1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Фарзандлар ким билан қолади?

Менинг тўрт нафар фарзандим бор. Иккита каттаси балоғат ёшига етган. Учинчиси икки ёшда, тўртинчиси олти ойлик. Эр-хотин ўртасига талоқ тушиб, ажрашадиган бўлса, шариат бўйича фарзандлар ким билан қолади?

ЖАВОБ: Бу иш араб тилида «ҳизона» дейилиб, «қучоғига олиш» маъносини билдиради. Шариат истилоҳида эса ота ва она ажрашгандан кейин гўдак болани ўз қарамоғига олиш ва тарбия қилишга айтилади. Бола онага мажбурламасдан берилади. Талоқ қилинганми ёки бошқача бўлганми, бари бир. Яъни, ота-онанинг нима сабабдан ва қандай ҳолатда ажрашганларидан қатъи назар, онаси истаб турса, бола унга берилади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аёл: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, кўкрагим сувидиш эди, қучоғим муҳофазачи бўлган эди. Энди эса отаси мени талоқ қилиб, уни мендан тортиб олмоқчи», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Модомики турмуш қилмасанг, сен унга ҳақлироқсан», дедилар» (Имом Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ, деган).
Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» номли китобида Саъид ибн Мусайябдан ривоят қилади: «Умар Умму Осимни талоқ қилди. Кейин унинг олдига борди. Осим унинг қучоғида турган эди. Болани ундан тортиб олмоқчи бўлди. Икковлари уни тортишиб кетди. Бола йиғлаб юборди. Икковлари Абу Бакрнинг ҳузурига борди. Бас, Абу Бакр унга: «Аёлнинг силаши, қучоғи ва ҳиди унинг учун сендан кўра яхшироқ. Бола улғайса, ўзи танлаб олади», деди».
Агар аёл болани олишни истамаса, у мажбурланмайди. Илло, ундан бошқа шахс бўлмаса ёки бола ундан ўзгага кўнмаса, мажбурланади. Болани қарамоғига олишга ҳақдорларнинг онадан кейинги тартиби қуйидагича: Сўнг онанинг онаси, агар юқориласа ҳам. Кейин отасининг онаси, ота ва она бир опаси, она бир опаси, ота бир опаси. Сўнгра шу тартибда холаси ва аммаси. Улар ҳур бўлишлари шарти билан.
Бу ҳукмга далил: Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Зайд ибн Ҳориса Маккага бориб, Ҳамзанинг қизини олиб келди. Шунда Жаъфар: «Уни мен (қарамоғимга) оламан. Унга мен ҳақлиман. Чунки у амакимнинг қизи. Унинг холаси менинг қўлимда. Хола она(ўрнида)дир», деди. Алий эса: «Унга мен ҳақлироқман. У амакимнинг қизи. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари менинг қўлимда. У бу қизга ҳақлироқ», деди. Зайд эса: «Унга мен ҳақлиман. Уни олиб келгани мен бордим, мен сафар қилдим ва уни ўзим олиб келдим», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига чиқдилар-да, уни Жаъфарга беришга ҳукм қилдилар ва: «У холаси билан бўлади. Хола она(ўрнида)дир», дедилар» (Имом Абу Довуд, Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг Аммора исмли қизи Маккада қолиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиз Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қарамоғига берилиши ҳақида ҳукм чиқардилар. Чунки Жаъфар розияллоҳу анҳунинг хотини қизнинг холаси эди. Хола эса она ўрнидадир. Демак, кичкина болаларни қарамоққа олишда аёл кишиларга қаралар экан.
Чўри ва умму валаднинг болани ўз қарамоғига олиш ҳаққи йўқ. Зиммия худди муслима кабидир, чунки оналик меҳри шахсга қараб бўлади, динга қараб эмас.
Энди бу хилдаги қарамоғига олиш бола то дин жиҳатидан ақлини танигунича бўлади. Уни мусулмон қилиб тарбиялаш керак. Имом Шофеъий, Аҳмад ва Молик: «Зиммияга қарамоғига олиш ҳаққи берилмайди», деганлар.
Болага маҳрам бўлмаганга никоҳланиши билан аёлнинг ҳаққи соқит бўлади. Чунки бу ҳолатда болага зарар етиши муқаррар бўлиб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда аёлга: «Модомики, турмуш қилмасанг, сен унга ҳақлироқсан», дедилар.
Боланинг онаси амакисига ёки бувиси бобосига никоҳлангани каби, маҳрамга никоҳланса, соқит бўлмайди.
Агар болани қарамоғига олган аёл болага маҳрам бўлган кишига эрга тегса, ўша одам ҳам қариндошлик юзасидан болага меҳр кўрсатишининг эътиборидан аёлнинг қарамоғига олиш ҳаққи соқит бўлмайди. Мисол учун, болани онаси қарамоғига олиб туриб, унинг амакисига никоҳланиши ёки она томонидан бўлган момоси қарамоғига олиб туриб, ота томонидан бўлган бобосига никоҳланиши каби. Қарамоққа олиш ҳаққи уни соқит қилган никоҳнинг зоил бўлиши билан қайтади. Мисол учун, онаси бегона кишига эрга тегиши билан болани қарамоғига олиш ҳаққидан маҳрум бўлади. Аммо она ўша эрдан ажрашса, қарамоққа олиш ҳаққи яна унга қайтади. Кейин асабалар ўз тартибларига қараб ҳақли бўладилар.
«Асаба» сўзи луғатда «яқин турган», «ёпишган» деган маъноларни англатади. Кишининг бошини маҳкам боғлаб олишига ишлатиладиган боғичга ҳам шу сўз ишлатилади. Шу маънода кишининг яқин эркак қариндошлари ҳам «асаба» дейилади. Чунки унга нисбатан бирор хавф-хатар туғилганда, ўша қариндошлар келиб, уни ўраб туриб ҳимоя қиладилар. Ундан душманни даф қиладилар, ўзларининг ҳаётларини хавф остига қўядилар. Шунингдек, молиявий тўловларга ожиз бўлиб қолса ҳам, ўшалар тўлайдилар. Шунинг учун ҳам улар меросга ҳақли бўлганлар.
Асабага ота, бобо, ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, туғишган ака-уканинг ўғиллари, туғишган амакилар, уларнинг ўғиллари ва бошқалар киради. Аёллардан болани қарамоққа оладиган шахс топилмаганда ана ўшалар ўз қарамоғига олишга ҳақлидирлар. Уларнинг ҳақлари тартиблари асосида бўлади. Лекин қиз бола озод қилиш туфайли мавло бўлган, амакининг ўғли каби маҳрам бўлмаган асабага ва шармсиз фосиққа берилмайди. Улар қиз болани ўз қарамоғига олсалар, фитна бўлишидан қўрқилади.
Ёш болани қарамоғига олиш уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни тозалаб, едириб-ичириб, кийинтириб, роҳати учун керакли нарсалар билан таъминлаб, тарбиялашдан иборат.
 Лекин болани ўз қарамоғига олувчи шахсда бир неча шартлар бўлиши шарт:
1. Оқил бўлиши керак.
2. Балоғатга етган бўлиши керак.
3. Диндан чиққан, муртад бўлмаслиги керак.
4. Фосиқ, ишончсиз бўлмаслиги керак. Баъзи фисқу фужур ишларни қиладиган, ўғри, бетайин раққоса кабилар ёш болаларни ўз қарамоғига олишга ҳақли эмаслар.
5. Болани қаровсиз қолдирмаслиги керак. Агар қаровсиз қолдирадиган бўлса, қарамоғига олиш ҳаққидан маҳрум қилинади.
6. Ота камбағал бўлиб, она ажрсиз тарбия қилишдан бош тортса, ажрсиз тарбия қилишни хоҳлаган яқин аёл қариндош болани ўз қарамоғига олади.
Ёш болага ихтиёр ҳаққи берилмайди. Яъни кичик ёшдаги болага «Сен ким билан бўласан, ўзинг танлаб ол», дейилмайди. Бола то ўзи еб-ичадиган ва истинжо қиладиган бўлгунича, онаси ва момоси унга ҳақлидир. Қиз болага то ҳайз кўргунича.
Кичик болани отаси ва онаси талашиб қолса, онасига берилади. Ўзи еб-ичадиган ва истинжо қила оладиган ўғил бола отасига берилади. Чунки у эркакларга хос нарсаларни отасидан ўрганиши зарур.
Қиз болалар эса ҳайз кўрадиган бўлгунларича, оналари билан қоладилар. Чунки улар аёлларга хос нарсаларни оналаридан ўрганишлари лозим. Қизлар балоғатга етганларидан кейин, уларни асрашга ва турмушга чиқаришга оталар қодир бўлганлари учун вақти етганда улар оталари қарамоғига ўтадилар. Онадан ўзга болани қарамоғига олган шахслар ҳеч қаерга сафар қилмайдилар. Чунки бу нарса болага зарар келтиради (Аллоҳ билувчидир).