Сайт бўлимлари
Рўза боби (2-қисм)
- Подробности
- Бўлим: Рамазон
- Чиққан санаси: 05 Март 2024
Савол: Рўза фарзлиги қандай далил билан собит бўлган?
Жавоб: Рўза фарзи айн бўлиб, диннинг улкан бир рукнидир, шунингдек, фарзлиги Қуръон ва Суннат билан қатъий равишда собит бўлган, фарзлигига ижмоъ қилинган амалдир.
Рўзанинг фарзлигига Қуръондан далил:
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз. Саноқли кунлар...» (Бақара сураси, 183-оят)
Яна: «Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саногини бошқа кунларда тутадир. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас. Саногини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсаларингиз» (Бақара сураси, 185-оят).
Бу оятларда рўза тутишга бўлган амр буйруқ сийғасида келган бўлиб, рўзанинг фарзлигини ифода қилади. Бу далиллар «Мусулмон киши рўза тутмаса ҳам бўлаверади», дея рўзани инкор қилувчи кофир бўлишини ифода қилади.
Рўзанинг фарзлигига ҳадисдан далил:
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом беш нарсага бино қилингандир: Аллохдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик бериш. Намозни тугал адо қилиш. Закот бериш ва ҳаж қилиш. Рамазон рўзасини тутиш», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Яна:
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул вадоъда:
«Роббингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни адо қилинглар, Рамазон ойида рўзангизни тутинглар ва кўнгилдан чиқариб, молларингизнинг закотини беринглар. Шунда Роббингизнинг жаннатига кирасизлар», дедилар» (Аҳмад ривоят ҳилган, «Умдатул фикҳ»).
Савол: Рўза қачон фарз қилинган?
Жавоб: «Ҳижратнинг ўн саккизинчи ойи, шаъбоннинг ўнинчи кунида, қибла Байтул Мақдисдан Каъба тарафга ўзгарганидан кейинги ойда Мадинаи Мунавварада фарз қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Улардан икки йилини ўттиз кундан, қолган етти йилини йигирма тўққиз кундан тутганлар» («Мавоҳибул ладуния»).
Савол: «Рўза» сўзи қандай маънони ифода қилади?
Жавоб: «Рўза» сўзи араб тилида «совм» лафзи билан келиб, киши ўзини бирор нарсадан, масалан, еб-ичиш, гапиришдан тийиб туришига айтилади.
Шариат истилоҳида эса рўза тутишга аҳл (қодир) бўлган одам ибодат нияти билан субҳи содиқдан қуёш ботгунча рўзани ният қилиб, еб-ичишдан ва еб-ичишнинг ҳукмида бўлган нарсалардан, яқинлик қилишдан ҳақиқатда ёки ҳукман тийилиб туришига айтилади» («Умдатул фиқҳ»),
Савол: Рўза неча қисмга бўлинади?
Жавоб:
1. Муайян фарз;
2. Муайян бўлмаган фарз;
3. Муайян вожиб;
4. Муайян бўлмаган вожиб;
5. Суннат;
6. Мустаҳаб (нафл);
7. Макруҳи тахримий;
8. Макруҳи танзиҳий.
1. Муайян фарз рўза - ҳар йили Рамазон ойида тутилиши тайин қилинган фарз рўза.
2. Муайян бўлмаган фарз - Рамазон рўзасининг қачон тутилиши тайин қилинмаган қазоси.
3. Муайян вожиб - махсус йил, махсус ой, махсус кунларда тутиш назр қилинган рўза. Рамазон ойининг ҳилолини (янги ойини) кўрган, аммо шаҳодати қабул қилинмаган кишининг рўзаси.
4. Муайян бўлмаган вожиб -
а) назр мутлақ ҳам дейилади. Кунини тайин қилмасдан, бир кун рўза тутишни назр қилган кишининг рўзаси. Масалан: «Фалон ишим амалга ошса, бир кун рўза тутишни назр қилдим», дейилгани каби.
б) муайян кунда рўза тутишни назр қилиб, тутолмай қолдирилган куннинг қазо рўзаси.
в) рўза тутишга қасам ичиб, зиммасига рўзани вожиб қилиб олган кишининг рўзаси.
г) нафл рўза тутишни бошлаб, охирига етказмай, очиб юборган кишининг ўша кун учун бўлган қазо рўзаси.
д) каффорот рўзалари: зиҳор, катл, Рамазоннинг рўзасини қасддан очиб юбориш ва қасамни бузганлигининг каффороти учун тутиладиган рўзалар.
е) таматтуъ ва қирон ҳажи учун эҳромга кириб, қурбонлик қилолмаган кишининг ўн кунлик рўзаси.
ж) эҳромдалик чоғида соч оладиган вакт киришидан олдин соч олдирган кишининг шу ишнинг каффороти учун тутадиган уч кунлик рўзаси.
з) Ҳарамда ов қилганининг жазосига тутиладиган рўза.
и) эътикоф билан бирга тутиладиган рўза. Масалан: эътикоф ўтирган киши эътикофини бузиб юборса, эътикофни қазо қилиш чоғида тутилган рўза.
5. Суннат - бирорта ҳам суннати муаккада бўлган рўза йўқдир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилиб, ўзлари кўпроқ амал қилган рўзалар суннат рўзалар ҳисобланади. Бир йилда жами 51 та суннат бўлган рўзалар мавжуд. Улар:
- Арафа куни (зулҳижжа ойининг тўққизинчиси);
- Зулҳижжанинг тўққиз куни;
- Ашуро куни (муҳаррам ойининг ўнинчиси), ундан олдинги ёки ундан кейинги бир кун билан қўшиб;
- Шаъбон ойининг 15-куни (бароат кечасини ўтказибоқ саҳарлик қилинади);
- Шаввол ойида олти кун рўза тутиш;
-Ҳижрий ойнинг ҳар 13-14-15-кунлари (бир йилда 33 кун);
6. Макруҳи таҳримий - икки ҳайит ва қурбон ҳайитидан кейинги уч ташриқ кунларида; насороларга ўхшаб факатгина якшанба, яҳудийлар каби фақатгина шанба кунини улуғлаб рўза тутиш; шак кунида омма халқнинг рўза тутишлари. Хослар бундан мустасно.
7. Макруҳи танзиҳий - фақатгина Ашуро куни, унга олдин ёки кейин бирор кун қўшмай рўза тутиш, баъзи фуқаҳолар наздида слғиз жума куни рўза тутиш макруҳдир («Бадойиъус саноъи»).
Рамазон рўзасининг биринчи кунидан қолиб кетмай, деган мақсадда Рамазон ойидан бир-икки кун олдин рўза тутишни бошлаш (агар одатда рўза тутиб келаётган кунларига тўғри келиб қолса, зарари йўқ); икки кунлик рўзани саҳарлик ва ифторлик қилмай, улаб тутиш; «ҳеч ким билан сўзлашмаслик» рўзасини тутиш (буни Марям розияллоҳу анҳонинг рўзаси ҳам дейилади); аёл киши эрининг рухсатисиз нафл рўза тутиши (агар эр яқинликдан ожизлик даражасида бемор ёки рўзадор, ҳаж ва умранинг эҳромида бўлса, макруҳ эмас); мусофир рўза туфайли ночор аҳволга тушиб қоладиган бўлса (лекин қудрати етса, рўза тутгани афзалдир); ҳожининг арафа куни рўза тутиши туфайли заифлашиб қолиши кутилса-да, рўза тутиши.
8. Мустаҳаб - юқорида саналган кунлардан бошқа кунларда рўза тутиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп бор тутмаган ёки тарғиб қилиб, ўзлари тутмаган рўзалар, ёки тарғиб ҳам қилмаган, қайтармаган ҳам рўзалар мустаҳаб рўзалар ҳисобланади» («Умдатул фиқҳ»),
Савол: Рўзанинг рукни қайси?
Жавоб: «Намоздаги қиём, қироат, рукуъ, сажда каби рўзанинг рукнлари еб-ичиш ва яқинликдан ўзини сақлашдир» («Умдатул фиқҳ»).
Савол: Рўзанинг шартлари нечта?
Жавоб: Рўзанинг шартлари икки қисмга бўлинади:
1. Зиммага вожиб бўлиш шартлари. Улар тўрттадир:
- Мусулмон бўлиш (кофирнинг зиммасига рўза фарз эмас);
- Оқил бўлиш (мажнуннинг зиммасига рўза фарз эмас);
- Балоғатга етган бўлиш (балоғатга етмаганларнинг зиммасига фарз эмас);
- Рўзанинг фарзлигини билиш.
2. Адо қилиш учун вожиб бўлган шартлар. Улар иккитадир:
- Саломат бўлиш;
- Муқим бўлиш.
Баъзилар ҳайз ва нифосдан пок бўлишни ҳам қўшганлар. Шунга биноан учта бўлади («Умдатул фикд»).
Савол: Зиммага вожиб бўлиш шарти билан адо қилиш учун вожиб бўлган шартларнинг ўртасида қандай фарқ бор?
Жавоб: Кимда зиммага вожиб бўлиш шартларидан бирортаси топилмаса, унга ўша вақтда рўза тутиш ҳам, кейинчалик қазоси ҳам вожиб бўлмайди.
Мисол учун: балоғатга етмаганга ўша вақтда рўза тутиши ҳам, балоғатга етгач эса қазосини тутиб бериш ҳам вожиб бўлмайди. Телба инсоннинг мажнун ҳолатида рўза тутиши ҳам, соғайгач эса мажнунлик ҳолатидаги рўзаларнинг қазосини тутиб бериши ҳам вожиб бўлмайди.
Кимда зиммага вожиб бўлиш шартлари топилиб, адо қилиш учун вожиб бўлган шартлардан бирортаси топилмаса, ўша вақтда рўза тутиш вожиб бўлмаса-да, кейинчалик қазосини тутиб бериш вожиб бўлади.
Мисол учун: мусулмон, оқил, балоғатга етган беморнинг зиммасига рўза тутиш вожиб, лекин беморлик кунларида рўзани адо қилиш вожиб эмас. Соғайгач, қазоси вожиб бўлади («Умдатул фиқҳ»).
Савол: Рўзани ният қилиш қандай амал ҳисобланади?
Жавоб: Ният рўзанинг дуруст бўлиши учун шартдир (фарздир). Агар еб-ичишдан, яқинликдан ўзини тўхтатса-ю, ният қилмаса, рўза рўза бўлмайди.
«Баъзилар ҳайз ва нифосдан пок бўлишни рўзани адо қилиш учун вожиб бўлган шартлар қаторига қўшмай, рўзанинг дуруст бўлиши учун шарт қилганлар» («Умдатул фиҳҳ»).
Савол: Рўзада дил билан ният қилиш кифоями?
Жавоб: «Ният» сўзи луғатда қасд қилишни, шариатда эса бирор ишни қилишда Аллоҳ таолога ибодат қилишни ва Унга яқин бўлишни қасд қилишдир. Рўза дуруст бўлиши учун дилда ният қилиш шарт, тилда талаффуз қилиш эса шарт эмас. Фиқҳий китобларда «тилда талаффуз қилиш суннат», дейилганидан мурод машойиҳларнинг таълим мақсадида йўлга қўйган суннатларидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тил билан ният қилиш собит бўлган эмас» («Умдатул фиқҳ»).
«Ниятнинг ҳақиқати - эртанги рўзани қалби билан азму қарор қилган ҳолда қасд қилмоқ.
Рамазон ойининг кечалари мусулмон киши бундай ниятдан холи бўлмайди. Баъзиларгина бундан мустаснодир. Тил билан ният қилиш шарт эмас» («Мароқил фалоҳ»),
Савол: Қайси вақтда ният қилиш афзал?
Жавоб: Ният қилишнинг энг афзал вақти ифтор қилиш чоғида эртанги куннинг рўзасини ният қилишдир. «Иншааллоҳ, эртага рўза тутаман», дейиш билан ҳам рўзаси рўза бўлаверади. Зеро, рўзада бу калималар Аллоҳ таолодан тавфиқ, мадад умидини ифода қилади, гарчи талоқда «иншааллоҳ»ни қўшиши билан талоқ воқе бўлмаса-да.
Рамазон ойида рўза кунлари эканлигини билса-да, рўза тутишни ҳам, тутмасликни ҳам ният қилмасдан тонг оттирса, рўзадор бўлиб қолмайди. Зеро, рўза кунлари эканини билишнинг ўзи билан рўзадор бўлиб қолмайди («Умдатул фиқҳ»).
«Бир киши «Иншааллоҳ, эртага рўза тутаман», деб ният қилса, нияти дуруст бўлади. Чунки ният тилнинг эмас, қалбнинг ишидир. Бунда «истисно» қоидаси ишламайди».
Савол: Рўзанинг ҳар куни учун янги ният зарурми?
Жавоб: «Бизнинг учала имомларимиз (имом
Аъзам, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг) наздида ҳар кунги рўза учун хоҳ кечаси бўлсин, хоҳ кун яримлашидан олдин бўлсин, янги ният қилиш зарурдир. Аммо Имом Зуфар ва бошқа мазҳаб соҳиби (имом Молик): «Бир ой учун битта ният қилиш кифоя қилади», дейдилар» («Умдатул фиқҳ»).
«Ниятнинг вақти ҳар куни қуёш ботганидан сўнгдир. Ундан олдин жоиз бўлмайди» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Саҳарлик қилиш ният ўрнига ўтадими?
Жавоб: Бир киши ҳар куни рўза тутиш учун саҳарлик қилса, тили билан ҳам, дили билан ҳам рўзани ният қилмаса, саҳарлик қилиши ният ўрнига ўтади. Лекин саҳарлик қилаётган вақтда рўза тутмасликни ният қилса ёки ҳар куни ўша вақтда таомланиш одати бўлса, ёки ҳамма қатори саҳарликка туриб, рўза тутмайдиган киши бўлса, унинг саҳарлик қилиши ният ўрнига ўтмайди. Саҳарликнинг ният ўрнига ўтиши Рамазон рўзаси, тайин қилинган назрда ва нафл рўзаларга хосдир. Бундан бошқаларда эса саҳарлик билан биргаликда қайси рўзани тутаётганлигини дили билан ният қилиши лозимдир. Кечанинг аввалида «Саҳарликка тураман», деб ният қилиниши рўзанинг нияти ўрнига ўтмайди» («Умдатул фиқҳ»).
«Рамазон ойида саҳарликка туришнинг ўзи ният ҳисобланади» («Жавҳаротун-Наййироҳ»).
Савол: Рўзадорлик ниятини бекор қилиш дуруст бўладими?
Жавоб: «Бир киши рўза тутишни кечаси ният қилиб, субҳи содиқ кирмасидан ниятидан қайтса, рўзадор бўлмайди. Рамазон кунларида шундай иш содир бўлса, зиммасига ўша куннинг қазоси лозим бўлади, каффороти эмас.
Агар кечаси ният қилиб, субҳи содиқ кирганидан кейин ниятини бекор қилса, нияти бекор бўлмайди, рўзадор бўлади. Мободо еб-ичиб юборса, ўша кунги рўзанинг қазоси ва каффороти лозим бўлади.
Бир киши кечаси саҳарликка тура олмаслигини ўйлаб рўзани ният қилса, сўнг саҳарликка туриб қолса, саҳарлик қилаверади ва ниятини янгилаб олади.
Рўзадор рўзасини бузишни ният қилса-ю, бирор нарса еб-ичмаса, рўзаси бузилмайди» («Умдатул фиқҳ»).
«Рўзаларнинг барчасида кечаси ният қилиб, сўнг субҳи содиқ киришидан олдин ниятидан қайтиб олса, қайтиши дуруст бўлади, яъни рўза тутиш нияти бекор бўлган бўлади» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Рўза қачондан ният қилинади?
Жавоб: «Қуёш ботиши билан эртанги куннинг рўзасини ният қилса, ният дуруст бўлади. Яъни бир киши шундай ният қилиб, беҳуш бўлиб қолса, беҳушлиги эртаси куннинг қуёши ботгунича давом этсада, ўша кунда рўзадор бўлган ҳисобланади. Қуёш ботишидан олдин ёки ботаётганда эртанги куннинг рўзасини ният қилиш кифоя қилмайди, балки қуёш ботгандан сўнг қайта ният қилиш лозим» («Умдатул фикх»).
«Рўзанинг нияти қуёш ботишидан олдин қилинса, дуруст бўлмайди. Агар қуёш ботишидан олдин эртага рўза тутишни ният қилса-ю, сўнг ухлаб қолса, беҳуш бўлиб қолса ёки ғафлатда қолиб, эртаси кунги қуёш тиккадан оғгунича ният қила олмай қолса, нияти жоиз бўлмайди. Агар ниятни қуёш ботгандан сўнг қилса, нияти дуруст бўлади» («Раддул мухтор»).
Савол: Ният қилишнинг охирги вақти қачон?
Жавоб: Бу борада уламолар турли хил фикрлар айтганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида рўза икки қисмга бўлинади. Биринчисига кечаси ният қилиш шарт эмас. Лекин ният қилиб олгани афзал. Рамазон рўзаси, тайин қилинган назр рўзалар, нафл рўзалар шу жумладандир. Иккинчисига кечаси ният қилиш шарт. Бунга юқоридаги рўзаларнинг қазоси ва бошқа барча рўзалар киради. Шунинг учун Рамазон рўзасини тутаётган киши куннинг ярми ўтишидан олдин (шаръий нисфун наҳоргача) ният қилиб олса, бу орада еб-ичиб қўймаган бўлса, рўзаси рўза бўлаверади.
«Шаръий нисфун наҳор»ни билиш учун субхи содиқдан қуёш боткунга қадар бўлган вақтлар иккига бўлинади. Агар куннинг тенг ярмидан кўпроғида ният топилса, рўза рўза бўлади. Тенг ярмида ёки тенг ярмидан озроғида ният топилса рўза дуруст бўлмайди» («Умдатул фикҳ»),
«Ниятни шаръий нисфун наҳордан олдин қилиб олса, модомики бу орада рўзани бузадиган амалларни қилмаса, рўза рўза бўлади» («Жавҳаротун Наййироҳ»),
Савол: Рамазон рўзасининг нияти қандай қилинади?
Жавоб: Рамазон рўзасини адо қилиш учун умумий равишда: «Рўза тутишни ният қилдим», деса кифоя.
(Рамазон ойида) мусофир ва беморлардан бошқалар қайси турдаги рўза тутишни ният қилмасинлар (назрни ният қиладими, нафлни ният қиладими, барибир), барчаси Рамазон рўзасидан ҳисоб қилинаверади (Умдатул фиқҳ).
«Рамазон рўзаси ва унинг ҳукмидагилар мутлақ ният қилиш қамда нафлни ният қилиш билан дуруст бўлаверади» («Баҳрур-роиқ»).
Савол: Шак кунида рўза тутса бўладими?
Жавоб: Баъзи жойларда Рамазоннинг биринчи куни, бошқа жойларда эса шаъбоннинг охирги куни, дейилган шак кунида нафл ниятида рўза тутиш жоиздир.
«Бугун Рамазон бўлса, рўзадорман, Рамазон бўлмаса, рўзадор эмасман», деган ният билан тутилган рўза дуруст бўлмайди.
Савол: Бошқаюртда, масалан, Саудия Арабистонида рўза тутган киши ўз юртига келганида бу ердаги одамлар рўзадор бўлишса, нима қилади?
Жавоб: Ўз юртида рўза давом этаётган бўлса, унга ҳам рўза тутиш фарз бўлади.
Бунинг акси, яъни ўз юртида рўзадор бўлиб, Саудия Арабистонига борса-ю, у ерда ҳайит куни бўлса, улар би-лан бирга ҳайит қилади. Кейин бир кун қазо тутиб беради.
«Рамазон ҳилолини кўриб рўза тутган киши рўзасини тугатса-ю, имом (ҳукми жорий бўлган кишилар) рўза тутаётган бўлса, бир ваткда рўза тутади. Улар билан биргаликда рўзаии игатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал.шмнинг:
«(Ҳамма биргаликда) рўза тугаётан кунларингиз рўза, тутмаётган кунларингиз рўза эмас», деган сўзларининг далили билан» («Раддул мухтор»).
Пошшохон Эшонхон қизининг
«Аёл – мўътабар зот» Аёлларга оид энг зарур фиқҳий масалалар, китобидан
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар