1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Аёлнинг зийнатини асранг!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Ижтимоий одоблар» китобида айтадилар:
«Балоғатга етган муслима аёлга авратини тўсадиган ва тана тузилишини билинтирмай турадиган кийим кийиш фарздир.


Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати - юзи ва икки кафтидан ташқари бутун баданидир.
Маълумки, муслима аёлга баданини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилгандир. Мўмина-муслима аёл шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитиши шарт. Шунингдек, муслиманинг кийими юпқа, баданга ёпишган, тор бўлмаслиги, номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак.
Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир.
Аёл киши аёл кишининг тиззалари ва киндиги орасидаги жойдан бошқа ерига назар солса бўлади. Аёлларнинг ўзаро назарларидан шаҳват қўзиши хавфи бўлмагани учун бунга рухсат берилган.
Эркак киши ўзига маҳрам бўлган аёллар танасининг орқа ва қорин тарафи ҳамда сонидан бошқа ерига назар солиши мумкин».
«Ҳадис ва Ҳаёт» асарида аёллар либоси, аврат масаласида жумладан шундай дейилади:
«Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши авратдир. Қачон кўчага чиқса, шайтон уни томоша қилади», дедилар».
Аёл киши ҳожати бўлмаса ҳам кўчага чиқиб юрса, шайтон уни васвасага солади. «Сен чиройлисан, анави одам сени кўриб, қойил қолди», «Фалон бўлди», «Пистон қил», деб, йўлдан уради. Оқибатда аёл киши ўзини намойиш қилиш, ҳожати бўлмаса ҳам, кўчага тез-тез чиқишга одатланади. Бу эса кўпгина ношаръий ва гуноҳ ишларга сабаб бўлади.
Маймуна бинт Саъд розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўз аҳлидан бошқа учун зийнатланган аёл қиёмат кунида нурсиз зулматга ўхшайди», дедилар».
Икковини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Мўмина-муслима аёл ўз аҳли учун, эри учун зебу зийнат қилади. Бу маънода имкониятидаги бор бўлган барча нарсани ишга солиб, ясан-тусан қилса, ҳеч айби йўқ. Шариатда аёллар шунга тарғиб қилинадилар.
Аммо мўмина-муслима аёл ўз аҳлидан бошқага чиройли кўриниш мақсадида ясаниши ва зийнатланиши яхши эмас. Агар бу бегона эркакларга кўриниш учун бўлса, қиёмат куни зулматига айланади. Гарчи бу дунёда ялтираб кўриниш бўлса ҳам, охиратда тескарисига айланади. Бу ҳолатни кўрган бегона эркакнинг кўнгли бузилиши, аёлга гап отиши, ҳатто ишқибозлик қилиши мумкин. Дунёдаги бемаънигарчилик, зино ва фаҳш ишларнинг асоси шунда эканлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Кўчада ясанган аёлни кўрган эркак ёмон ишга ўтмаган чоғида ҳам, уйига келиб, ўз хотинини кўриб, ҳалиги ясанган аёлдан уни паст тутса, ундан кўнгли қолиши, орадакелишмовчиликлар келиб чиқиши мумкин.
Қолаверса, ясан-тусан қилиб, зебу зийнатини кўз-кўз қилиб юрган аёлларни кўриб, бошқа аёлларнинг ҳам кўнгли бузилиши бор. Улар ҳам ўша аёлга ўхшаб юргиси, у кийган кийимларни кийгиси, у таққан тақинчоқларни таққиси келади. Келиб, эрига «Фалончи хоҳлаган жойига бориб юрибди, нима учун мен бормас эканман», дейиши, «Менга ҳам ўша аёлнинг кийимига ўхшаган кийим ва ўшаникига ўхшаган тақинчоқ олиб берасан», деб жанжал қилиши турган гап. Ҳаётимиздаги кўпгина оилавий можаролар айнан шу сабабли келиб чиқаётгани сир эмас.
Шунинг учун ҳам ҳожат юзасидан кўчага чиқиши лозим бўлган муслима аёл эҳтишом билан (яъни ўраниб), ўзини сақлаган ҳолда, зебу зийнат, ясан-тусан қилмай, содда ва шаръан кийиниб, бегоналарни ўзига жалб қилмайдиган бўлиб чиқиши лозим.
Узига хос кийинган аёл ўзига хос гўзаллик кашф этишини аёлларнинг ўзлари тушуниб етмоқлари керак. Бу ҳақиқатни аёллар ўзларига келган, уларнинг ҳақиқий инсоний табиатлари ўзлигини намоён қилган пайтда кўриш мумкин.
Шундай пайтлардан бири - яқинларнинг ўлими. Бошига ўлим қайғуси тушган аёллар ўзларини ўнглашга ҳаракат қилиб қолишади. Ҳатто бошқа диндагилар ҳам. Ана шундай пайтларда улар биринчи бўлиб бошларига рўмол ўрашга шошиладилар. Таъзияга кетаётган аёллар бошқаларидан рўмол сўраб туришлари ҳам шуни кўрсатади.
Ҳақиқий мўмина-муслима аёлларда эса бу ҳолат мутлақо бўлмайди. Чунки улар Аллоҳ таолони бир лаҳза ҳам унутмайдилар. Аллоҳнинг амридан бир лаҳза ҳам четга чиқмайдилар. Ҳар бир ишни Аллоҳ таолонинг динига - Исломга мослаб қиладилар. Ана ўша ҳолатнинг зоҳирий кўриниши мўминаларнинг шариатга мувофиқ кийинишларида бўлади.
Ҳа, аёллар ҳар бир умматнинг кучи ёки заифлигини кўрсатиб турувчи дақиқ белгидирлар.
Улар ҳар бир умматнинг тараққиёти ёки қолоқлигини ўлчайдиган тўғри ўлчовдирлар.
Ҳар бир жамиятнинг аҳли солиҳ бўлиши ундаги оилаларнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.
Ҳар бир оиланинг аҳли солиҳ бўлиши эса ундаги аёлнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.
Ҳар бир аёлнинг аҳли солиҳ бўлиши унинг иймон-эътиқодли, илмли ва тақводор бўлишига боғлиқ.
Аёли йўлдан чиққан оиланинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.
Оилалари йўлдан чиққан жамиятнинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.
Халифа Муъизлидийниллаҳ Мисрни ўзига бўйсундиролмай узоқ вақт қийналди. У кўп марта куч ишлатиш режасини қилар, лекин Мисрда ҳукмни қўлларида тутиб турган ихшидийларнинг шавкатидан қўрқиб, ор-қага қайтар эди.
Бир куни унга «Ихшидийлар қасрининг аёллари айш-ишратга берилибдилар, фазилатларини унутибдилар», деган хабар келди. Шунда халифа енгил нафас олиб, энди Миср бизники бўлди, деди».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Нозик хилқат" китобидан

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 179 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ