Сайт бўлимлари
“Эшон”лар ким аслида?
- Подробности
- Бўлим: Урф-одат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
“Эшон”лар ким аслида?
Инсон Яратган Эгамнинг барча махлуқотлари орасида азиз ва мукаррам этилган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (“Исро” сураси 70- оят) Ислом таълимотида барча инсонлар хоҳ у аёл, хоҳ эркак, хоҳ мўмин, хоҳ ғайриддин бўлсин ҳамма бирдек тенг ҳуқуқли экани алоҳида эътироф этилади. Аммо орамизда шундай одамлар борки, кўр-кўрона эътиқод ва ишониш билан ўзларига ўзлари
“Юксак мартаба”
ясаб олганлар. Гўёки улар “эшон”, “саййид” ва ҳоказолардан эмишлару, мартабалари баланд, насл-насаблари тоза экан. Улардан бошқалар “қора”, “оддий одамлар” бўлиб, “эшон” ё “саййид”лар билан бир даврада ўтириш, қиз бериб- қиз олиш каби алоқалар “қора халқ”қа таъқиқланган эмиш. Бу аслида не чоғли тўғри ҳақиқат эканлигини далолат этмоқликдан аввал айни мавзуда юртдошларимизнинг қарашлари билан қизиқдик.
— Ҳозир энг расво ишларни ўша сиз айтаётган “эшон”ларнинг болалари қиляпти,- дейди сурхондарёлик муштарийимиз Акрамжон Қурбонов.- Ўғрилик дейсизми, бирвнинг ҳаққини ейишми, зинокорликми... Хуллас, ислом этган, иймонли киши учун таъқиқланган ишларда “эшон”ларнинг болалари ҳам “фаол” иштирок этишяпти. Бир пайтлари халқнинг диний билимлари саёз, диний манбалар оз, ҳатто умуман бўлмагани учун ҳам одамлар ундан-бундан эшитган гапларига ишониб, “эшон”ларнинг хизматини қилиш керак экан, уларни ранжитсанг дуойибад қиларкан, ва ҳоказо каби бидъат гапларни маҳкам ушлаб олишган эди. Шукр, истиқлол инъом этган неъматлар туфайли халқнинг диний билимлари ҳам бир мунча ўсди, исломий нашрлар, диний маълумотлар ҳаққоний баён этилган рисола ва китоблар кўпайгани сабабидан, одамлар ўзи тўқиб чиқарган ва бир неча йиллардан бери ишониб юрган сафсаталарининг ноҳақ, ноўрин эканини англади. Балким, “эшон”у “саййид”лар ўзи ўйлагандек жуда оқсуяк бўлиши мумкин, аммо бу дегани бошқа одамлардан мартабаси юқори, устун туради дегани эмас. Ислом дини тенглик тарафдори...
“Эшон” ниқоби ортидаги нопокликлар
Самарқандлик исм-насабини сир тутган мухлисамиз бу хусусда мулоҳазаларини билдира туриб дейдики:
— Анча аввал жияним бир йигит билан бир-бирини ёқтириб, аҳу паймон қилишган экан. Йигит “эшон”лардан экан. Ота-онаси “биз “қора”лардан келин олмаймиз, наслимиз бузилади, келинимиз эшонлардан бўлиши керак, бизда фақат қариндош-уруғи билан никоҳланади”, деб ўғлини ўзининг яқин қариндошига уйлаб қўйишибди. Номард йигит жиянимни алдаб-авраб, “шу ишни қилсак, сени менга олиб беришади” деб гуноҳга қўл уриб қўйишибди экан. Йигит уйланиб, бола-чақали бўлиб кетди-ю, жабр менинг жиянимга бўляпти. Ёшгина қиз совчиларни рад қиляпти, ҳеч бири билан учрашиб ҳам кўрмайди. Йиғлайвераркан, йиғлайвераркан, онаси олдига олиб сўраса, шу гапни гапирибди. Бечоралар энди куйиб ўтиришибди, дардини кимга айтишни билмай. Эшон деганлари насли тоза бўлса, Худони таниган бўлса шундай қилғиликни қилармиди?! Ундайлар биз эшонмиз, деб ўзларини бошқалардан баланд тутиб одамларга зулм қилишдан бошқа нарсани билмайдилар...
Мақолани тайёрлаш жараёнида мулоҳазалар мавзусидан хабар топган бир ҳамкасбим ўзи гувоҳ бўлган ҳолатни шундай сўзлади:
— Танишларим орасида бир жувон бўларди. Турмуши бузилган. Ўзини “эшонларданмиз”, деб мартабаси “юқори”лигини тез-тез таъкидлаб чарчамасди. Эркаклар билан танишардию, ими-жимида никоҳ ўқитиб, (бунисиниям Худо биладию, ҳарқалай бизга никоҳ ўқитдик дерди) “эшонлардан экан” деб яшайверарди. Кейин ўзи яшаб юрган эркакнинг пули тугаб қолса, “мени алдабди, эшон эмас экан, бизга эшон бўлмаган одам билан турмуш қилиш мумкин эмас” деб яна битта бошқа “эшон”ни топиб оларди. Икки йилдан бери ўша танишимни кўрмадим. Ким билади, яна нечта “эшон”ни ёстиғини қуритди экан...
Мўмин банданинг сифати
Юқорида таъкидлаганимиздек инсон азиз ва мукаррам, шунингдек Аллоҳ наздида бандалари фақат тақвоси билангина фарқланади. Хўш, ўзини аъло насаб, эшон санайдиганлар шу ҳақиқатларни билмасмикинлар? Уларга ўзларини устун билиш, бошқа бандалардан мартабаларини баланд қўйиш ҳуқуқини ким берган экан?
Пайғамбар (сав) бир ҳадисларида мўмин кишининг сифати ҳақида шундай марҳамат қиладилар:
“Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”. Ўзини “эшон”, “саййид”, “тўра” ва ҳоказо оқсуяк ва аъло насаб деб ҳисоблайдиган биродар, сиз Аллоҳ Расулининг ушбу ҳадислари мағзидаги ҳақиқатни англаб етганмисиз? Ислом таълимоти бандаларни бир-биридан ажратиб, кимнингдир кимга паст назар билан қарашини, камситишини, бандаларнинг ўзларини бошқалардан бир поғона баланд тутишларини қоралайди. Бу ҳол на диний тарбияга ва на инсоний одоб-ахлоққа мос келмаслигини ҳеч мулоҳаза қилганмисиз?
Расулуллоҳ (с а в) ҳатто ғайриддинга озор бермасликни, ғайридиннинг ҳам эътиқодини ҳурмат қилишикни буюрганлар. Эшонмиз деб ислом оламида олий насабликни даъво қилаётган биродарларимиз бундай даъватлардан хабардормикинлар, деб ўйлаб қолади киши.
Ўзини оқсуяк, “эшон”ларданмиз деб икки гапнинг бирида моҳиятан ўзи англаб етмаган мартабасини пеш қилиб тинмайдиган таниш эркакнинг бир одам билан мулоқоти баногоҳ қулоғимга чалинди. Ул жаноб оғиз тўлдириб “Биз эшонлар учун аёл зоти ҳеч ким. Аёлларни ҳатто одам қаторига ҳам қўшмаймиз” дедилар... Ё, алҳазар... Бу қандоқ гап бўлди, энди?! Эшонзода жанобларини ҳам она туққан-ку, инкубатордан чиқмаганлар, ҳарқалай... Ўз онасини, опа-синглисини одам ўрнида кўрмаган, уларни ҳеч ким билган кишида диний тарбияни қўяверинг, оддийгина инсоний хислатларнинг ўзи бўлиши мумкинми? У “ҳазрат” эътиқодли, тақводор бўлганларида, “Фарзандларингизга бирдай меҳр беринг. Агар улардан бирига кўпроқ меҳр бериш керак бўлса, қиз болангизга кўпроқ меҳрибончилик қилинг” ва “Жаннат оналар оёғи остидадир” деган ҳадислар мағзини уққан бўлардилар. Улар аёлга аёл деб эмас, ОНА, силаи раҳмга муҳтож зот, муниса деб қараган бўлардилар...
Мантиқсиз одат озори
Ўзларига аллақандай диний мартаба ясаб олганлар орасида фақат қариндош-уруғи билан никоҳланиш каби мантиқсиз одат бор. Бу тахлит турмушни ислом ҳам тиббиёт ҳам қаттиқ қоралайди. Ислом дини таълимотида инсоннинг саломатлиги, хотиржамлиги бош ғоя ҳисобланади. Яқин қариндошлар орасидаги никоҳ эса туғилажак фарзандларнинг жисмоний ва ақлий нуқсонлар билан дунёга келишида асосий сабаб бўлиши исботини топган ҳақиқат.
— Эшонлардан бўлганимиз учун авлодимизда фақат қариндош-уруғи билан турмуш қуриш ёзилмаган қонунга айланиб қолган, -дейди бир дўстим. -Мен ҳам амакимнинг қизига уйланганман. Хотиним билан доимий келишмовчиликларнику гапирмаса ҳам бўлади, лекин мана қизчам уч ёш бўлибдики, ҳалиям тили чиққани йўқ. Ўйласам, юрагим увишади... Шунинг учун бошқа фарзанд кўришга хотинимга рухсат бермаяпман... Қачонгача бу бемаъни одатдан озор чекарканмиз, билмадим...
Инсоннинг маънавияти бой бўлсин...
Одам боласининг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқ. Кишининг руҳий-маънавий олами бой бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча иймонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, диндош биродарларини ҳурмат қилса, ён-атрофидагиларни камситмаса, илмига амал қилгувчилардан бўлсагина унинг даражаси юқори бўлади.
Инсон бир томчи нутфадан яралибгина қолмай, унга эшитиш ва кўриш қобилияти ҳам берилган. Аммо бу баъзилар ўйлаганидай, инсондаги қулоқ ва кўз аъзоларинигина англатмайди. Улар онгсиз ҳайвонларда ҳам бор. Эшитишдан мурод, илоҳий даъватларга қулоқ солиш, англаш ва ҳаётга татбиқ этиш, кўришдан мурод эса, борлиқдаги ҳамма нарсадан ибратланиш, бу ҳақда тафаккур қилиш, Ҳақни танишдир.
Ўзларини “эшон”, “саййид” ва ҳоказолардан санаб юрганлар аввало юқоридаги ҳақиқатлар атрофида бир мулоҳаза юритсалар, яхши бўларми эди, бизнингча.
Бу хусусда диншунос ва уламоларнинг фикри қандай экан?
— Ислом динида одамлар табақага ажратилмайди, балки улар фақат тақволари билан фарқланиши таъкидланади- деб мулоҳазаларини бошлади диншунос- мутахассис Баҳодиржон Муҳаммадиев.- Бироқ Ислом араб ва ажам халқлари ўртасида тарқалиши билан «саййид», «хўжа», «эшон», «оқсуяк», «тўра» каби атамалар истеъмолга кириб келган. Муҳаммад (с а в)нинг қизлари Фотима ва куёвлари Алидан тарқалган авлодлар «саййид» ҳисобланади, деган фикр илгари сурилади айрим манбаларда.
“Эшон” сўзи форсчада “улар” деган маънони англатади. Ўрта асрларда сўфийлик тариқатларида диний раҳнамолар ушбу ном билан аталган ва уларга мурожаат қилишда ҳурмат юзасидан исмлари ўрнида «эшон», баъзан «эшон пир» сўзлари ишлатилган. Исмоилийлар фирқасида диндорлар жамоасининг раҳбари ҳам «эшон» деб аталади.
Аслида тенглик динга қараб бўлади. Мусулмонлар — бир-бирларига тенгдирлар.
Айримларнинг эшонмиз, фақат эшонлардан қиз олиб, эшонларга қиз берамиз, деган иддаолари нотўғри. Ундайлар оқсуякликни суриштиришдан кўра Аллоҳнинг динини ўргансалар яхши бўлар эди. Уламолар никоҳдаги кафоъат – тенгликка диндан бошқа никоҳ айбларидан саломат бўлиш, ҳуррият, насаб ва синоатга ўхшаш нарсаларни ҳам қўшадилар. Чунки одатда ушбу омилларга эътибор бермаслик кўпинча оиланинг бузилишига сабаб бўлади. Лекин тарафлар рози бўлса, шундай ҳолларда ҳам никоҳ жоиз бўлаверади. Араб қабилалари қиз беришдан олдин ҳам роса насабу ҳасабни суриштиришар эди. Оиласига тенг насабга эга бўлмаган кишига қиз беришмас эди. Бу эса насаб асосида айирмачилик қилиш, кишиларни камситиш, сен бизга тенг эмассан, дейишнинг кенг тарқалган тури эди. Шунинг учун Ислом бу муаммога ҳам алоҳида аҳамият қаратган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Эй одамлар! Албатта, биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда ўзаро танишишларингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлилигингиз энг тақволигингиздир» Демак, одамларни улар мансуб бўлган халқ, қабила, насаб-ҳасаб асосида фарқлаш, яхши-ёмон дейиш дуруст эмас. Бу ҳукмга мусулмонлар оғишмай амал қилишлари жоиз.
Тошкент шаҳар “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом- хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов айни мавзуда дейдиларки:
— Аллоҳ инсонни ақл ва идрокда бутун махлуқларидан мукаррам айлаб, унга Ердаги ҳамма нарсани бўйсундириб қўйди. Унга икки йўл – ҳидоят, имон ва залолат, куфр йўлини кўрсатиб қўйди. Инсон вужудидаги моддий тараф маънавий томонидан устунлик қилса, Ҳақни танимай қолади, фаросат, ақл-идрок кўзи беркилади ва маънавий хасталикка учрайди. Бу хасталикни даволашнинг бирдан-бир йўли эса илоҳий тарбия чашмаларидан қониб сув ичиш, уларга, қатъий амал қилишдир.
Аллоҳ инсонларни яратар экан, уларга дунё ҳаётида жуда кўп неъматларни ато этиш билан бирга тўғри йўлни, ҳидоят йўлини ҳам кўрсатиб қўйган. Бандаларини ҳидоятда бўлиб, Ўзига чин бандалик қилишларини талаб этган. Дунёга келдикми, бир кун кетиш бор. Оқибатнинг хайрли, савол-жавобнинг осон бўлиши дунёдаги солиҳ амалларимизга, Аллоҳга бандалик қилишимизга боғлиқ. Дарҳақиқат, ислом дини таълимотлари инсоний тушунча чегараси доирасида комил инсонни ўз атрофидагиларга доимо меҳр-мурувватли, мунис-меҳрибон, ўзгаларнинг ҳожатларини чиқарувчи бўлишга чорлайди.
Одамларнинг ўзларини бошқалардан устун санаб, манманликка берилишлари кибр ҳисобланади. Бандасининг кибри Аллоҳ таоло наздида энг ёмон хусусият. Инсонликнинг асл моҳияти Аллоҳга бандалик қилишда экан, бир-бирларимизни чиройли амаллар қилишга ва сабр- қаноатли бўлишга даъват этайлик! Аллоҳ таоло барчаларимизга тинч ва тотувликда, бир-биримизга меҳр-оқибат кўрсатиб истиқомат қилишни насиб айласин!
Умида Азиз тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 190 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар