Сайт бўлимлари
Замонавий «занжирбандлар»
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Қайси куни ишхонамизга бир йигит кириб келди. Эгни-боши бир аҳвол, шимининг почалари йиртилган. Оёғидаги ботинкаси кийилганидан бери чўтка кўрмаган шекилли, чанги бутун бошли томни ёпиш учун лой қоришга етади. Сочлари онасидан туғилганидан буён на сув кўрган, на тароқ. Пахмоқ толалари кўз-қошини пана қилган. Йигитнинг аҳволини кўриб тўғриси, юрак-бағрим эзилиб кетди. Дарҳол сумкамдаги пулларнинг ҳисобини чамалаб чиқдим. Йўл кира ва тушликдан ташқари яна озроқ пулим ортиб қоларкан. Ўша пулларни олиб, энди йигитга тутқазишга чоғлангандим, ҳалиги «жулдур» кир костюмининг чўнтагидан алламбало «сотка» чиқариб ким биландир гаплаша кетди. Қўлидаги матоҳининг нархи менинг бир йиллик даромадимга тенг келарди-ёв. Хуллас, у телефонда қандайдир иқтисодий музокарани давом эттирганча, бош ҳисобчимиз ўтирган хонага кириб кетди. Мен бир қўлимдаги пулларга, бир ўзимга ҳайрат билан тикилаётган жамоадошларимга қараб ўнғайсизланганча:
- Уст-бошининг бир аҳволдалигини кўриб, раҳмим келиб кетди. Тиланчи бўлса керак, деб ўйлабман. Яхшиям телефони жиринглаб қолди, бўлмаса мана бу пулларни бермоқчи бўлиб турувдим, - дедим. Кулги зарбидан хонамизнинг деразалари зириллаб кетди. Қарасам хонадошларнинг кулгиси ҳали-бери тинадиган кўринмайди, кейин ўзим ҳам ўлганимнинг кунидан тиржайган бўлдим.
- Оббо сиз-эй, соддалик ҳам эви билан-да! - жамоадош қиз кулги зўридан ёшланган кўзларини арта-арта менга юзланди. - Ҳозир шунақа жулдур, йиртиқ-ямоқ кийим, пахмоқ сочлар билан юриш «мода»га айланган-ку.
- Камига белига занжир ҳам осиб олишади, - гапга аралашди яна бир ҳамкасбим. - Қулоқларига, бурунларига зирак тақишади, бўйинларига темир-терсак илишади...
Беихтиёр хаёлимга икки йилча олдин Тошкентда юрганимда гувоҳи бўлганим - метро бекатидаги бир манзара тушди. Ўшанда ҳам ҳозиргидан баттар аҳволга тушгандим. Икки ҳамкасб дўстим билан ер ости йўлига тушиб кетаётгандик, ёнимиздаги зинапоядан тушаётган икки йигит эътиборимни тортди. Икковининг ҳам эгнидаги жинси шимининг ранглари униқиб кетган, тиззалари йиртиқ, футболкасидаги тасвирлар чапланган. Бир қулоғида зирак, бошида рўмол. Белидан тиззасигача занжир осиғлиқ. Билагини дастрўмол билан маҳкам боғлаб олган. Бир муддат уларга ажабсиниб қараб турдим-да, ёнимдаги ҳамкасбларимга юзландим:
- Юринглар, анавилардан интервью оламиз. Хорижий сайёҳлар шекилли.
- Кимни айтаяпсан? - Ҳамроҳларимдан бирининг энсаси қотди.
- Ана, анави занжирбандларни айтаяпман, - мен ҳамон улардан нигоҳимни узмасдим. Бир маҳал ёнимдагилар қаҳ-қаҳ отиб, бир-бирига қўл ташлаганча кула бошлашди.
- Ҳалиям соддалигинг қолмабди-я, сенинг,- амаллаб кулгисини босиб олди дўстим. - Ахир булар замонавий, энг сўнгги «мода»да кийинадиган фасон бойваччалар-ку!
- Уларнинг эгнидаги занжири бор йиртиқ шимнинг пулига иккита костюм-шим беради. Булар ажнабийлар эмас, энг сўнгги урфда кийинадиган ўзбек йигитлари! - Иккинчи ҳамроҳим ҳам кула-кула суҳбатга аралашди. Тўғриси, ўшанда ўз ҳолатимдан кулишни ҳам, куйишни ҳам билмагандим. Фақат, ўшандан буён йиртиқ шимли «занжирбанд»ларни кўрсам, катталар олдида ер ёрилсаю ерга кириб кетгудай бўлиб хижолат тортаман. Худди ўзим ўшанақа кийимларни эгнимга илиб олгандай, ён-атрофимдагиларнинг кўзларига қарашга ботинолмайман...
Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, ер юзининг энг гўзал, энг мафтункор, маданияти, маънавий бойлиги бутун оламни ўзига мафтун айлаган Бухоройи Шарифда истиқомат қилиш саодатига мушарраф бўлганман. Юртим зиёратига ошиққан ҳар бир сайёҳ асрлар тарихини сўйлагувчи обидалар, осори-атиқалар салобатидан ҳайратга тушиш билан бирга, бежирим, ҳаммага бирдай ярашиқли либосларимизга мафтун бўлмоғи муқаррар. Хорижлик меҳмонларнинг зардўзи тўну дўппиларимизга, чаманзор-гулзордай ял-ял товлангувчи адрасу-атласларга ишқи тушиб, сотиб олганларини, ҳаттоки саёҳати давомида миллий либосларимизни кийиб юрганларини кўп кузатганман. Бу дилга хуш ёқувчи манзара, кўнгилда ўзи яшаб турган манзил-макондан фахрланиш, Яратган инъом этган Ватандан ғурурланиш ҳисларини уйғотади. Аммо... Юртимиз жамолидан юраги яйраб, унга яна бир бор қайтиб келиш орзусида ортига қайтаётган меҳмон, кўча-кўйларимизда оёқ-қўлига занжир осиб, йиртиқ шимининг чўнтагига қўлини тиқиб олган «замонавий» ёшларимизга кўзи тушса, не хаёлларга боради?! Шукрки, ундай «модний»лар кўп эмас. Лекин, бор. Хўш, ўша ёшларнинг ота-онаси, қариндош-уруғи, маҳалладошлари уларни кўрмайдими?! Улар-ку ҳали ёш, қилаётган иши ўзига маъқул кўринади. Лекин ҳеч бўлмаса, катталар эътиборлироқ бўлишса, ёшларнинг кўнглига тегмайроқ панд-насиҳат қилишса, ёшлар ҳам гапга тушунади. Тўғри, бугун қаламга олинган мавзу анча эскирган, бу ҳақида ёзавериб, гапиравериб, ёзган ҳам, гапирган ҳам, эшитгану ўқиган ҳам чарчаган. Лекин унутмаслик керакки, инсоннинг кийиниши унинг атрофдагиларга бўлган ҳурматини белгилайди. Энди ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг, қайсидир қадрдонингиз билан учрашмоқчисиз. Кутганингиз ҳузурингизга ранги ўчиб, йиртилиб увадаси чиққан кийим-бош кийиб, қўл-оёғига занжир осиб келгани яхшими ёки бежирим, дазмолланган, тоза кийимларда келганими? Кийиниш инсоннинг аҳлоқини, одобу тарбиясини ҳам намоён қилади. Шундай экан, ўзимизга кийим танлаётганимизда, қайси миллат вакили эканимизни, миллий қадриятларимиз ва халқимизнинг маънавий қарашларини ҳам инобатга олганимиз маъқул. Токи, (атрофда дўст бор, душман бор) кишиларга масхара-кулгу бўлишдан асрасин.
Баҳор
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 288 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар