1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эътикоф ҳақида

«Эътикоф» луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қолиш» ва «лозим тутиш» деган маъноларни англатади.
Шариатда эса пок шахснинг масжидда эътикоф нияти ила колишига айтилади.
Оятдан далил: «Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, эътикоф ўтирувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар», деб амр қилдик» (Бақара сураси, 125-оят).
Демак, эътикоф Қуръонда зикр қилинган, Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён бор ибодатдир.
Ҳадисдан далил:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Савол: Эътикоф қандай амал ҳисобланади?
Жавоб: Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида ҳар бир масжид аҳлига эътикоф ўтириш таъкидланган суннати кифоядир. Агар ўша аҳлдан бир киши эътикоф ўтирса, бошқалардан соқит бўлади. Мабодо ўша масжид аҳлидан ҳеч ким эътикоф ўтирмаса, барчалари гуноҳкор бўладилар.
«Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтириш таъкидланган суннатдир, яъни суннати кифоядир. Бу ҳақда «Бурҳон» ва бошқа китобларда ҳам зикр қилинган».
«Эътикофнинг ўхшаши жамоат билан таровеҳ намозига қоим бўлишдир. Агар кимдир унга қатнашса, бошқалардан масъулияти соқит бўлади» («Раддул мухтор»).
Савол: Эътикоф неча турга бўлинади?
Жавоб: Эътикоф уч турга бўлинади: вожиб, суннат, нафл.
1. Вожиб. Эътикоф ўтиришни назр қилса, вожибга айланади;
2. Суннат. Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг барчасида эътикоф ўтириш таъкиданган суннатдир.
3. Нафл. Юқоридагилардан бошқаси.
«Эътикоф уч турга бўлинади: Вожиб - бирор нарсага боғлиқ қилиб ёки боғлиқ қилмай эътикоф ўтиришни назр қилиш; Суннат - Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофни адо қилиш; Мустаҳаб (нафл) - юқоридагилардан бошқа кўринишларда эътикоф ўтириш. «Фатҳул Қодийр»да ҳам шундай келтирилган» («Фатавои Ҳиндия»),
Савол: Нафл эътикофнинг энг оз миқдори қанча?
Жавоб: Нафл эътикофнинг энг ози кечаси бўлсин ёки кундузи, масжидда бироз муддат ўтириш.
«Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида эътикофнинг энг оз миқдори кеча ва кундуздан бироз вақтдир. Бу Абу Ҳанифа рахматуллоҳи алайҳдан ҳам ривоят қилингандир» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Таъкидланган суннатни адо қилиш учун неча кун эътикоф ўтириш лозим?
Жавоб: Охирги ўн кунликда эътикоф ўтириш таъкидланган суннатдир. Бир-икки кун ўтириш эса нафл бўлади.
«Таъкидланган суннат - бу охирги ўн кунликнинг ҳаммасида эътикоф ўтиришдир» («Раддул мухтор»).
Савол: Эътикофга қачондан бошлаб кирилади?
Жавоб: Эътикоф ўтирмоқчи бўлган одам қуёш ботмасидан олдин масжидга кириб, эътикоф ўтиришни ният қилади.
Савол: Эътикоф нима?
Жавоб: Эътикоф - рўзадор ҳолатда эътикоф нияти билан беш вақт намоз ўқиладиган масжидда қолиш.
«Рукни - қолиш;
Шартлари - масжидда бўлиш ва ният; мусулмон, оқил бўлиш; жанобат, хайз ва нифосдан пок бўлиш. Балоғатга етиш эса шарт ҳисобланмайди. Зеро, балоғатга етмаган оқил боланинг ҳам эътикофи дурустдир» («Баҳрур-роик,»).
Савол: Рамазондан бошқа ойда ҳам эътикоф ўтирса бўладими?
Жавоб: Албатта, Рамазондан бошқа ойда ҳам нафл эътикоф ёки назр эътикофларни адо қилса бўлади. Лекин назр эътикофлар учун ҳам (бир қавлда камида бир кунлик), нафл эътикоф учун ҳам рўзадор бўлиш шартдир. Шунингдек, эътикофнинг қазосини адо қилаётганда ҳам рўзадор бўлиш шарт.
«Вожиб бўлган эътикофга рўзадор бўлиш шартдир» («Жавҳаротун Наййироҳ»).
Савол: Аёллар эътикофни қандай адо этадилар?
Жавоб: Аёл киши ўз уйининг бир жойини намоз ўқиш учун тайин қилиб, ўша жойда эътикоф ўтиради. Бу билан жамоат масжидида эътикоф ўтирганликнинг савобини олади. Табиий эҳтиёжлари учунгина таш-қарига чиқиши мумкин. Бошқа ҳолатларда эса чиқиш мумкин эмас.
«Аёл киши эътикоф ўтирмоқчи бўлса, ўз уйининг намоз учун мўлжалланган жойида эътикоф ўтиради ва бу жой аёл учун эркакларнииг жамоат масжиди кабидир. У ердан фақатгина инсоний ҳожатлар юзасидан ташқарига чиқа олади. Имом Сарахсийнинг «Мабсут» китобларида ҳам шундай зикр қилинган» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Жума намози ўқилмайдиган масжидда ҳам эътикоф ўтирса бўладими?
Жавоб: Бўлади. Фақат жума намозини ўқиш учун жума намози ўқиладиган масжидга бориб келади.
«Эътикоф ўтирувчи жума намозини ўқиш учун бормоқчи бўлган масжидига қуёш тиккадан оққандан сўнг йўлга чиқадиган бўлса, хутба ва жума намозига кеч қолмайдиган даражада яқин бўлса, қуёш тиккадан оққандан сўнг йўлга чиқади. Агар борадиган масжиди кеч қоладиган масофада узоқда жойлашгаи бўлса, қуёшнинг тиккадан огишини кутиб турмайди. Лекин йўлга иккинчи азондан олдин, тўрт ракъат суннатни ўқий оладиган миқдор вақтни тахминлаб чиқиши керак. Масжидда фарздан кейин (фарздан кейинги суннатни тўрт ракъат, деганларнинг фикрига кўра) тўрт ёки (фарздан кейинги суннатни олти ракъат, деганларнинг фикрига кўра) олти ракъат намоз ўқиш миқдорича қолиши мумкин. «Кофий»да ҳам шундай келтирилган» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Эътикоф ўтирувчи қайси ҳолатларда масжиддан чиқиши мумкин?
Жавоб: Қуйидаги ҳолатларда чиқиши мумкин:
«Эътикоф ўтирувчига бавл қилиш, ҳожат чиқариш, эҳтилом бўлиб қолса, ғусл қилиш (масжидда ғусл қилиш мумкин эмас) каби инсоннинг табиий ҳожатларидан, ҳайит намозини ўқиш ва муаззин бўлса, азон айтиш каби шаръий узрлардан бошқа ҳо-латларда масжиддан ташқарига чиқиш жоиз эмас.
Юқоридаги каби табиий ва шаръий узрларсиз озгинагина вақтга ташқарига чиқиш билан ҳам эътикофи бузилади» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Эътикоф ўтирувчи эсида йўқ ҳолатда масжиддан чиқиб кетса, бунинг ҳукми нима?
Жавоб: Эътикофи бузилади.
«Гарчи эсидан чиқиб, узрсиз, оз муддатга ташқарига чиқса ҳам, эътикофи фасод бўлади» («Дуррул Мухтор»).
Савол: Эътикоф ўтирувчи салқинлаш мақсадида ғусл учун масжиддан ташқарига чиқса бўладими?
Жавоб: Жоиз бўлмайди. Лекин намоз учун таҳоратга чиққан пайтда ғусл қилиб олса бўлади.
«Эътикоф ўтирувчига бавл қилиш, ҳожат чиқариш, эҳтилом бўлиб қолса, ғусл қилиш (масжидда ғусл қилиш мумкин эмас) каби инсоннинг табиий ҳожатларидан, ҳайит намозини ўқиш ва муаззин бўлса, азон айгиш каби шаръий узрлардан бошқа ҳо-латларда масжиддан ташқарига чиқиш жоиз эмас.
Юқоридаги каби табиий ва шаръий узрларсиз озгинагина вақтга ташқарига чиқиш билан ҳам эътикофи бузилади» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Бузилган эътикофнинг қазоси вожибми?
Жавоб: Вожиб эътикофни бузиб қўйса, рўзадор бўлган ҳолда унинг қазоси ҳам вожибдир. Қазосини Рамазон ойидан бошқа ойларда адо қилади.
«Вожиб эътикофни бузиб қўйса, унинг қазоси ҳам вожибдир» («Фатавои Ҳиндия»).
«Бизнинг мазҳабда рўзадор бўлиш эътикофнинг шартларидан биридир» («Фатҳул Қодийр»).
Савол: Эркаклар ҳам уйда эътикоф ўтирса бўладими?
Жавоб: Эътикофнинг шартларидан бири - азон ва иқома айтилиб, намоз ўқиладиган жамоат масжидида бўлишидир. Эркакларнинг уйда эътикоф ўтиришлари жоиз эмас.
«Эътикофнинг шартларидан: азон ва иқома айтиладиган жамоат масжидида ўтириш. Бу гап саҳиҳдир, «Хулоса»да ҳам шундай келтирилган.
Эътикофнинг афзали Масжидул Ҳаромда, сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида, сўнгра Масжидул Ақсода, сўнг жума намози ўқиладиган масжидда, сўнг жамоати кўп, одамга тўла масжидда ўтирилг анидир» («Фатавои Ҳиндия»),
Савол: Таъкидланган суннат эътикофига ўтириш учун масжидга қачон кириб, қачон чиқилади?
Жавоб: Йигирманчи таровеҳ ўқиладиган кеча қуёш ботишидан олдин масжидга кириб, Рамазоннинг охирги куни қуёш ботганидан сўнг чиқади.
«Масжидга қуёш ботишидан олдин кириб, охирги куннинг қуёши ботганидан сўнг чиқади» («Раддул мухтор»).
Савол: Бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган кишининг ҳукми қандай?
Жавоб: Неча кун ўтиришни ният қилган бўлса, шунча кун эътикоф ўтириши, рўзадор бўлиши, кундузлари билан бирга тунлари ҳам ўтириши вожиб саналади.
«Ким ўз зиммасига бир неча кун эътикоф ўтиришни вожиб қилса, - масалан: тили билан «Ўн кун эътикоф ўтиришни ният қилдим» деб айтиши каби - кетма-кет тарзда, кундузлари билан биргаликда кечалари ҳам эътикоф ўтириши вожиб бўлади» («Фатҳул Қодийр»).
«Бизнинг мазҳабда рўзадор бўлиш эътикофнинг шартларидан биридир» («Фатҳул Қодийр»).
Савол: Аёл киши эътикоф ўтирган чоғида эри билан яқинлик қилса нима бўлади?
Жавоб: Эътикофи бузилади.
«Агар кечаси ёки кундузи, эсида туриб ёки эсидан чиқариб яқинлик қилиб қўйса, маний тушсин ёки тушмасин, эътикоф бузилади. Зеро, эътикоф ўтиришнинг пайти кечасидир. Рўзада эса бундай эмас» («Иноя шарҳул Ҳидоя»).
Савол: Эътикоф ўтирувчи қорни дам бўлса, масжидда ел чиқариши мумкинми?
Жавоб: Масжиднинг ичида ел чиқариш таҳримий макрухдир. Эътикофдаги одам қорни дам бўлиб, ел чи-қармоқчи бўлса, ташқарига чиқиб ел чиқаради ва бу билан эътикофига зарар етмайди. Зеро, масжидда ел чиқариш билан одамлар озорланганидек, фаришталар ҳам озорланадилар.
«Эътикофдаги одамнинг масжидда ел чиқариши макрухдир» («Ҳамавий шарҳи Ашбоҳ»).
Савол: Аёл киши охирги ўн куннинг эътикофидалигида одат қонини кўрса нима қилади?
Жавоб: Эътикофдан чиқади. Кейинчалик рўзадор ҳолатда бир кун эътикофнинг қазосини ўтиради. Қолган кунларнинг ҳам эътикофини ўтирса, афзалдир.
«Эътикоф ҳолатида ҳайз қонини кўрган аёлнинг эътикофи бузилади» («Бадойиъус Санойиъ»).
Савол: Эътикоф ўтирган одам масжидда олди-сотди қилса бўладими?
Жавоб: Савдо молини масжидга олиб келмасдан туриб савдо қилиши жоиз.
«Масжидга савдо молини олиб кириш макруҳ саналади» («Раддул мухтор»),
Савол: Суннат бўлган эътикофда ўтирган киши жума намози учун ёки салқинлаш мақсадида ғусл қилиш учун масжиднинг ғуслхонасига чиқиши жоизми?
Жавоб: «Хонақоҳда бўлмай, масжид ҳудудида жойлашган масжиднинг ғуслхонасига жума намози ёки салқинлаш учун ғусл қилишга чиқиш жоиз эмас» («Фатавои Усмоний», Муҳаммад Тақий Усмоний).

Пошшохон Эшонхон қизининг
"Аёл-мўтабар зот" китобидан