1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Одам ажрата оласизми?

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Аслинг қандай бўлса, шундай кўрин, қандай кўринсанг, шундай бўл», деган ажойиб ҳикмати бор. Ҳақиқатан одам ўзлигидан ажраган, «мен»ини йўқотган куни инсонлигидан ҳам мосуво бўлади. Бировга тақлид қилиб яшаган, бировга ёқиш учун феъл-атворини батамом ўзгартиришга уринадиган, кўнглидаги гапни айтолмай тилёғламалик ёки иккиюзламачилик қиладиган одамларга ҳаётда жуда қийин бўлади. 
Аммо инсонлар билан муомала-муносабатларда «менинг бўлганим шу, хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам  кирдикорларимга, хурмача қилиқларимга чидайсан» қабилида йўл тутиш доимий ихтилофларга, ғижиллашишларга, хусуматларга ва бир-биридан кўнгил қолишларга олиб боради. Истайсизми-йўқми, феъл-атворингиздаги қусурларни тарбиялаш, табиатингиздаги хоҳиш-истак ва туғма майлларни вақтинча «ухлатиб туришга» тўғри келади. 
Гоҳо муроса учун қалбингизга қарши борасиз, виждон буюрганидан бироз чекинасиз, табиатингиздаги қайсарлик оловларини ўчирасиз. Акс ҳолда ҳеч ким билан муроса қилолмайдиган, келиша олмайдиган киши сифатида одамларга ёқмай қоласиз, сиз билан ҳеч ким муносабат қилмай қўяди ва бора-бора жамиятдан ажрайсиз. 
Кишилар жиддий ишларда ўзларини муносиб тутганлари ҳолда, майда ишларда асл қиёфаларини билдириб қўйишади. Атоқли воиз Ситсероннинг ажойиб гапи бор: «Доноларнинг иши ақл билан, фаҳмсизроқ кишиларники – тажриба билан, ғирт нодон одамларники –зарурат билан, ҳайвоннинг ҳатти-ҳаракати табиатан қилинади». 
Кўйлак танани кўрсатганидек, қилиқлар ҳам кишининг феъл-атворидан дарак беради. Бир файласуф ёзганидай, «Энг кичик, энг арзимас, энг сезилмас ишимизда ҳам бизнинг бутун табиатимиз, хулқимиз кўринади. Аҳмоқнинг кириб-чиқиши ҳам, ўтириб-туриши ҳам, сукут сақлаши ҳам, ҳаракатлари ҳам ҳеч қачон ақлли кишиникига ўхшамайди».
Мижоз, яъни руҳий феъл-атвор инсонларда тўрт хил бўлади. Яъни одамлар табиатига кўра қизиққон (холерик), хушчақчақ (сангвиник), оғир-вазмин (флегматик), ғамгин (меланхолик) бўлади. Лекин баъзи одамлар буларнинг бирортасига ҳам тушмайди, уларда ана мижозларнинг ҳаммасидаги кўринишлардан бир улушдан бўлиши мумкин. Кишининг мижози унинг ҳатти-ҳаракатлари ва қилиқлари, имо-ишораси, ўзини тутиши, табиатининг ўта вазмин, босиқ ёки қизиққон бўлиши каби ҳолатларда намоён бўлади. 
Айтайлик, сиз яратилишингизга кўра, ўта бетоқат, бесаранжом, шошқалоқ, ҳамма нарсага тез киришиб, тез совуйдиган, бетгачопар ва серҳаракат одамсиз. Сиз билан битта хонада ишлайдиган ҳамкасбингиз ёки бирга йўлга чиққан сафардошингиз вазмин, бир гапини мулоҳаза билан айтадиган, ҳар бир қадамини ўйлаб босадиган сокин ва эҳтиёткор киши. Агар сиз унинг ана шу мижози (табиати-хислати) билан ҳисоблашмай, уни ўз қолипингизга солишга уринсангиз, ёки унинг бу феъл-атвори устидан куладиган бўлсангиз, биринчи кунларданоқ ораларингда чоҳ пайдо бўлади, у бора-бора кенгаяди, охири икковингиз ҳеч бўлмаганда яхшигина душманга айланасиз ва узилишиб кетасиз. 
Ёки аксинча у сизнинг табиатингиз хусусида шундай йўл тутадиган бўлса ҳам аҳвол бундан ўзгача бўлмайди. Шунинг учун кимдир билан узоқ вақт бирга бўлиш (масалан бир хонада ишлаш, эр-хотинлик, сафарда ёки ҳарбий хизматда бирга бўлиш, дўстлашиш)га тўғри келиб қолса, сиз ҳам ахлоқ-одобга тўғри келмайдиган хурмача қилиқларингизни, гап-сўзларингизни, «нотавон кўнгил истаклари»ни уйга ташлаб кетинг. Бордию шеригингиз одобсизлик орқасидан ана шундай «фазилат»ларини намойиш қилиб қолса, босиқлик ва кечирувчанлик истеъдодингизни ишга солиб, унинг қилиқларини сезмасликка, камчиликларига эътибор қилмасликка урининг. Шунда ҳар икки томонга ҳам фойда бўлади, икки яқин киши ўртасидаги ишонч ва муҳаббат ришталари мустаҳкам боғланади. 
Одамларни ажрата билиш, муомала-муносабатларда уларнинг феълига қараб иш тутиш учун уларнинг мижозини ўрганиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Келинг, буларни бирма-бир кўриб чиқайлик:
Қизиққон (холерик) мижозлилар тез ёниб, тез ўчадиган, ҳамиша қайнаб-тошиб турадиган, ҳаддан зиёд ҳаракатчан, руҳий ҳолати «Астробод ҳавосидай» бир кунда минг хил товланадиган, безовта ва жўшқин одамлар бўлишади. Улар ўта ҳиссиётли бўлишади. Кўпинча гапингизнинг ярмиданоқ сабрлари чидамай, нима демоқчилигингизни билишга қизиқиб кетишади. 
Бундай кишилар билан бир хонада, касбда ишлаш хийла мураккаб. Чунки улар ғайрат билан ҳовлиқиб, баъзан эса қўрқа-писа ишга киришишади, ғайрат ва шижоат билан ишлашади, машаққатлардан унча чўчимай, осонликча енгиб ўтишади. Аммо ғайратлари тез совуйди, қанчалик тез ишга киришган бўлса, шунча тез ундан совуйди, бирданига узоқ вақтга «уйқу»га кетади. Қизиққонларда тушкунликка тушиш, ҳаётдан қониқмаслик устун туради. Бундай одамлар билан муомалада сал эҳтиёт бўлинг. Чунки улар ўзгалар билан муносабатда ўз-ҳис туйғуларини жиловлай олишмайди. Гапни ўйлаб ўтирмай, томдан тараша тушгандай қилиб гапиришади. Шунинг учун қизиққонлар бошқаларга баҳо беришда кўпинча янглишишади. Кўп ҳолларда ишхона ва оилаларда бундай одамлар уриш-жанжалларга, зиддиятли ҳолатларга сабабчи бўлиб қолишади. Уларнинг бетгачопарлиги, кўр-кўрона таваккал қилиши, сабрсизлиги, тез хафа бўлиб, тез унутиши туфайли қизиққонлар билан муомала қилиш қийин кечади.
Бу мижозга кирувчиларнинг суврати чизилса, қуйидаги «қиёфа» келиб чиққан бўлур эди: улар саботсиз, жаҳли тез чиқувчи, қизиққон, бетоқат ва беҳаловат, унча-бунча қийинчиликка ва етишмовчиликка чидамайдиган, кескин ва бетгачопар, аммо баҳс-тортишувларда ҳозиржавоб, журъатли ва ташаббускор, таваккалчи, ўзгаларга кек сақламайдиган ва ҳадиксирамайдиган, кайфияти бир хил турмайдиган, кескин ва тез ҳаракат қиладиган ҳамда топширилган ишни тезда уддалайдиган, янгиликларни бажонидил қабул қиладиган, аммо бир қарорга келишда иккиланиб қоладиган кишилардир.
Хушчақчақ ва вазмин (сангвиник) мижозлилар анча ёқимтой ва олийжаноб инсонлар бўлишади. Улар ҳар қандай жамоада ҳам одамлар билан тез тил топипиб, осон эл бўлиб кетишади. Улар ҳамма ишга тез мослашади, бироқ бир хил ишни узоқ вақт бажаришга тоқатлари етмайди. Хушчақчақлар ҳис-туйғуларини жиловлай билишади, янгича шаароитларга тез кўникади, улар яхшигина суҳбатдош бўлиши мумкин, чунки уларга ҳар қандай ётсираш бегона. 
Бундай мижозли кишилар сўзамол, тортинишни билмайдиган, гапирганда бурро, дона-дона қилиб, қўлларини қимирлатиб ёки маъноли ишоралар билан сўзлайдиган бўлишади. Агар уларнинг қалбига йўл топа олсангиз ва ишлашлари учун етарли шароит яратиб берсангиз, улар тоғни талқон қилиб, ерни яксон қилиб ташлашлари мумкин. 
Бордию уларга бир хил, зерикарли, узоққа мўлжалланган иш топшириб қўйсангиз, роса хуноб қилган бўласиз. Ишларидан мутлақо совиб кетишади, бефарқ қарайдиган бўлишади. Сал баҳона топиб жуфтакни ростлаб қолишади. Бир қарашда ўта ҳиссиётли бўлиб кўринишса-да, туйғулари тез уйғониб, тез сўнади. Баъзан умуман лоқайд, ҳиссиз одамга ҳам айланиб қолишлари мумкин. Уларнинг кайфияти тез-тез ўзгариб турса ҳам, барибир бу нарса яхши инсонлар бўлиб қолишига таъсир кўрсатмайди.
Бундай кишиларнинг «қиёфа»сини бундай тасвирлаш мумкин: улар қувноқ, хушчақчақ, бир гапириб ўн куладиган, серҳаракат-ишчан, аммо бошлаган ишини охирига етказмайдиган, ўз қадрини яхши биладиган, янгиликларни тез пайқайдиган, бироқ қизиқиш ва иштиёқлари тез ўзгарадиган, тез хавотирга тушувчи, янги шароитга тезда мослашиб, топширилган ишларга  кириша оладиган, аммо хийла беқарор, бир хилликдан дарров зерикадиган, одамлар билан киришиб кетадиган ва кўнгилчан, кутилмаган ва қийин шароитларга ҳам тайёр тура оладиган, кайфияти доимо кўтаринки, бошига иш тушса, тезда ўзини ўнглаб олишга қодир, баъзан юзаки ёндошиш ва рад этишга мойил кишилардир.
Оғир-босиқ (флегматик) мижозли кишилар одатда вазмин, камҳаракат, камгап бўлишади. Бир ишга киришмоқчи бўлишса, шошмай, «етти ўлчаб» иш тутишади, суст ҳаракат қилишади, бошлаган ишларини охиригача бир маромда, сабот-бардош билан, аммо эҳтиёт бўлиб етказишади. Уларда руҳий жараёнлар ҳам жуда секин кечади. 
Оғир-вазмин кишиларнинг ҳис-туйғулари бир хил ва сокин кечиши туфайли уларнинг кайфиятини бирданига англаб бўлмайди. Улар ўзаро муомалада босиқ, виқорли, ҳамма нарсага чуқур мулоҳаза билан қарайдиган, турғун кайфиятли бўлишади. Бундай кишиларга узоқ вақт совуққонлик ва вазминлик билан бажариладиган, сердиққат ва масъулиятли ишларни топширган маъқул. Бордию уларни кўп ҳаракат ва тезкорлик билан бажариладиган, фаоллик талаб қиладиган юмушларга мажбурласангиз, ишингиз битмаслиги аниқ. Чунки улар тезда бундан зерикиб, ҳафсалалари пир бўлиб қолади.
Бундайларга мана бу таърифни бериш мумкин: улар қатъиятли ва синчков, сокин, сўлғин ва совуққон, эҳтиёткор ва сермулоҳаза, камгап, ортиқча гап-сўзни ёқтирмайдиган, ўзи оз ва сокин гапирадиган, кута олувчи, бошлаган ишини охирига етказувчи, жаҳли чиқса тезда боса оладиган, камҳаракат, кучини беҳуда сарфламай, ишни қатъий тартиблар асосида олиб борувчи, иштиёқларидан тийилишни биладиган, мақтов ёки танбеҳларга унча аҳамият бермайдиган, ишга секин киришиб, биридан иккинчисига қийинчилик билан ўтадиган, нотаниш шароитга кўникиши қийин кечадиган, ҳамма нарсада тартибни ёқтириб, ҳамма билан самимий, бирдай муомала қиладиган, ҳар қандай шароитда ўзини тута оладиган кишилардир.
Ғамгин ва тортинчоқ (меланхолик) мижозли одамлар беқарор, ўзгарувчан, камҳаракат, ўз кучига ишонмайдиган, уятчан ва ҳиссиётли бўлишади. Уларнинг ҳис-ҳаяжони ва туйғулари секин уйғонади, унча-мунчага жаҳли чиқмайди. Аммо ғазабга минса, «совиши» ҳам жуда қийин кечади, бунинг учун катта куч ва кўп вақт керак бўлади. Ғамгинлар сал нарсадан ранжиб қолишади. Хафагарчиликни кўнгилларига олиб, узоқ вақт эсдан чиқаришмайди, оғринганларини ҳатто юзларидан билиш мумкин. 
Бундайлар хийла одамови бўлишади, жимжитликни, ёлғизликни ёқтиришади. Янги танишган ёхуд бегона одамлар билан дарров тил топа олишмайди, суҳбатдан қочишади. Янги шароитга, нотаниш одамлар даврасига тушиб қолишса, ўзларини ноқулай ҳис қилишади. Шовқин-суронли давралар, турмушдаги янгиликлар,  ўрганган нарсаларидан ўзгаси безовта қилади, ҳаловатларини кетказади, руҳиятларини издан чиқариб юборади. Аммо кўниккан тинч ва осойишта шароитдаги ишларни қойилмақом қилиб бажаришади.
Бу каби одамларни таниб олиш  қийин эмас, қуйидаги «қиёфа»сидан ажратиб олса бўлади: улар уятчан ва тортинчоқ, доим янги шароитлар изловчи, лекин янги танишлари билан киришиб кета олмайдиган, ўз кучига ишонмайдиган, субутсиз, фақат ёлғизликда ўзини яхши ҳис этадиган, омадсизликдан тушкун ва паришон юрувчи, тез чарчаб, тез ўзини йўқотувчи, беихтиёр суҳбатдошининг феъл-атворига мослашадиган, тез-тез кўз ёши қилиб турувчи, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам катта талаб қўядиган, шубҳа ва гумонсирашларга мойил, дардчил, кўнгли нозик, жаҳли дарров чиқадиган, ҳеч кимга сирини  очмайдиган, одамови, кўнгилчан, одамлардан меҳр, ҳамдардлик кутиб яшайдиган одамлардир. 
Сиз жамоат ичида кўп бўлишга, турли одамлар билан мулоқот ва муомала қилишга мажбур экансиз, уларнинг феъл-атворини, қизиқиш ва туйғуларини ҳам билишга, уларнинг мижозидаги яхши ва ёмон томонларини тушунишга, хулласи уларнинг кимлигини «таниб» олишга ҳам мажбурсиз. Чунки, бундай қилмасангиз, инсонлар билан муносабатларда кўзлаган мақсадингизга эриша олмайсиз. Улар билан яқинлашиш, ишларингизни битириш, кўнгилларини олиш ўрнига улар назаридан қолишингиз, ишончларига киролмай қийналишингиз, душманга айланишингиз, энг ёмони руҳий хотиржамликни ва фароғатингизни йўқотишингиз мумкин. Бу эса ҳаётингизни издан чиқариб юбориши ҳеч гап эмас!

Ҳозир сайтимизда 116 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ