1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эркак миннат қилса...

Кўнгилни синдирадиган, юракни бездирадиган нарсалар ичида шундайи борки, у оралаган жойда албатта, дилсиёҳлик, кўнгил хиралик ва албатта совуқчилик пайдо бўлади. Бу шубҳасиз — таъна!
Таъна ҳар қандай ҳолда, ҳар қандай одамга жуда қаттиқ ботади. У туфайли кўнгилда пайдо бўлган яранинг азоби оғир. Айниқса, эркак таъна қилса, эркак миннат қилса бундан хунуги бўлмаса керак.
Ислом таълимотида оиланинг таъминоти эркак зиммасида эканини таъкидланади. Жамиятда ҳам эркак кишига оила боқувчиси деб нисбат  берилади. Аммо  эркаклар орасида зиммасидаги  масъулиятни унутганлар ва бунинг  устига аҳли аёлига меҳнатини миннат қиладиган, иддао қиладиганлари ҳам учрайди. Бунчалик тубанлик ҳурматли экаркларимизнинг сийратига қайдан кўчди экан?

“Эрга қарадинг- ерга қарадинг...”

—     Рўзғорга эрим билан баб-баравар маошимни  сарфлайман,- дейди ўқитувчи аёл.- Эрим пул топади, яхши жой да ишлайди деб, бошқа аёллардек пулимни фақат ўзимга сарфлаб, бежирим кийимлар кийиб, тақинчоқлар тақиб юрмайман. Биринчи ўринда рўзғорим бадастир бўлсин дейман, ахир инсон учун асл саодат маскани бу - оиласи.  Лекин эрим рўзғорга сарфлаган бир сўмини ҳам ҳисоблаб юради.  Баъзида эр-хотин гап талашиб қолсак, эрим юзсизларча менга, болаларига сарфлаган пулини миннат қилади. Шунақа пайтларда ҳаётдан буткул совуб кетаман... Қизлик пайтимда  онам ўқишга киришимни, албатта бирор касбу кор эгаллашимни астойдил истаб, ҳатто мендан кўп  ҳаракат  қилдилар.  Ўқиш ҳақида гап кетганда онам “Болам, қўлингда касб-ҳунаринг бўлгани яхши-да. Ахир, кексалар бекорга эрга қарадинг - ерга қарадинг, демаган. Эркак оила бошлиғи, рўзғор таъминоти унинг зиммасида.  Лекин ҳаётда ҳар хил вазият бўлади, ҳар хил одамлар бўлади,  ўқиганинг, касбу ҳунаринг кунингга асқотади” дердилар. Эрим рўзғорга сарфлаганини, пул топишини таъна қилганида онам айтган гапларни эслайман ва қўлимда касбим борлигига шукр қиламан...
Орамизда бу аёлнинг эрига ўхшаган эркаклар, аёлга ўхшаб тилидан миннат тушмайдиган эрнинг тиғдан ўткир тилидан озор кўраётган аёллар кўпгина. Миннат нима ўзи? У қандай ифода этилади ва тилдан учганда, дилгача қандай етиб келади? 
—     Эркакдир, аёлдир тилидан миннат чиқдими, ундай муносабатдан яхшилик униши гумон,- дейди Учтепа тумани, Чилонзор даҳасида истиқомат қилувчи Салоҳиддин ака Нуриддинов.- Миннат  кишиларни бир-биридан узоқлаштиради. Умуман бу ҳолатни ифода этишнинг ўзи қийин. Қаранг, дейлик, эркак аҳлу аёлига, рўзғорига қилган мурувватини миннат қилди. Аввало ўша миннат қилувчи одам ўйласин у меҳнатини, маблағини ким учун сарфлади? Ўз рафиқаси, фарзандлари ва оиласи учун. Хўш, шундай экан, нега миннат қиляпти?  Одам нега миннат қилади, қачонки, меҳнатига яраша манфаат кўрмаса ёки меҳнати етарлича қадр топмаса. Башарти, эркакнинг меҳнати оиласида қадрланмаётган экан, аёли, болалари эрнинг топган-тутганини, меҳнатини қадрламаётган экан, шунда ҳам эркак ўзидан айбни қидириши керак. Одам ўзини ўзи қадрласа, ўз меҳнатини қадрласагина, унинг меҳнатини ҳам бошқалар қадрлайди.
Адиб Абдулла Қаҳҳор рафиқаси Кибриё Қаҳҳоровага маошини рўзғорга сарфламаслигини уқтирар экан. “Аёл киши ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл. Қурилаётган иморатга битта мих қоқса ҳам, бутун бошли уйни мен қурдим,  деб туриб олади. Бир куни аёллигингизга бориб миннат қилиб юрманг, тағин” деган экан.
 Аёл кишининг миннат қилиши эркакка оғир ботиши аниқ. Аммо барибир аёл, ёзувчи айтганидек аёл-да. Одатда аёллар жаҳли чиққанда гапириб юборса ҳам, ҳовуридан тушгач, ўзи пушаймон бўлади. Лекин эркакнинг миннати хунук... жуда хунук...
—     Контракт асосида ўқиб, бир йил ота уйимда ишлаб сўнг турмушга чиқдим,- дейди ҳамкасб дугонам.- Байрам- ҳайит, туғилган кунлардао ота-онам, укаларимга қиммат совғалар олиб борсам, эрим уялмай “шунча пулга совға олиб боришнинг нима кераги бор?!” деб жаҳли чиқади. Бу ҳол уч-тўрт марта такрорланганди, чидаёлмай “Ота-онам мени тўрт йил контракт тўлаб, эгнию томоғидан қийиб ўқитган. Яхши кунда арзимаган совға билан йўқласам, нима қилибди?”  десам, тап тортмай “Биз фалон миллион пул сарфлаб, сени тўй қилиб олиб келганмиз. Менинг ота-онам ҳам сенга пул сарфлаган ” дейди! Одам ҳам шунчалик бефаросат бўладими? Мен уникига ўзим бориб ўтирмайман-ку! Уялмай уйланишига сарфлаган пулини ҳам менга миннат қилади...
Эркак оила бошлиғи. Рўзғорнинг  эгаси. Уйнинг устуни. Оила аъзолари, айниқса, аёл эркакка суянади. Суянчиғим деб эрини, жуфту ҳалолини билади. Суянчиқ заиф бўлса, меҳрини миннат қилса, масъулиятини иддао қилса, аёлнинг ҳоли не кечади?..
Мулоҳазангизни айтинг, юртдош?

Рухшона ФАРРУХ

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ