1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Сертакаллуф йигит яхши эр бўлади...ми?

 

 

 

Севишиб турмуш қурган жуфтлик ажралиш остонасида. Орада иккита фарзанд ҳам бор. 
—    Учрашиб юрган кезларимиз мендан ҳеч нарсани аямасди,- дейди жувон ёшли кўзларини ерга тикиб.- Ҳар тонг уйқудан уйғонганимда, ундан бирор совға, ширинлик ёки егулик келган бўларди. Биз ҳафтада икки-уч марта албатта яхши бир қаҳвахонада, романтик оқшом уюштириб овқатланардик. Туғилган кунимни ҳам ўзгача тарзда, худди хорижий сериаллардагидек романтика билан нишонлардик. Ҳамма менга ҳавас қиларди. Ҳатто ўзим ҳам, “шундай йигитнинг муҳаббатини хор қилиб турмушга чиқмасам, хор бўламан” деб ўйлардим. Қанчалик адашганлигимни тўйдан кейинги дастлабки кунлардаёқ англаб етганман. Эримга ўхшаган сермулозамат, сертакаллуф йигитлардан ҳеч қачон яхши эр чиқмас экан. Тўйдан кейин унақанги илтифотларнинг ўндан бирини ҳам кўрмадим... Ҳатто эрим хиёнат қилишгача борди... Мен болали бўлиб уйда ўтирган кезларим, эрим ўқишидаги, ишхонасидаги қизлар билан ошиқ-маъшуқ бўлиб юрган экан... Мулозаматни қотириб қўядиган эримга ўхшаган тилёғлама йигитлар қизларнинг кўнглини овлашга жуда уста бўлади-да...

***   

Ўттиз яшар жувон  оиласидаги нотинчликни бартараф этиш учун келган ота-онаси ва қайнона-қайнотасидан хижолат чекмай, тўнғиллаяпти:
—    Эр бўлиб мулозаматни билмайди. Хотиннинг кўнглини олишни,  совға-саломлар билан хурсанд этишга ақли етмайди.  Бир пайтлари севишиб турмуш қурганмиз. Ҳозир гап орасида буни сизлар маломат қилмасанглар, севги-муҳаббат дегани умуман эсимдан ҳам чиқиб кетган. Оилада романтик кайфият бўлмаса, байрам-туғилган кунларда чиройли гуллар билан қутлов эшитмасанг, шу ҳам ҳаётми? Туғилган кунимда мени бозорга судраб, дўконма-дўкон сарсон қиляпти, “буни олиб берайми, уни олиб берайми” деб. Эркак дегани ҳам шунчалик бефаросат бўладими?..
—    
Турмушда мулозаматнинг ўрни

Оилавий муҳаббат минг бир тасодифларни оралаб ўтувчи энг ғаройиб, кундалик мўъжизадир, деган эди файласуфлардан бири. Бундоқ мулоҳаза қилинса, унинг  фикрида жон бордек кўринади. Оилавий муносабатларда оддий ҳолатлар, арзимаган икир-чикирлар ҳам оламшумул аҳамият касб этади. Эрнинг биргина қараши, хотиннинг  биргина иом-ишораси ҳам жойи келганда вазиятни салбий ёки ижобий томонга буриб юбориши мумкин. Бир муштарийимиз оилавий турмушни эр-хотин  ҳам режисёр ва ҳам бош рол ижросида бўлган спектакл, деб таърифлаганди. Бу иштибоҳга ҳам қўшилса бўлади. Шу ўринда кишини ўйга толдирадиган ҳақли саволлар туғилади:         
Сермулозамат, илтифот кўрсатишга уста, оддий қилиб айтганда қизларнинг кўнглини овлашни дўндирадиган йигитдан келгусида яхши эр чиқадими? Мулозамат, сохта меҳрибончилик ва ошкора муҳаббат ифодаси бахтли турмуш гарови бўла оладими?

Бугунги мулоҳазалар шу хусусда.

Мақолани тайёрлаш жараёнида биз ҳамшаҳарларимизга “Қизларга мулозамат қилишга уста, сертакаллуф, (ухажёр, ухаживатель) йигит уйлангач яхши эр бўла оладими?” деган савол билан мурожаат этдик. Сўровимизда иштирок этганларнинг 70 фоизи, “йўқ. Ундайлар хиёнатга мойил бўлади. Тилёғламалик билан қизларнинг кўнглини овлайдиган йигитдан қандай қилиб яхши эр чиқиши мумкин?” деган жавобни беришди. Қолганлари эса, “ундайлардан яхши эр чиқади, фақат хотинининг тутимига боғлиқ. Унақанги хусусияти бор йигитга турмушга чиққан қиз оқила бўлса, эрининг сермулозаматлигидан фақат оиласининг манфаати йўлида фойдалана олади” деган жавобда тўхталишди.

Бундайлар билан яшаш осон, аммо... 
Руҳиятшунос Шаҳноза Муродованинг фикри эса қуйидагича:
—    Сермулозамат, қизларнинг кўнглини овлашга уста йигитлар чиндан ҳам бир қараганда хиёнатга мойилроқ, шохдан шохга қўниб юрадиганлар тоифасидан бўлади. Аммо уларда яна бир характер кузатилади: сертакаллуф йигитлар билан яшаш бирмунча осонроқ. Нега деганда, улар хотинининг кўнглини олиш, айрим хатоларини унга сездирмаслик учун учун ширин сўз ва эътиборни кучайтирадилар. Сир эмаски, биз аёллар ишонувчан, ширин сўзга, эътиборга ҳамиша интиқ ва меҳрталаб бўламиз. Бу эса эркак кишига жда қўл келади. Нафақат қўл келади, оилани қийин вазиятларга дуч келишидан ҳам асраб қолади. Масалан, эркакнинг  атрофида унинг қандайдир қизга ўралашиб юрганлиги ҳақида гап-сўз тарқалди.  Ҳатто уни бир-икки жойда ўша қиз билан кўриб ҳам қолишди. Гап хотининг қулоғига етиб борди. Оилада парокандалик кутиляпти. Хотин қовоғини ўйиб, эрига терс муомала қиляпти, ўзини камситилган ҳисоблаяпти. Агар мулозаматни эплолмайдиган, тўнгфеъл эркак бўлса, бу ўринда оила ҳақиқатдан ҳам парокандаликка учраши тайин. Эркакнинг қайсар муомаласи унинг қалтис хатосини тасдиқлаган, ҳимоялаган бўлади. Сертакаллуф, мулозаматга уста эр эса бу вазиятда бутунлай бошқача йўл тутади. Яъни у атрофдаги гап-сўзларга парво қилмай, рафиқасини совға- ҳадялар билан хурсанд қилишга уринади, кино-концерт томошаларига олиб тушади, қаҳвахоналарда романтик кайфиятдаги оқшомларни ташкиллаштиради ва... бу билан ҳам юзини ёруғ қилади, ҳам хотинининг кўнглидаги ғуборни аритади ва энг асосийси оиласини асраб қолади. Мулозаматдан йироқ, ҳис-туйғуларини ошкор қилишни истамайдиган эркаклар эса ҳатто ўзига алоқаси бўлмаган ҳолатда ҳам айбдор бўлиб қолиши, халқона тилда айтганда емаган сомсасига пул тўлашга мажбур бўлиши мумкин.
Аксарият севишиб турмуш қурган жуфтлар учрашиб юрган пайтларидаги мулозамат ва илтифотни турмуш қурганларидан кейин унутиб қўйишади. Бу оилавий зиддиятларнинг кучайишига ва тушунмовчиликлар, рашк ва гумонга сабаб бўлади.  Никоҳдан аввал севган инсонидан чиройли гуллар, бежирим совғалар ва ширин сўзлар билан сийланган қиз, тўйдан кейинги оддий, навбатчи муомалага тоқат қилолмайди. Бу ҳолат эса “эрим менга хиёнат қиляпти ” ёки “эрим мени севмай қўйган, у бошқаларга илтифотли, бегона аёлларга мулозамат қилиб кўнглини овлашга уста” деган хаёлларга бошлайди.  Умуман олганда, ҳар қандай вазият ва ҳолатда оилага муқаддас тушунча деб қараш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш йўлида ҳавойи ҳаваслардан воз кечган маъқул. Нега деганда, биз ўзбекмиз. Миллатимизда оила юксак мавқе касб этади ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳам қонуни ва ҳам ахлоқий тамойиллар билан ҳимоя қилинади. Элимиз эр-хотинлик риштасини, оила ва никоҳни романтик саргузаштлар хиёбони эмас, муқаддас даргоҳ ва бир умрлик сабр-тоқат билан ҳаёт кечирадиган ТУРМУШ дейди. Ўзбекларнинг турмуши эса ошиқ-маъшуқлик ўйинларни қабул қилмайди...
Руҳиятшуноснинг мулоҳазалари ўринли. Аммо бу хусусда яна бошқача қарашлар ҳам мавжуд. Хўш, мулозаматга уста йигитларнинг хиёнатга мойиллигини таъкидлаган юртдошларимиз нимага асосланиб бундай фикр билдирдилар экан?

Инсоний фазилатларни қадрламайдиганлар
—    Бир дугонамизнинг қарама-қарши жинс вакилларидан таниш-билишлари кўп,-дейди биз билан суҳбатда Дилдора исмли ҳамшаҳримиз.- Ҳеч тортинмай улар билан тушлик, кечки овқатларга боради. Зарурат сезса “ухажёр”ларидан ҳайдовчи сифатида бемалол фойдаланади. Пулга эҳтиёжи туғилса, улардан ҳеч иккиланмай пул ҳам сўрайди. Кейин “ухажёр”ларининг устидан кулиб, калака қилади. Бир куни ўша дугонам бир хушторига қўнғироқ қилган экан, хотини жавоб берибди. Тап тортмай ундан эрини сўрашгача борибди. Гапларини эшитиб, юрагимга ваҳима оралади, қиз бола ҳам шунчалик сурбет бўладими?! Бировнинг эрига тап тортмай қўнғироқ қилгани етмагандай, хотинидан эрини сўраганига бало борми? Ўзига айтсам, хотиржам туриб, “хотини нега сизга қиз бола қўнғироқ қиляпти, бунинг устига мендан сизни сўради, деса, у мени рашк қилма, ўша қиз билан бирга ишлаймиз, иш юзасидан телефон қилгандир, деб лапашанг хотинига қимматбаҳо атир совға қилган экан, хотинининг овози ўчибди” деди. Мулозаматга уста йигитлардан вафо кутиш ақлга сиғмайди. Улар моддият, тилёғламалик билан аёлни ўзларида сақлаб қолишлари мумкин, лекин ундайлар ҳақиқий инсоний туйғуларнинг қадрига етмайдилар...

Сертакаллуф йигитдан яхши эр чиқади,
-    деган фикрни ёқламайман, -дейди талаба муштарийимиз Отабек Йўлдошев кескин равишда.- Улар фақат тилёғламалик билан вазиятни ўзларининг фойдасига юмшатиб турадилар.  Аммо афсуски, қизлар ҳам ўшандай такаллуфни ўрнига қўядиган, мулозамат қилишга уста, қўполроқ қилиб айтганда “ухажёр” йигитларнинг тузоғига осонроқ илинадилар. Қизлар бир нарсани тушунмайдики, ҳақиқий эркак, чинакам ошиқ туйғуларини ошкор қилиб, бозорга солиб юрмайди. Муҳаббат, ошиқлик— совға- салом, ҳадя ва баландпарвоз, оташин “нутқ”лар мажмуаси эмас. Севги, агар у ҳақиқий бўлса, севишганлар бир-бирларини ҳурмат қилиб, тушуниб, бир-бирларини эъзозлаб, авайлаб, қадрлаб, керак бўлса бири иккинчисининг бахти, шодлиги, қувончи, манфаати учун ўз манфаатидан воз кечиб, туйғуларини ҳар куни парваришлаб яшашлари эвазига жуфтларни янада бир-бирига яқинлаштиради, кўнгилларни бирлаштиради. Ширин сўзлардан еттинчи қават осмонда учиб, қаҳвахонаю ресторанларнинг маликасига айланиб юрган ойим қизлар унутмасинлар, бугун уларга мулозамат қилиб, кўнглини овлашга интилаётган йигит, эртага бошқага ҳам қойиллатиб такаллуф кўрсатади...

Феълингиз — тақдирингиздир
Ҳа, суҳбатдошларимиз ўз қарашлари, ҳаётий кузатишлари асосида кўтарилган мавзу юзасидан мулоҳазаларини билдиришди. Дунёни ҳар ким ўз қаричида ўлчайди, деган экан алломайи замонлардан бири. Ҳақ гап. Аммо яна бир нарсага аҳамият қаратиш керакки, бу дунёда ҳамма нарсага, ҳар қандай ҳолатга нисбий тенглик асосида муносабат билдириш керак. Яъни, ҳар нарсанинг ўз ўрни, мавриди ва меъёр-мезони бўлади. Шу хулосага таянадиган бўлсак,  сермуломазат, илтифотли йигитдан ҳам яхши эр чиқиши мумкин ёки бундай феъл-атвор соҳибларида бироз енгил табиатлилик ҳам кузатилади. Нима ҳам дердик,  инсон феъл- атворидан қатъий назар, ўзини Ҳазрати Инсон деб билса, ҳаммаси ўз ўрнида кетаверади. Бежизга кишининг тақдири феълидан, демайди кексаларимиз. Бу борада бизнинг зукко муштарийларимиз қандай фикрда эканлар?

Умида АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 26 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ