1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Шаҳар олиб бермаган қизлар

Қишлоқдан келган меҳмонлар ёзнинг иссиғида  бетон уйларда сиқилиб қолишмасин, деган ўйда кўча эшикни очиб қўйгандим. Бир пайт қўшни аёлнинг шанғиллагани, эшикларнинг  қаттиқ очилиб-ёпилгани эшитилди. Аёл овозини баралла қўйиб, ўзига тегишли луғат бойлигидаги барча қарғишу ҳақоратларни эрига ёғдирар, дам бадам ўзининг шўр пешонасига ҳам лаънатлар ўқиб, аюҳаннос соларди. Меҳмонлардан хижолат чекиб эшикни ёпиш учун коридорга чиқсам,  қўшни эркак қандайдир халтани қўлига илдириб олиб, лифт чақиряпти экан. Салом бергандим  изтироб ва хижолатчилик билан қараб, алик олди-да ўзини лифтга урди. Шу топда бояқишга жуда ҳам ачиниб кетдим. Чамаси, олти ойлар аввал шу қўшни аёл  бошқа бир қўшнимиз билан қаттиқ жанжаллашиб қолганди. Ўша айтишувда қўшни аёлнинг шаллақилиги, атрофдагилардан хижолат бўлмаслигига таажжубда қолгандим, бошқа қўшнимиз:

—      Бу хотиннинг юзиқоралигига  “дом”дагилар ўрганиб қолган. Керак бўлса, бутун даҳа билади, десам ҳам ёлғончи бўлмайман. Ўзи ҳокимиятда ишлайди. Мақтанишича катта-катта ўқишларда ўқиганмиш. Ота-онаси унга қулоқ солмай, ўқимаган, оддий, ҳунарманд йигитга узатган экан. Эри яхши одам, мўмин-қобил, топиш-тутиши ҳам ёмон эмас. Аммо хотин ношукрлик қилади, эр бояқишни менсимайди. Ўқимаганлигини юзига солиб, ҳар жанжалида эрига таъна –маломат қилади,-деганди.

Қўшни хотиннинг жанжалини кўп бор кузатганман. Аксарият пайтларда жанжалнинг охири, эркакнинг қандайдир халтани қўлига илиб, уйдан чиқиб кетиши билан якунланади. Бу галги можароларни четдан кузатар эканман, анчадан бери юрагимда йиғилиб қолган мулоҳазаларни иншо этиш фикри туғилди.

Ҳақиқатан ҳам атрофимизга назар ташласак, ўқимишли, маълумотли қиз-аёлларнинг олий маълумотга эга бўлмаган, ҳунарманд ёки умуман якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган эркакларга паст назар билан қараши кишини ўйга толдиради. Аслини олганда, эркак кишининг топгани баракали бўлади. Аёл минг пул топаман деб чиранмасин, ўзини ўтдан чўққа урмасин, барибир топганида барака бўлмайди. Айниқса, жуфтини камситадиган, эридан ор қиладиган аёлларнинг ҳолига вой бўлади. Чунки, ҳар қандай аёлга аёллик нафосатини фақат  эригина инъом эта олиши мумкин.  Аёл кишига фақат эрининг оиласидагина бахт топиш имконияти берилган. Аксарият аёллар эса, гумроҳлик билан ўз бахтини бой беришадию, кейин айбни гоҳ тақдирдан, гоҳ  атрофидагилардан излаб юришади.

Диплом бахт гарови...ми?

Йўқ. Олий маълумот, дипломли бўлишнинг оилавий бахтга алоқаси йўқ, фикримизча. Тўғри,  ўқимишли кишиларнинг маънавий дунёси, фикрлаши, дунёқараши бошқалардан кўра фарқ қилади. Аммо ўқиган билан уқимаганлар, яъни маълумоти олий бўла туриб, ҳаёт мактабидан ҳеч қандай таълим олмаганлар ҳам ўзларига ва ҳам атрофидагиларга зарар қиладилар.

Бундан уч-тўрт йиллар аввал бир вилоятга меҳмонга кета туриб, ёши улуғроқ йўловчи билан ҳамроҳ бўлиб қолдим. Амаки жуда ҳам тўлиб кетган, кўнгли кемтик экан. Бир пасда мени ўзига яқин олиб, изтиробларини сўйлай кетдилар:

—      Ёшликнинг ҳавойи ҳаваслари қуриб кетсин. Севиб қолдим, ўламан саттор шундан бошқасига уйланмайман, деб ўқимишли қизга уйлангандим. Ўшанда раҳматли ота-онам, “болам, бекор қиляпсан, сен ўқимаган, ҳунарманд йигитсан, топган қизинг олий маълумотли, яна катта жойда ишласа (у пайтларда райкомда комсомол деган ташкилот бўларди. У ўша ташкилотнинг туман котиби эди), нега энди ёнида юрган ўқимишли йигитларни эмас, сени танлади? Боз устига ўзингдан икки ёш катта ҳам экан, агар яхши қиз бўлса, нега шу пайтга қадар турмушга чиқмади?!”,- деган гапларига қатъий эътироз билдириб, ҳатто ўз ота-онам мени камситишяпти, деб улардан хафа бўлиб ўшанга уйлангандим. Никоҳнинг биринчи тунидаёқ қаттиқ хатога йўл қўйганимни билдим... Аммо бу дардимни бировга айтолмадим ҳам. Негаки ўзим танлаган, ўзим пиширган ош эди. Яшайвердим. Уч йилда бирин-кетин икки қизимиз туғилди. Сўнгра хотиним икки оёғини бир этикка тиқиб, ишга чиқаман, деб туриб олди. Ноилож эдим. Йўқ десам, икки гапнинг бирида ажрашишни таклиф қилади, ажралишсам ошна-оғайниларим, яқинларим олдида нима деган одам бўлардим? Қолаверса, фарзандларим ҳам бор. Кўндим. Хотиним бир-икки йил ўша лавозимида ишлаб, амали ҳам кўтарилди. Лекин мени эр ўрнида, эркак ўрнида кўрмасди. Деярли ҳар куни, “эҳ, қайданам эрга тегиб, бола туғдим-а, агар турмуш қурмаганимда, ҳозир карьерамни анча ривожлантирган бўлардим, мансабим бундан ҳам катта бўларди”, деб нолирди. Қисқаси, кўрган куним кун бўлмади. Бир амаллаб қизларимни узатиб юбордим, бахтимга улар онасига ўхшамади. Энди кексайганимда хотиним мени уйдан ҳайдаб соляпти. Биз отамнинг ҳовлисидан бўлак ҳовли-жой қилиб чиққан эдик, уни иккаламиз қурганмиз. У менга, “пахта заводда оддий ишчи бўлиб ишлаган одам ҳеч замонда бунақанги данғиллама ҳовлини қуролмасди, уй менинг пулим қурилган, қани бу ердан тезроқ нари кетинг”, деяпти. Ахир бу ёшимда қаерга бораман? Кимникига сиғаман? Пенсия пулимга уйни қаердан оламан?.. Бир пайтлари ўйламай қилган ишим бошимга хў-ў-ўп ташвиш бўлди...

Ўқимишли хотин амакини тозза лақиллатиб уйни ўз номига расмийлаштириб олган экан.  Яна “мансабдор бўлиш учун маълумотнома тайёрланаётганда, яқин қариндошлари ҳақида қисқача шарҳ ёзилади, мен, эрим оддий ишчи, дейманми?”, деб фарзандлари туғилганидан кейин расмий никоҳини ҳам бекор қилдирган экан.  Ҳайрон қолгандим, карьера қилиб умрини хомталаш қилган аёл (агар уни аёл деб аташга ҳақли бўлсак!), жилла қурса қариганида эри, фарзандлари, неваралари даврасида фароғатда яшашга ўзини муносиб кўрмадимикан?.. Эссиз, бир аёлга берилган умр, унга насиб этган оналик бахти...

—      Олий маълумотли қизларнинг аксарияти ўзига баланд баҳо бериш билан

Ҳаётда жуфтини топишга қийналади

-          дейди руҳиятшунос Муҳаббатхон Арслонова.- Аввало ўқиган- ўқимаганни ажратишда пул муҳим омил эмас, ҳамма гап дунёқарашда. Бир нарсани тан олишимиз керакки, ҳақиқатдан ҳам ўқимишли одам билан олий маълумотли бўлмаган одамнинг дунёқараши ва фикрлашида жуда катта тафовут бор. Олий маълумотли бўлгани, ишлаб пул топгани учун ўзини катта тутаяпти, бизни назарига илмаяпти, деган гаплар ҳам айнан ўша маълумоти бўлмаганлардан чиқади. Чунки ўқиган одамнинг маънавиятлилиги, дунёқараши кенг экани аввало унинг гап сўзида билинади. Буни тушунмаганлар эса манманликка йўяди. Ўқиган ва ўқимаган қизларнинг орзу ҳавасларидаям катта фарқ бор. Олий маълумотли қизлар ўзига ўхшаб ўқиган йигит билан турмуш қуришни хоҳлайди албатта. Мана шу хоҳиш билан осмонларларда учиб юришади ва шундай пайтда ўқимаган йигитдан келган совчи уларни камситгандек бўлади.  Лекин ҳамма ўқиган йигитлар ҳам бир хил эмас. Баъзи ўқимаган йигитлар ўқиганлардан кўра минг чандон оқил ва дунёқараши кенг бўлади. Умуман олганда, қиз бола, аёл кишининг ўқимишли, маънавиятли бўлиши яхши. Нега деганда у бўлғуси она, насл давомчиси ва миллат келажагининг тарбиячиси ҳисобланади. Аммо бу уларга турмуш ўртоғини камситиш ҳуқуқини бермайди! Қолаверса, мен ўқимишлиман, маълумотим олий, фақат олий маълумотли йигитга тегишим керак, деган фикрда бўлган қизлар ҳам янглиш ўйлайдилар. Вақт вафо қилмайди. Илм олиш, маънавият сарчашмасидан баҳарманд бўлиб сизга тақдир қилинибдими, шукр қилинг ва эшигингизга сизни сўраб келган, сизни бахтли қилиши мумкин бўлган йигитнинг кўнглини оғритманг. Аёл кишининг асл аёллик саодати — оилада. Маълумотингиз оилангиз мустаҳкамлиги, ақлли, илмга чанқоқ, соғлом ва баркамол  фарзандларни дунёга келтириб тарбиялашга хизмат қилсин, бахтингизнинг бойланиб, тенг-тўшингиздан ортда қолишингизга эмас, дегим келади шундай қизларга қарата...

Олибсотарнинг ҳуқуқшунос хотини

Бир таниш аёлни биламан. Олий маълумотли ҳуқуқшунос. Уч нафар фарзанди бор. Тўй-ҳашамларда бирга ўтириб қолганимизда даврадагилардан бирови аёлдан турмуш ўртоғининг нима касбдалигини сўраса, истеҳзо билан кулганича “ Эрим чайқовчи. Олибсотар” дейди. Кимдир унинг гапига қўшилиб шарақлаб кулса, яна биров энсаси қотганини яширмай аёлга нафрат билан тикилади. У эса оғзини тўлдириб, эрини камситадиган гапларни гапира бошлайди. Билишимча эри яхшигина тадбиркор. Аёл данғиллама ҳовли-жойларнинг маликаси бўлиб, хорижий русумдаги автомашиналарни миниб юрибди. Ўзи ҳеч қаерда ишламайди. Ўша у  “ўқимаган”, “олиб сотар, чайқовчи” деб калака қилаётган эри бир аёл орзу қилган ҳамма шароитни  хотинига муҳайё қилиб қўйган. Эвазига ҳурмат ва қадр топиш ўрнига, хотини уни таниган-танимаганлар ичида масхара қилади, камситади. Ҳа, олий маълмуот кишига ақл ва фаросат бера олмас экан. Йўқса, эри кам кўстсиз ҳаёт инъом этгани учун аёл уни дуо қилиб, фахрланиб, ишларининг хайрли кечишини тиламасмиди? Афсус, ундайлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Ўзлари ўқиб бирор нимани қойиллатиб қўймаган бўлсаларда, ҳалол меҳнат билан ризқини топаётган жуфтларини беҳурмат қилиш билан ўзларининг-да қадр қимматларини ерга урадиганлар ўзини ўзи бахтсиз қилаётганлар эмасми?

—      Бу  борада кимнидир айбдор қилишга ҳақли эмасмиз,-дейди  журналист  Жамшидбек  Намозов.- Ҳар кимнинг ўз фикри, дунёқараши, ҳаёт мезонларини ўлчайдиган қаричи бор. Замонамизга келиб айрим дангаса одамларда “ўқиб олий маълумот олганинг билан тузукроқ иш топмайсан”, “маош билан тирикчилик қилиб бўлмайди” деган фикр пайдо бўлган. Меҳнаткаш киши учун баҳонанинг кераги йўқ. Чунки ҳозир уқувли, илмли, уддабурро одамларга меҳнат қилиши, ўзини кўрсатиши ва ишлашдан асоосий мақсади – тўкин ва фаровон яшаши учун яхшигина шароитлар бор. Бунинг учун киши қатъиятли, изланувчан ва меҳнатсевар бўлиши керак. Имкон кишининг қўлига келиб қўнмайди, уни ўзингиз излаб топиб қўлингизга қўндириб оласиз. Хуллас, мулоҳазага муносбат билдирадиган бўлсам, ҳозир аксарият йигитлар юқоридаги асоссиз фикрга таяниб билим олиш, олий ўқув юртларида таҳсил олиб, дипломли бўлишдан ўзларини мосуво этяптилар. Ундайларнинг  фикрича “дипломли бўлиш, ойлик маош билан яшаш- аёлларга” экану  эркак кўчадан пул топиб келса бўлдимиш. Ана шу калта ўйли одамлар ҳисобига йигитларимиз орасида ўқимишли, олий маълумотлилари камайиб боряпти. Олий ўқув юртларида таҳсил кўрган, оқила,  оқ-қорани таниган қизлар эса, кўчада уст боши тупроққа беланиб юрадиган ё бозорда аёллар ички кийимини хорижники деб мақтаб сотаётган ёхуд йил ўн икки ой  чет элларда ишлайман  деб  кетадиган  йигитга  турмушга  чиққиси  келмайди.  Бу ерда ҳам дунёқарашда, ҳам маънавий нуқтаи назарда ва ҳам молиявий ҳолатда икки томон орасида катта фарқ  юзага келади. Агар қиз ўшандай йигитга турмушга чиққан тақдирда ҳам оилада бошдан- бош ўзаро ҳурмат мустаҳкам бўлмайди. Ақл-заковатли қиз бўлса, эрининг ҳурмат-иззатини ўрнига қўяр, аммо у ҳам фақат эри бўлгани учунгина жуфтини ҳурмат қилади.  Дунёқараши бир-бирига мос келмайдиган одамларнинг шунчаки эл кўзига бир том остида яшаши эса ҳам ўзларига ва ҳам болаларига зиён...

Бизнинг  фикримизча ҳам, олий маълумот ва диплом мустаҳкам ва бахтли оиланинг асосини ташкил этмайди. Муҳими- жуфтликларнинг аҳиллиги, тотувлиги ва баҳамжиҳатлигида. Рўзғорнинг қут баракаси ҳам эр-хотиннинг ўзаро иноқлиги ва бир-бирини ҳар қадамда қўллаб –қувватлашига боғлиқ. Зеро, бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака арийди, дейди донишманд халқимиз. Яна бир нарса, жуфтлар маънавиятли, заковатли бўлиши ҳам саодат эшигига калит бўлади.

Хўш, азиз муштарий, бу борада сизнинг фикрингиз қандай? Албатта ёзиб юборинг, мулоҳазаларингиз битилган мактубларни кутиб қоламиз.

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ