1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Мусулмонларга вақтни тўғри ташкил қилиш бўйича маслаҳатлар

Вақт кун сайин жуда тез ўтаётгандек. Шунинг учун ҳам бир кунлик ишларни ўз вақтида адо қилишга улгуриш ва бундан етарли самара олиш учун уни тўғри ташкил қилиш керак бўлади. Умид қиламизки, қуйида баён қилинган бир-икки маслаҳатимиз ҳаётингизни янада самарадор бўлишига ёрдам беради, Инша Аллоҳ

1. Ишингизни босқичма-босқич бажаринг
Агар кўп вақт талаб қиладиган иш бўлса, бир ўтиришда ҳаммасини бир зумда қилиб ташлашга ҳаракат қилманг. Ишни қисмларга (босқичларга) бўлинг, шунда олдингиздаги вазифани вақтида бошқа ишларга ҳалал қилмаган тарзда адо қилишингиз мумкин бўлади.
Биринчи мисол: агар 25 майгача бажаришингиз керак бўлган вазифа ёки ишингиз бўлса, ишни қисмларга ажратинг ва ишга киришинг, шунда катта иш оғир бўлиб кўринмайди. Ишингизни босқичма-босқич бажарасиз.
Иккинчи мисол: агар сиз 200 саҳифалик китобни ўқишингиз керак бўлса, ўқиш тартибини осонлаштириб, кунига 20 саҳифа ўқишни ўзингизга вазифа қилинг, шунда 10 кун ичида мазкур китобни ўқиб чиқасиз, бошқа ишларингизга ҳам зарар қилмайди.

2. Асосийси – тартиб-интизом
Барча ишнинг муваффақияти учун тартиб-интизом лозим. Бу вақтни бошқариш каби масалаларга ҳам тегишли. Кун тартиби баён қилинган жадвалга амал қилиш, режаларни бажариш, муҳим ишлардан чалғимаслик учун жиддийлик талаб қилинади.
Намоз, ҳаж ҳамда ибодатлар орқали Ислом бизни жиддийлик ва пўлат иродага ўргатади. Шу ибодатлар туфайли биз тартиб-интизомли ҳаёт кечиришни ўрганамиз, хусусан, вақтни тўғри ташкил қилишни ҳам. Кун тартиби жадвалини тузиш учун интизом керак. Бироқ бундан ҳам муҳими унга амал қилиш учун қатъий ирода керак бўлади. Чалғитадиган, бекорчи лағв (ортиқча гап-сўз) нарсаларга сабаб бўладиган омиллардан сақланишимиз зарур. Ҳар бир мусулмон ўзини шунга ўргатиши керак.

3. Вақт “ўғирилари” билан курашинг
Одатда кўп одамлар нима билан шуғулланаётганини назорат қилмайди, шунинг учун ҳам кўп вақтлари беҳуда нарсаларга сарф бўлиб кетади. Вақт беҳуда сарф бўлмаслиги учун қилинажак ишларни – кун тартибини тузиш керак. Ўшанда сиз кўп вақтингиз бу дунё ва охиратингиз учун фойда келтирмасдан бекорга исроф бўлаётганини кўриб, ҳайрон бўласиз.
Маслаҳатга қулоқ тутсангиз, вақт етказа олмаётган том маънодаги кўпгина фойдали ишларга улгуришингиз мумкин бўлади.
Одатда қуйидаги нарсалар вақтингизни кемиради:
Ижтимоий тармоқлар ва кераксиз, фойдасиз веб-сайтларда ўтириш.
Телефондаги беҳуда суҳбатлар (айниқса ғийбат аралашиб кетса).
Телевизор ва видеоўйинлар.
Кўп ухлаш.
Агар ишларингизни тартибга сола билсангиз ва ҳар бирига етарли вақт ажратиб чиқсангиз, янада муҳим ишлар учун қўшимча вақт ажарата оласиз, Инша Аллоҳ.
"Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар... Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир" (Мўминун сураси, 1-3).

4. Кун тартибини режалаштириб олинг
“Юқори самардорликка эга инсонларнинг 7 кўникмаси” китобида Стивен Коби шундай деб ёзади: “Ҳаётингизни ҳафталик режалаштириш асосида ташкиллаштириш лозим. Бу ҳар кунлик режалаштиришга нисбатан мувозанат ва мазмунлиликни яхшироқ таъминлаб беради. Бизнес, таълим ва фаолиятнинг бошқа кўплаб турлари жамиятда ҳафта доирасида ишлайди, бунда маълум кунлар меҳнатга, маълум кунлар эса дам олиш ва ижодга бағишланади”.
Ҳафталик тартибда кунлар Х ўқи бўйича жойлаштириб чиқилади, улар У ўқи бўйича ярим соатлик сегментларга бўлинади. У куннинг барча соатларини қамраб олиши, маълум соатлар уйқуни, ойни, намозни ва ҳоказони қамраб олиши лозим.
Бу кундалик кўп уйқу, вақтларни бекор ўтказиш ва шунга ўхшаш ҳолатларни бартараф қилиш учун керак бўлиб, бутун ҳафтани қамраб олиши лозим.
Тузилган жадвал енгил бўлиши, яъни кутилмаган ҳодисалар юз берса тезда ўзгартирилиши ёки тўғирланиб кетадиган бўлиши керак. Шунинг учун бир кунда бир соатни корректировка учун ташлаб кетиш керак бўлади.
Ҳафта учун режа қилиш ва муҳим ишларни аниқлаштириб олишни янада чуқур ўрганиш учун Стивен Кобининг “Юқори самардорликка эга инсонларнинг 7 кўникмаси” китобидаги “Кўникма 3: энг муҳим – асосий нарса” бобига мурожаат қилишларингиз мумкин.

5. Намозларга қараб кунингизни режалаштиринг
Кўпинча мусулмонлар кундалик режасига намозни “тиқиштириб” қўйиш ҳаракати билан катта хатога йўл қўядилар ва сўнг намозга вақт топилмаётгани ҳақида шикоят ҳам қилиб юрадилар.
Уларнинг хатоси намоз учун вақт тайинлаш ўрнига ибодат учун вақт топишда бўлиб қолади.
Мусулмон одам учун намоз энг асосий нарса бўлиши лозим, шунинг учун жадвал тузаётганда, энг биринчи бўлиб намоз вақтларини белгилаб чиқиши керак, қолган ишлар эса шунга қараб режалаштирилади. Намоз вақтлари қалин қилиб қизил рангларда берилиши керак ва бу вақтда барча ишлар бир четга йиғиштириб қўйилади.
Шундай қилиб қўйсангиз намоз учун доим вақт топасиз. Турли хил баҳоналар ҳам бўлмайди.

6. “Йўқ” дейишни ўрганинг
Вақтингизнинг асосий ўғрилари ҳақида ўйлаб кўринг. Одатда уларнинг бари суҳбат ва танишлар билан боғлиқ: у хоҳ телефонда узундан узоқ гаплашиш, хоҳ SMS-хабарлар жўнатиш-у ижтимоий тармоқ-чатларда ёзишиш бўлсин, фарқи йўқ. Шу сабаблар туфайли, кунимизнинг асосий қисми бефойда суҳбатлар билан ўтиб кетади.
Бундан қутулишнинг биргина йўли – хушмуомалалик билан рад эта билишни ўрганиш.
Мен ҳеч кимга қўнғироқ қилманг ё меҳмонга борманг демоқчи эмасман. Балки телефондаги суҳбат чўзилиб кетиб, суҳбатдошингиз сизга иш вақтида халақит берса, сиз узр сўраб, ишлашингиз кераклигини айтишингиз лозим. Шу ишни тез-тез такрорласангиз, улар сизни тушунишади ва сизга фақат зарур пайтда ёки бўш вақтингиздагина мурожаат қилишади.
Ортиқча гап-сўздан иборат суҳбатлар ва ижтимоий тармоқ чатларидаги ёзишмаларни рад этиб, сиз нафақат ўз кундалик режангизга улгуришингиз, балки ғийбат ва лағв каби гуноҳлардан тийилиш имконига эга бўласиз.

7. Фойдали қизиқишлар
Барчамизда чарчаган ва ҳеч нарса қилгимиз келмайдиган вақтлар бўлади, хордиқ чиқариб, дам олгимиз келади. Бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ, агар ҳаддан ошиб ҳаром нарсаларни қилмасак.
Агар қандайдир манфааат келтирадиган қизиқишингиз бўлса, янада яхши. Бу қандайдир спорт тури билан қизиқишингиз, фойдали видеофильмлар кўриш, маърифий ўйинлар ва шунга ўхшаш нарсалар бўлиши мумкин. Агар қизиқишингиз қандайдир манфаат келтирадиган бўлса ҳордиқ ва дам олиш вақтингиз ҳам самарали ўтади, вақтингиз ҳам беҳудага сарф қилинмади.

islam.com.ua маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 56 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ