Сайт бўлимлари
Яхшиликни яхши инсон қилади
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик Яратганнинг бизга кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим деб қилаётган эзгу меҳнатининг самараси десак, асло янглишмаймиз. Зотан, ҳар бир кунини, ёйинки ҳар сониясини ўзгалар мушкулини осон қилишга, ўксик қалбларни қувонтиришга бахшида этадиган инсонлар - чинакам фидоийлардир. Инсонлар хизматида ҳам бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо саъю-ҳаракатда бўлиш қандай саодат. Бу саодат ҳосили яхшилик деб аталади. Дунёга келиб, ота-онамиз ва яқинларимизни қувонтирган дақиқаларимиздан бошлаб бизни яхши инсон бўлсин, яхшиликлар қилгувчи, эзгу амаллари билан эл назарига тушган инсон бўлсин деб дуо қиладилар. Бизга ён- атрофимиздагиларга, дўсту ёр, ошнаю бегоналарга яхшилик қилишни ўргатиб, яхши амалларнинг бажарувчиси икки дунё саодатига мушарраф бўлишини уқтириб келган катталаримиз, “Ўнг қўлинг қилган яхшиликни чап қўлинг билмасин”, “Яхшиликни қилгину дарёга от, билса балиқ, билмаса Холиқ” деган нақлларни қулоғимизга қуйганлар.
Мулоҳаза қилсак, замонамизда яхшилик ва эзгу амалларнинг ҳам оҳорига путур етгандек гўё. Бир пайтлари бир коса овқатининг ярмини қўшнисига илиниб, ярми билан бола-чақасини тўйдирган, боласининг эгнидаги кийимини эҳтиёжманд танишининг фарзандига берган, сўнгги томчи сувини йўловчи ҳамроҳига илинган кишиларнинг авлодлари бугун арзимаган ёрдамлари учун манфаат кутадилар. Беминнат яхшилик қиляпман, деган иддаони бот-бот такрорлаб турсалар-да, аслида мурувватлари тагзамиридаги таъма яққол кўриниб туради. Ундайларга юқоридаги мақолларни эслатиш билан наф тополмайсиз. Ўзлари ўйлаб чиқарган янги “мақол” билан оғзингизни ёпиб ташлашади:
“Яхшиликни қадрлаган одамга қилиш керак!”
Бироз аввал шундайлардан бири билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. Суҳбат мазмунини келтирсам, муҳтарам ўқувчи ишонмаслиги табиий. Негаки, ўша гапларни ўз қулоғим билан эшитган бўлсам-да, орамизда шу тоифадга одалар борлигидан, боз устига улар халқнинг зиёли қатламидан эканлигидан ҳайратга тушганман. Хуллас, “сувни сингадиган жойга сепиш керак” деган фикрни илгари суришга уринаётган суҳбатдошим айтадики:
— Шу пайтгача мен кимга яхшилик қилган бўлсам, жабрини тортганман. Одамлар яхшилик қилишга арзимайдиган, яхшиликни қадрламайдиган бўлиб кетишган. Мен ҳатто ўз туғишган жигарларимга яхшилик қилиб, раҳмат эшитмаганман. Бегоналарнику қўяверайин. Жамоамизга бир қиз ишга келди. Отаси вафот этган экан, мен унга қиммат кийимларимни бердим, раҳбарият билан гаплашиб маошини кўтардим. Ундайларга қилган ёрдамимнинг сони бору саноғи йўқ. Лекин ҳеч биридан менга наф етмаган. Яна бирининг ишга жойлашишига ёрдам бердим, ишсиз сарсон бўлиб юрганди, охири “маошимни тўлиқ оломадим” деб мен раҳбарлик қилаётган ташкилотни судга беришгача борди. Хуллас, яхшиликнинг ҳам уволи бор экан, мурувватинингизни қадрлай билмаган одамга яхшилик қилиш ўзингизга жабр бўларкан...
— Одамларга яхшилик қилгани ҳам қўрқиб қолдим, -дейди яна бир ҳамюртимиз.- Ўзим пойтахтда иш баҳона қолиб кетганман. Ижарада яшайман. Ижара уйимга тез-тез вилоятлардан келадиган таниш-билишлар келиб туришади. Эрта бориб, кеч ишдан қайтганим учун ҳам ҳамманинг кўнглини бирдек олишга улгурмайман. Қолаверса, ўзим маош билан тирикчилик қиладиган бўлсам. Хуллас ижара ҳаққига ёрдам бўладими, деб бир –иккита қизларни ёнимга олгандим. Бири тўйларда қўшиқчилик қиларди, яна бири аллақердадир ишларди. Хуллас, одамдан яхшилик қолади, деб уларга индамай ош-овқат учун бозорликни ўзим қилибман, бирор куни пули бўлиб қолса ўзи қайтарар, деб ижара ҳаққию коммунал тўловларни ўзим берибман, хуллас мусофир қизларга зулм қилмайин, ҳозир имкони йўқдир, имконияти бўлганда берар, деган ўйда индамай юраверибман. Бир куни ишдан келсам, икковлашиб ижара уйимни шип-шийдон қилиб, маиший техника буюмлари ва тилла тақинчоқларимни шилиб, бунинг устига эшикни ланг очиқ қолдириб кетишибди... Хўш, мен яхшилик қилиб нима топдим?! Менга зарилмиди аллакимларнинг ташвишини қилиш?! Мусофир бўлса ўзига, пули бўлмаса, мен айбдор эмасман-ку!.. Майли, бунисини ҳам қўя турайлик, яқинда тест синовларига келган ҳамшаҳар бир қизни уйимг қўйишимни сўраб танишим илтимос қилди. Рози бўлдим. Уларни кутиб олиш учун ишга кечикиб ишхонада гап эшитдим. Қизга музлатгич ичидаги егуликларни, қаерда нима борлигини кўрсатиб, албатта овқат пишириб ейишини уқтириб ишимга бордим. Кечки пайт ишдан қайтсам, ҳалиги қиз сумкасини илволганча: “Мени фалончи ака пастда кутаяптилар, ҳозир қайтаман” деяпти мендан ўзини уйимга қўйишни сўраган йигитни айтиб. Қиз чиқиб кетгач ҳалиги танишим қўнғироқ қилиб менга бақиряпти: “Нега у кетаман, бу уйда турмайманга тушди?! Ўзи нима қилдингиз унга? Бирор нарса еганмиди?! Овқат-повқат бермагандирсизда?!” дейди уялмай! Мен аллақаёқдаги танимаган- билмаган одамларимнинг хизматкоримидим, ишдан қолиб уни кутволиб, уйимга жойлаштирганим етмагандек, овқат пишириб бошида парвона бўладиган?! Одамлар бундоқ уёқ-буёғига қараб иш қилишса яхши бўларди. Менинг фикримча, ҳозирги замонда бировга, айниқса нотаниш одамга яхшилик қилишнинг ҳеч ҳожати йўқ. Яхшилик қилиш керак, қачонки унга жавоб бера оладиган одамлиги кўзингиз етса ва албатта яхшилигингиз муносиб тақдирлансагина! Ахир ўрислар айтадику, саломга яраша жавоби бўлади, деб...
Бу юртдошимизнинг гапларида нечоғли ҳақиқат бор билмадигу, аммо фикримизча яхшиликнинг ҳеч қандай таъмаю илинжи бўлмайди. У фақат Аллоҳ учунгина ва кишининг ўз кўнгли хотиржам бўлиши учунгина қилинади.
Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қилиб айтганларки: "Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг- эҳсондир. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг - эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир".
Ҳадисдаги ҳар бир каломда улкан маъно, беҳисоб ганжина яширинган. Ундаги ҳикматни англаган киши учун ҳидоят йўлари очиқ, қадру мартабаси юксак бўлади. Биз эса қилган яхшилигимиз, арзимаган мурувватимизни миннат қилиб, ўзи эҳтиёжманд бўлиб турган инсондан яна ниманидир таъма қиламиз. Моддиюндан бошқани кўролмайдиган ноқис ақлимиз англамайдики
Яхшилик — садақа ҳисобидадир!
Юқорида келтириб ўтилган ҳадиси шарифда таъкидланганидек, бир-биридан дилгир бўлган икки инсоннинг орасини яқин қилмоқлик учун айтилган бир оғиз ширин сўз, кимгадир табассум билан билдирилгна тилак, йўлда ётган, кимгадир озори тегиши мумкин бўлган хасни чеккароққа суриб қўйиш ҳам эҳсон, садақа ҳисобида. Садақа эса инсонни балою офатлардан, мусибатлардан пана қилади, дейди буюклар. Аслида кимгадир яхшилик қилиш билан ўзимизга садақа қилаётганимизни, кимнингдир арзимаган юмушининг адо этилишида ҳисса қўшиш билан ўз ҳожатимиз раво бўлишига сабабчи бўлаётганимизни англаганимизда, балки инсонларга яхшилик қилиш учун бир неча борбар тиришган бўларми эдик...
— Халқнинг азалий урф-одатларига назар ташласангиз, ҳар бирининг замирида кимгадир яхшилик қилиш, кишиларнинг мушкулини осон қилишда кўмаклашиш асосий мақсадни ташкил этади, - дейди Бухоро шаҳар 17- умумий ўрта таълим мактаби тарих фани ўқитувчиси Юлдузхон Авезова.- Оддий ҳашар маросимларини олинг. Қўни-қўшни, маҳалладошлар ҳамқишлоқларининг кўпчилик билан битадиган юмушлари ҳақида эшитиб қолишса бўлди, ҳамма ишларини йиғиштириб ўша одамникига чиқиб, биргалашиб ҳар қандай юмушни адо этишга. Эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам ҳашар бўлаётган хонадонга рўзғорларида бор таом ва егуликлардан олиб чиқишган. Бу билан ўртадаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат туйғулари юксалган. Мана шу арзимасдек туюлган инсоний муносабатларнинг ўзида ҳам яхшилик кўзга кўриниб туради. Бугунга келиб эса сиз айтгандек яхшиликка таъма аралашгани ҳисобига юқоридаги муносабатларга ҳам дарз кетган. Ҳозир биров ҳашарга чақирмайди. Одамлар ҳам тирикчилик ташвишидан ортиб қўшнисининг юмушларига қарашгани вақт тополмаяпти. Осонгина ёлланма ишчилар ёрдамида ҳар қандай юмуш бажарилади. Аслини олганда, ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ. Аввало яхшилик қилишни ўзимизга касб этиш учун, кўнглимизда яхшилик уруғи қадалган бўлиши керак, деб ўйлайман...
Мақолада келтирилган мулоҳазалар юзасидан Тошкент шаҳридаги “Мирзо Юсуф” жомеъ-масжиди имом хатиби Раҳимберди Раҳмоновнинг фикрлари билан қизикдик:
— Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир.
Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади.
Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
Улуғ саҳоба Жобир (рз.) Пайғамбаримиз (сав)дан ривоят қилади, Ул зот: "Яхшилик қилишнинг барчаси - садақадир" - деб марҳамат қилганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик - эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади", деганлар.
Дарҳақиқат кимгадир яхшилик қилиш, кимнингдир кўнглини кўтариш, кимнидир қувонтириш билан ўзимизни хотиржам ҳис қиламиз. Яхшиликнинг асосий маъниси ҳам шунда: инсон яхшиликни аввало ўзига қилади. Ва ўзига яхшилик қилиш билан ён-атрофидагиларига нафи тегади, эзгу амаллари кўпаяди. Эзгуликни фақат моддий ёрдам бериш ё жисмоний кўмак деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлади. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам - яхшилик... Нима дедингиз? Бу борада сизда қандай мулоҳазалар бор? Албатта биз билан ўртоқлашинг.
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар