гиламларини кўплашиб ташқарига чиқариб ёйдик. Поллардаги сувни биргалашиб тозаладик. Хулласи, аламлар тарқади, муносабатлар изига тушди, ҳанузгача орамиздан қил ўтмайдиган аҳилмиз. Агар ўшанда осмондан келиб, «Нима бўпти, ҳамманинг бошида ҳам бор бу кўргулик, болаларга айтиб қўяман, энди сув оқизишмайди» деган гаплар билан асабини ўйнаганимда ўзимга бир умрли душман орттирган бўлардим».
«Қўрқув билмайин десанг, ёвузлик қилма», дейди Қобус. Хотиржам бўлиш учун эса қўрқмай яшаш лозим. Хулоса чиқадики, хотиржамлик ўзгаларга ёвузлик, ёмонлик қилмаслик булоқларидан сув ичар экан. Кимдир сизга ёмонлик қилади: йўлингизга ахлат тўкади, тарновини сизникига тўғрилаб қўяди, бўлмағур иғво-фитналар уюштиради, ўзгаларга ёмонлайди.
Бошқа биров ҳақингиздан уриб қолади, молингизни тортиб олади, кўзингизни бақрайтириб алдайди, қуруқ туҳмат қилади. Яна биттаси ютуғингизга кўз олайтиради, бахтингизни кўролмайди, асабингизни қақшатади. Ана шундай разолатлар қаршисида сиз ўзингизни қандай тутмоқчисиз? Сизга ёмонлик қилаётганлар билан бирма-бир урушиб чиқмоқчимисиз? Ёки аҳмоқликларига уларнинг усули билан «жавоб» қайтармоқчимисиз? Балки улардан қандай қилиб ўч олиш режаларини тузаётгандирсиз? Эҳтимол бундан тушкунликка тушиб, ўзингизни нотавон санаб, қайғуга ботгандирсиз, пинҳона азоб чекаётгандирсиз?
Буларнинг ҳаммасини муроса чуқурларига кўмиб ташланг, ҳалимлик сувларига оқизиб юборинг, оқиллик гулханларида ёндириб юборинг. Сиз ўша ғанимларингизга эзгулик, яхшилик билан жавоб қайтаринг. Машаққатига елка қўйиб юборинг. Ўқрайса табассум қилинг. Ғазабини сочса тавозеъ-ҳурмат кўрсатинг. Сизни ёмонласа сиз уни мақтанг. Ҳатто мушт туширса, «қўлингиз оғримадими» деб кўнгил сўраб қўйинг.
Шунда сиз унинг қуролини синдирган, ниқобини тешган, даъвосини йўққа чиқарган бўласиз. Энг асосийси, ўз асабингизни асраган, кайфиятингизни ҳимоялаган, соғлиғингизни ўйлаган бўласиз. Бунда асло ютқазмайсиз: иззатингиз хорланмайди, тилингиз қисилган бўлмайди, ҳақингиз кетмайди. Одамлар орасидаги обрўйингизга раҳна тушмайди ҳам. Улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино айтганидай, «Инсон токи ўзини майда гап, ўчакиш, жанжал, шикоят, норозилик, оҳ-воҳлардан озод қилолмас экан, у ифлос ва пастлик табиатидан халос бўлолмайди».
Дейлик, биров сизга зулм кўрсатди, асабингизни қақшатди, молингиз ва жонингизга тажовуз этди ёки одамлар орасида шарманда қилди. Бунга асло эзилманг, у билан олишишни ўйламанг. Ўч олиш режаларини тузиб, вақтингиз ва тоқатингизни совурманг. Ҳамма нарсани Яратганнинг Ўзига ҳавола қилинг, Ундан ёрдам сўранг. У ҳамма нарсани шундай ҳал қиладики, муаммони шундай жой-жойига тушириб қўядики, битмаган ишларни шундай битказадики, ўзингиз ҳам ҳайрон қоласиз. «Яхшиям олишиб юрмаганим, уялиб қоларканман, яхшиям қасд қилмаганим, бошқага жабр қилиб қўярканман», деб таскин-тасалли топасиз.
Ҳусайн Воиз Кошифий айтади: «Гўзал феъл-атворнинг нишонаси ўн нарсадир: биринчи нишонаси – яхшилик, иккинчиси – инсофли бўлиш, учинчи – бошқа одамдан айб қидирмаслик, тўртинчи – бирор кишида ножўя ҳаракат кўрса, уни яхши йўлга бошлаш, бешинчи – айбига иқрор бўлиб келганнинг узрини қабул қилиш, олтинчи – бошқалар машаққатини зиммага олиш, еттинчи – фақат ўз манфаатини кўзламаслик, саккизинчи – очиқ юзли, ширин сўзли бўлиш, ўнинчи – мулойимлик ва тавозеъ кўрсатиш». Ёки Абу Ҳомид Ғаззолий бундай деган: «Кишилардан ўзингга нисбатан қандай муомала кутсанг, уларга ўзинг ҳам худди шундай муомала қилгин».
Одамлардан етган озорларга чидаш ва сабр қилиш, ёмонлик қилганларни кечира олиш ва улардан ўч олмаслик, ҳамиша ҳусни хулқ соҳиби бўлиш аждодларимиз шуҳратини оламга ёйган фазилатлардан бўлган. Тарихда бунга жуда мисол кўп.
Абу Усмон ал-Хирий деган улуғ олим ва тасаввуф шайхини бир киши меҳмондорчиликка таклиф қилибди. Мезбон у кишининг хулқини синаб кўрмоқчи бўлган экан. Абу Усмон айтилган вақтда уникига борди. Уй эгаси йўлакдан қайтарди: «Ҳозир сизга мулозамат қилишга вақтим йўқ, бошқа пайтда келарсиз!». Абу Усмон қайтиб кетиш мақсадида энди узоқлашган ҳам эдики, уй соҳиби: «Қайтинг, эй устоз!», деб чақириб қолди. У киши қайтиб келди. Уйга яқинлашган эдики, мезбон яна ўша эски гапини қайтарди. Абу Усмон яна изига қайтди. Мезбон у кишини яна уйига меҳмондорчиликка чорлади, яна келса «Бошқа вақтда келарсиз», деб яна ноумид қайтариб юборди. Бу ҳол бир неча бор такрорланди, Абу Усмон келишдан чарчамади, мезбон бирор баҳона топиб у кишини изига қайтаришдан эринмади. Бу муомаладан олим хафа ҳам бўлмади, бир туки ўзгармади ҳам. Шунда мезбон у кишини маҳкам қучоқлаб олди-да: «Кечиринг, устоз, мен сизни бир синаб кўрмоқчи эдим, хулқингиз мунчаям чиройли бўлмаса», деб узрхонлик қилди. Шунда Абу Усмон: «Сен менда кўрган нарса итнинг хулқидир, чунки ит чақирилса – келади, ҳайдалса – узоқлашади», деди.
Яна Абу Усмон бир куни кўчадан ўтиб кетаётса, устига катта бир идишдаги кулни ташлаб юборишибди. У киши отдан тушиб, дарров шукр саждасини қилибди, сўнг кийимларидаги чангни қоқиб индамай кета бошлабди. Одамлар «Ҳеч бўлмаса кул тўкканларни сўкиб қўймадингиз-а», дейишса, «Оловга ҳақли бўлган одам кул билан сулҳ тузса, ғазаб қилишнинг нима ҳожати бор», деб жавоб қилган экан.
Шайх Иброҳим Ҳаққий ёшлигида Исмоил Фақируллоҳ ҳазратларига шогирд бўлган эди. Бир куни устоз уни сув келтиришга буюрди. У булоқдан кўзасига сув олаётганида бир отлиқ келиб, «отимни ҳуркитдинг» деган баҳонада Иброҳимни итариб юборди. Унинг кўзаси ерга тушиб синди. У йиғлаб устозининг ҳузурига келди.
– Нима бўлди, ўғлим? – сўради устоз.
– Булоқдан сув олаётсам бир отлиқ келиб итариб юборган эди, кўза қўлимдан тушиб синди.
– Кўзани синдирган одамга бирор нарса дедингми?
– Йўқ, ҳеч нарса дея олмадим.
– Бир оғиз ҳам гапирмадингми?
– Йўқ.
– Унда тез орқангга қайтиб, отлиққа бирор нарса деб кел.
Исмоил Фақируллоҳнинг бу буйруғи ҳаммани ҳайрон қилди. Иброҳим ноилож югуриб булоқ бошига борди. Отлиқ отини юваётган экан. Иброҳим анча тараддудланиб турди, аммо ҳеч нарса дея олмай ортига қайтди.
– Гапирдингми? – сўради устози.
– Йўқ.
– Вақт ўтказмай югур, унга бирор ёмон гап айтиб кел.
Иброҳим яна югуриб булоқ бошига борди. Қараса, ўша отлиқ ерда ётибди. Унга яқин келди, у боши ёрилган, ўзи беҳуш эди. Бу ҳолатдан қўрқиб кетган Иброҳим устози ёнига чопди ва унга бўлган воқеани айтиб берди.
– Эҳ, ўғлим, биргина кўза учун бир одамни ўлдиртирдинг. Унга бир оғиз ёмон сўз айтганингда балки бу ҳодиса рўй бермасмиди?! – деди устози. Шогирдларининг тушунмай ҳайронликда турганини кўрган устоз изоҳ берди:
– Бир киши зулм орқасидан бошқа бир кишини хафа қилса, йиғлатса, мазлум унга қарши ҳеч нарса қилмаса ёки қилолмаса, унинг кўнгли озор топгани учун Ҳақ таоло золимдан унинг ҳақини олади. Кўзаси синган Иброҳим отлиққа ҳеч бўлмаганда «Нима қилиб қўйдинг» деганида отининг тепкисидан омон қолармиди…
Бир ривоятда келишича, тикувчи Абу Абдуллоҳнинг бир мажусий мижози бор эди. У нима кийим тиктирса ҳам ҳақига қалбаки дирҳам бериб кетар эди. Абу Абдуллоҳ дирҳамларни индамай олар, қалбакилигини билдирмас, қайтариб ҳам бермас эди. Бир куни у ўз юмушлари билан бошқа жойга кетса, баъзи чокларини тиктиргани ўша мажусий келди. Устанинг йўқлигини кўриб, шогирдига иш буюрди. Буюртмаси битгач, ҳақига қалбаки дирҳам берди. Шогирд эса унинг қалбакилигини билиб қолиб, уни мажусийга қайтариб берди. Уста келганида бўлган воқеани унга сўзлаб берди. Шунда Абу Абдуллоҳ шогирдига: «Ёмон иш қилибсан, бу мажусий бир йилдан буён менга шундай муомала қилиб келади, мен эса сабр қиламан. Бошқа кишиларни ҳам қалбаки дирҳамлар билан алдаб қўймаслиги учун ундан пулларни олиб, қудуққа ташлаб юборар эдим», деди.
Атрофингиздаги одамлар билан ихтилофга бормаслик, уларни кечира билиш, узрини қабул қилиш, сизга озор етказишганида уларга сабр қилиш хотиржам, осойишта ҳаётингизнинг гаровидир. Бир оғиз сўздан қолинг, ўч олиш деган ниятдаг қочинг, одамларнинг ёмонлигини яхшиликка йўйинг. Шундай ҳолатларда иззат-нафсингиз қийналмасин, юрагингиз сиқилмасин, обрўни бой бергандай бўлманг. Бунда асло ютқазмайсиз. Сизнинг шу йўл билан эришган хотиржамлигингизни ҳеч қандай пул ёки мол билан ўлчаб бўлмайди. Энг асосийси, ўзингиз жуда кўп кўнгилсизлик, фитна-хусуматларга чап берган, ҳаётингизни безаган бўласиз.
Аҳмад Муҳаммад
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 110 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар