1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Уят бўлади, яхши қиз, уят!

Ўзбекона тамойилда азалдан қиз бола тарбиясига алоҳида эътибор билан жиддий қаралади.Ўзбекчиликда қизларнинг юриш-туриши, гап-сўзи, ўзини тутишию, уддабурро- чаққонлиги у кўзга кўринган пайтдан бошлаб одамларнинг оғзига тушади. Элимизда қиз боланинг чиройидан кўра унинг ҳусни хулқи, эпчил, чаққон, пазандаю чеварлигига кўпроқ аҳамият берилади.

Ўзбек қизининг ҳусни

Умуман олганда, қиз фарзандимиз дунёга келган кундан бошлаб уни ҳар томонлама етук, комила этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратамиз. Дунё гўзаллари қадду- қомати, тиниқ юзию ва ҳоказо шунга ўхшаган диққатни тортадиган ташқи  чиройи билан латофатли саналса, ўзбекларда юқоридаги сифатлар иккинчи даражали бўлиб, албатта, биринчи ўринда қиз бола одоб-ахлоқи ва ўзида ибо- ҳаё каби зебо хислатларни мужассам этган феъл-атвори билан тўкис ҳуснга эга ҳисобланган. Таассуфки, кейинги пайтларда айрим қизларнинг юриш-туриши, гап-сўзию, одоб-ахлоқида кўзга ташланаётган нуқсонлар ҳисобигами ёки дунёқараши ўзгариб, замонавийлашиб, ғарбга ҳаваси ортган кишилар ҳисобигами ўзбек қизларининг шарму ҳаёси  билан гўзал деб мақтаниш завқидан бебаҳра қолмоқдамиз.
Нега? Нима учун бугунги кун ўзбек қизларининг ҳаёдан уялиб, ибодан ор қилишлари биз учун оддий ҳолга айланди? Нега кўча-куйда бешарм қилиқларни қилиб юрган қизларни кўрганимизда нима сабабдан бу ҳолга тушганимизни, нега қизларимиз шармисоликлардан завқланиб, номуссизликдан фахрланиб юрганларини таҳлил қилиш ўрнига, худди улар бизга етти ёт бегонадек, истеҳзо билан кулиб қўямиз? Нега қўни-қўшнимиз, танишимиз ё қариндошимизнинг қизи кўчада очиқ кийиниб, ўзига ярашмаган қилиқларни қилиб юрса, оғриниш, уни тўғри йўлга чақириш ўрнига  ғийбат қиламиз, масхара қилами? Ахир, кўп бора таъкидлаганимиз –

Миллат мен эмас, БИЗ дегани-ку!

 Ҳаммамиз, сизу биз, қўшнимиз, қариндош-уруғимиз, мана шу юртда, мана шу заминда яшаётган, паспортининг миллати деган жойига ЎЗБЕК деб кўрсатилган киши борки, бирга бўлсак МИЛЛАТга айланамиз. Аммо қачон?! Қачон биз миллатимиз кўксидаги оғриққа биргаликда малҳам бўламиз? Тобора шарму ҳаёдан узоқлашиб, бепарда гап-сўзи кўпаяётган ўзбек қизларининг бугунги аҳволидан оғриқ туйиш ўрнига, зимдан масхара қилиш миллатини, Ватанини севадиган кишининг ишими?..

“Бахт”и учун курашаётган қиз

Узр, гапираётган гапимдан чалғиб кетдим. Аслида, бу мулоҳазаларни иншо этишимга бир таниш қиз билан бўлган суҳбат сабаб бўлди. Телефонимга нотаниш рақамдан қўнғироқкелди. Одатим бўйича бегона рақамга жавоб қилмадим. Қўнғироқ уч-тўрт маротаба такрорландию, ортидан “Илтимос, жавоб беринг, мен Фалончи эдим” деган хабар келди. Қачонлардир поездда ҳамроҳ бўлган таниш қизни эсладиму, қўнғироққа жавоб бердим. Салом-аликдан кейин қиз шоша-пиша мен сўрамаган ва менга умуман қизиғи бўлмаган мавзу- ўзининг қандайдир йигитни ёқтириб қолгани ҳақида гап бошлади. Суҳбатдошга ҳурмат юзасидан тишимни тишимга қўйиб аранг унинг гапларини эшитдим. Қизнинг шалдур-шулдур валақлаганидан узуқ-юлуқ англаганим шу бўлдики, у бир йигитни ёқтириб қолибди. Йигит билан учрашаётганмишлару, аммо шўрпешона (тўғрироғи пешонаси ярқирраган) йигит уни ҳеч хушламаётганмиш. Қиз “бояқиш” бир неча марта бетини сидириб йигитга турмуш қуришни таклиф қилибди. Йигит эса ҳали уйланиш нияти йўқлигини, ўқишини хорижда давом эттириб, юртга қайтиб бирор ишни бошини тутгандан сўнггина уйланиши мумкинлигини айтибди. Ҳарчанд уринса-да, йигитни ўзига уйланишига кўндиролмаган қиз фолбину азайимхонлардан нажот истаётганига ўтди. “Астоғфурруллоҳ-, дейман кўнглимда. Беҳаёлик ҳам эвида-да! Одам деган ҳам ўзини шунчалик ерга уриб, поймол қиладими?!”
-    Мулла (қиз ўзи эшигига қатнаётган фолбинни шундай атади) “йигитингнинг ич кийимидан бир парча қирқиб олиб кел ўқийман” деди. Бир нималарга дуо ўқиб берди, ичимликка қўшиб беришимни айтди. “Фанта” ичимлигига қўшиб бердим. Қўнғироқ қилиб “сизни кўргим келяпти” дедим. Уйида диплом иши ёзаётганини айтди. Уйига бориб бўлса ҳам уни кўришимни айтдим. Ўзи истамаса ҳам, мажбуран уйига бордим. Хоналарни тозалашимни айтиб, кўзини шамғалат қилиб ич кийимидан бир парча узиб олдим. Энди яна мулланикига бораман. Ана шунақа гаплар. Шу йигит менга ёқади. Пойтахтда уйи бор, мошинаси бор. Яхши ўқишда ўқийди. Уни қўлдан чиқармаслигим керак...- У яна алланималарни вайсади. Ҳар икки сўзнинг бирида “Ғуруримни шарт юлиб, орқага ташладим. Ғурур деб шундай яхши йигитдан қуруқ қолайинми?” деган истеҳзони иддао қиларди. Тўғриси, у билан қандай хайрлашганимни, гапларига қандай муносабат билдирганимни эслолмайман. Чунки, гапларини зўрға, “до-о-о-од” деб юбормаслик учун тилимни қаттиқ тишлаб эшитиб турдим. Ўзимга келиб, эс-ҳушимни йиғганимда телефон жимжит эди...

Муаммонинг ечими қайда?

Бугунги кун ёшлари, хусусан қизлар ҳақида кўп гапириляпти. Асосан  қизларимиз феълидаги нуқсонларга танқидий фикрлар билдириляпти. Муаммо атрофида фақат гап сотяпмиз! Гапларимиз бировга кор қиляптими? Ёш қизлар ўзларига қаратилган кескин танқидлардан бирор нима олишяптими? Кимдир шу танқидлардан ҳеч йўқ, бирозгинасини мулоҳаза қилиб,  феъл-атвори, юриш-туришини таҳлил қиляптими? Муаммонинг асл илдизи қаерда?.. Бу каби саволлар кўп, аммо жавоб топиш қийин.  Афсус...
Такрор ва такрор шу савол атрофида айландим: “Нега миллат қизлари ҳаёсизликдан ор қилмаяптилар?”  Бу саволимга жавоб топиб улгурмасимдан яна бир савол туйқус миямга урилди: “Қизлар ҳаё, ибо, иффат деганда нималарни тушунишаркин ўзи? Улар ўзбек тилининг изоҳли луғатида шундай сўзлар борлигини билармикинлар?..”
Ҳаё- кишининг нафсоний орзуларга эргашиб ёмон ишларга киришишдан, иснод келтирувчи ҳолатларга аралашишдан ўзини сақлашга ундовчи гўзал бир ҳисдир. Номуси, қадри ва аёллик, нафақат аёллик, балки инсонийлик мартабасини сақлаб айб ишлардан нари юриш- ҳаёли кишининг амалларидан ҳисобланади. Ҳаё шундайин бир маънавий жавоҳирдирки, инсонларнинг ҳақиқий қадру қиймати ҳаё билан ўлчанади. Айниқса, аёлларнинг ўзига хос бўлган энг гўзал, энг қадрли зийнатлари- ҳаёдир. Беҳаё аёл нурсиз, кўримсиз ва ҳаттоки, жирканч бир гавдага ўхшайди. Ибо-ҳаёсини сақлашга уринмаган аёл ҳеч қачон муҳаббат ва қадрга лойиқ топилмайди. Шарму ҳаёсиз аёллар кишилик жамиятининг беқадр, хорликка мустаҳҳиқ бўлганлар.  Ҳаёсизлик билан номусига нуқсон етказган аёл ҳеч қачон ислоҳ этилмайдиган гуноҳга йўл қўйган ва бу гуноҳи оқибатида умрбод қайғуга ботган бўлади. Қиз бола учун энг катта бойлик, энг улуғ мартаба, энг комил фазилат бу албатта – ибо- ҳаёдир. Гул қизларжон яна бир ҳақиқатни унутмасликлари даркорки, ҳаё- иймондандир. Ҳаёли кишида инсонийликнинг энг юксак, энг комил хислатлари ҳисобланган сабр, қаноат, назокат, интизом, саховат каби ҳусну хулқнинг шакллари мужассам бўлади.

Миллат оталари, уйғонинг!

Юқорида келтирганим телефондаги суҳбат - ўзи айтмоқчи, ғурурини йиғиштириб  “бахти” учун курашаётган қизга қайтсак. Қачон қизларимиз шунчаликка бориб улгурдию, биз, тўғрироғи миллат оталари, миллат оғалари ғафлатда қолдилар? Қиз боланинг йигитнинг йўлини тўсиб унга изҳори дил қилиши, тағин уйланишини сўраб ёлвориши, камига бегона йигитнинг уйига бостириб кириб, у билан ёлғиз қолиши, фолбинга қатнаб “иссиқ-совуқ”ларга вақт ва маблағ сарфлаши қайси бир ўлчовга сиғади? Майли, ўзбекона одоб-ахлоқ, андиша-одобни қўя турайлик, киши ўзининг қадр-қийматини, ғурурини ерга уриб ўзини хушламаган кишига мажбуран суйкалиш неқадар разолат эканини тушуниб етиш учун одам даҳо бўлиши шарт эмасдир? Ҳар турли клиплари, қуюшқонга сиғмас қилиқлардан иборат фильмлари, ўзбекона қадрият ва шароитга мутлақо мос келмайдиган сериаллари билан ёшларимизнинг онгини заҳарлашда давом этаётган ғарб давлатларида ҳам қизлар ўз қадру қийматини ерга уриб, ўзини истамайдиган одамлар олдида хор бўлмайдилар. Аммо ўзбек қизлари...
-    Ахлоқсизлиги билан ном чиқарган эркак ҳам ҳаёсини асролган, номуси ва ғурурини ҳар нарсадан устун қўйган аёлни ҳурмат қилади,- дейди Хуршида исмли қиз.- Ғурурини баланд тутмаган аёл ҳеч қанақасига эркакка қадрли бўлмайди. Ҳозир сиз айтаётган қизга ўхшаганлар кўпайган. Қизларни қўяверинг, бугуннинг оналаридан ҳам қўрққулик. Ҳеч тортинмай қизларига эр қидириб маҳаллама маҳалла  юришади. Қиз бола онасида кўрганларини фитратига кўчиради. Оналарнинг аҳволи ҳалигидай бўлса, қизлардан нима кутиш мумкин?..

Ота ўрни йўқолган оиланинг қизлари

“Қиз болангни худди ҳамёнингни асрагандек асра” дейди японлар. Тожик халқида эса “Зан пинҳон - зар пинҳон” деган нақл бор. Аммо бизда бутунлай бошқача. Азал-азалдан ўзбекнинг ор-номуси, шаъни, аҳли аёлининг ибоси пул тўла ҳамён, сандиқ-сандиқ зару зевардан  устун турган. Бироқ, кейинги пайтларда оҳори  тўкилиб, ранги униққан қадриятларимиз сирасига заифаларнинг шаънини ҳимоя қилиш, аҳли аёлларнинг обрўсини баланд тутишни ҳам бемалол киритса бўлади.
-    Ҳамма бало – оилада ота ўрни йўқолганида!- дейдилар фарғоналик онахон муштарийимиз Шоҳиста ая.- Оталар оилада ҳурматини йўқотган. Хотинлар эридан пул манбаси сифатида фойдаланяпти. Бўй қизлари бор эркаклар ою йиллаб чет элларда ишлаб юришади. Ахир, қиз бола тарбиясида отанинг ўрни жуда аҳамиятли ва зарур! Пул топиш дарди билан машғул кишилар учун қиз фарзандининг келажаги, тақдири, бахти муҳим бўлмай қолди. Балоғатга етган қизнинг тарбияси битта онанинг ўзига қийинлик қилади. Қолаверса, ҳозирги куннинг оналарини ҳам жуда кўнгилдагидек деб бўлмайди. Қизлар онасининг отасига муносабатини кўриб, эрига оиласида ўрганган муносабатини қилади.  Афсуски, оналар ана шу энг муҳим нарсани унутиб қўйишяпти. Оқибатда эса, бугуннинг қизларидан эрига итоатсиз, оила, тумуш масалалаларига енгил қарайдиган, ўзидан катталарга гап қайтариб майда-чуйда кўнгилсизликлар важидан оиласини бузиб юборадиган келинлар пайдо бўляпти!..

Аёл ғурурли бўлмаса...

... Ғурур ва кибр орасида катта фарқ бор. Қиз бола камтар, мулойим, хушфеъллик ва ғурур билан зийнатланган бўлса, унга ҳамма жойда бахт эшиклари ланг очиқ бўлади. Қиз бола, аёлнинг ғурури эса бу бешак - номус ва ҳаёси ҳисобланади. Ғурури- ҳаё ва номусидан айро тушган аёлга икки дунёда ҳам бахтиқаролик тақдир қилинган. Бу ҳақиқатни англаганлар, қизингизнинг тақдирига бефарқ бўлманг!..

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 218 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ