1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Уйингизни фаришталар тарк этмасин...

 

ёхуд “катталар учун боғча” нега керак?

Инсон борки, ўзидан ҳамиша яхши ном қолдириш учун яшайди. Бу боқий тамойил одамзоднинг куч-қувватга тўлган ёшлик даврида ҳам, кексайган чоғида ҳам уни тарк этмайди. Шундай экан, бугун юртимизнинг ҳар жабҳасида эришаётган ютуқларимизда мўътабар қарияларимизнинг ҳам хизматлари беқиёс эканлигини унутмаслигимиз, ҳар қадамда уларнинг дуоларини олиб, хизматларига камарбаста бўлишимиз яхши фазилат. Чунки, дуо билан ер кўкаради, дейдилар.
Ана шундай пиру-бадавлат отахон-онахонларимиз аввало, бизнинг эътиборимиз, меҳримиз, баъзилари эса давлат ва жамиятимизнинг кўмагига муҳтож.

АФСОНАЛАР ҲАҚИҚАТДАН ТУҒИЛАДИ

Бир ривоятни эшитгандирсиз: кексайиб қолган отасини чўлнинг ўртасидаги якка дарахт соясида қолдириб кетаётган ўғлига қараб қария кулиб қўяди. Бу кулгининг маъносини тушунмаган ўғил сўраганида, бир вақтлар қария ҳам отасини худди мана шу дарахт тагида ташлаб кетганлигини айтади. Омон-омон замонлар ўтиб, кун келдики ўзининг ҳам бошига худди шу қисмат тушганидан кулаётганди у.
Бу ривоятнинг замиридаги ҳақиқат нечоғлик аён бўлса-да, баъзида ён-атрофимизда руй бераётган ана шундай аччиқ ҳақиқатларни ҳам қабул қилишга мажбур бўлиб қоламиз. Муқаддас динимизнинг асосида ҳам бу ҳақда такрор ва такрор айтилганига қарамасдан ота-онани эъзозлаш, кексаларни ҳурмат қилиш сингари юксак фазилатлардан бебаҳра бўлган баъзи инсонларнинг ҳамон орамизда борлиги бизни ташвишга солади.

Республикамизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, хусусан, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

«БИР БОРА КЕЛИБ КЕТ, БОЛАМ»

Тўғри, бизда ҳеч ким кўчада қолмайди. Бошига бирон бир ташвиш тушиб турган етти ёт бегонанинг ҳам олдидан бепарволик билан ўтиб кетолмаймиз. Ана шундай раҳмдиллик, меҳрибонлик, кўнгли юмшоқлигимизни ўз қаричи билан ўлчайдиган беоқибат фарзандлар ҳам борки, керак бўлса давлат боқиб олсин, деган нотўғри қарашларни ўзига байроқ қилиб, кексайиб қолган отасини, онасини ҳатто мамнуният билан ўзлари ташлаб кетишади. Йиллар давомида боласининг бир бора дийдорига зор бўлиб кутаётган қарияларимиз учун биз бераётган меҳрнинг ўзигина етарли бўла олармикин?
Давлатимиз сиёсатининг бош мақсадларидан бири ҳам ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашдир. Бугун юртимизда қаровсиз қолган якка-ёлғиз қариялар, айтиш мумкинки, “парилар” эъзоз топган бир нечта масканлар фаолият кўрсатмоқда.

ФАКТ:
Бугун юртимизда 8 та “Саховат уйи” ва 1 та Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионати фаолият кўрсатади. Уларда 1500 нафардан ортиқ якка-ёлғиз қариялар, уруш ва меҳнат фахрийлари тўлиқ давлат таъминоти остида истиқомат қилишмоқда.

НАВҚИРОНЛИК СИЗГА ЯРАШАДИ

Гоҳида кўча-куйда соғлом ҳаракатли, адл қоматли, юзларидан нур ёғилиб турган нуроний отахон-онахонларимизни кўриб ҳавас қиламиз. Халқимиз ана шундай ҳавасли, кези келса керагидан-да ортиқ эъзозлайдиган, меҳр-мурувватни жойига қўядиган халқ бўлгани учун ҳам осмонимиз тинч, қуёшимиз мусаффодир, эҳтимол.
Бугун юртимизда узоқ умр кўриш буйича қайд қилинган ўртача ёшдан ҳам кўра, мамлакатимиздаги “Саховат” уйлари ва пансионатда истиқомат қилаётган қарияларимизнинг ўртача умр кўришлари юқорироқ ёшни ташкил этаётгани ҳам фикримизнинг далилидир.

БИЛАСИЗМИ?
*** Пансионат – итальянча “пансион” сўзидан олинган бўлиб “дам олиш маскани” деган маънони билдиради.
*** Исроилда “катталар учун боғча” ташкил қилинган. Уй шароитида қараш учун имконияти бўлмаган фарзандлар кексайиб қолган ота-оналарини махсус пансионатга эрталаб олиб келиб, кечқурун олиб кетишаркан.
*** Инсон узоқ умр кўриши учун "Геронтология” (узоқ умр кўриш сирларини ўрганувчи фан)га ва унинг бир нечта олтин қоидаларига амал қилиб яшаши керак.

АТРОФИМДА МЕҲРИ ДАРЁ ИНСОНЛАР...

Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида яшаётган қарияларимизнинг айримлари билан суҳбатда бўлдик. Шу ўринда, бу билан баъзи беоқибат фарзандларга мурожжат қилмоқчимизки: “Шукр қилинг, сизни ундириб-ўстирган, бир жонини мингга айлантириб, борини сизга тутқазган отангиз, онангиз соғ-омон ва ҳеч қачон кўчада қолмайди. Аммо афсуски, уларга ёлғиз бир нарсагина, яъни, ўз фарзандининг меҳри етишмайди, холос. Энди эса тилагимиз, эртага ўзингиз уларнинг аҳволига тушмаслигингиз учун ота-онангизга беролмаган меҳрингизни ҳам фарзандингизга қўшқўллаб қўшиб беринг. Зора, “қайтар дунё” деб аталган тақдир тизгинлари сизни четлаб ўтса...”
Валентина Чекова (93 ёш) меҳнат фахрийси:
Менинг бу ерга келганимга 15 йил бўлди. Шу йиллар давомида бирор марта ҳам ўзимни ёлғиз хис қилганим йўқ. Ёши ўтиб қолган одам аввало ўзи-ўзига эътиборлироқ бўлиши керак. Мен бу ердан биринчи навбатда руҳий мадад оламан. Атрофимда меҳри дарё инсонлар. Баъзи ёлғиз қолган қариялар турли сабабларга кўра ўзидан қўрқиб яшайдилар. Бу ерда эса бошқача. Ҳолингиз сал ёмонлашса тезда ҳамма сизнинг бошингизда парвона бўлади. Бундай меҳрибончиликни кўриб тузалиб кетганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Қолаверса, узоқ умр кўришимизнинг яна бир сабаби, пансионатда тўғри овқатланиш тартиби тўлиқ йўлга қўйилган. 1 кунда 5 маҳал овқат берилади.
Ҳар гал оз-оздан, ҳар ким ўз таъбига қараб парҳезли таомлардан истеъмол қиламиз. Бу ҳам узоқ умр кўришнинг энг муҳим қоидаларидан биттаси.

НЕГА? НИМА УЧУН?

Бу ерга келганлар баъзилари ўз ихтиёри билан, аммо, ўша “ихтиёр” замирида ҳам фақатгина ўзлари учун маълум сабаблар бўлиши табиий, баъзилари эса яқинларидан жудо бўлгач, ёлғиз яшашга кўниколмасдан ҳатто уйларини сотиб бу ерга келишар экан. Аксарият қарияларимиз бу сабабларни ошкор этишни ҳоҳламадилар. Нима бўлганда ўзбек оилаларидаги бир-биримизга бўлган меҳр-оқибат, ҳурмат-иззатдан келиб чиқадиган бўлсак, фарзандларим бор, деб зорланаётган баъзи юз билан юзлашиб қолган, невара-чеваралари бағрида пиру-бадавлат бўлиб юриш насиб қилмаган отахонларимизнинг дил сўзларидан юраклар ларзага тушади.
Шамсиддин Каримов (91 ёш) уруш фахрийси:
Мен 6 йилдан буён пансионатда яшайман. Чорак асрлик умрим ўқитувчилик билан ўтган. Инсон кексайган сари янада кўпроқ меҳрга, эътиборга муҳтож бўлиб қолар экан. Ана шу меҳрни ҳамма ҳам бера олмайди. Меҳр билан суғорилган ҳар қандай дарахтнинг ҳам илдизи мустаҳкам бўлади. Унча-мунча эсган шамолнинг ҳам бу дарахтни қулатиши қийин. Биз бу ерда яқинларимиздан кўрмаган ана шундай меҳрни кўряпмиз.

“МЕН ҲАЁТГА ҚАЙТДИМ”

Мунаввар Охунбобоева (77 ёш) меҳнат фахрийси:
Пансионатга келганимга 2 йил бўлди. 40 йил ўқитувчилик қилганман. Бир неча йиллардан буён асаб хасталигидан шикоят қилардим. Охирги марта 2 йил олдин юрагим бардош беролмай йиқилиб қолганман. Бу ердаги шароит, айниқса, тиббий-муолажа хоналари, кутубхона, спорт зали, ошхона, соя-салқин дам олиш хоналари мени тезда ҳаётга қайтарди. Ҳаётга ва одамларга нисбатан муносабатим кескин ўзгарди. Ҳозир ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Биз учун бундай имкониятларни яратиб қўйган меҳри дарё инсонларни умримнинг охиригача дуо қиламан.

УЙИНГИЗДАН ФАРИШТАЛАР ҚОЧСА...

Уйингизда кексайиб қолган отангиз ёки онангиз борми? Ҳар куни эрта тонгда дуолар билан сизни ишга кузатадиган, елкангизни силаб, умрингдан барака топ болам, дейдиган инсонингиз бўлса, демак сиз дунёдаги энг бахтли ва энг бой одамсиз. Шундай дамларда уларга қўшилиб уйингизнинг ҳар бурчидан фаришталар ҳам сизга барака тилаётгандек бўлади. Буни гоҳида ўзингиз сезасиз, гоҳида эса сезмай ҳам қоласиз.
Энди фақатгина фараз қилинг, агар уйда кексалар бор бўла туриб, уларнинг қадри бўлмаса бу уйнинг на файзи, на фариштаси бўлади. Шу ўринда, кўп бора айтилиб, ҳаммага маълум бўлган мақол – “Қариси бор уйнинг париси бор” деган ҳақ сўзни яна бир бор такрорламасдан ўта олмадик.

ЭЪТИРОФ

Фатхулла Назруллаев, Тошкент шаҳри Олмазор тумани
Мен умрим давомида кўп машаққатларни, урушнинг оғир синовларини бошдан кечирдим. Шунинг учун ҳам ёшларга ҳамиша тинчликнинг қадрига етинг, юртимизга содиқ фарзанд бўлинг, деб уқтираман. Ахир, шундай меҳри дарё юрт қайда бор? Инсон кексайгани сари янада кўпроқ меҳрга, эътиборга муҳтож бўлиб қолар экан. Меҳр билан суғорилган ҳар қандай дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлади. Бизнинг давраларнинг тўрида юришимиз давлатимиз ғамхўрлигининг маҳсулидир. Ниятимиз, ёшу-қари демай, ёлғиз демай ҳаммага бирдек ғамхўрлик қилаётган Юртбошимиз омон бўлсинлар.

СЎНГГИ СЎЗ

Ҳар йили Японияда 1 марта турли нуфузли ташкилотлар иштирокида хайрия акцияси ўтказилади. Унда саховатпеша компаниялар ўзларининг хайрия акциялари билан иштирок этиб мамлакатдаги ёрдамга муҳтож ёлғиз қарияларни тақдирлайдилар.
Шукрки, БИЗда аҳолининг меҳрга муҳтож қатламлари бир йилда бир марта эмас, ҳар куни саховат, меҳр-оқибат, хайр-эҳсон каби юксак фазилатларимиз булоғидан қониб сув ичадилар. Ҳатто мактаб ўқувчилари, талабалар ҳам ўзларининг арзимас бўлса-да совға-саломлари билан бу ерда истиқомат қиладиган қарияларимизни ҳар куни йўқлаб туришар экан. Бу эса халқимизнинг маънавият ўчоқлари нечоғлик чуқур илдиз отганлигидан, ёрдамга муҳтож кишиларга яхшилик улашиш қон-қонимизга сингиб кетганлигидан яна бир бор далолат бермайдими?..
Ахир, қўл очиб юртимизга барака тилаётган кексаларимизнинг дуолари мустажоб.

Сарвар Сафаров

Ҳозир сайтимизда 205 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ