1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Кўзида ҳаёси йўқ қизалоқ

 

 

 

Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – фалокат масаласидир, деган эди ўтган асрнинг бошларида миллатнинг буюк даҳоларидан бири, педагог Абдулла Авлоний. Бугунги кун ўзбек қизларининг юриш-туриши, кийиниши, гап-сўзи ва одоб-ахлоқи хусусида мулоҳаза қилинса, юқоридаги хитобнинг нечоғли ҳақ эканига ишонч ҳосил қилади киши. 

Битта ўпиш- 200 сўм!?

Чиндан ҳам бугунги кун қизларининг юриш-туриши , қилиқлари  тарбияли кишиларнинг ғашига тегади. 
—    Шаҳримиздаги мактаблардан бирининг ёнидан ўтиб кетаётсам, ўсмир қизчалар гап отишди,- дейди бир ҳамкасбим энсаси қотиб.-  Нима дейишимни билмай, уларнинг қилиғидан бирам хижолат чекдим. Индамаганимга яраша  яна нималарнидир жавраганча  гуррилаб кулишди ҳам. Ўрнимда бошқаси бўлса қаттиқ гапирарди. Қизларга нима бўляпти ўзи, уларнинг ота-онаси борми? Ота- оналар қизларининг аҳволини кўришмаяптими, ҳайронман...
“Қиз болангни худди ҳамёнингни асрагандек асра”, деган нақл бор япон халқида. Биз эса ҳамёнимизни асраб-авайлаяпмизу оиламизнинг шаъни, ори ҳисобланган қиз болаларимиз билан деярли қизиқмаяпмиз. Йўқ, қизиқяпмиз,  фақат уларни едриш-ичириш, кийинтириш ва сеп йиғишу тезроқ узатишни ўйлаяпмиз. Оқибати  эса...
—    Бир куни ишдан  киракаш машинада қайтаётсам, бир аёл боғчадан қизчасини олиб чиқди,- дейди “Холис” газетаси мутахассиси Абдували Кабиров.- Ўша машинада аёлга таниш бир эркак ҳам бор экан. Ҳалиги болали жувон ҳамманинг ғашига тегиб, эркак таниши билан кулишиб  гаплашиб кетди.  Дамбадам қизчасини ҳам эркалаб қўяди. Эркак ҳам танишининг қизчасини эркалай бошлади. Шунда аёл ҳеч уялмай, “Амакингга битта ўпишингиз 200 сўм, дегин” деб қайта-қайта такрорлайверди... Йўловчилар ижирғаниб ҳалиги аёлга қарашди.  Кичкиналигидан қиз болани шунақанги бепарда эркалайдими?! Боз устига  кичик қизчага ҳозирдан пулга ўптиришни ўргатаётганини қандай қабул қилиш мумкин?!  Менимча, қизчаларга ёшлигидан ибо, ҳаё, шарм, андиша деган нарсаларни ўргатиб борсак, кун келиб замонадан ёки қизларнинг беодоблигидан куйиб-нолиб юрмаймиз!.. 

Оилада ота ўрни бўлмаса...

— Фикримча, бепарда гап-сўзли, кўзида ҳаёси йўқ қизларнинг кўпаяётганига  оилада эркак, отанинг ўрни тушиб бораётгани сабаб бўляпти,- дейди Юнусобод тумани 240- умумий ўрта таълим мактабининг директор ўринбосари Шаҳло Муродова.- Ота уч-тўрт йиллаб хорижда ишлаб юради, она ҳам тирикчилик дардида. Қиз бола одоб-ахлоқ, андиша, шарқона тарбияни қаердан ўргансин?! Китоб ўқимаса, тарбиявий аҳамиятга эга газета-журналларни кузатмаса, кўргани кабел тармоқли телевизордан хорижий кино, клип ва сериаллар. Ҳатто ўзимизнинг  ўзбек телеканалларида кўрсатилаётган сериалларнинг ҳам асосий мавзуси севги-муҳаббат. Қаҳрамон қизлар севгиси йўлида курашувчан. Ўпишиш, қучоқлашиш каби очиқ саҳналар ўзимизда ҳам бемалол кўрсатилади.  Албатта иродаси бўш, маънавияти ҳаминқадар ёшлар бу тахлит тарғибларни ўз ҳолича қабул қилади ва демак шундай бўлиши керак экан, деган тўхтамга келиб бўлади. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг-да, ёшларга бу оқ, буниси қора деб сафсата сотгандан фойдами ёки уларга  аслида нима оқ, нима қоралигини кўрсатгандан наф чиқадими? Боя айтганимдек, ота узоқда. Она – бошида эри йўқ аёл, кийим харид қилгани чиқса сотувчи билан, “янаям торроқ шим бўлсин, кофтаси баданни сирқитиб турсин” деб тортишса, хўш ўқитувчи ундай онанинг қизига  қиз бола ибо билан кийиниши кераклигини, эри йўқ аёлнинг кўча-куйда номаҳрамлар кўз олдида ҳар хил беҳаё кийимларда ўзини кўз-кўз қилиши одобдан эмаслигини қандай тушунтирсин?! Келингки, зўр бериб тушунтирди ҳам дейлик, қиз ўқитувчининг гапига қулоқ соладими ё уйда она хонимнинг тутимига риоя қиладими?
Бир куни ўзим дарсга кирадиган синф ўқувчиларининг дафтарларини текширсам, бир ўқувчи қизнинг дафтарига анчадан буён бирорта ҳам мавзу қайд этилмаган экан. Сабабини сўрасам, без бўлиб юзимга қараб ўтираверди. Жаҳлим чиқиб койигандим,  “ҳозир дадамга қўнғироқ  қиламан, у бизни ташлаб кетган бўлса ҳам, келиб бу мактабнинг ўқитувчиларини...” деб оғизга олиб бўлмайдиган, оғиз тугул оёқ билан босишга одам ор қиладиган ҳақорат гапларни гапирса денг! Ҳайрат, уят ва шармандаликдан қотиб қолдим! Ўша ўқувчи қизимизнинг оилавий аҳволидан хабардор эдим. Яъни отаси ўзидан беш-ўн ёш катта аёлни севиб қолиб (!) икки боласи билан хотини ташлаб, ҳалиги “севиб қолиб” уйланган иккинчи хотинини ўзи туғилиб ўсган вилоятига етаклаб кетган.  Болалар онаси билан қолган. Она уззукун кўчада тирикчилик ташвиши билан банд. Қиз келажаги учун зарур бўлган тарбияни қаердан ўрганяпти? Албатта кабел тармоғидаги телеканаллар ва кўча-куйдаги интернет кафелардан! Қисқаси, мен бу борада умуман ёш қизларни айбламайман. Уларда айб йўқ! Тарбиясига эътибор берсак,  одоби учун жон куйдирсак, уларнинг шарму ҳаёси, шаънини ўзидан ҳам азиз билсак, қизчаларимиз покдомон, нафосатли бўлиб улғаяди. Мана, биз шундай бўлмаганмиз-ку! Демак, ҳамма гап тарбияда, ота ўрни муҳимлигида!..
Муаллиманинг изтиробларида жон бор. Дарҳақиқат,  гўдак қизалоғимизга  калта, енгсиз кўйлакчаларни кийдирамиз, жажжи, оппоқ оёқчаларини, дўмбоқ қўлчаларини ҳаммага кўз-кўз этиб юришини улар жуда кичкиналигидан бошлаб ўзимиз билмаган ҳолатда ўргатиб борамиз. Кейин улғайгани сари, шортик кийса, енгу ёқаси йўқ, алламбало ипларни бўйнидан ўтказиб юрса дод-вой қилиб юрамиз.  Замонадан нолиган одамларни кўрсам, тўғриси жаҳлим чиқади. Замон эмас, биз ўзгарганмиз. Ўзимиз болаларимизни ҳали улар болалигидаёқ улғайтириб қўяпмиз.  Муддатидан аввал катта бўлиб бизга ақл ўргатишга тушган болалармизнинг феъл-атворини эса қабул қилолмай яна ўзимиз фиғони фалак бўлиб юрамиз.

“Бугунги қизларининг тақдиридан ташвишдаман...”

—    дейди, иш жойини сир тутишимизни илтимос қилган  яна бир коллеж ўқитувчиси. — Бу масалага чуқурроқ аҳамият қаратиш керак! Мен ишлайдиган талабаларнинг тўқсон фоизини қизлар ташкил этади. Ҳозирги қизларнинг кийиниши ,  пардози, муомаласи, ҳаётга бўлган қараши, одоб- ахлоқи уларнинг келажагидан хавотирга тушишга мажбур қилади кишини.  Нимагадир жамоат транспортларида юрганимда, ўқув муассамизда истараси иссиқ, файзли қизни учратмайман.  Икки йилдан бери қайним ва укамга келин қидирамиз. Афсуски, шу пайт ичида битта ҳам  кўнгилга мос қизни учратмадик.  Бунга сабаб нима? Ота-онанинг иш билан бандлигими? Ота-онанинг бепарволигими?  Ёки уларнинг фарзанд тарбиясига кучи етмаганлигими? Балки онанинг ўзи муомала ва кийиниш борасида ўрнак бўлмаётгандир? Ота, ака, ука онаси, синглиси, опасининг шу юришига умуман миқ эта олмаслигидир. Бир пайтлари ҳамма маҳалланинг кишилари, кексалардан уялишарди. Бувимизникига борадиган бўлсак, онам биз қизларни қаторлаб қўйиб, кўйлак-лозим, узун юбка кийдирардилар. Қишлоқ жойига ҳамма ёғингни очиб бормаларинг, деб. Бизнинг  «ҳамма жойни очишимиз» — тиззагача бўлган юбка кийиш эди. Ҳозир шаҳар қизлари қолиб, қишлоқ қизларининг ҳам юз-кўзидан ҳаё кўтарилиб бўлган. Узоқ қишлоқларда ҳам ғар(и)бона «маданият» авж олиб, қишлоқ қизлари калта юбка, тор шим, оти қуриб кетгур лямка футболкаларга ўтиб олишган. Бундай қизларнинг тақдиридан, миллатнинг келажагидан хавотирдаман…

Ҳаё бир кетса, қайтмайди 

— дейди фазилат аҳли.  Азизим, бир мушоҳада қилингчи, қизларимизнинг юз-кўзидан нега ҳаё кўтариляпти экан? Балки, сизу бизнинг мол- дунё, тирикчилик ташвиши кетидан югуриб кўзга яқин бўлиб келаётган қизалоғимизнинг тарбиясини  ўз ҳолига ташлаб қўйганимиздандир? Ёхуд  шарму ҳаё, андишадан анча олис бўлган, маънавиятимизга, миллий ўзлигимизга ёт сериалларни қизчаларимиз билан бирга томоша қилиб, бунинг устига ҳеч тап тортмай ҳали қарама-қарши жинс вакили билан муносабат ўрнатишда одоб-ахлоқ мезонларига риоя қилишни  тўлиқ англаб етмаган қизимиз билан беҳаё қаҳрамонларнинг юриш-туришини таҳлил қилганимиздандир? Ёки қизимизга атаб сеп йиғаётганимизни, қайси хонадоннинг бадавлатлигию, ана шу бадавлат  оилага қуда бўлишни истаганимизни атай унга эшиттириб бирор яқинимизга сўзлаганимиздандир?..
Ўсмир қизчалар орасида ўзига хос  “ақида” бормиш: унга кўра “йигит”и йўқ тенгдошларини изза қилишаркан.  Эътибор беряпсизми, ёш қизчалар орасида эркин муҳаббат қай даражада оммалашиб кетган экан?
—    Ҳамкасб ўқитувчилардан бири 8-синфда ўқийдиган ўқувчи қизга, 9-синф ўқувчисининг ёзган севги мактубини топиб олибди,-дейди бир ўқитувчи муштарийимиз таҳририятга қўнғироқ қилиб.- Унда шунақанги беҳаё сўзлар, шармандали изҳорлар ёзилганки, ҳар қандай юзсиз одам ҳам ундай гапларни гапиришдан ор қилади.  Агар қиз йўл бермаса, ўғил бола шундай гапларни гапирмайди-ку. Башарти, ўғил бола беҳаё хат ёзганида ҳам агар ўша қизнинг ўзида хоҳиш бўлмаса, ўқитувчиларга айтиб, мактабдошининг танобини тортиб қўйишни сўраса бўлади-ку. Аммо хатдаги, “ўша жой”, “сенинг лабларингни, қўлларингни соғиндим” деган иборалар қиз билан йигитнинг  кўп марта бундай шармандали учрашувларни ўтказиб юборганларини аён қиларди. Энг ачинарлиси, ҳозирги замон ота-онасини мактабга ёқасидан тортиб ҳам олиб келиб бўлмайди. Ё она  келади, қошини чимириб, энсасини қотириб, гапирсангиз қизимга туҳмат қиляпсан, сенлар бировнинг боласига ёмон отлиқ қилгунча ишингни қойиллатиб қўй, қизим одобли, ақлли, совға-салом қилса қизимни мақтайсанлар, бўлмаса ёмонлайсанлар, деб шанғиллашдан тоймайди. Умуман олганда, ўсмир қизчаларнинг ва ўспирин йигитчаларнинг феъл-атворидаги кескин салбий ўзгаришлар, юз-кўзидан ҳаё узоқлашиб, бепарда  қилғиликлари ортаётганининг асосий сабабини ён-атрофидаги тарбиявий муҳитнинг ўзгариши ва ота-онанинг фарзанд  тарбиясига вақт ажратолмаётганида деб биламан... 

“Йигитимдан қўлингни торт!”

Бундан уч-тўрт йил аввал укамнинг қўл телефонидан номеримни топиб олган бир қиз, ҳар кунда юзта смс хабар ёзиб, “Йигитимдан узоқ юр”, “Йигитимни тинч қўй” деб роса шаллақилик қилган эди. Ўшанда укам вазиятни ойдинлаштириб, қизга, “сен ўзингча мени мулкингга айлантириб, йигитинг қилдингми?! Мен жонсиз қўғирчоқ эмасман, бировга тегишли бўлсам, айниқса сенга ўхшаган шармандаларнинг ҳеч қачон йигити бўлмайман. Сен билан шунчаки салом-алик қилганимга ҳам ор қиламан” деган эди. Орадан шунча вақт ўтиб, олий ўқув юртларининг талабалари қолиб, коллеж, ҳаттоки мактаб ўқувчи қизларининг юриш-туриши кишини нафақат ўйга, балки қоп-қора ташвишга қўядиган бўлди. Қизиқ, қизларнинг феълидаги ношойисталик бегоналарни шунчалик ташвишлантираётган экан, уларнинг ота-оналари қаёққа қарашяпти? Улар она сути оғзидан кетмаган қизчаларининг бекатларда  автоулов кутаётиб, йўлдан ўтган ёки бирор сабаб билан машинасидан тушаётган йигит ва ҳаттоки эркакларга еб қўйгудай тикилишини, туни билан телефонда алланималарни гаплашиб чиқишини билмасмиканлар? Агар билсалар, бу ножойиз ишлар фарзандларининг фитратида қайдан кўчаётганини ҳеч таҳлил қилаяптилармикан? Ёки ўсмир қизларининг қарама-қарши жинс вакилларига бўлган эҳтиросона қизиқишидан бехабар ҳолда унга сеп йиғиш ёинки бадавлат хонадонга қандай қилиб узатишни ўйлаб кўнгиллари нотинчми?..

Қиз болага МЕҲР беринг!

Пайғамбар (с.а.в) шундай марҳамат қиладилар: “Фарзандларингизга бирдай меҳр беринг. Агар улардан бирига кўпроқ меҳр бериш керак бўлса, қиз болангизга кўпроқ меҳрибончилик қилинг”. Ҳақиқатдан ҳам, кузатувлар шуни далолат қиладики, ёмон йўлларга кириб кетган ва фоҳиша ишларга ўрганган қизларнинг аксарияти, оиласида меҳр кўрмаган ва етарлича эътиборли тарбия топмаган. 
Мулоҳазаларимизни бошидан эътибор билан кузатган бўлсангиз,  суҳбатдошларимиз деярли бир фикрда тўхталди: яъни, қизларнинг тарбиясига ота-она бефарқ. Шу сабабдан қизлар бетгачопар, беҳаё ва андишасиз бўлиб кетяпти. Бу бизнинг ва мунозарамизда иштирок этган юртдошларимизнинг фикри эди. Сизда қандай мулоҳаза бор, азиз ватандош?

Умида АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 112 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ