Сайт бўлимлари
Асрларга татигулик сониялар (танловга)
- Подробности
- Бўлим: Рамазон
- Чиққан санаси: 17 Июль 2014
– Ойи, ана, янги ой чиқибди. Мен худди пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларидек дуо қилайми энди? – деб сўради қизим Муслима.
– Ҳа, қизим, худди улар ўқиганларидек – дедим.
Қизим билан дуо қилдик: Аллоҳим уни бизга омонлик, иймон, саломатлик ва ислом тинчлик ойи қилгин! Роббим ва Роббинг Аллоҳдир!
Рамазон ойи кириб келган кунда, ўроққа ўхшаб турган ой, қалбларимизнинг қотиб қолган деворларини ўз нури билан нурафшон қилгандек бўлди. Фарзандларим билан дуо қиларканмиз бу ой бизга энг гўзал амаллар эгаси бўлишимизни Аллоҳдан сўрадик. Гўзал кунлар бошланиб кунларимиз билан тунларимиз бир хил бўлиб кетди. Болаларим бир-бирига меҳрибон, озгина нарса топса, бир-бирига илинар, ширин сўзли хуш хулқ бўлиб қолгандек... Буларнинг барчаси, албатта, турмуш ўртоғим билан Рамазонга тайёргарлик дастуримиз меваси эди. Рамазондан олдин худди уйимизга улуғ меҳмон келадигандек тайёргарлик кўра бошлагандик. Ойни кўрганда ўқиладиган дуолар, Рамазонда қилинадиган амаллар барчаси ҳақида мунтазам гапириб турдик.
Рамазон сени соғиндик! Келиб уйимизни нурларга тўлдир, деб тез-тез такрорлайдиган бўлдик. Фарзандларимиз буни эшитиб, бизга жўр бўладиган бўлишди.
– Ойи, Аллоҳ ўзи сабр беради-я, чанқамаймиз-а, оч қолмаймиз-а? – дерди қизим.
– Вой,ойим айтганлар-ку, Қуръон оч қолганни тўйдириб, чанқаганни чанқоғини қондиради деб. Рамазонда биз кўпроқ Қуръон ўқиймиз, бундан ҳам савоб оламиз, ҳам қорнимиз тўяди – дарров жавоб берарди ўғлим.
Уларнинг гапларини эшитиб, Аллоҳдан уларга сабр беришини, эндигини елкаларига ўтирган фаришталар амал дафтарига бошиданоқ савоб ишларини ёзишини дуо қилардим.
Бир куни қизим «овқат» сўзини тескари қилиб ўқисак, «тақво» сўзи келиб чиқишини айтиб қолди. Агар овқатни тақво билан есак, қалбимиз нурга тўлади. Аллоҳ ҳатто сўзларда ҳам бизларга яхшиликни раво кўрган, деб айтди. Ва Аллоҳга бўлган чексиз муҳаббатини бот-бот такрорлаб юрди.
– Аллоҳни жуда севаман!
– Бизлар ҳам севамиз! – қўшилишди ўғилларим.
– Аллоҳни севсак, буйруқларига итоат қилиб, намоз ўқишимиз керак, мана хуфтон ҳам бўлди. Таҳорат олинглар, таровеҳ ҳам ўқиймиз, – дедим болаларимдан севиниб.
Фарзандларим таровеҳ нималигини билишмаса-да, хурсанд бўлиб унга тайёрланишди...
Мен фарзандларимга намоз ўқиётганингизда худди Аллоҳ билан суҳбат қураётгандек бўлинглар, деб айтардим. Ўзим ҳам шунга амал қилишга ҳаракат қилардим, лекин доим ҳам уддасидан чиқолмасдим. Хаёлимни дунёвий ташвишлар эгаллаб оларди. Аммо Рамазон ойининг бирида, хуфтон намозини ўқий бошлар эканман бирдан вужудимни оғир юк босгандай бўлди. Дунёни унутдим. Кўзларимни юмиб фикримни бир жойга жамламоқчи бўлдим... шу пайт қалбимни гўзал туйғулар қамрай бошлади. Занг босган қалбимни бир нур тозалагандек бўларди. Ажиб тотли ҳисларни сеза бошладим. Бу ҳолат мени сира тарк этмаслиги учун зам сураларнинг узунроғини ўқий бошладим. Саждага бориб «Субҳонал раббиъал аъла» дер эканман бошим устида турган катта бир қасрга кўзим тушди. Оқ мармардан қилинган бу қасрни ҳали энг гўзал шаҳарларда ҳам йўқлигини ҳис қилардим. Қаср олдига борганим сайин, у ўн бараварига катталашиб борарди.. Ундан таралаётган ҳид мени ўзига шунчалик тортардики, уни йўқотиб қўйишни истамасдим. Шу пайт қулоғимга сувларнинг шилдираши эшитилди. Атрофга қарар эканман бу сув шундоққина қаср тагидан оқаётганини, тўғрироғи қаср сув устига бино қилинганини кўрдим. Кенг айвонли жуда гўзал бу қасрнинг остидан оқаётган сув чексиз баландликдан қаергадир оқиб борарди. Ўйма нақшлар, кўзни қамаштирувчи тошлар билан безатилган зиналардан чиқа бошладим. Қасрнинг эшиги устида меҳрибон Роббимнинг сифатлари ёзилган. Ҳар бир сифатидан таралаётган нур кўзларни қамаштирарди. Қаср ичига яқинлашганим сайин энг гўзал овоз билан ўқилаётган Қуръон қироатини эшитардим. Бунча гўзаллик, ширин ҳидлар, муздек дарё товуши ва Қуръон... Хаприқиб кетаётган юрагимни ушлаб, ичкарига интилардим. Овоз келаётган томонга қараб югурардим. Қарасам бутун оилам у ерда... Фарзандларим Қуръон ўқиб ўтирарди. Тинмай атрофга боқиб қувончимни яширолмасдим, гапирай десам оғзимдан фақат ҳамдлар чиқарди... Саждадан қайтарканман «Аллоҳу акбар» тасбеҳини шунчалик юракдан айтдимки, кўзларимга қуйилиб келаётган ёшларни тўхтатолмасдим.
Мана, Рамазоннинг раҳмат кунлари менга инъом этган туҳфаси. Рамазон менга дунё лаззатлари йиғилиб беролмаган бахтни берди. Қандайдир сониялар, лекин асрларга таътигулик эди.
Эртаси синглимдан ҳол сўраб қўнғироқ қилдим. Беш яшар ўғли билан шифохонада ётган эди. Жияним мен билан гаплашмоқчи эканлигини айтиб, гўшакни олди.
– Ҳолажон, биз сиз билан осмонинг жаннатига чиқдик. Жаннатга кирдик. У ерда бизни боғлаб қўйишди. У ердан энди чиқолмаймиз, – дерди у ҳаяжонини босолмай.
Мен синглимдан ўғлинг туш кўрдими, тушини айтиб бераяптими, деб сўрадим гапларидан ҳайратланиб. Жияним бўлса, биз осмонниг жаннатидамиз, деб такрорлашдан қолмасди.
Менинг беғубор жияним! Илоҳо айтганларинг келсин! Аҳли мусулмонларга, Расулуллоҳ (с.а.в.)га умматман деб, Аллоҳ учун рўза тутаётганларга «Осмоннинг жаннати»га кириш насиб этсин. Ва у ердан Рамазонда қилган гўзал сабрларига яраша ажрлар билан «боғланиб» ҳеч қачон чиқмасинлар. Аҳли оилаларимиз билан Жаннатий оила сифатида оқ мармарли, тагидан дарёлар оқиб турувчи қасрларга эгалик қилиш насиб этсин! Дуоларимиз сўнгги: Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн!
Бибинисо Сатторова
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар