1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Отасиз синф

 

 

 

Синфимизда 4О нафар ўқувчи бор. Шулардан 39 тасининг отаси йўқ. Синфдошларим орасида  ота ҳақида деярли суҳбат бўлмайди. Лекин худди мени қийнаётгандек уларни ҳам битта савол қийнаса керак: “Отам қанақа эди” Ёлғиз шу саволнинг ўзи билан эса баҳсга чиқиб бўлмайди.
Баъзан ойимдан: “Ойи, отам қанақа эди?” деб сўрасам, улар отам тўғрисида айрим нарсаларни гапирадилар. Шунда ойим ниманидир чайнаб, мағзини ўзи ютиб тўппасини менинг оғзимга солаётганга ўхшайди. Ҳечам, ҳечам бу саволнинг мазасини сезмайман. Мен отамни кўришим керак. Ўшандагина жавоб мазасини шимиб туярдим.
Хуллас, агар бир ҳикояга иккита ном қўйиш мумкин бўлганда, мен ҳикоячамга “Отасиз синф” ва “Денис” деб сарлавҳа қўйган бўлардим.
Баъзан катта  йўлларда  машина босиб , эзиб кетган мушукнингми, кучукнингми ўлигига тасодифан кўзим тушиб қолса ҳам касал бўлиб қоламан. Эзилишни тасаввуримга сиғдираверганимдан. Ҳар кун синфга кириб келарканман Денисга кўзим тушибоқ  яна тасаввурим эзилиш билан лим-лим тўлиб қолади. Дениснинг  отаси ўзбек онаси рус. Дима исмли укаси ҳам бор. Ўзининг айтишича, отаси рус хотинга уйлангани учун отасининг қариндошлари уларни қабул қилмас экан. У отасини бир йил аввал бир мартагина кўрган, ўшанда отаси унга 200 сўм пул берган экан. Денис шу пул билан икки ой мақтаниб юрди. Онаси Кореяга ишлагани кетган. У укаси билан Алиса холасиникида яшайди. Яқин-яқингача биз “тётя Алиса”ни Дениснинг холаси деб ўйлардик.Аммо у бир куни синфимизга кириб келди, Дениснинг ёқасидан тутиб, бошини деворга ургач, билдикки, у холаси эмас, энагаси экан.
Энага эрталаб бир бурда бўлка билан мактабга жўнатади. Шу билан кечқурун овқатланишади, энг оғир ишларни унга қилдиради. Уч ой аввал ойиси Кореядан бир марта телефон қилган, отасини бир йил аввал бир зумгина кўрган.Ҳечам қорни тўйиб овқат емаган, декабр келди ҳамки иссиқ кийими йўқ. Спорт кийимида мактабга келади. Шимининг тиззалари кўп кийилгани ва кирлигидан коптокдек қотиб шишиб кетган. У очлигидан ҳар куни ўттиз тўққиз қўлга бир-бир қараб чиқади. Бир оғиз ҳам ўзбекча сўз билмайди. Мен буларнинг барини   ўқитувчим у билан гаплашганда билиб олганман. Чунки у менинг синфдошим.
Денис ҳақида ойимга гапириб берганимда ойим йиғладилар. Кейин Денис бизнинг оиламизнинг сиртқи аъзосига айланди. Гўё ойимни мен укам ва синглимдан ташқари яна битта боласи бордек қайғурар эди. Кечқурун ҳаммамиз ўқиш ва машғулотлардан бўшаб, уйда дастурхон атрофида йиғилганимизда, ойим бизга, яна битта болам  бордек, у уйга қайтмагандек, қоронғуда, оч-юпун кўчада қолиб кетгандек ҳис қиляпман ўзимни, дер эди. Биз укам билан Дениснинг энагасига билдирмай унга егуликлар олиб чиқардик. Энди мен тушлик учун мактабга икки карра кўпроқ пул ёки егулик олиб кетардим. Ҳар куни дарсга кечикиб келадиган Денис нон учун вақтли келиб мени кутиб турарди. Аввалига у мендан бу нарсаларни олаётганда роса хижолат чекарди. Лекин орадан бир ой ўтиб очиқчасига мендан пул талаб қилишга ўтди. Бирор бир егулик олиб бормаган куним у ҳатто мен билан уришиб, баъзида қўл кўтарарди ҳам. Яқинда унинг ойиси Кореядан қайтиб келди. Энди у чиройли қизларга қиммат шоколадлар совға қиляпти.
Мен эса йўлларда машиналар босиб, эзиб кетган мушук ва кучукларнинг ўликлари ҳақида кам ўйлаяпман. Инсонлар ҳақида эса кўп. Айниқса ота ҳақида.
Бугун эрталаб мактабга кетаётганимда икки ярим яшарлик синглим тишлаб ташланган печеньеларини папкамга солди, опа Денисга беринг, деб.
Афсуски уларни ўзим еб қўйдим.

Хадижа Зоҳир. 7-синф ўқувчиси.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 216 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ