1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қўш келиннинг бири бахтсиз бўлади... ми?

Эл орасида шундай гаплар юради. Қўшалоқ келин туширмоқчи бўлганларни “қўш келинларнинг бири хосиятсиз бўлади, бундай қилманг” деб қайтаришга уринишади. Аслида-чи, аслида ҳам қўшалоқ келинларнинг бири бахтсиз бўладими? Чиндан ҳам бу иримда жон бўлса, унинг сабаби нимада? Бугунги иштирокчиларимиз билан шу мулоҳазалар атрофида мунозара қилдик.

Акаси мақтаган қизни олманг!

Моҳира Ражабова, 43 ёш, шифокор, Тошкент шаҳри: — Бу ҳолатни кўп кузатганман. Қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлиши бор гап экан. Яқинда иккита жиянимга қўшалоқ келин туширгандик. Укаси ўзининг ёқтирган қизи борлигини айтиб унга совчи юборди. Унаштирувдан кейин уйларини таъмирлашни бошлаб юборишди. Ўша кезларда акаси  бозордан қурилиш материаллари опкелаётиб бир киракаш ҳайдовчи йигит билан танишиб қолади. Киракаш узатилмаган синглиси борлигини, қиз остона ҳатлаб кўчага чиқмаслигини айтиб, роса мақтовини келтирибди. Хуллас қиз жиянимга маъқул келиб, ака-уканинг тўйини тезлаштириб юбордик. Тўйдан кейин бирданига катта жияним хомуш тортиб қолди. Сабабини сўрасак, индамайди. Келин жуда ҳам эпсиз, фаросатсиз чиқди. На куёвининг уст бошига қарайди, на тузукроқ ош-овқат тайёрлайди. Шу аҳволига бирам тили узун эканки, на қайнона қайнотанинг ҳурматини, ўрнини билади, на эридан хижолат чекади. Каттакон ҳовлида ака-уканинг уйи, икковининг ошхона, ҳаммом, ҳожатхонаси алоҳида. Укасининг уйлари саранжом саришта, аканинг туриш-турмуши эса ҳалиги аҳвол. Жияним бояқиш ота-онаси, жигарларидан уялиб, дардини бировга билинтирмасликка урингани билан, барибир одамлар кўр эмас, ҳаммасини кўриб турибди. Келинойим бир-икки келинчакка танбеҳ берган экан, уялмай- нетмай отасиникига кетиб қолибди. Ишқилиб қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлиши бор гап экан. Жиянимнинг турмуши бўлмади...

Шунчаки ирим эмас

Санобар Шокирова 35 ёш, Бухоро вилояти: — Бир синглим овсини билан қўш келин бўлиб тушди. Тўйдан аввал қариндошлар, маҳалла-куй бирданига иккита келин тушириш хосиятсизлигини айтиб, тўйни кейинроққа суришимизни айтишганди, ота-онам бу майда гап-сўзларга аҳамият бермагандилар. Тўй бўлиб ўтди. Овсинининг ҳомиладорлиги билингач, қайнонаси ҳамма ишни синглимга бажартирадиган бўлибди. Ҳар кўришганимизда синглим изтироб билан : “Опажон, одамларнинг гапи тўғрига ўхшайди. Қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлар эканми, дейман. Овсиним яқинда фарзандли бўлади. Куёвингиз билан дўхтирга боргандик, иккингиз ҳам соппа – соғсизлар, фарзанд кўра оласизлар, деди. Лекин қайнонам кўз очирмаяптилар. Бу кетишда мени ҳайдаб юборадиларми, деб қўрқаман” дея йиғларди. Унинг ярим кўнглини кўтаришга уриниб, яхши тилаклар билан умидлантирардигу аслида ўзимиздан ўтгани ўзимизга аён эди. Беш йил шундай азоблар билан ўтиб, олтинчи йили синглим эгизак фарзандли бўлди. Энди тинчидик, қўш келинлар бахтсиз бўлмас экан деб кўнглимиз анча хотиржам тортди. Аммо эрта суюнган эканмиз. Болалари уч ёшга тўлганида бахтсиз ҳодиса туфайли куёвимиз ҳаётдан кўз юмди. Ҳозир синглим икки боласи билан қайнонасиникида юрибди. Нега ўшанда тўйни кейинроққа сурмадик, қўш келин туширамиз, дейишса қудаларга розилик бериб юбораверибмиз, одамларнинг шунчаки гап-сўзи, исботи йўқ ирим деб ўйлабмиз, дея ота –онам армон қилгани қилган. Қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлиши бор гап экан...

Куёвнинг бева хотини бор экан!

Севара Рустамова, 29 ёш, Самарқанд вилояти: — Қўш келинларнинг бири албатта бахтсиз бўлар экан! Буни ўз ҳаётимда кўрдим. Олий ўқув юртини тамомлаганимдан кейин ота-онамнинг ихтиёри билан унаштирилдим. Фотиҳа тўйидан кейин қуда томон кичик ўғилларини ҳам уйлантириб, бир йўла хотиржам бўлишликни истаб қолганларини маълум қилишди.  Бу гапдан опаларим бир сесканиб тушган бўлишса-да, бирови дадамга қарши сўз айтолмадилар. Дадам художўй, ирим-сирим,  фолу ромга ишонмайдиган эътиқодли киши бўлганлари учун қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлади, деган гапга эътибор ҳам бермадилар. Хуллас тўй бўлиб ўтди. Иккинчи келин қайнонамнинг жияни — синглисининг қизи эди. Хулласи калом, менинг бахтсизлигим тўйнинг эртаси куни аён бўлганди. Бадбахт куёвнинг жазмани бор экан. Аниқроғи икки бола билан эридан ажрашган бир суюқоёқ бевага илакишиб, ўшанга уйланиб олган экан. Тўйнинг эртаси куни уйга келиб ҳалиги хотин жанжал кўтарса, денг. Уятсиз куёвнинг ундан битта боласи ҳам бор экан. Тап этиб болани олдимга ташлаб, “эримга тегиб олишни қандай уддалаган бўлсанг, бола боқишни ҳам шундай эплайсан” деди. Мен  янги келинлик оламини фақат бахт ва иқбол рангларида кўрган 22 яшар қизалоқ, бу ақлга сиғмас воқеотлар олдида гунгу кар бўлиб қолдим. Бироз муддатдан кейин опаларимга қўнғироқ қилиб, мени бу ердан олиб кетишларини ўтиниб йиғлаганча, бор гапни гапириб бердим. Улар тўйнинг эртаси куни уйига қайтган қиз ҳақида ҳеч ким яхши гап гапирмаслигини уқтириб, мени тинчлантирмоқчи бўлдилар. Бир томондан қайнонам мени алдаб-сулдашга тушди. Хуллас икки ой шундай тўс-тўполонлар билан ўтди. Охири куёв менга очиқчасига уйдан кетишимни, ажрашишимизни, у аёлни севишини, ота-онаси мажбурлаб менга уйлантирганини айтиб, жавобимни берди.

Душман сингил

Роҳила Исроилова, 43 ёш, Бухоро вилояти: — Қўш келинларнинг ҳам, опа-сингил овсин бўлганларнинг ҳам бири бахтсиз бўлиши  ҳақ гап экан. Мен ана шу икки тоифага ҳам мансуб жабрдийдаман. Раҳматли турмуш ўртоғим билан талабалик пайтларимизда севишиб,  аҳду паймон қилгандик.  Ўқишни тамомлаганимиздан кейин иккимиз ҳам бир йилча ишладик. Шундан кейин катталар тўй ҳаракатига тушишди. Фотиҳамиздан кейин бирданига қайнонам синглимнинг юриш-туришига маҳлиё бўлиб, ота-онамга “кичик қизингизни ҳам ўзим келин қиламан. Эпчил, чаққон, хушрўйгина экан, айни кенжатойимга мос” деб қолдилар. Уйдагилар ҳам шу таклифни кутиб юргандек, дарҳол уларга розилик беришди. Мен қўш келинларнинг, опа-сингил овсин бўлганларнинг бахтсиз бўлганларини кўп эшитгандим, онамга бу ҳақида айтгандим, ирим-сиримларга парво қилма, тақдир Худодан, деб қўявердилар. Хуллас, синглим иккимиз бир кунда бир хонадонга келин бўлиб тушдик. Бирин-кетин фарзандли бўлдик, турмушимиз ҳам силлиқ кечаётганди. Мен одамларнинг гапи бекор экан, деган хулосага бордим. Аммо хато қилган эканман. Кутилмаганда иш юзасидан пойтахтга борган турмуш ўртоғимнинг ўлими ҳақида хабар олдик... Эсанкираб қолдим. Тўс-тўполон, қий-чув билан севгилимни, болаларимнинг отасини тупроққа кузатдим. Тўғриси шундан кейин синглим кўзимга балодай кўриниб қолди. Гўёки у менинг бахтим ўғрисига, севгим заволига сабабчи бўлиб туюларди. Авваллари ҳам синглимнинг қайнона-қайнотамга мени ёмонлашини, орқамдан гапириб, уйимизда рақибона кайфият пайдо қилишини сезиб юргандим. Аммо эримнинг вафотидан кейин унинг бунақа қилиқлари кўнглимни оғритадиган бўлди. Шундай қилиб қўш келин бўлиб тушган биз опа-сингил овсинлар кўп ўтмай ҳақиқий душманга айланиб қолдик. Мен қайнотам ва акаларимнинг ёрдами билан бошқа жойга ҳовли қилиб, болаларимни олиб чиқиб кетдим. Синглим билан борди-келдимиз йўқ, юзкўрмас бўлиб кетганмиз. Билмадим, иримга ишониш тўғрими ёки бу тақдиримда бор эканми, мен қўш келинликнинг жабри туфайли ҳам севгилимдан, ҳам эримдан ва ҳам синглимдан жудо бўлдим...
Бу хусусда руҳиятшуносларнинг фикри қандай экан?

Ҳамма гап — ишончда

Нигора Рўзиева, руҳиятшунос: — Бундай нарсаларнинг албатта руҳиятга боғлиқ жиҳати катта. Биринчидан, инсон мияси магнит тошга ўхшайди. Эшитганини ўзида сақлаб қолади.  Қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлади, деган гап кишиларимизнинг миясига ўрнашиб қолган. Ўзлари қаттиқ ишониб қолганларидан руҳий томондан ўйлаганлари ҳаётда юз берса, кўпчилик бу гаплар ҳақ экан, деган хулосага боради.  Инглиз мутафаккири ва шифокори Адам Жексон “Асл саломатликнинг  ўн сири” деб номланган асарида, “Ишонч мутлақо бўлиши мумкин бўлмаган нарсани ҳам бўлдиради” деганида ҳақ эди.  Шундай экан, бунақанги ҳолатда ишонч билан дадил қадам ташлаб, фақат яхши нарсаларни кўзлаш керак. Руҳият, кўнгил яхшиликка мойил бўлса ҳаётингиз ўзингиз истагандек бўлади. Яна айтаман, хоҳиш-истак ва ишончда гап кўп.

Мусулмончиликда ирим йўқ!

Қўш келин олишлик ҳақида халқ орасидаги ирим-сиримлар, гап-сўзлар ҳақида  Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВнинг фикрлари эса қуйидагича: — Таъкидламоқ керакки, аввало мўмин-мусулмон киши ирим-сирим, сеҳру-жоду ва башоратга берилмайди ва ишонмайди. Мўмин одам учун тақдир Аллоҳ таолодан бўлади ва бахт ёки бахтсизлик ҳам унинг истаги билан рўй беради. Жумладан баъзи бир хотинларнинг айтишича, қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлиши, опа-сингиллар овсин бўлиб бирининг турмуши бузилиши ҳам бўлиши керак бўлган воқеа эмас. Бу ҳам ўша инсоннинг тақдири билан боғлиқ. Шундай экан айрим ирим – сиримчи ва турли шубҳали инсонлар тахмин қилганидек кўш келин олганларнинг хонадонларига чилла тушиши, келиннинг бахти боғланиши ва турли бўлган- бўлмаган иримлар ислом динида қораланади.
Инсоннинг тақдирида ёзилган барча яхшилик ва ёмонлик тақдир қилган кунда ва бўлиши лозим бўлган вақтда юз беради. Бунинг барчаси Аллоҳнинг иродаси. Шунинг учун бу масалада Аллоҳ билгувчироқ. Қўш келин олмай ёлғиз келин олган оилаларнинг қанчаси бахтли ҳаёт кечирмоқдаю қанчаси кўнгилдагидек турмуш қилмаяпти, шуни бир мулоҳаза қилиб кўриш жоиз.
Инглиз файласуфи Томас Эмерсон “Кимда ким ишонсагина, ғалаба қилади”, деган эди. Бизнингча ҳам қўш келин олаётганлар ёки қўш келиннинг бири бўлиб узатилаётганлар бахтли бўлишларига, бошқа гап-сўзлар асоссиз эканига астойдил ишонсалар, албатта ўзлари кутган саодатга эришадилар.
Дарвоқеъ, бу борада муштарийларимиздан ҳам фикр-мулоҳазаларини кутиб қоламиз. Сизнингча қўш келинларнинг бири бахтсиз бўлади, деган гапда асос борми?

Фарзона тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 167 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ