Сайт бўлимлари
Ҳайзу нифос кўрган ёки ҳомиладор ва сут эмизувчи аёллар рўзаси
- Подробности
- Бўлим: Рамазон
- Чиққан санаси: 07 Май 2019
САВОЛ: Аёл ҳайз кўрмаслик учун Рамазоннинг рўзасини тутиш ниятида ҳайз қонини тўхтатадиган дори-дармонлар ёки бошқа муолажалар қилиши мумкинми?
ЖАВОБ: Ҳайз қони келиши аёлларга Аллоҳ таоло тарафидан тақдир қилингандир. Ҳайз кўрган аёлларга ана шу Аллоҳ таоло рўза тутмасликка рухсат берган. Бинобарин, рўза тутиш ниятида ҳайз келишини олдини олишга ҳаракат қилиш шарт эмас. Рамазон ўтгандан сўнг қиш кунларининг бирида рўзанинг қазосини тутиб бераверади.
Фуқаҳоларимиз ҳайз қони келишининг олдини олишни жоиз, дейдилар. (“Нафъ ул-муфтий”). Аммо мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда, инсоннинг ўзига аниқ зарар қилмайдиган бўлсагина бу мумкиндир. Акс ҳолда ҳаром бўлади. Сийдик баданда ўз вақтида чиқмасдан кўпроқ туриб қолиши зарарли бўлганидек, қоннинг ҳам ўз вақтида чиқмай қолиши зарарли бўлса керак. Бинобарин, қон келишининг олдини олишдан сақланиш лозим.
САВОЛ: Аёл киши бомдод вақтида ёки эрталаб ҳайздан пок бўлса, ўша куннинг рўзасига ният қилиб, рўза тутса бўладими? У нима қилади?
ЖАВОБ: Хотинлар ҳайз ёки нифосларидан тонг отиши арафасида ёки тонгдан аввал поклансалар, рўзага ният қилиб, рўза тутаверадилар. Агарчи тонг отиб кетгандан сўнг ғусл қилсалар ҳам.
Аммо, бомдод вақтида ёки эрталаб қон тўхтаса, энди, рўзага ният қила олмайдилар.
Бироқ, уларнинг кечгача, ифтор вақтигача рўза тутганлардек имсок қилиб юришлари вожиб бўлади. Рамазондан кейин ўша куннинг қазосини тутиб берадилар.
САВОЛ: Ҳайз кўрган аёл рўза тутса бўладими?
ЖАВОБ: Ҳайз кўрган аёл асло рўза тутиши мумкин эмас. Агар тутса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Агар рўза тутса, рўзаси рўза ҳам бўлмайди. Ҳайз кўрган кунларининг қазосини пок вақтида тутиб беради.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Ойиша разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида бундай дейилади:
كنّا نحيض على عهد رسول الله صلى الله عليه وسلم فنؤمر بقضاء الصوم ولا نؤمر بقضاء الصلاة
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳайз кўрганимизда, рўзанинг қазосига буюрилар, намоз қазосига буюрилмас эдик”.
Намоз бир кунда беш вақт ўқилганлиги боис, ўн кунлик ҳайз муддатида унинг қазоси кўпайиб кетади. Нифосда янада ортади. Аёлларга енгиллик бўлиши учун унинг қазоси ўқилмайди. Рўзанинг қазоси эса тутилади.
САВОЛ: Бола туққан аёл икки ҳафта нифос қонини кўргандан сўнг қони тўхтади. У мусулмонлар билан рўза тута бошлади. Бир ҳафтадан сўнг яна қон келиши бошланди. Энди, у нима қилади?
ЖАВОБ: Биринчи марта бола туғиб, қон кўраётган бўлса, қачон қон тўхтаса рўза тутиб, кейинги қон келишида тўхтатади-да, (яъни, ўртадаги покликда рўза тутиб), кейинги кўришини қирқ кунга етганидан сўнг яна рўза тута бошлайди. Агарчи ҳали қон келиши давом этаётган бўлса ҳам. Чунки, нифоснинг энг кўп вақти қирқ кундир. У биринчи марта нифос кўраётгани учун унда одат шаклланмаган. Демак, қирқ кун нифос бўлган. Қолгани истиҳозадир. Шунинг учун у қирқ кундан сўнг ғусл қилиб олади. Истиҳоза қонининг ҳукми шуки, рўза тутаверади, ҳар намозга янги таҳорат олиб, намоз ўқийверади. Икки қон ўртасидаги тутган рўзасига тавба қилади. Чунки, икки қон ўртасидаги поклик унинг ҳаққида нифосдир.
Иккинчи ва кейинги бола туғишларидан сўнг бирор ҳафта қон кўрган аёл ҳам қони тўхтагандан сўнг рўза тута бошлайди. Бола кўрганидан қирқ кун ўтмасдан аввал яна қон кўрса, рўзасини тўхтатади. Чунки, нифоснинг энг кўп вақти уламолар ижмоъси билан қирқ кундир.
Сўнг у қон кўришини кузатади. Агар қон қирқ кун ичида тўхтаса, демак, ўша пок юрган кунлари ҳам нифос бўлган деб ҳукм қилинади. Шунинг учун у рўза тутганига, эри билан қўшилган бўлса, унга тавба қилади.
Агар қирқ кундан бир-икки кун ўтиб тўхтаса, демак, кейинги кўрган қони истиҳоза экан. Поклангандан сўнг, пайтини топиб, ўша биринчидан кейинги қон кўрган кунларининг ҳаммасининг қазосини тутиб беради.
САВОЛ: Ҳомиладор аёл ёки сут эмизувчи аёл рўза тутса бўладими? Рўза тутмаса нима қилади? Қандай ҳолатда рўза тутмайди?
ЖАВОБ: Ҳомиладор ёки сут эмизувчи аёл, аслида рўза тутишга буюрилган. Фақат улар узрли ҳолатдагина рўза тутмасликлари мумкин. Бунда уларнинг ўзларига ёки болаларига зарар етадиган, етиш хавфи бўлса, узр бўлади. Чунончи, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
فمن كان منكم مريضا او على سفر فعدة من ايام أخر
“Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардадир”. (Бақара сураси, 184-оят).
Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам бундай таъкидланади:
انّ الله وضع عن المسافر الصوم وشطر الصلاة وعن الحبلى والمرضع الصوم
“Албатта Аллоҳ таоло мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва сут эмизувчи аёлдан эса рўзани (фарзиятини) олиб қўйган”.
Ҳомиладор ва сут эмизувчи аёл бу ўринда касал ҳукмидадир. Улар бошқа қулай вақт топилганда, ўтказиб юборган рўзаларининг қазосини тутиб берадилар. Мазҳабимизнинг иттифоқий фатвосига кўра, уларга бошқа ҳеч қандай фидя лозим эмас.
САВОЛ: Бир аёл Рамазонда туғди, боласига хавф қилиб рўза тута олмади. Кейинги Рамазонгача қазосини ҳам тута олмади. Қазосини кечиктиргани учун унга гуноҳ бўладими? Шунингдек, унга каффорат ёки фидя лозимми?
ЖАВОБ: Боласига хавфсираган аёлга рўза тутмасликка рухсат берилган. У боласи учун рўза тутмайди. Ўтказиб юборган рўзасининг қазоси унга лозим бўлади. Унга бошқа ҳеч нарса, фидя ҳам, каффорат ҳам лозим эмас.
У кейинги Рамазонгача қазосини тутгани афзал. Кундузлари қисқа қиш кунлари бор... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар:
الغنيمة الباردة الصوم فى الشتاء
“Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғаниматдир”. Имом Аҳмад ва Термизий ҳамда Табароний ва Ибн Хузаймалар Омир ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Агар кейинги Рамазонгача тута олмаса, унинг ҳеч зарари йўқ. Имкон топган пайтда қазосини тутиб беради. Кечиктиргани учун, модомики ҳаёт экан, гуноҳкор бўлмайди. Ҳечдан кўра кеч, демишлар.
Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизга кўра, унга бошқа нарсалар (каффорат ва фидя) лозим эмас.
САВОЛ: Менинг ўғлим олти ойдан ўтди. Рамазонда рўза тутмоқчи бўлсам, қайнонам эмизадиган аёлга рўза тутмасликка рухсат бор, демоқдалар. Эмизадиган аёлга рўза тутмаслик қандай ҳолатда рухсат берилади ўзи? Баъзилар боласини уч ёшигача эмизадилар...
ЖАВОБ: Эмизадиган аёлларга рўза тутмаслик фақатгина боласига зарар етадиган бўлса ёки онасининг рўза тутганлиги сабабли қони ёхуд сути озайиб кетиш хавфи бўлсагина рухсат берилади.
Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда касалларга рўза тутмасликка рухсат беради. Ҳомиладор аёл билан сут эмизувчи хотин ана шу касал ўрнидадир.
Агар бола она эмизмаса ҳам касал бўлиб қолмайдиган бўлса, бошқа эмизувчи топилса, нон чайнаб едириладиган бўлса, бошқа сунъий таом ва сутлар бериладиган бўлса, онага рўза тутиш фарздир.
Олти ойдан ўтган болалар сут билан бирга бошқа таомлар ҳам ейдиган бўлиб қоладилар. Бинобарин, оналари рўза тутсалар, уларга ҳеч зарари тегмайди. Демак, бундай ҳолатларда онага рўза тутмаслик узр бўлмайди.
САВОЛ: Мендан гоҳида оппоқ сув келади. Бу рўзани бузадими?
ЖАВОБ: Сиз ҳомиладор аёлларда туғишидан бир-икки кунлар аввал келадиган оқ сувни айтаётган бўлсангиз керак. Аслида, ҳомиладор аёлларга Аллоҳ таоло рўза тутмасликка рухсат берган. Сиз ана шу рухсатдан фойдаланишингиз яхшироқ бўларди. Шу билан бирга ихлос билан рўза тутган экансиз, Аллоҳ таоло бу рўзангизни қабул айласин ва ажру савобларини икки баробар кўпайтириб берсин!
Баъзи ҳомиладор аёллардан бундай оқ ёки сариқ сувлар келиши рўзани бузмайди. Чунки, рўза ичга кирган нарсадан бузилади, чиққан нарсадан эмас.
Ҳамидуллоҳ Беруний тайёрлаган
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар