Сайт бўлимлари
Исломда аёлнинг ўрни ва қадр-қиммати
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Муҳаммад (с.а.в.)га ваҳий келиш арафасида дунёда икки катта давлат – Рум ва Эрон бир-бирлари билан рақобатлашар, бошқа халқ ва элатлар устидан ҳукмларини ўтказишар эди. Рум насроний давлат, Эрон эса оташпарастлар юрти эди. Бу давлатларнинг қонунчилиги бузуқ, инсон ҳақ-ҳуқуқлари поймол эди, ички низолар оқибатида кучсизланиб қолган эдилар.
Арабистон ярим ороли гоҳ у, гоҳ бу давлатнинг қўшинлари билан ҳарбий тўқнашувларга дуч келиб турарди. Шу вазиятда Муҳаммад (с.а.в.)га ваҳий келиши, Ислом динига даъватнинг бошланиши, диннинг шаклланиши VI-VII асрларда Арабистонда ижтимоий-сиёсий ҳаётни муолажа қилувчи бир дастур сифатида қарши олинди. Ҳаётнинг барча жабҳаларини қамровчи Ислом аёллар ҳақ-ҳуқуқларига ҳам катта эътибор берди. Аёл энг муносиб ўрнини Исломдан топди.
Исломда аёлнинг ҳақлари қуйидагича адо этилиши лозим:
1. Аёлларга яхши муомалада бўлиш, уларга нисбатан хушмуомала, ширин сўз, мулойим муносабатда бўлиш, ноҳақлик ва қўполлик қилмаслик керак. Бу хусусда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: «Мўминларнинг энг тўла ишончлиси хушхулқлисидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларга, завжаларига яхши муомалада бўлганларингиздир».
Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз», деганлар.
Ҳадисларда келишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) аёлларга ва болаларга дуч келганларида, салом берардилар, яъни салом билан муқобалада бўлгандилар.
2. Аёлларни урмаслик. Қуръони каримнинг: «Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнг (бу таъсир қилмаса,) уларни ётоқларида тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса,) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқа) йўл ахтармангизлар.*Албатта, Аллоҳ жуда олий ва улуғ зотдир»* («Нисо», 34) оятида айтилганидек, итоатсиз аёлни тарбия ва сўнгги чора сифатида қаттиқ оғритмасдан уришга изн берилган. Лекин, Муҳаммад (с.а.в.) ўзлари аёлларини урмаганлар ва хотин кишини урганларга ҳам қарши турганлар. «Не бўлди эркакларга, хотинларини қул каби урадилар, ҳолбуки, айни кун сўнгги (тун)да латифлашадилар», деган ҳадис ҳам сўзимизнинг исботидир.
Шунингдек, аёлларга ҳам эрларига озор бермаслик амр этилган. Маоз ибн Жабалдан (р.а.) айтилганига кўра, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Қайси бир аёл (мўмин) эрига озор берганда, у кишининг ҳур жуфти (бу аёлга): «Аллоҳ сенинг жонингни олсин, у кишига озор, азият берма. Чунки, шубҳасиз, у сенинг ёнингда меҳмон-мусофирдир, сендан айрилиб, тезда ёнимизга келади», дейди”.
3. Исломда аёл ва болаларни ўлдириш маън этилган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “(Эй инсонлар), болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз, уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир” («Ал-Исро», 31). “Ўз болаларини илмсизлик қилиб, жоҳилона ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб, улар учун Аллоҳ ризқ қилиб берган (ҳайвонлар)ни ҳаромга чиқарганлар, албатта, (ўзларига) зиён қилдилар. (Улар) ҳақиқатдан адашдилар ва тўғри йўлга юрувчи бўлмадилар” («Анъом», 140).
Ислом ҳуқуқида, ҳатто, уруш вақтида аёл ва болаларни ўлдириш тақиқланган. Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.): “Кимки иккита қизни вояга етгунча боқса, жаннатга мен билан бирга киради”, деб ўрта ва ишора бармоқларини ёнма-ён қилиб кўрсатдилар”.
4. Аёлларнинг илм олишлари. Аёл ва эркак мусулмонларга илм ўрганмоқ фарзи айндир. Қуръони каримда фақатгина аёлларнинг ўзига хос, фитратига мувофиқ келган Аллоҳнинг хитобларидан ташқари (масалан, авратларини тўсиш, бола эмизиш, идда муддати, талоқ тўғрисида ва ҳоказо) қолган барча оятлар Аллоҳ таолонинг башариятга, эркаг-у аёлга қилган хитобларидир. Илм ҳақидаги чақириқлар ҳам шулар жумласидандир. Исломда иймондан кейинги фарзи айнлардан бири илм олишликдир (“фарз” бажарилиши шарт деган маънони ҳам англатади). Зеро, Жаброил (а.с.)нинг Пайғамбаримиз (с.а.в.)га етказган биринчи каломи ҳам “Ўқи!” бўлган. Аллоҳ таоло бандасини тафаккур қилиб, борлиққа қараб, таҳлил билан Ўзини танишини хоҳлайди. Кўр-кўрона, тақлидий иймон келтиришликни хуш кўрмайди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Илмни Чинда бўлса ҳам бориб, олинглар”, деганлар. Ваҳоланки, ўша пайтда Чин (Хитой) бутлар ва бутпарастлар ўлкаси бўлган. Лекин улар бундай дейишга қўрқмадилар, чунки борлиқда Аллоҳнинг қудратини намоён этиб тургувчи сон-саноқсиз далилларни ақли билан тааммул қилган инсон Унинг ваҳдониятига иймон келтиргач, Роббисига ширк келтирмайди, аксинча, Ҳақ талабида бўлади. Ҳозирда мусулмонлар орасида илм деганда, фақат диний илмлар тушунилади. Бу хато тушунча. Исломда диний, дунёвий, деган гаплар бўлмаган. Илм соҳаларга бўлинган, холос: фиқҳ, ҳадис, фароиз, тиб, ҳандаса, тарих, фалакиёт илмлари ва ҳоказолардир. Мусулмонлар Қуръон ва суннатга амал қилган вақтларида уларнинг орасида илмнинг барча соҳаларида дунёга танилган алломалар етишиб чиққан. Бунга ўзимизнинг ватандошларимиз Ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Улуғбек, Замахшарий ва бошқа кўплаб олимларнинг номларини келтириш мумкин.
Охирги асрларда мусулмонлар тарафидан илмий кашфиётлар қилинмай қўйди. Бугунги кунда ўлкамизда нафақат мусулмон аёлларнинг, ҳатто, эркакларнинг ҳам илмга рағбатлари паст. Ислом дини эркакларгина қиладиган оғир касбларни аёлларга фарз қилмаган. Лекин аёлларга хос баъзи ишларни эркакларга хос баъзи ишлар билан тенглаштириб, улар билан тенг савоб олишни жорий қилди. Масалан, ҳозир туғруқхоналарда эркак доялар ишлаб юришибди. Шуларнинг ўрнини аёллар эгалласалар, ўртадан гуноҳ кўтарилиб, савобли, хайрли иш бўларди. Чунки аёлнинг дардини эркакдан кўра, аёл кўпроқ тушуниб, ундан кўра, яхшироқ ёрдам бера олади.
Ислом келмасдан олдин ва ундан кейин ҳам анча вақт ҳали дунёда ўқиш-ёзишни биладиганлар кўп эмасди. Арабистонда ҳам вазият шундай эди. Фақат Қуръони карим амри билан бошланган илм ва маданий фаолият тез суръат билан илгарилай бошлади. Ҳазрат Пайғамбаримизга (с.а.в.) ваҳий котиблар кун сайин кўпаяр, бошқа мўминлар ҳам ўқиш-ёзишни ҳавас қилишарди.
Ислом оламида биринчи дарсхоналар, мадраса ва масжидлар очилиб, илк устоз Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўзлари бўлдилар. У зотга эргашган саҳобийлар кўплаб мўминларни диний ва дунёвий билимлар билан бойитишга муваффақ бўлдилар. Бу диний ва бошқа билимларни таҳсил этишда аёл-эркак ажратилмаган. Чунки Исломда илм олишда аёл-эркак тенгдир.
Имом Сарахсий (р.а.) марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таолога иймондан сўнг, энг қувватли фарз – илм талаб этишдир. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): “Илм талаб этмоқ ҳар мусулмон эркак ва аёл учун фарздир”, деб буюрганлар.
Илм – нубувватнинг меросидир. Пайғамбарлар илмни мерос қолдирадилар. Эркаклар нубувват меросида қанчалик ҳақ соҳиби бўлсалар, аёллар ҳам шунчалик ҳақ соҳибидирлар.
Илмнинг фазилати тўғрисида Аллоҳ деган: “Аллоҳ таоло сизларнинг орангиздаги иймон келтирганларни ва илмни юксалтирганларни бу дунёда ёрлақаб, мартабасини улуғ қилгайдир, охиратда жаннатга кирмоқликни насиб этгусидир”. Яна бошқа ояти каримада эса: “Ё Роббий, илмимни зиёда қилгайсан, деб айт!” – дейилган.
Асри саодатда саҳобиялар ўртасида илмлари, зеҳнлари билан ажралиб турган аёллардан Ҳазрат Оиша, Ҳафса, Умму Салама, Карима бинтул Микдол, Умму Кулсум бинти Уқба, Оиша бинти Саъд (р.а.)ларнинг номлари тарихда қолган.
Шубҳасиз, шариатнинг уч амал таянчи бор. Булар: илм, амал, ихлос. Шу уч жуъздан ҳар бири ҳақиқийлашса, шариат ҳақиқийлашади. Бир кишида бу уч жуъз билан шариат вужудга келса, Аллоҳ розилиги қозонилган бўлади.
Маймуна (р.а.) (шу маънода) амр қилдилар: “Арабчани ўрганинг ва ўргатинг!”
Тўрт халифа замонлари ўтиб кетгач, Ислом давлатларида сохта дин пешволари тарафидан аёлларнинг илм олишини таъқиқлайдиган уйдирма ҳадислар ҳам юзага келди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (с.а.в.) ва Ҳорун ар-Рашид даврларида аёллар илм таҳсилининг чўққисида бўлганлар.
Кимки “Муслима аёлларнинг илм олишини дин таъқиқлаган ёки таъқиқлайди” иддаосини илгари сурса, билингизки, у кимса Исломга хиёнат этган.
Ислом келтирган илм инқилоби аёллар учун бир нажот эшигидир. Мадинада янги тузилган Ислом жамияти ва давлатида ўқиб-ёзадиган аёллар ҳам оз эмасди. Машҳур саҳобия Аш-Шифо бинти Абдуллоҳ ал-Адавийя исломдан аввал ўқиш-ёзишни биларди. Сўнг бир қанча саҳобияларга ўргатди (масалан, Ҳафса бинти Умар ал-Форуқ). Ўзи шу тариқа исломда илк муаллима бўлди. Аш-Шифодан ташқари ўқиш-ёзишни биладиган Ҳазрат Оиша, Ҳафса, Умму Салама, Карима бинтул Миқдол, Умму Гулсум бинти Уқба ва Оиша бинти Саъд каби саҳобиялар зикр этилган. Улар Муҳаммад (с.а.в.) сўзларини тушуниб олиб, одамларга етказар эдилар.
Олима саҳобалар ёнида шоиралар ҳам бор эди. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) қизи Фотима аз-Заҳронинг сут қариндоши Аш-Шайма бинтул Ҳорис ас-Саъдийя, Ал-Ҳафса бинти Амр ибниш-Шарид, Атиқа бинти Зайд ва Нажия бинти Жундуб ал-Асломий шоира саҳоба аёллардир. Тарихда Ислом оламида машҳур аёллар Миср, Испания ва Африкадаги мамлакатларнинг бир қанчасига дахлдорлар. Молик бин Анасдан ривоят этган Обида ал-Маданийя, Имом Бухорийнинг “Ал-жоме ас-саҳиҳ”ини Маккада ривоят этган Карима ал-Марвазийя машҳурдирлар.
Тасаввуф соҳасида ҳам кўзга кўринган аёллар бўлган, булардан машҳурлари Робиа ал-Адавиййа, андалусиялик Фотималар маълум.
Гарчи юқорида илмли, истеъдодли саҳобияларнинг номлари келтирилган бўлса-да, Арабистонда ўқиш-ёзишни биладиган эркак ва аёллар саноқли эди. Аёллар келиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан илм ўргатишларини илтимос қилишган.
Бир аёл ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.)га дедилар: “Сўзингизни тинглашимизга имкон бўлмаяпти (сўзларингизни эркаклар етказмоқдалар), бевосита ўзингиздан эшитайлик, бир кунни тайин қилинг, келайлик, Аллоҳ сизга ўргатганини бизга ўргатинг”.
Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) бу мурожаатни яхши қаршиладилар ва аёлларга алоҳида дарс ўтишни қабул қилиб, буюрдилар: “Фалон кун, фалон ерда тўпланинглар!” Улар тўпландилар. Ўша кун келгач, ваъз-насиҳат айтдилар, баъзи диний ишларни буюрдилар: “Эй хотинлар, орангизда 3 та боласи ўлган бирорта ҳам хотин бўлмаса керак, мабодо бўлса, уни ўша болалари парда бўлиб, дўзах ўтидан асрагайдир”, - дедилар. Шунда бир хотин: «Иккита бўлса–чи?” - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Иккита бўлса ҳам (парда бўлгайдир)”, дедилар (бу гап оталарга ҳам тааллуқли).
Абу Ҳурайра (р.а.): “Балоғатга етмаган учта фарзандни назарда тутганлар”, - деб ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) аёлларга Аллоҳ ўргатганидан ўргатдилар ва шу тариқа исломда аёлларга оид илк мадраса барпо бўлди.
5. Аёлларнинг ҳақлари. Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) айтганлар: “Аёлларнинг эркаклар зиммасидаги ҳаққи яхши таом ва кийим беришларидир”.
Қуръони карим дейди: “Роббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон) агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “Уф...” дема ва уларни жеркма! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” (Ал-Исро, 23). Қуръонда марҳамат қилингани каби ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.): «Энг кўп кимга яхшилик кўрсатиш керак?, деб сўраган бир саҳобийга “Онангга”, дея уч бор такрорлаганларидан сўнг, “Отангга”, дедилар.
Исломда она ёки аёл ҳаққига эътибор шу қадарки, она мушрик бўлса-да, бу ҳаққини йўқотмаган бўлади. Фақат ота-она фарзандига ё эр хотинига Исломдан ташқари, яъни Исломга зид амр ва талқинда бўлсалар, у ҳолда уларга итоат қилинмайди. Аллоҳга исён қилувчиларга итоат этилмайди. Бу ҳадиси шарифда очиқ айтилгандир: “Аллоҳга исён этган кимсага итоат этиш йўқдир”.
Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Улар (яъни, бошингиздагилар)дан ким сизга Аллоҳга исён қилмоқни амр этса, зинҳор (бу хусусда) у кимсага итоат этманг”.
Исломнинг аёл ҳақлари хусусида келтирган янгиликлари ва қўйган асосларини шундай тартиблашимиз мумкин: яратилиш жиҳатидан, Аллоҳнинг махлуқи бўлиш жиҳатидан аёл билан эркак тенг.
“Эй, одамлар! Сизларни бир жондан (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда у иккисидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз!…” (Нисо, 1).
Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам бир ҳадиси шарифларида аёл билан эркак орасидаги тенгликни шундай баён этганлар: “Аёл-эркак барча инсонлар тароқ тишлари каби бир-бирларига тенгдирлар”. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса шундай: “Аёл-эркак – барча мусулмонлар қариндошдирлар. Бир кишининг бошқа бир кишига нисбатан тақводан бошқа ҳеч бир устунлиги йўқдир”.
Исломга кўра, аёл ва эркак бир бутуннинг икки парчаси кабидир. Бир-бирларини тўлдирадилар. Чунки ҳадиси шарифда: “Аёллар эркакларнинг (тўлдирувчи) парчасидир”, дейилган.
Ояти каримада эса шундай дейилмоқда: “…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсизлар…” (Бақара, 187). Қуръони карим шу тариқа аёлни нотўғри, нопок ҳукмлардан халос этиб, эркакка турмуш ўртоғи этди. Қуръони карим бу ҳукми билан аёл инсонми-йўқми деб тортишган Оврўпадаги қарашларни яксон қилди.
Ислом аёлдан лаънатни кўтариб ташлади, инсон ўғлининг, Одамнинг жаннатдан чиқишига, лаънатланишига аёл сабаб бўлди, деган эътиқодни ҳам рад этди.
Исломга кўра, аёл ҳам эркак каби диндош бўлишга, ибодат қилишга ҳақли ва буюрилгандир. Қиладиган амалига қараб мукофотланади ёки жазоланади. Жинсият фарқи савобининг кам бўлишига сабаб эмас. Аллоҳнинг қули бўлиш ёки Аллоҳга бандалик жиҳатидан эркак билан аёл орасида фарқ йўқдир.
Дин уламоларининг таъкидлашича, Аллоҳ таоло иймон келтирганлар соясида иймон келтирмаганларни ҳалок қилмаяпти, закот берганлар соясида закот бермаганларни, рўза тутганлар соясида рўза тутмаганларни, зикр этганлар соясида зикр этмаганларни, намоз ўқиганлар соясида намоз ўқимаганларни ҳалок қилмаяпти.
Илмга жуда эътиборли бўлайлик. Тиш берган ризқни ҳам берар, Яратган бизни оч қўймас. Ҳадиси шарифда марҳамат қилингани каби: “Ким Аллоҳ учун илм талабида бўлса, Аллоҳ таоло унинг ризқини кутмаган еридан етказади”.
Ислом аёлларнинг илм эгаллашлари учун қулайликлар таъмин этмоқда. Мақсад Ислом жамиятининг фойдали бир аъзоси, миллати, ватани, давлатига манфаат етказувчи инсон бўлиб етишиш ва етиштиришдир. Ислом аёлни жаҳолатдан кутқариб, юксалтирди, шарафлади. Жамият аёлларга ҳурмат билан қарайдиган бўлди, аёлларнинг иқтидорлари, қобилиятларини эркаклар тан олдилар. Урва бин Зубайр (р.а.) ҳазрати Оиша (р.а.) ҳақларида; “Ҳазрати Оиша Қуръон ҳукмлари, шеър ва адабиётни, араб тарихи ва унинг поғоналарини бошқа шахслардан кўра кўпроқ биларди”, деганлар.
Ҳазрат Оиша (р.а.) дин борасида бамисоли тўлиб-тошган денгиз, ҳикмат ва шариат илмига хазинабон эдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўша пайтда ўз илми, фазли, тақвоси ва дунёқараши билан юқори даражада бўлган саҳобаи киромларга қарата: “Эй биродарлар, динингизнинг ярим илмини Оишадан олинглар”, деган ҳадиси шарифларидан ҳам билса бўлади. Оиша (р.а.) фазлининг юқорилиги, илмининг тўлиб-тошганлигига Абу Мусо (р.а.)дан келтирилган ушбу ривоят ҳам шоҳидлик беради: “Бизлар – Расулуллоҳнинг дўстларига биронта ҳадиснинг маъносини тушуниш мушкул бўлиб қолгудек бўлса, дарҳол Оишага мурожаат этар ва ундан тўла тушунча олар эдик”.
Ато ибн Рабоҳ айтадики: “Оиша одамлар орасида энг доно ва фикри терани эди”. Ҳишом ибн Урва ўз отасидан ривоят қилиб айтадики: “Фиқҳ илмида, тиб соҳасида ва шеър борасида Оишадан билимлироқ кишини кўрмадим”.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг яна бир аёллари ҳазрати Зайнаб (р.а.) ҳам ўша замонанинг буюк фақиҳи (ҳуқуқшуноси) эди. Мадинада эса Бинти Аби Салама (р.а.) фиқҳ соҳасининг билимдони эди.
Исломда аёлнинг илм таҳсил этишига қарши чиққан эрларга ўрин йўқ. Аксинча, Исломни тўғри тушуниб унга амал қилган мўмин эркаклар, аввало ўзлари илмли бўлганлари ёки илм олаётганлари ҳолда, аёлларга ҳам илмни эгаллашларига ёрдамчи бўладилар. Бу борада мусулмонлар тарихи шарафли саҳифалар билан тўлиқдир.
Аёлларни илм таҳсил этмакдан ман қилмоқ бу жаҳолат ва ғафлатга берилган эрларнинг ишидир. Чунки, аёлни илм олишдан ман этмоқ дин ўрганмоқдан ман этмоқдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй Пайғамбар, қачонки, сизнинг олдингизга мўминлар келишиб, сизга ўзларининг Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасликларига, ўғрилик қилмасликларига, зино қилмасликларига, ўз болаларини ўлдирмасликларига ва қўл-оёқлари ўртасида тўқиб оладиган бўҳтонни қилмасликларига* ҳамда бирор яхши ишда сизга итоатсизлик қилмасликларига қасамёд қилсалар, сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Мумтаҳана, 12).
Бу ояти каримадан маълум бўладики, аёл Исломнинг муайян ақидаларига эргашмоққа йўналтирилган. Аёл руҳан ва феълан бу ақидаларга амал қилиши, кузата ва англай олиши учун ўз-ўзини тарбиялаб, таълим олиши Исломнинг асосий жиҳатидир.
Қуръони каримда Пайғамбаримизга (с.а.в.) хитобан келган оят бор: “Улар билан кенгашиб иш қилинг”, яъни саҳобалар билан кенгашиб иш қилишликни Аллоҳ буюрмоқда. Саҳобалар орасида эса аёллар ҳам бўлишган ва бу амр уларга ҳам тегишли бўлган. Бундан ташқари, Муҳаммад (с.а.в.) аҳли аёлларига ҳурмат билан қараб, улар билан масалаҳатлашиб иш кўрганлар.
Табиийки, мусулмонлар шу амрга тобедирлар. Бу ояти каримада фақат эркаклар билан маслаҳатлашиб, аёллар билан маслаҳатлашмаслик керак, бунга эҳтиёж йўқ, дейдиган бирор ишора мавжуд эмас. Бу ояти каримани фақат эркакка махсус дейиш аёлга мухолифликдан бошқа нарса эмас. Ислом олими Ибни Хозим шундай дедилар: “Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) ҳам эркакларга, ҳам аёлларга тенг юборилгандирлар. Аллоҳнинг хитоби, пайғамбарнинг хитоблари аёлларга ҳам, эркакларга ҳам қаратилгандир. Бу хитобларни очиқ бир насс ёки ижмо бўлмагунча эркакларга махсус этиб, аёлларни ташқарида қолдирмоқ жоиз эмас”.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) аҳли аёллари билан маслаҳатлашиб иш кўрганликлари маълум. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун ушбу ҳадисни келтирамиз. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб айтдилар: “Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Шунингдек, аёллар билан доимо яхшиликча маслаҳатлашингизлар”.
Шу сабабдан аёлни кенгашдан маҳрум этмоқ, бевосита Аллоҳга қарши қуллик чегараларидан ўтмоқдир, ҳадди убудиятига тажовуз қилмоқдир. Аллоҳ аёлларга берган бир ҳақни уларнинг қўлларидан олмоқдир.
Расулуллоҳ (с.а.в.) иймон келтирган мўмин эркак ва мўмина аёлларнинг бундай маъсиятга тушишининг олдини олиш учун аёл билан эркак маслаҳат қилиши кераклигини ташвиқ этганлар. Ҳақиқатдан саҳиҳ бир ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “Қизлар билан боғлиқ масалаларда оналари билан маслаҳатлашинг”. Яъни, қизларнинг оталари қизларини турмушга чиқариш хусусида оналари билан маслаҳатлашадилар.
Расулуллоҳнинг (с.а.в.) сийратлари аёллар билан маслаҳат қилиш хусусида бир ибрат хазинасидир.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) 6 ҳижрий йилда 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллоҳнинг зиёрати учун борганларида мушриклар Ҳудайбия номли водийда йўлни тўсдилар. Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай, қайтиб кетадиган бўлдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Ҳудайбияда оёққа қалқиб; “Эй инсонлар, туринг, қурбонликларингизни сўйинг. Сочларингизни олдиринг ва эҳромдан чиқинг!” дея асҳобига амр этдилар. Улардан ҳеч бири жойидан қимирламади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) амрларини яна бир такрорладилар. Яна қимирлаган бўлмади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) буйруқларини учинчи бор такрорладилар. Яна қимирлаган бўлмади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) завжалари Умму Саламанинг ёнларига бордилар. Шунда Умму Салама: “Ў Расулуллоҳ! Не бўлди?” - деб сўрадилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Эй Умму Салама! Халқнинг (мусулмонларнинг) бу қилиғи недир? Эсанкирайдиган ҳол. Уларга: «Қурбонликларингизни сўйинг, сочингизни олдиринг ва эҳромдан чиқинг», деб такрор-такрор айтдим. Улар сўзларимни эшитар, юзимга боқишару амримни бажармоққа туришмади”, деб нолидилар.
Ҳазрат Умму Салама: “Ў Расулуллоҳ! Кўрганингиздек халқ шу ҳолга тушмоқда. Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Сиз шу ишни бажармоқ истайсизми? Истасангиз, тез боринг, қурбонликларни сўйгунча, сартарошни чақириб, соч олдиргунча асҳобдан ҳеч кимга сўз айтманг. Сиз қурбонликларни сўйиб, соч олдирсангиз, халқ ҳам шундай қилади».
Расулуллоҳ қўлларига бир найза олиб, баланд товушда “Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар!” дея қурбонлик туяларини сўя бошладилар.
Асҳоб Пайғамбаримиз (с.а.в.) қурбонлик сўйишларини кўришлари билан дарҳол туриб қурбонлик туяларини сўйишга тушдилар.
Ҳазрат Умму Салама шундай дедилар: “Қурбонликларга қараб шундай чопдиларки, тўпланганларини кўриб, бир-бирларини эзиб қўйишларидан қўрқдим”.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) Умму Саламанинг ўринли маслаҳатлари асосида ниятларини амалга оширдилар. Энди Аллоҳ учун айтайлик, тарихнинг бу шарафли саҳифаси қошида Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) номларидан тўқилган “Аёлларга маслаҳат солинг, лекин улар айтганининг тескарисини қилинг. Чунки аёлларга қарши иш тутишда барака бордир”, деган гаплар У зотга (с.а.в.)га туҳмат эмасми? Бўҳтон эмасми? Айтсак–айтмасак, ҳам бўҳтон, ҳам туҳмат! Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳазрат Умму Салама билан маслаҳатлари, кенгашлари ва унинг натижаси бунга энг буюк ҳужжатдир.
Аёллар ҳақ-ҳуқуқларини Исломдан бошқа дин ва мафкуралар кўриб чиқмаган, десак хато қиламиз. Аёллар ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, даставвал Франция инқилобида 1791 йили “Аёл ҳақлари” баённомаси қабул қилинди. Бу таълимот аввал ҳуқуқий соҳада (қонун олдида эркак-аёл тенглиги каби), сўнг сиёсий соҳада (сайлаш-сайланиш каби) муваффақият қозонди. Лекин бу таълимотни кўтариб чиққанлар аёлларнинг ҳақларига эътибор берайлик, деб, йилдан-йилга аёлнинг фитратини ҳам унутиб, эркаклаштиришга олиб келдилар. Натижада аёл жамиятда бир кўнгилхушлик унсури, реклама материали, яъни намойиш ашёсига айланиб қолди. Феминизм аёл эзилишига қарши бўлиш ўрнига ўзи аёлга кўрсатилаётган зулмга зулм қўшди ва фақат эркаклар эмас, балки аёлни аёлга зулм қилишга ўргатди, ташвиқ этди, ташкил қилди.
Фотимахон Сулаймон қори қизи
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 268 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар