Сайт бўлимлари
Уриш ёки урмаслик?
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 11 Декабрь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Ислом аёлларга жисмоний жазо бериш ҳақида нима дейди? Тарбияда асосий мезон муҳаббат ва ҳурмат деб айтадиган Қуръони каримда бу ҳақда нима дейилган? Ҳалқаро Исломий фикрат институтининг президенти, Малайзия Ислом университетининг собиқ ректори Абдулҳамид Абу Сулаймон ушбу саволлар юзасидан ўз фикрларини баён этади.
Оилада ўз аёлини жазолаш ва никоҳ масаласини ҳал этиш ҳуқуқининг эрга берилиши Исломдаги энг долзарб муаммоларидан бири саналади. Ислом ҳақидаги ҳар қандай мунозарани мен, Ваҳий оятларини ҳар тарафлама коинот тартиботлари ва ақл ила тафаккур қилиш асосларини умумий қилган ҳолда Исломий эпистемологиядан (билим, саҳиҳ илм) фойдаланиш керак деб қабул қиламан.
Қуръони карим маъноларини тушуниб етиш, унинг мазмун-моҳиятини идрок этиш, унда кўзланган мақсад ва қўйилган вазифаларни англаш учун даставвал муайян муаммонинг келиб чиқиш сабабини ўрганиб чиқишимиз, илдизига етишимиз, ушбу муаммони белгилаб берадиган омилларни тушуниб етишимиз зарур.
Муҳаббат ва нафрат ҳақида
Исломдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари дунёнинг турли мамлакатлари ва маданиятларида юз бераётган адолатсизликни ҳисобга олган ҳолда аёлларга нисбатан ҳақсизлик ва зўравонликнинг бекор қилиниши, улар билан муносабатлардаги ҳар қандай адолатсизликнинг узил–кесил тугатилишига ҳаракат қилишлари маълумдир. Аёлларга нисбатан азоб ва шармандалик келтирадиган даражадаги жисмоний жазолар масаласига ўтиш олдидан биз асосий масалага урғу беришимиз керак. Азоб, қўрқув ва доимий ваҳима билан яшаш бадбинлик, маҳдудлик ва лоқайдликка олиб келади. Муҳаббат, ҳурмат ва ишонч эса итоат, садоқат ва руҳий кўтаринкилик бағишлайди.
Иймон раҳматга чорлайди
Мусулмон уммати узоқ давр ичида деспотизм иллати асоратидан катта зулм ва азият чекиб келарди. Аксар мамлакатларда бу каби зулмлар давлат полицияси ёки хафвсизлик хизматлари монополиясида бўлишидан халос бўлди, яъни зулм бошқа соҳаларга ҳам тарқалди. Бу каби бузилишлар, четга чиқишлар умумий маданиятнинг ажралмас қисмига айланди, жамиятнинг турли қатламларида мазкур нарсалар кўп учраб турибди, ҳусусан кучлилар ва заифлар ўртасида.
Бу нарсалар исломий биродарлик руҳи ва ҳамжиҳатлигига зид-ку, ахир, мусулмонлар суннатга эргашган ҳолда бир тана бўлиб, бир-бирларини қўллаб-қувватлаши керак. Мўминларнинг ўзаро меҳрибонлик ва муҳаббатлари бир танага қиёс қилинади ва тананинг ҳар қайси аъзоси касал бўлиб қолган аъзоси тузалиб кетгунига қадар қайғуради ва шундай ташлаб қўймайди.
Суннатда ҳам биз шундай Исломий руҳ асосларини кўришимиз мумкин: мусулмон мусулмонга биродардир ва унга зулм қилмайди, ташлаб қўймайди. Мўмин мўмин биродарини камситиши зулм ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бошқаларга раҳм қилмаганларга ҳам раҳм қилмайди, раҳмат меҳрибон бандаларига ато қилинадиган неъматдир.
Мўминлар гўзал ахлоқи билан бошқалардан ажралиб туради, ва ораларингиздаги энг яхшиларингиз ўз оиласига яхши муносабатда бўлганларингиздир.
Исломий манбаъларда ўз қулини ургани учун уни озод қилишга мажбур қилинган одам ҳақида зикр қилинади.
Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассалом ўз аёлини урган эрга танбеҳ берадилар.
Пайғамбаримиз салллоҳу алайҳи вассаломнинг шахсан ўзлари сиз билан бизга эзгулик, шафқат, хайрихоҳлик ва яхшиликнинг энг аъло намунасини намоён этиб кетганлар. Аллоҳ йўлида олиб борган муҳорабадан ташқари у ҳеч қачон ўз жуфтлари, хизматкорлари ёки бошқа бировга қўл кўтармаганлар.
Оилада, эр-хотин ва ота-болалик муносабатларида жазолаш ва унинг тутган ўрнига оид масалага айнан шундан келиб чиққан ҳолда ёндашмоқ лозим.
Қуръони каримда жазо ҳақида нима дейилган?
Бу масалалалар Қуръони каримда зикр қилингани учун ҳам алоҳида қизиқиш уйғотади, одатда ва тарихда мазкур масалалар зикр қилинганида “туртиш”, “уриш”, “сўкиш” ва ҳоказолар каби маъноларда талқин қилинган. Албатта, булар шубҳасиз, қай даражада жисмоний азият етишидан қатъий назар кучли азоб ва камситилишни (таҳқирланиш, хўрланиш) назарда тутади. Баъзи бир фатволарга кўра, бу мисвок ёки шунга ўхшаш бирор нарса, масалан қалам билан уриш (туртиб қўйиш). Ҳар ҳолда, Абдуллоҳ ибн Аббос "енгил жазо" нима эканлиги ҳақида берилган саволга шундай жавоб берган. Бундай жазолаш кўпроқ таъна ёки норозилик ва асабийлашишни билдиришга ўхшайди. Бошқа тарафдан эса, жисмоний жазони ҳаддан оширмаслик ва эрнинг аёлига етказган жароҳатнинг ўрнини қоплаш (бадал тулаш) зарурлиги ҳақида зикр қилувчи фатволар ҳам бор.
Қуръони каримда жазолар ҳусусида қуйидагилар зикр қилинган:
«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир. Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир». (Нисо сураси, 34 -35-оятлар).
Бу матнни тўғри тушуниш учун, буларни оила тузулмаси ва Исломдаги муносабатларнинг умумий қолипига солиб кўриш лозим, ўшанда унинг маъносининг асл мақсади ва вазифаларини тўғри тушиниш имконияти пайдо бўлади. Юқорида келтирилган матнни бошқа шунга ўхшаш матнлар билан бирга қўшиб ўрганиш, тафсир қилиш лозим, улар қуйидагилар:
«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари) дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир». (Нисо сураси, 1-оят)
«Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир». (Рум сураси, 21-оят).
«Хотинларни талоқ қилишингизда, муддатлари охирига етганда, уларни яхшилик билан ушлаб қолинг ёки яхшилик билан қўйворинг. Уларни тажовуз учун, зарар етказиш юзасидан ушлаб турманг. Ким ўшандоқ қилса, шубҳасиз, ўзига зулм қилади. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билманг. Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва ваъз этиб туширган китоби ва ҳикматини эсда тутинг. Аллоҳга тақво қилинг ва, билингки, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир». (Бақара сураси, 231-оят).
«Эй иймон келтирганлар! Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнгра уларни қўл теккизмай туриб, талоқ қилсангиз, улар зиммасида сиз учун идда ўтириш бўлмас. Бас, сиз уларни баҳраманд қилинг ва гўзал бўшатиш ила бўшатиб юборинг». (Аҳзоб сураси, 49-оят).
«Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш. Сизга уларга берган нарсангиздан бирор нарсани олиш ҳалол бўлмайди, магар икковлари Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликдан қўрқсалар (бўлади). Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмаслигидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларида тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир». (Бақара сураси, 229-оят).
«Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир». (Рум сураси, 21-оят).
«Хотинларни талоқ қилишингизда, муддатлари охирига етганда, уларни яхшилик билан ушлаб қолинг ёки яхшилик билан қўйворинг. Уларни тажовуз учун, зарар етказиш юзасидан ушлаб турманг. Ким ўшандоқ қилса, шубҳасиз, ўзига зулм қилади. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билманг. Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва ваъз этиб туширган китоби ва ҳикматини эсда тутинг. Аллоҳга тақво қилинг ва, билингки, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир». (Бақара сураси, 231-оят)
Муҳаббат – муҳим омилдир!
Юқорида келтирилган оятларни ҳамда шариатнинг жамланган йўриқларидан ҳамда умумнабавий идеаллари ва анъаналаридан келиб чиққан ҳолда ўқиб чиқсак, никоҳ муносабатларининг чинакам руҳияти меҳрибонлик ва раҳм-шафқат билан белгиланганини кўришимиз мумкин. Шундай қилиб, ушбу муносабатлардаги белгиловчи омиллар сифатида муҳаббат, шафқат ва раҳмдиллик бўлиб қолади.
Аёллар маънан ва жисмонан шафқатсизликка гирифтор бўлаётган, оилавий ишларда оила боши саналмиш эрга чексиз ваколат берилган эски фатволар нотўғри талқин қилинаётган бугунги мусулмонлар жамиятидаги жамоатчилик муносабатларининг воқелиги инобатга олинадиган бўлса, жисмоний жазонинг асл мазмуни муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда.
Оилавий муносабатларнинг бу ҳолда қабул қилиниши ўрнатилган мазкур тартиблар асосини яъни, раҳм-шавқат, ҳамфикрлик, ҳамкорлик ва интеграцияни эътиборга олмай қўяди. Шунинг учун ҳам бу каби матнларни контекстидан ажратиб олган ҳолда аёлни ва оилани эрнинг мулки сифатида нотўғри англаш ёки уларни суистеъмол қилиш жоиз эмас.
Оилавий муносабатларда мажбурлаш ва зўровонликка ўрин йўқ
Ўтмиш тажрибасидан кўришимиз мумкинки, аёлларнинг оилавий муҳитдаги роли ва салоҳияти чеклаган ва бу ўз навбатида эркакларга қўшимча мажбуриятларни юклайди.
Аммо бугун таълим, технологик, маданий ва глобал истиқболлар аёлларга кўпгина имкониятлар яратяпти, уларга иқтисодий мустақиллик, оилавий ишлардан ташқари интеллектуал ва техник имкониятлар бермоқда.
Шундай қилиб, оилавий муносабатлардаги таранглик ва низоларнинг олдини олиш учун биз оила тузилмаси ҳақидаги тушунчамизни бугунги воқелик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишимиз, шунингдек оиланинг ҳар бир аъзосига назарда тутилган ўз ролини бажариш имкониятини берувчи тушунчалар ва қадриятларни тиклашимиз керак.
Яна бир муаммо – қуръоний матнларда учрайдиган арабча daraba (zoraba - урмоқ) феълини шарҳлашдан иборат, зеро ушбу сўз катталар ўртасидаги муносабатда азоблаш, камситиш ва жисмоний оғриқ етказиш маъносидаги воситани англатиши, ёҳуд аёлни ўз эри билан ярашишга ҳамда уни итоаткорлик ва содиқликка мажбурлаш усулини ҳам англатиши мумкин.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, аксарият динлар ва маданиятларда бўлгани каби, муслима хотин никоҳни ҳеч қанақа шароитда ўзича буза олмайди, ва эрининг розилигисиз адолатли тарзда ажрашиш ҳуқуқига эга эмас. Демак, уни бўйсундириш, ўз хоҳишига зид бўлса ҳам эри билан ярашишга ва эрининг амрига итоат қилишга мажбурлаш зарур.
Шу нуқтаи назардан, азоблаш, камситиш ва жисмоний оғриқ етказиш маъносидаги жазо оилавий муаммоларни ҳал қилиш эмас, балки уларни босиб туриш воситасига айланади!
Бироқ, шуни тўлиқ ишонч билан таъкидлаш мумкинки, бундай ҳолат шариат тамойилларига мос келмайди. Зеро, шариатимизда оилавий тузилма ўзаро муҳаббат ва раҳм-шафқатга асосланади, унда оиланинг якдиллиги ва аҳиллиги қўллаб-қувватланади, унинг ўзига хослиги муҳофаза қилинади.
Исломда оилавий муносабатлар танлаш эркинлигига асосланади: унда мажбурлаш, хўрлаш, қатағон ёки қўпол муносабатларга рози бўлиши шарт қилинмайди; никоҳдаги ҳар бир тараф гоҳ эр бўлсин, гоҳ аёл - никоҳни бузиш ёки оилавий муносабатларни бекор қилиш ҳуқуқига эга. Айниқса, бундай никоҳ зулмга ёки бошқа нохуш нарсаларга сабаб бўлаётган бўлса.
Оила аъзолари ўртасида доим нафрат, низо ва душманлик ҳукмрон сурганидан кўра, ажралиш афзал бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда шариат эрга талоқ қилиш, аёлга эса, хулуъ қилиш ҳуқуқини беради.
Шундай қилиб, зўрлик ёки жисмоний жазо эр-хотин ўртасидаги муҳаббат руҳини, содиқ бўлишни таъминлаш, ўзаро яқинлик ва бир-бирига бўлган ишончни сақлаб турувчи восита бўла олмас экан.
Оилавий муаммолар қандай ҳал қилинади?
Бундан ташқари, Қуръони каримнинг оилавий муаммоларни ҳал қилиш ва ораларини ислоҳ қилишга оид оятларини (Нисо сураси, 34-35), ўрганишида икки хил ечим борлигини кўрамиз.
Биринчи – ҳар қандай эр ва хотин ўртасидаги оилавий низоларни ташқари ёки бошқа бир учинчи тарафнинг иштирокисиз ҳал қилиниши. Бу эркак танлаган йўл бўлиб, у уч босқичдан иборат: (1) (итоатсиз аёлларга) ваъз насиҳат қилиш, (2) тарки тўшак яъни, ётоқларини ажратиш, (3) уриш.
Иккинчи – биринчи йўл фойда бермаганида иккинчи усулдан фойдаланилади, яъни эр-хотин икковлари оят ҳукмига кўра, ораларини ислоҳ қилишлари учун ўз яқинларидан ҳакам топишлари керак бўлади. (Нисо сураси, 35-оят):
«Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир».
Шундай қилиб, хотинда норозилик ва итоатсизлик аломатлари пайдо бўла бошлаганида Қуръони карим эрни уни кўндиришга, эҳтиёт қилган ҳолда сўрашга чорлайди. Бу унга ўзининг хавотирларини айтишни, тушунмовчиликни очиқлаб олишни, муаммолар ечимини, бирга қарор чиқаришни, адолатли шартлар асосида никоҳни асраб қолиш лозимлигини, ва пировардида, буларнинг қайғули оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билдиради.
Агарда хотин билмасдан ёки такаббурлик қилиб эрининг насиҳатларига қулоқ солмаса, унда жиддийроқ чоралар кўрилади: у билан бирга ётишдан бош тортилади.
Бу унинг ожизлиги, сабрсизлиги ва ҳислари билан ҳисоблашмаслигини кўрсатади. Ўзига бўлган қизиқишнинг йўқолганини кўрганидан сўнг аёл вазиятнинг жиддийлигини ва оқибати ёмон бўлишини табиий равишда тушуниши керак.
Агарда хотин итоатсизлигида туриб олса ва эрининг келишишга йўналтирилган ҳаракатларини инкор қилаверса, унда бу никоҳ бузилиш хавфи остида эканига ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Яъни, никоҳ бузилиши хавфи аниқ бўлиб қолди, энди оила бу ҳолатда узоқ яшай олмаслигини ҳар иккала томон ҳам тушуниши лозим.
Жаҳл келганда ақл кетади
Ушбу ҳал қилувчи онда иложсиз равишда бир савол туғилади: эр-хотин ўз турмушларига бўлган таҳдиднинг аниқлигини англаши ва барча салбий оқибатларни баҳолаши учун нима қилиш мумкин?
Оила доирасида ва ташқаридан ҳакамларни аралаштирмаган ҳолда яхши томонга ўзгариш йўлидаги навбатдаги қадам жазо бўлади. Бироқ, эр-хотинни яраштиришни кўзлаган ҳолда, Қуръон оятида келтирилган daraba сўзининг маъноси нима экан?
Бу ерда унинг маъноси уришми, чертишми, калтаклашми ёки азият, оғриқ ва шармандаликка сабаб бўлувчи исталган бошқа ҳаракатми? Аёлларни бўйсундиришга интилиш, уларни ўз хоҳиш-иродасига зид тарзда оилавий риштани сақлаб қолишга мажбурлаш назарда тутилмоқдами? Агар шундай бўлса, бундай буйсундиришдан мақсад нима? Аёлнинг итоаткорлиги ёки уни оғриқ ва шармандалик воситасида мажбуран ушлаб туриш ўзаро боғлиқлик, қайғуриш, яқинлик ва содиқлик ҳисларини қайта тиклаб, оилани бузилиб кетишдан сақлай оладими?
Ва бундай жазо ўз ҳуқуқларини яхши билувчи ҳамда инсоний қадр-қимматга эга бўлган бугунги муслималарни буйсундира оладими? Уларни шафқатсиз эр билан муроса қилишга ва бунчалик аламли риштага сабр қилишга мажбурлай оладими? Эҳтимоли кўпки, бу оила асосини тамоман барбод этади ва унинг қулашини тезлаштиради.
Агар daraba (“жазолаш”) сўзи аёлларга нисбатан шафқатсизликни Қуръони карим ояти ила оқлашга ҳаракат қилаётган айрим эрлар томонидан нотўғри тарзда шарҳланаётган, тан жароҳати ёки руҳий азият етказишни англатмаса, уни қандай тушунмоқ лозим?
Доробани қандай тушунамиз?
Дороба ضرب феълининг турли хил кўринишлари, ундан чиққан маънодош сўзлар Қуръони каримда камида 17 та мазмунни ифодалаб келган. Уларнинг орасида бир нечта мажозий маънодаги сўзлар ҳам бор: "ўраб олмоқ", "бўлиб ташламоқ", "ўчирмоқ", "узоқлаштирмоқ", "кеткизмоқ" каби. Масалан, бу сўз бирон бир жойга нисбатан ишлатилса саёҳат қилмоқ ёки кетмоқ маъносини билдиради. Қулоққа нисбатан айтилса эшитишга имкон бермасликни англатади. Ваҳийга нисбатан қўлланганда тўхташ, бас қилиш демакдир.
Дороба ضرب ҳақиқатни ҳам, ботилни ҳам ойдинлаштиради ва уларни бир-биридан ажратади. Дороба ضرب кўкракни рўмол билан ёпади (ҳижоб оятига ишора), денгиз ва дарёларда эса сувни суриб кечувларни ҳосил қилади.
Лекин бу кўп маъноли феълни оилавий муаммолар ечимида, бир-биридан ғазабланган эр-хотин ўртасида муҳаббат ва ўзаро тушунишни қайта тиклашда қандай ишлатамиз?
«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг (дороба). Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир (Нисо сураси, 34-оят).
Юқорида зикр қилинган маънолар ва вазиятни ўрганиб чиқиб, ўзаро келишувнинг мақсади, инсон эрки ва ҳурматига асосланган Ислом ақидаси, никоҳ иттифоқига кўра ўз йўлини ўзи белгилаш ҳуқуқи, шунингдек иккала жуфтнинг ҳам бу иттифоқдан қўрқитув ва мажбурлашсиз чиқиши мумкинлигига асосланиб айта оламизки бу иқтибосдаги ضرب калимаси зарар кўриш, оғриқ ва шармандаликка сабаб бўлиши мумкин эмас. Бу сўзнинг аниқроқ тафсири ажралиш, тарк этиш, ёки хосланиш бўлади. Демак, воқеаларнинг айни шу ривожида эр маълум вақтга хотинини бутунлай тарк этади, бу вақт хотин учун ҳақиқатни англаш вақти бўлади. У танлов қаршисида қолади: қатъий туриб олиш ва ўжарлигида давом этиш, ёки тўғри фикрга қулоқ солиш, ҳали кеч бўлмай туриб оилани сақлаб қолиш.
Дороба ضرب феълини худди шундай тушуниш пайғамбаримиз суннатларига ҳам мос келади. Маълумки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллари ҳаёт оғирликларидан норози бўлиб у кишига гап қайтаришганида, улардан бир ойга четланганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом "машроба" (масжид ёнидаги болохона)га чиқиб яшаганлар ва аёлларига танлаш ихтиёрини берганлар: ёки у кишининг ҳаёт тарзини қабул қилиб, бўйсуниб яшаш, ёки никоҳ алоқаларини бекор қилиб, яхшиликча ажралиб кетиш.
Шундай воқеаларнинг бири Қуръони каримда зикр қилинган:
«Эй Набий, жуфти ҳалолларингга: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш ила бўшатиб қўяй. Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган», деб айт». (Аҳзоб сураси, 28-29-оятлар)
Абдулҳамид Абу Сулейман, Халқаро Ислом фикрати интитути президенти, Халқаро Малайзия Ислом университетининг собиқ ректори мақоласи асосида Абу Муслим тайёрлади
***
Ушбу мақолани кўриб чиқиш жараёнида бошқа исломий манбаларга ҳам мурожаат қилишга туғри келди. Мақоладаги айрим маълумотлар бизнинг тушунчамиздаги баъзи фикрларга туғри келмаслиги мумкин. Мақола муаллифи Исломнинг раҳмат ва шафқат асосидаги дин бўлганини мазкур мавзу асосида талқин қилган ва бунга эришган. Биз ҳам динимизнинг бу маънодаги таълимотларини ҳозирги кунда, айниқса эр-хотинлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар поймол қилинаётган бир даврда кўпроқ тарғиб қилиш зарур деб биламиз.
Албатта олдинги фуқаҳоларимизнинг китобларидаги айрим қаттиққўллик асосидаги фатволарни маълум давр ёки жойларда ҳозир ҳам татбиқ қилиш керак бўлар, лекин барибир оила, эр-хотинлик муносабатлари раҳмат, шафқат ва ўзаро меҳру мурувватга асосланишини тарғиб қилавериш даркор. Зеро, муҳаббат йўқ жойда оилавий мустаҳкамлик ҳам бўлиши амри маҳолдир.
Тошкент Ислом институтининг собиқ ректори Муҳаммад Аюб Усмон
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 294 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар