1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Маҳр нима?

«Маҳр» деган сўзни кўпчилигимиз эшитганмиз. Маҳр ҳақида қандайдир тушунчага эгамиз. Лекин орамизда маҳр нималигини тушунмайдиган, тушунса ҳам бунга эътиборсизлик қиладиган одамлар борлиги ушбу сатрларни ёзишимга сабаб бўлди. Айниқса, исломий ҳукм бўлмиш маҳрни қалинга аралаштириб юборилиш ҳоллари маҳр ҳақидаги билимсизлигимизни кўрсатади.

Динимизда умуман қалин деган нарса йўқ. Қалин қизнинг ота-онасига ёки қариндошларига бериладиган пул ёки қандайдир мол бўлиб, қизларни буюмдек сотиш ёки сотиб олишга ўхшайди. Маҳр эса куёвнинг бўлажак рафиқасига кўнгилдан чиқариб берадиган ҳадяси. Унинг қандай бўлишини ва қанча миқдорда бўлишини келин-куёв келишиб олишади. Бу борада келинни рози қилиш жуда муҳим. Маҳр келиннинг мулки бўлиб қолади. Қизнинг ота-онаси ёки қариндошлари бу мулкка эгалик қилмайдилар. Қалинда эса аксинча пул ёки мол қизнинг ота-онасига берилади.

Маҳр билан қалиннинг фарқини батафсилроқ билишни истаганлар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Исломий оила – фароғат қасри» китобларини ўқишлари мумкин. Мазкур китобнинг электрон нусхасини www.islom.uz сайтидан кўчириб олса бўлади. Демак исломий ҳукм бўлмиш маҳрни бидъат бўлмиш қалиндан фарқлаб олишимиз керак.

Маҳр қизнинг куёв бўлмишга тегишга рози бўлгани учун бериладиган совғадир. Маҳр ҳақида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Зикр аҳлидан сўранг» номли ойлик китоб силсилаларининг 18-сонида батафсил маълумот келтирилган.

Маҳр қандай берилади? Аллоҳ Қуръонда:

«Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз» (Нисо, 4) деб марҳамат қилган. Демак, маҳр беришда келинни рози қилиш билан бирга чин кўнгилдан чиқариб бериш керак. Тошкентда келин бечора шу қадар катта сеп билан келадики, куёв берадиган маҳр сепнинг олдида урвоқчалик ҳам бўлмай қолади. Аслида шундай бўлиши керакми? Келиннинг куёвга олиб келадиган ҳадялари олдида маҳрнинг жуда кичкина бўлиши одатий ҳолат бўлиб қолган. Унда маҳрнинг ўрни қаерда қолади? Тўғри баъзилар маҳрга «бир уй, айвони билан» беришади. Лекин, аксар ҳолларда ўша уй ва айвон келинга мулк қилиб берилмайди. Агар турмуш бузилиб эр-хотин ажрашгудек бўлса, хотиннинг маҳрига тушган уй билан айвон ҳақида ҳеч ким эсламайди. Хотин қизлик уйига ҳайдаб юборилади. Аслида хотин маҳрига тушган уйдан эри билан қайнона-қайнотасини чиқариб юборишга ҳақли. Яна бир қизиқ томони, ўша хонадонга янги келин тушса, унга ҳам аввалги келинга маҳр қилиб берилган уйни «маҳр қилишади». Биз маҳрни катта қилишга тарғиб қилмаймиз. Ваҳоланки, динимизда тоғчалик маҳр бериш ҳам мумкин. Лекин, ҳозирги кунда қиз томон қиладиган харажатлар маҳрдан бир неча ўн баробар ошиб кетяпти. Шу адолатданми? Баъзи йигитларга маҳр ҳақида гапирсангиз, маҳрни камроқ қилишга тарғиб қилинган ҳадисларни келтиришади. Лекин қиз томон Расулуллоҳ с.а.в ўз қизларига қилганчалик сеп берса куёвтўралар рози бўлишармикан? Бу ҳақда ўйлаб кўришмайди. Нега ўз фойдамиз учун суннатнинг бир қисмини олиб бошқа қисмини ташлашимиз керак? Холис бўлиш керак.

Умид Комилов тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 277 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ