1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Уни кутяпсизми?...

Машина кўчамиз томон бурилганида эндигина тонг ёришиб келаётган эди. Тирикчилик ташвишида дарвозаларидан ҳатлаётган қўшниларимиз гап нимадалигини фаҳмлаб, бош чайқаганча бизни кузатиб қолишди. Ўзимни тутиб тура олмадим. Ҳиқиллаб йиғлаб юбордим. Энди ҳеч қандай умид, ҳеч қандай илож йўқ, яна бир неча соатдан кейин дадам бизни ҳам, бу ёруғ оламни ҳам ташлаб кетади. Кечагина касалхонага кўргани борганимда йиғлаб берган эди, демак, айрилиқ онлари яқинлигини билган экан-да. Мен ғофил эса дадам ўлиб қолиши мумкинлигини умуман хаёлимга келтирмабман. Барибир тузалиб кетади, ҳар қандай касалликнинг давоси бор-ку, деб ўйлабман.
«Дорининг кучи билан нари борса бир сутка ушлаб туришимиз мумкин. Яхшиси, ортиқча қийнамайлик...»
Докторнинг айтган гапи қулоғим остида тинимсиз жаранглаётган эди.
Дадамни ичкарига ётқизиб, ҳовлини саранжомлашга тушиб кетдик. Фақат хурсандчилик кунларга, тўй-томошаларга гувоҳ бўлган ҳовлимизда энди жаноза бўлиши керак. Мен кўзимда ёш билан иш қилар эканман, ўлимини кутиб ётган дадам ҳақида ўйлардим. ҲАҚИҚИЙ ЧОРАСИЗЛИК НИМА ЭКАНЛИГИНИ ҲИС ҚИЛИШ УЧУН АЙНАН УНИНГ ҲОЛАТИГА ТУШИШ КЕРАКДИР БАЛКИ. Бу дунёда насибаси деярли тугаб битганини у жуда яхши тушунар, биз қандай маросимнинг тадоригида ғимирлаб қолганимизни ҳам фаҳмлар эди.
Аммо ким ҳам жигарбандларидан, бор-йўғидан ажраб, ўзини нималар кутаётганини билмайдиган манзил томон йўл олишни истарди?..
Ўлим...
Бугунми-эртами, қачондир у менинг ҳам рўпарамда пайдо бўлиши аниқ. Ер юзида қимирлаган жон борки, вақт-соати етиб, ажал фариштасига иши тушади-ку. Ўша маҳал руҳим танамни тарк этишини, менга ҳам жаноза ўқилиб, тобутимни қабристон томон кўтариб боришлари, айниқса, жонсиз танамни лаҳадга қўйишларини ўйласам, аъзойи баданим жимирлаб кетади.  
Қизиқ, ўлимни хушҳол қарши оладиганлар қандай инсонлар экан? Улар нима учун бунчалар жасур, қай сабаб туфайли ўлимдан ҳайиқмайдилар, юраклари қандай дош беради?
Билмадим. Англаганим шуки, қўрққан билан ўлимдан қочиб қутилиб бўлмайди. У ҳеч кимга «мен фалон куни келаман, тайёр бўлиб тур» деб айтмайди. Инсон қаерда, қай ҳолатда бўлмасин, паймонаси тўлдими, тамом, чора излаб овора бўлмай қўя қолсин. Кўча-кўйда, маст-аласт ҳолатда ёхуд қандайдир жирканч амал устида жон берганлар ҳақида эшитиб, уларга ачиниб кетаман. Қазойим етадиган бўлса, ўз уйимда, яқинларим қуршовида, хорликка учрамай ўлишни орзу қиламан. Мана, худди дадам каби.  
Бирин-кетин ҳол сўраб қўшнилар чиқа бошлашди.
Пешин маҳал дадам сал ўзига келгандай бўлди. «Мени очиқ ҳавога, сўрига олиб чиқинглар», деб туриб олди. Олиб чиқдик. Уч кундан бери бош кўтара олмаётган дадам ўтириб олди, овқат сўради. Дарров ўзи яхши кўрадиган маставадан ярим коса пишириб бердик. Узум еди. Бу ҳолдан жуда қувониб кетган эдик. Умидланиб қолдик. Фойдаси йўқлигини билсам ҳам аямга «дўхтир чақирайлик» дедим.
Бирпасдан кейин дадам яна ичкарига киришни истади. Қадрдон ҳовлига, қуёш порлаб турган осмонга, дов-дарахтлар, чарх уриб учаётган қушларга сўнгги бор, тўйиб-тўйиб қараб олгандир. Қизиқ, ўлими яқинлигини билган одам нималарни хаёл қилади? Балки бу дунёда қилишга улгурмаган ишлари, йўл қўйган хато ва камчиликлари, гуноҳларини ёдга олиб чексиз афсус чекар. Бундай пайтда савобли амаллари кўзига кам кўринар, кўриб турган ёруғлигидан маҳрум бўлишни ва қаро ер бағридан қўним топишни хаёл қилиб бутун вужудини ваҳима қоплар.  
Умр бўйи дард нималигини билмаган дадамнинг иҳраб ётишини кўриб, юрак-бағрим ёниб кетаётган эди. Оғриққа чидолмай ҳар сафар оҳ чекканида ичимни алланарса тирнаб ўтарди.  
Бу дунёда кимнингдир ўлимини кутишдан-да оғирроқ азоб бор, дейишса, асло ишонманг. Айниқса, ўша одам ўз яқинингиз бўлса...        
Оғриқлар тезроқ якунига етишини истар ва айни пайтда бунинг оқибатини аниқ-тиниқ тасаввур қилаётган эдим.
Мен фақат бир нарсани истардим: дадам бошқа қийналмасин...
Шомга яқин дадам қийналмай қолди... Бунчалар осон жон таслим қилишини кутмаган эдим. Жон чиқиши жуда қийин бўлиши, баъзилар ҳатто кунлаб хириллаб, баъзан беҳуш ётиши ҳақида эшитгандим. Дадам эса ҳушидан айрилмади, тилидан ҳам адашмади. Кейинчалик Худонинг ёрлақагани шу бўлса керак-да, деган хаёлга бордим.
Қиблагоҳимнинг жони чиққан маҳал ака-укалар, синглим қатори мен ҳам ув тортдим. Кимларнидир қучоқлаб аччиқ-аччиқ йиғладим. Кейин... кейин эса кўзимдан бир қатра ёш чиқмай қўйди.
Мен дадамнинг вафотини табиий ҳол сифатида қабул қилган ва бунга жуда тез кўниккан эдим. Жаноза пайтида, тобутни кўтариб кетаётганимизда ҳам, қабристонда ҳам ўзимни мажбурлаб, бошқалар кўрсин учун уч-тўрт марта йиғлаб қўйдим. Аввал ўйлаганимдек, дадамга қаттиқ куйганим учун ҳушимдан кетиб, йиқилиб ҳам қолмадим.  
Йиғлаганимдан нима фойда? «Агар тинимсиз йиғласанг, даданг тирилиб келади», дейишса, кунлаб, ойлаб йиғлашим мумкин эди. Дадам ўлди, энди у йўқ! Минг оҳ-воҳ қилсам ҳам, бошимни деворларга уриб, дод-фарёд кўтарсам ҳам зарра қадар нафи тегмайди. Унга берган озорларим, дилини оғритганларим, хизматини ўринлатиб қилмаганларим – бари энди ортда қолди. Қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Тириклигида қадрига етмаган эдим, ўлганидан сўнг унга қандай ёрдамим тегиши мумкин?.. Ҳар-ҳарда руҳига бағишлаб тиловат қилиб тураман. Шу холос.
Ҳамма жаноза билан овораю, мен бир бурчакда турганча ҳаёт ва ўлим ҳақида хаёл сурардим. Инсон умри шунчалик қисқа экан-да. Эсингни таниганингдан бошлаб, тинимсиз меҳнат қиласан, нималаргадир эришиш илинжида елиб-югурасан ва мутлақо кутмаган пайтда бари якунига етиши мумкин. Бугун дадам ўлди. Тез орада эса мен фарзандли бўламан. Тақдир тақозоси шундай, кимдир ўлади, кимдир келади. Дунё асли меҳмонхона деганлари инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Энг алам қиладигани эса ушбу меҳмондорчилик қачон тугашини ҳеч қачон била олмаймиз. Ҳамма масала ҳам шунда-да. Агар ҳар ким қазо муддатини билганида, ер юзи фаришталарга тўлиб кетарди. Балки ҳозирги гапим баландпарвоз туюлар, лекин рости ҳам шу: инсон ўтган умрини вақти-вақти билан сарҳисоб қилиб турсин экан. Токи, ғафлатда қолмаслик учун. Кимнинг журъати етса, ўлимдан қўрқмасин, энг яхшиси, уни кутиб яшашни, ташрифига тайёр бўлиб туришни ўргансин. Шунда кўнгли хотиржамликка эришади.
Дадамнинг вафотидан кейин ана шу хулосага келдим.

Аброр Адҳамзода

Ҳозир сайтимизда 119 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ