Сайт бўлимлари
Мўмин киши мусулмон биродарига озор бермайди
Кўнгилни Аллоҳнинг уйи дейдилар. Уни обод қилганга Яратганнинг мукофоти беҳисоб эканлиги ваъда қилинган муборак китобларда. Кўнгилни оғритган, унга озор берганга эса жазо муқаррар экани Аллоҳнинг улуғ Китоби ва Пайғамбар (с.а.в)нинг саҳиҳ ҳадисларидан бизга маълум.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Азҳоб” сураси 58-оятида шундай марҳамат қилади: “Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар”. Яъни, иймон аҳлига ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасалар-да озор берадиган кимсалар ўз устларига ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни юклаб олган бўладилар.
Таассуфки, айни пайтда мусулмон кишининг ўз диндош биродарига зулм қилаётгани, кўнглини оғритиб озор бераётганини ҳар қадамда учратиш мумкин. Арзимаган нарсалар, майда-чуйда тушунмовчилик ё келишмовчилик важидан бир-бирига озор бераётган биродарларимизни кўрганда таажжубдан ёқа ушлаб қоламиз. Ахир дунё омонат, биз синов учун бу дунёга юборилган бандалар эса ғаниматмиз. Мусулмоннинг мусулмон биродарига озор бериши энг оғир гуноҳлар сирасига киради. Бугунга келиб айрим юртдошларимиз бунга аҳамият бермай қўйганлар, чоғи.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди”. Сўнг: “Тақво мана бу ердадир”, дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва: “Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир” дедилар. (Муслим ривояти).
Кўча-куй, бозорларда салгина диққатпазлик боисидан бир-бирларини оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилаётган диндошларимизни кўрганимизда юрак зирқиррайди. Унутмаслик лозимки, тил билан берган озор — тиғ билан берилган озордан минг чандон ўткирроқдир. Мусулмон биродарининг ҳақига бўҳтон ва туҳмат гапларни айтиш билан уни ҳақорат қилмоғи, диндошига ҳар хил лақабларни қўйиб, масхаралаб юрмоғи жуда хунук ҳолат ва ундайлар Аллоҳ таоло наздида энг ёмон хулқли кимсалардирлар.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир. У билан урушиш кофирликдир», - дедилар».
Яъниким, сўкиш ёмон нарса— ким бўлишидан қатъи назар, мўмин-мусулмон одамни сўкиб бўлмайди. Бу номаъқул иш шариат ҳукми бўйича фосиқлик ҳисобланади.
Фосиқлик – диннинг чегарасидан чиқиш. Мусулмон кишини сўкиш фисқ ишлардан биридир. ундан ўтиб, уришиб кетиш бундан ҳам ёмон экан. Сўкиш фисқ бўлса, уришиш куфр экан, Аллоҳ Ўзи сақласин. Бундан жуда эҳтиёт бўлиш лозим.
Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилаяпти. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.
Биргина бу эмас. Ўз бойлигию амалидан кибру ҳаволаниб, мусулмон биродарларига озор бераётганлар ҳам орамизда талайгина. Бу ерда озор деганда манманлиги, ўзидан мол-дунёси кам бўлган кишиларни менсимай, жамоат жойларида бепарда, беҳаё гап-сўзларни гапириб юрадиганлар ва кўпқаватли уйларда истиқомат қиладиган айрим давлатманд биродарларимизнинг номақбул ишлари назарда тутиляпти. Яъниким, айримлар тунда аксарият кишилар ишдан ҳориб-чарчаб уйга келиб, дам олаётганларида машиналарида сигнал чалиб ё мусиқа овозини атай баландлатиб, уйқудаги ёки ҳордиқ олаётганларнинг оромини бузадилар. Гўёки бу дунёда улардан бошқа ҳеч ким йўқ. Гўёки улар хоҳлаган жойларида хоҳлаган ишларини қилиш ҳуқуқига эгалар. Шундайларга қарата айтмоқчимизки, эй мўмин-мусулмон биродарлар, унутманг, Аллоҳ таоло наздида бандаларининг энг ёмони ва энг беодоби — кибрли, манман кимсалардир. Кибрли одам ўзини бирор фазилатли сифатда бошқалардан устун кўриб, уларни назар-писанд қилмай қўяди.
Биз “ҳаволаниш” деб таржима қилган сўз арабчада “ихтиёл” дейилиб, кишининг юриш-туришда ўзини сохта равишда юқори тутишига ишлатилади. Аллоҳ таоло: «Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас», деб марҳамат қилади (Луқмон сураси, 18- оят). Мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак. Ҳаттоки Аллоҳ таолонинг бандаларига кибру ҳаволаниш, уларга менсимаслик билан муносабатда бўлиш ҳам уларга нисбатан озор берганликдир.
Барчамиз Аллоҳ таоло қаршисида бирдек баробармиз. Фақат бандалар Яратганнинг ҳузурида савобу гуноҳлари билан фарқланадилар ва ажрга лойиқ кўриладилар. Шунинг учун мусулмон кишининг давлати, амали, мансаби ё бошқа бирор Аллоҳ тақдир қилган неъматга ҳаволаниб, биродарларига кибр билан муомала қилиши, уларга паст назар билан қараши мақбул эмас. Аксинча, гўзал хулқ, чиройли муомала билан биродари кўнглини кўтариш билан банда Аллоҳга яқин бўлади.
Ҳақиқий мўмин-мусулмон киши биродарига оғири тушмайдиган, озори етмайдиган бўлади. Биродари ундан рози бўлса, қўни-қўшни, яқин дўсту ёрлари мамнун бўлса, қалбида кибр- риё бўлмаса, тили ёлғон ва бировлар ҳақидаги бўҳтон гап-сўзлардан бегона бўлса, ундай кишининг иймони саломат ҳисобланади.
Биз юқорида фикрларимизни кўнгил Аллоҳнинг уйи эканини айтиш билан ибтидо қилган эдик. Мулоҳазаларимиз интиҳосида Ҳазрат Алишер Навоийнинг маъниси шул ҳикматни далолат этгувчи байтларини келтириб ўтмоқлини жоиз билдик:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай
Онча борки, Каъба вайрон бўлса обод айлагай...
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 124 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар