1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Бойлар ва бойлик мадҳи

Бойликни ва бойларни қоралаб-ёмонлаб бўлмайди. Агар бойлик ёмон нарса бўлганида  закот фарз қилинмаган бўлур эди. Бойлик катта савоблар, ажр-мукофотларга эришишнинг воситасидир, инсоннинг саховат, ҳиммат, инфоқ-эҳсон, силаи раҳм, олийжаноблик каби фазилатларга эришуви йўлидир. Фақат бойликни буюрилган йўлларга сарф этиш билангина, бу борада мўътадил йўл тутиш орқалигина савоб-мукофотларга эришишга муваффақ бўлинади.  
Яхши инсон дунё ва охират мувозанатини сақлаган кишидир. Дунё боқий дунёни излаш ва топиш учун керак, холос. Кўпгина инсонлар дунёни ёмонлик ва гуноҳ ишларга восита қилишгани туфайли у ёмонланади. Аслида яхши йўлларга бошлаб борувчи, охиратни қозонтирган дунё ёмон саналмайди, танқид қилинмайди.
Умуман ушбу китобни ёзишдан муродимиз мол-дунёни, бойликни қоралаш, одамларни  бойликка ва бойларга душман қилиш эмас. Инсонларни мол-дунёга интилишдан, унга рағбат кўрсатишдан қайтариш ҳам эмас. Сабаби, Аллоҳ таоло мол-мулкни яхши нарса ҳисоблаб, уни бандалар учун ҳаёт кечириш воситаси, садақа-эҳсонлар туфайли савобга эришиш омили қилиб қўйган. У бировга беҳисоб мол-дунё ато қилган бўлса, бошқа бировни ундан қисиб қўйган. Буларнинг бари Унинг ўлчовлари, инсонларни синаш учун бир имтиҳонидир. У бойлик-давлат бериб ҳам, камбағал-ночор қилиб қўйиб ҳам имтиҳон қилаверади.
Қолаверса, «Мен бойликни ёмон кўраман, менга дунё неъматларидан ҳеч нарса керак бўлмайди», деган одам ёлғон сўзлаган бўлади. Чунки инсонлар дунё молига орзу-ҳавасли, яхши яшашга, фаровонликка иштиёқли қилиб яратилган.  Таркидунёчилик ёки  берилган дунёни истамай, сочиб-исроф қилиб юбориш каби ҳолатлар қораланган. Сизга мол-дунё мўл-кўл қилиб берилибдими, бу Унинг сизни мол-дунё билан имтиҳон қилаётгани бўлади ёки сизга инфоқ-эҳсон, хайр-саховат эшикларини очиб, савоб-ажрларга эришувингиз учун имкон бергани бўлади.
Баъзи кишилар «Бу фоний дунёга муҳаббат қўйиш, рағбат кўрсатиш, пул ва бойлик йиғиш, бу ишларни яхши кўриш дуруст эмас, мусулмон одам учун мол-дунёга интилиш, бу йўлда касб-ҳунарларни ишга солишнинг кераги йўқ», дейишади. Бу ботил, хато ва қабиҳ гаплардир. «Овқат йўғида иштаҳа ҳам бўлмайди», деганларидек, пул-моли йўқлигида атрофидаги одамларга зоҳидликдан, қаноатдан, оз нарсага кўнишдан тўхтамай насиҳат қилган, бойлик ва мол-дунёни тинмай қоралаган, Аллоҳнинг марҳамати билан сал ўтмай бойиб кетгач, бойлигига маҳлиё бўлиб, инсоний қиёфасини йўқотган кимсаларни кўп кўрдик. «Мен мол-дунёдан беҳожатман», дейдиганларнинг ўзлари кўпроқ дунёга муккаларидан кетишади, уларнинг ўзлари бошқаларнинг молини талаш ёки тортиб олиш учун хаёлга келмайдиган алдов ва фитналарни ўйлаб топишади, енгил йўллар билан пул топишга ҳаракат қилишади. 
Пул топиш, айниқса ҳалол меҳнат, фойдали касб орқасидан бойлик орттириш айб ёки гуноҳ иш эмас, аксинча Аллоҳ ва Унинг пайғамбари буюрган хайрли ишлардандир, савоб-ажрларга эришиш воситасидир. Фақат дунёга, мол-мулк тўплашга қаттиқ муҳаббат қўймаслик, уни керакли жойларга сарфлаш, бунда бахилликка, исрофга, риёга йўл қўймаслик талаб этилади, холос.
Дарҳақиқат, мол-мулк дин ва дунё фойдаларига етишиш йўлидаги бир воситадир. Уни аҳлингизга, қўл остингиздагиларга, яқинларингизга инфоқ-эҳсон қилиб, Аллоҳ розилигини топишга имкон берадиган бир неъматдир. Ундан ажратиладиган садақа ва хайриялар  эса савобларни кўпайтиришга ёрдам берадиган бир омилдир. Қолаверса, у инсонни фақирликдан, ночорликдан қутқариб, унга руҳий-маънавий хотиржамлик, ибодат ҳаловатини берадиган бир яхшиликдир. Шунинг учун аждодлааримиз, аҳли тамизлар дунёни ёмонлашмаган, қоралашмаган, аксинча уни мадҳ этишган, мақташган. Донишмандлардан бири дунёни илоннинг заҳрига ўхшатган экан: озгинасини истеъмол қилсанг, шифо топасан, кўпи эса сени ҳалок этиши мумкин. 
Улуғ тобеъинлардан Саид ибн Мусаййиб: «Ҳалолдан мол жамлашни истамаган одамда яхшилик йўқ. Мол билан одамлар орасидаги шаънини, обрўсини сақлайди. Қариндош-уруғларига силаи раҳм (ёрдам) қилади. Молидан бошқаларнинг ҳаққини беради», деган.
Абу Исҳоқ Субайънинг айтишларича, «Улуғлар фаровонлик-кенглик динга ёрдам беради, деб ҳисоблашган». Суфёни Саврий эса: «Бизнинг бу замондаги мол-мулк мўминларнинг қурол-аслаҳасидир», деган. 
Имом Ғаззолий дунёнинг фойдасини дунёвий ва диний қисмларга бўлганлар. У кишининг айтишича, мол-мулкнинг диний фойдалари уч хил бўлади: 1. Мол-дунёни ўз эҳтиёжи учун сарфлайди, яъни  ҳажга ўхшаш ибодат йўлларига ишлатади ёки ибодатга ёрдам берадиган таом, кийим, уй-жой, маскан каби ҳаётий зарур нарсаларга харжлайди. 2. Одамларга сарфлайди, яъни садақа-эҳсон қилади (бунинг нақадар улуғ савоб экани ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади), аҳли илмлар, ёр-дўст, биродарларига зиёфат, ҳадя, иона каби йўлларга ишлатади. Эл-юрт ўртасида обрў-шаънини асрашга ишлатиладиган ва ўзига кўрсатилган хизматлар учун тўлайдиган хизмат ҳақи ҳам шунга киради. 3. Муайян бир нарсага эмас, балки умумий яхшилик ҳосил бўладиган масжид, кўприк, мусофирхона, йўл каби қурилишларга, мусулмонлар фойдасига мунтазам ишлайдиган абадий вақфларга сарфлайди.
Мол-мулкнинг дунёвий фойдалари ҳам кўп. Масалан, у одамлардан нарса сўраш, бировга тобеъ бўлиш хорлигидан, камбағаллик асоратидан халос этади, одамлар ўртасида ҳурмат, қалбларда каромат (эҳтиром) ва виқорни вужудга келтиради.
Шу ўринда Шайх Саъдийнинг бир даъвогар билан бой ва камбағаллик ҳақидаги тортишувини келтириб ўтиш ўринлидир. Шайх  «Гулистон» асарида шундай ёзади: «Кўриниши дарвешга ўхшаса ҳам ахлоқи ўхшамаган одам бир мажлисда ёмон сўзларни бир-бирига улаб, шикоят дафтарини очиб, бойларни мазаммат қилар (қоралар) эди: «Сахийларнинг қўлида бир пули йўқ, ғанийларнинг пул бергани қўли йўқ». Давлатмандларнинг неъмати билан тарбияланганим учун бу сўзлар менга мақбул бўлмади. Унга қараб бундай дедим: «Эй биродар! Бойлар мискинларнинг даромади, кўчада қолганларнинг умиди, зиёрат этувчиларнинг мақсади, мусофирларнинг бошпанаси ва оғир юкларни кўтаргувчилардир. Қўл остидагилари таомдан есаларгина бошқалар ҳам ўша таомга қўл узатишади. Улардан ортган таом бева хотинларга, кексаларга, яқинларига ва қўшниларига ҳам етади. Бойларда вақф, назр, закот, фитр садақаси, ҳадя, қул озод қилиш, қурбонлик каби қанча имтиёзлар, савобли ишлар бор. 
Бойлик саховатга қудрат, саждага қувватдир. Бадавлат кишилар молларининг закоти берилган, кийимлари ва бошқа нарсалари ҳаромдан сақланган, кўнгиллари хотиржам, ибодатга қувват бўлувчи таомлари ҳалолдир. Бўш қоринда эса қувват қайдин бўлур, бўш қўлда мурувват нима қилур, боғлиқ оёқдан қандай сайр келур ва оч қориндан нима яхшилик бўлур. Қитъада айтилганки, «Эрталабки нонуштаси бўлмаса, Кечаси паришон ётар у киши, Чумоли дон йиғади ёз фаслида, Токи бўлур хотиржам унинг қиши». Камбағалликда ҳузури дил бўлмас, қўл калталигида хотиржамлик ҳосил бўлмас. Байт келганки, «Аҳли давлат ҳаққа машғулдир ҳар он, Камбағалнинг эса кўнгли паришон». Шунинг учун бойларнинг ибодатлари қабулга яқинроқдир. Чунки уларнинг диллари сокин, ташвишлари йўқ, тирикчиликни ҳозирлаб қўйишган, кундалик вазифаларини вақтида адо этишади. Арабларнинг: «Хароб қилувчи камбағалликдан, ёқтирмаган кишининг қўшни бўлишидан паноҳ тилайман», деган гапи бор. Ҳадиси шарифда эса: «Камбағаллик икки дунёда ҳам қора юзлиликдир», деб келган. 
Шунда даъвогар: «Эшитмаганмисан, Пайғамбар алайҳиссалом: «Камбағаллик фахримдир, мен у билан фахрланаман», деб марҳамат қилганлар», деди. 
Унга жавобан мен бундай дедим: «Саййидул-оламнинг бу ишоралари марду майдон бўлган бир тоифа кишиларга хосдир. Улар қазо ўқига таслим бўлишган. Маърифатсиз камбағал камбағаллиги куфрга етиб бормагунича ором топмайди, чунки камбағаллик куфрга яқин. Мол-дунёсиз бирор яланғочни кийинтирмоқ ёки бирор балога мубтало бўлганни қутқармоқ мумкин эмасдир…Қайси жойда қийинчилик ва қаттиқлик бўлса, одамлари ўзларини хавфли ишларга отишади, бу ишларидан келадиган балолардан сақланмай қолишади, охират азобидан қўрқмайдиган, ҳалолни ҳаромдан ажратмайдиган бўлиб қолишади. Аммо бойлар Аллоҳ таолонинг инояти билан манзур ҳалолга эга бўлиб, ҳаромдан сақланишган.
Мен бу гапларимни сендан тасдиқлатмайман ва унга ҳужжат ҳам келтирмадим. Ўзинг кўриб турибсанки, бир ҳийлакорнинг қўли орқасига боғлиқ, бир бечора зиндонда ўтирибди, бир бегуноҳнинг ҳурмат пардаси йиртилган (шарманда бўлган) ва ё бир кимсанинг қўли (ўғрилиги туфайли) билагидан кесилган. Буларнинг ҳаммаси камбағаллик сабабидандир. Баъзан арслондай одамлар заруратдан ўғрилик учун девор тешиб, ушланиб қолиб оёқларидан тешилган. Баъзиси камбағаллигидан хотин олишга қодир бўлмай, нафси жимоъни хоҳлаб қолиб, улкан гуноҳга мубтало бўлган. Чунки қорин билан шаҳват нафси бир қориндан тушган болалар кабидир. Тўқлик жойида бўлса, шаҳват нафси оёқда туради. Эшитдимки, бир камбағални гўдак бола билан ёмон иш устида ушлаб олишди. Қанча шармандаликдан кейин уни тошбўрон қилиниш хавфи ҳам бор. Шунда у: «Эй мусулмонлар, хотин олгани пулим бўлмаса, сабр қилгани тоқатим бўлмаса, руҳбонлик (таркидунёчилик) Исломда бўлмаса, ман нима қилайин?!», деди. Бойлар эса ҳар кеча бир чиройлини ёнларига олишади, ҳар куни йигитликни бошидан бошлашади. Аммо шундай чиройли канизаклари бўлатуриб, ҳаром ишлар атрофида айланишса ёки биор зинони хоҳлашса, ўзларига қийин бўлур. Камбағалларнинг кўплари поклик этагини гуноҳ билан булғашган ва очлари нон олиб қочишган. Чунки «Гўшт топса сўрамас дарранда ё ит, Туями ё дажжол эшаги бу эт». Кўп парҳезкор донолар камбағаллик сабабидан фитна-фасодга учрашган, улуғ ва азиз динларини бадномлик шамолига совуришган».
Мен гапимни тугатишим биланоқ даъвогарнинг сабр-тоқати жилови қўлидан чиқиб кетди. Тил қиличини сермади. Сўзамоллик отини беҳаёлик майдонига ҳайдади ва устимга бостириб бундай деди: «Бойларни роса мақтадинг ва бунда хўп оғиз кўпиртирдинг. Сени эшитган киши бойлар очлик заҳрининг давоси, ризқлар хазинасининг калити деб тасаввур қилади. Аслида улар бир ҳовуч мутакаббир, мағрур, мансаби-мавқеига маҳлиё бўлган кимсалардир. Гапирсалар ўйламай гапиришади, қарасалар, малоллик билан қарашади, уламоларни гадойга ўхшатишади, камбағалларни ҳунарсиз деб айблашади. Молллари ва мансаблари ғурури билан ўзларини ҳаммадан яхши деб гумон қилишади. Улар ҳукамоларнинг: «Ҳар ким ибодатда бошқалардан кам бўлиб, давлатда зиёда бўлса, зоҳирда бой, ботинда эса камбағалдирлар», деган сўзларидан бехабардир.
Мен мухолифимга: «Сен бойларни кўп масхара қилмагин, улар сахий кишилардир», деб эътироз билдирдим.
Аммо даъвогар ўз фикридан қолмасди: «Сен ғалат гапирдинг, улар пулнинг қулларидир. Бойлар одамлар устига ёғмайдиган булут каби фойдаси йўқ, офтобдай порлайдиган, лекин нур сочмайдиган бўлади. Бойлик отига миниб чопишади, бироқ Аллоҳ йўлида бир қадам ҳам қўйишмайди. Миннатсиз бир танга ҳам беришмайди. Дунёни машаққат билан тўплашади, хасислик билан пойлашади ва охири ҳасрат билан ташлаб кетишади».
Мен даъвогарга бундай дедим: «Бойларнинг хасислигини гадочилик қилиб билдинг. Ким гадочиликни ташласа, унга сахий ҳам, бахил ҳам баробар кўринади. Заргар олтинни тошдан ажратгани каби гадога ҳам бахилнинг кимлиги аён».
Аммо даъвогар ҳамон тан бергиси келмас эди: «Бахил бойлар эшиклари тагига бағритош мулозимларни тайин қилишадики, муҳтожларнинг киришига йўл бермай, «саройда ҳеч ким йўқ», деб кўкрагидан итаришади».
Бу шу тариқа даъвогар билан узоқ тортишдик. Ўқдонидаги ҳам гап ўқларини отиб бўлганидан кейин даъвогарнинг ҳужжати қолмади. У мот бўлган эди. Шунда у менга қарата беҳуда сўзларни айта бошлади, чунки жоҳиллар одатига кўра хусуматчидан енгилса, адоват занжири билан урушга чоғланади. Шунда у мени сўкди. Мен эса унга қаттиқ гапирдим. У ёқамни йиртди, мен эса соқолидан тутдим. Хуллас, биз тортишувимизни ажрим қилиш учун қозининг ҳузурига бордик. Унинг одилона ҳукмига рози бўлишга қарор қилдик. Шояд мусулмонлар қозиси бирор маслаҳат топиб, бой билан камбағал ўртасидаги фарқни айтар. 
Қози бизнинг аҳволимизни кўрди, сўзимизни эшитди. Кейин бошини хам қилганича узоқ тафаккурга берилди. Анчадан кейин бошини кўтариб шундай деди: «Эй бойларни мақтаган киши, сен камбағалларни ёмонладинг. Билгинки, қайда гул бўлса, у ерда тикан ҳам бор, қайда шароб бўлса, ортидан кулфати келар. Ҳар хазинанинг бошида илон ётар, дур бор жойда одам ютувчи наҳанг, дунё лаззатининг орқасида ажал, жаннат неъматларининг олдида машаққат бордир. Боғда кўм-кўк тол дарахтлари билан қуруқ ёғоч ҳам бордир. Шунга ўхшаш дарвешлар ичида сабрлиси ҳам, бесабри ҳам бўлгани каби бойларнинг орасида  шукр қилувчи сахийлари ҳам, куфрони неъмат қилган бахиллари ҳам учрар. Аллоҳ таолонинг яқин кишилари камбағал суратидаги бойлар ва ҳимматли камбағаллар ҳисобланур. Бойларнинг олий қадрлиси камбағаллар ғамини ейдиганларидир. Камбағалнинг ҳимматлиси эса бойларнинг енгидан тутмайдиганидир. Аллоҳ таоло бундай деган: «Ким Аллоҳга таваккул қилса, унга Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур».
Сўнгра қози юзини мендан дарвешга буриб деди: «Сен бойлар маъсиятга машғул, бефойда ўйинлар билан овора, деб гапирдинг. Албатта бир тоифа бойларнинг ҳиммати йўқ. Аллоҳ таолонинг берган неъматига шукр қилмайди. Молларни тўплаб-йиғади, сақлайди, емайди ҳам, бермайди ҳам. Ёмғир ёғмаса ҳам ёки сел босса ҳам ўз қудратига ишониб, хотиржамликда юради, камбағалнинг ҳолидан хабардор эмас, Аллоҳ таолодан ҳам қўрқмас. Аммо бойларнинг яна бир тоифаси ҳам борки, неъмат дастурхонини ёзган, сахийлик қўлини очган, яхши ном ва мағфират талабида турган. Ана шу тоифа икки дунё саодатига эришгай».
Шундай деб қози сўзини тамомлади. Муболаға отини биздан-да ўздириб кетди. Биз қозининг ҳукмига рози бўлдик, бир-биримиздан ўтганларини кечириб, муросага келдик. Қуйидаги байтни ўқиб икки томонга ажрашиб кетдик:
Эй дарвеш, қилма фалак  жабридин кўп шикоят, 
Шу ҳолингда ўлсанг гар бахтинг қародир, зулмат.
Эй бой, бор экан то қўлда неъмат, дилда ҳиммат, 
Егил, бергил, эҳсон қил, шундадир зўр саодат».

Ҳозир сайтимизда 122 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ