1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Хуш келдинг Рамазон! (танловга)

РАМАЗОН! Бор йўғи етти харф, айтилиши осон, муддати нақадар оз, лекин тухфалари, неъматлари ва хасанотлари беқиёс бўлган мўжизавий ой...
РАМАЗОН! Сенинг таърифингни Роббимиз Аллоҳ азза ва жалла баён қилди: "Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир" (Бақара,185).

РАМАЗОН! Роббимизнинг энг улуғ ибодатларидан бири бўлган рўза ҳам айнан сенинг бағрингда фарз бўлди: "Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди", "...Сизлардан ким у ойда хозир бўлса, рўзасини тутсин" (Бақара, 183, 185) Нихоят Роббимиз сендан кўзланган энг асосий мақсадни таъкидлади: "...Шоядки, тақводор бўлсаларингиз!"
РАМАЗОН! Сен ҳақингда суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бизга хушхабар бердилар. Айтдиларки: "Сизларга рамазон ойи келди. Муборак ой келди. Аллоҳ таоло бу ойда рўзани фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади ва жаҳаннам эшиклари ёпилади. Бу ойда шайтоннинг саркашлари боғланади..." (Имом Аҳмад, Насоий ва Байҳақий ривояти)
РАМАЗОН! Сенинг бағрингда бир тун борки, у тун биз учун минг ойдан яхшироқдир. Бу туннинг таърифини, шаънини улуғлаб Аллоҳ таоло Ўз каломида оятлар нозил қилди: "Албатта, Биз У (Қуръон) ни қадр кечасида туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? Лайлатул қадр минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Рух Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир" (Қадр сураси). Бу туннинг хосиятини Пайғамбаримиз с.а.в. баён қилдилар: "Ким Лайлатул қадрни иймон ва ихлос ила қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур"(Бухорий ва Муслим ривояти).
РАМАЗОН! Ҳар сафар сен ташриф буюрганингда ҳазрати Умар р.а. айтар эдилар: "Марҳабо, бизларни покловчи. Рамазоннинг ҳаммаси яхши, кундузи-рўза, кечаси-қиём. Бу ойдаги нафақа Аллоҳ йўлидаги нафақа кабидир".
РАМАЗОН! Яна қанчадан-қанча биз билган, билмаган таърифларинг, хислатларинг, мўжизаларинг борки, уларни санашга, ёзишга на умримиз етади ва на қоғоз қаламимиз... Лекин биз аниқ биламизки, сен Роббимизнинг биз гуноҳкор бандаларига меҳрибончилик қилиб юборилган раҳматисан.
Балки шунинг учундир, сенинг қадрингга етмаганларга, сендан унумли фойдалана олмаганларга қарата Жаброил (а.с.)нинг: "Ким Рамазон ойини топсаю, ундан гуноҳлардан холи бўлиб, мағфират қилиниб чиқмаса, хор бўлсин...", дея дуоибад қилганлари. Балки шунинг учундир, ҳабибимиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг дўсти Жаброилнинг бу дуоларига "Омин" дея жавоб қайтарганлари.
РАМАЗОН! Мана яна сен билан дийдорлашиб турибмиз. Ҳар доимгидек бу йил ҳам сендан умидларимиз катта. Сенинг баракотинг билан кундузларни рўзадор, кечаларни бедор ўтказиш иштиёқидамиз. Илоҳим, Аллоҳ таолонинг Ўзи сабр қаноат берсин.
Хуш келдинг эй РАМАЗОН!

Ёрбек Исломов