1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Иссиқ-совуқ”дан фойда борми?

Ҳозирги пайтда эр ва хотин аразлашиб ёки бир-бирларини ёқтирмай қолишса, дарров “иситиш” ёки “совутиш” учун фолбинларга чопдаиганлар кўпайиб кетди. Иши юришмаганлар, савдосида барака бўлмаётганлар ҳам алдамчи фолбинлардан нажот ахтараётганлари ҳеч кимга сир эмас. Инсонга “иссиқ-совуқ”нинг таъсир қилиш жараёни ва унинг салбий томонлари ҳақида маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Бизда “иссиқ-совуқ” деб аталадиган нарсани шариат бўйича сеҳрнинг бир тури дейиш мумкин. Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда бу хилдаги гап-сўзлар кўпайиб кетди. Фолбин, башоратчиларнинг гапига ишонувчилар ундан-да кўп. Аллоҳ таоло: «Сеҳргар қаерда бўлса ҳам зафар топмас», деган. Ушбу жумла Тоҳо сурасидаги ояти кариманинг бир бўлагидир. Бу ояти карима Мусо алайҳиссалом ва Фираъвннинг сеҳргарлари орасида бўлиб ўтган муборазани васф қилувчи ояти карималар сиёқида келган бир оят бўлиб, тўлиғи қуйидагичадир: «Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг қилган ҳунарини ютиб юборур. Уларнинг қилган ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос. Сеҳргар қаерда бўлса ҳам зафар топмас», дедик» (69-оят).
Ўша пайтда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни қўллади. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга нима қилиш кераклигини ҳам ўргатди: «Қўлингдаги нарсани ташлагин, уларнинг қилган ҳунарини ютиб юборур». Яъни, қўлингдаги асони ерга ташлагин, сеҳргарлар кўрсатаётган сеҳрни ютиб юборади, деди.
«Уларнинг қилган ҳунари сеҳргарнинг ҳийласи, холос». Бундан бошқа нарса эмас. Уларнинг ишлари фақат ҳийла-найранг, холос. Қўрқишнинг ҳожати йўқ.
«Сеҳргар қаерда бўлса ҳам зафар топмас». Ҳийла-найранг ҳеч қачон зафар топмаган. Бу сафар ҳам зафар топмас. Фиръавнлар ва уларнинг гумашта сеҳргарлари доимо ҳийла-найранглар ила халқнинг кўзини бўяб келган. Уларнинг ботили ҳақ кўринмаган пайтда ўтади, холос. Ҳақ келганида, ботил йўқ бўлади. Сен Роббингдан ҳақ келтирдинг, энди уларнинг ботили йўқолади.
Сеҳрнинг Қуръони каримдаги таърифини яхшироқ билиб олиш учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани ҳам ўрганиб олайлик: «Ва Сулаймон подшоҳлигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: «Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва улар зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар. Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон!» (102-оят).
Яъни, яҳудийлар Аллоҳнинг китобини худди билмагандек ортларига ирғитиб юбориб, Сулаймон алайҳиссалом подшоҳликлари ҳақида шайтонлар айтиб юрадиган нарсага эргашиб кетдилар. Маълумки, Аллоҳ таоло Сулаймон алай-ҳиссаломга ҳам пайғамбарлик, ҳам подшоҳликни берган эди. Шу билан бирга, у кишига бутун ҳайвонларнинг тилини ўргатиб, жинларни хизматларида ҳозиру нозир қилиб қўйган эди. Бу илоҳий мўъжизалар у кишининг пайғамбар эканликларини тасдиқлаш учун берилган эди.
Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди ва уларларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда», деган гапларни тарқатишди. Бундай миш-мишни тарқатишда яҳудийлар қавми, айниқса жонбозлик кўрсатди.
Шунда Аллоҳ таоло пайғамбарларга берган мўъжизалар билан сеҳрнинг фарқини амалий суратда кўрсатиш учун Бобилга Ҳорут ва Морутни юборди. Улар хоҳлаганларга сеҳр ўргатиш билан вазифаланган эди. Аммо сеҳр ўргангани келганларга аввал:  «Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар».
Яъни, «Биз фитна учун, одамларни синаш учун юборилганмиз, сеҳрни ўрганган кофир бўлади, сен ҳам уни ўрганиб кофир бўлма», деган маънода огоҳлантиришар эди. Келган одам бу гаплардан кейин қайтиб кетса кетди, аксинча кофир бўлишини билиб туриб ҳам ўрганавераман, деса, ўргатишар эди.
Мана шунинг ўзидан пайғамбарлик мўъжизаси билан сеҳр ўртасидаги энг катта фарқ намоён бўлади. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима-кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога: «Сулаймон куфр келтиргани йўқ», деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони: «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда.
Бу ишлар Бобил номли юртда бўлгани ҳам айтилмоқда. Ҳамда Ҳорут ва Морут исмлари ҳам зикр қилинмоқда: «Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар».
Ҳорут ва Морутлар кимлиги тўғрисида тафсирчилар турли фикрларни айтишган. Лекин бу фикрларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбага асосланмаганини уламоларимиз алоҳида таъкидлашган. Шунинг учун оятдаги ибораларнинг таркибидан, бу икки исм эгалари фаришта бўлган, деб айтганларнинг фикри қувватлироқ чиққан. Аллоҳ таоло инсонларни хоҳлаган усулда, хоҳлаган воситалар ила синаб кўради, бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ.
Кофирликни ҳам бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади бу сеҳрларини? «Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди». Демак, улар сеҳрни яхшилик учун ўрганишмас экан. Улар сеҳрни ёмон нарсага ишлатишар экан. Аммо: «улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар».
Ушбу жумлада дунёдаги ишларнинг бориши ҳақидаги исломий тасаввур ўз аксини топган. Яъни, дунёда нима иш содир бўлса, барчаси Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Тўғри, Аллоҳ ҳар бир ишнинг юзага чиқиши учун сабабларнинг вужудга келишини шарт қилган. Аммо ўша сабаблар ҳам Аллоҳнинг изни билан таъсир қилади.
Илми калом уламолари бу маънони тушунтириш учун оловни мисол қилишади. Оловни пахтага тутсанг, пахта куяди. Бу оловдаги куйдириш хусусияти туфайли куядими ёки ўзидаги куйишга бўлган қобилият туфайли куядими? Чунки оловда куймайдиган нарсалар ҳам бор-ку.
Хулласи калом, ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан бўлади. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа оловдан куйдириш хусусиятини олиб қўяди. У зот куйдиришга изн бермаса, олов ҳеч нарсани куйдира олмайди. Мисол учун, Иброҳим алайҳиссаломни мушриклар катта гулханга ташлаганларида Аллоҳ таолонинг амри ила олов Иброҳим Пайғамбарни куйдирмаган.
Шунингдек, сеҳргарлар ҳам сеҳрни қилишаверади. Аммо Аллоҳнинг изни бўлмаса, ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ояти каримадаги: «Ва улар зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар» жумласи сеҳр фақат зарарли нарса эканини тасдиқлайди. Бу эса, яҳудийларнинг сеҳрни мақтаб айтадиган гапларига раддиядир. Шу билан бирга, сеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди: «Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ».
Шунингдек, одамларни хаста қилиш мақсадида уларга қарши сеҳр ишлатган сеҳргарлар ҳам охир-оқибат зафар топмаслар. Худди шу маънони таъкидлаш учун «Тиб ва дам китоби»да «сеҳр» сарлавҳаси остидаги алоҳида бобда бир неча ҳадис келтирилган.
Сеҳр тўғрисидаги ушбу ояти карима ва бошқа унга тегишли матнлар асосида уламолар узоқ тортишганлар. Ҳатто алоҳида китоб ёзганлар ҳам бор. Бу тортишувлар: «Сеҳр нима? Унинг ҳақиқати ҳақида нима деймиз? Сеҳрда нарсаларнинг табиати ўзгарадими ёки одамларнинг кўзига кўрингани ўзгариб, ўзи асл ҳолида қоладими?» каби масалалар устида бўлган. Аммо сеҳр ёмон нарса экани, уни ўрганиш мусулмон одам учун мумкин эмаслиги ҳақида ҳамма якдил.
Тажриба шуни кўрсатадики, баъзи одамларда ғайриоддий хусусиятлар бўлади. Айниқса, ҳозирги кунда телепатия, магнит уйқуси, экстрасенс ва бошқа хусусиятлар ҳақида шов-шувлар кўпайган. Аммо илмий асосдаги аниқ хулоса йўқ.
Баъзи шахсларда бошқа кишиларга таъсир ўтказиш хусусияти борлиги аниқ. Сеҳр ҳам ўша нарсаларга ўхшаш бир ҳолат бўлиши мумкин. Ўша хусусият билан таъсир ўтказиб, эр билан хотинни ажратиб юбориш ёки кишилар соғлигига таъсир қилиш мумкиндир. Лекин бунақа ишларнинг барчаси Аллоҳнинг изни билан бўлишини унутмаслик керак.
Оиша розиялоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Бани Зурайқ яҳудийларидан Лубайд ибн ал-Аъсам деб номланадиган бир яҳудий сеҳрлади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани қилганликни хаёл қилар эдилар, аммо қилмасдилар.
Ниҳоят бир куни ёки бир кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Кейин: «Эй Оиша, сездингми? Аллоҳ фатво сўраган нарсам ҳақида фатво берди. Ҳузуримга икки киши келди. Улардан бири бош тарафимга, бошқаси икки оёғим тарафида ўтирди. Шунда бошим тарафдаги икки оёғим тарафдагига ёки икки оёғим тарафдаги бошим тарафдагига: «Бу кишининг дарди нима?» деди. Униси: «Сеҳрлангандир», деди. «Уни ким сеҳрлади?» деди. «Лубайд ибн ал-Аъсам», деди. «Нима ила?» деди. «Тароққа, тараганда тушган сочга ва эркак хурмодан қилинган идишга», деди. «У нарса қаердадир?» деди.«Зу Арвон қудуғидадир» деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан бир гуруҳ одамлар ила ўша ерга бордилар. Кейин (қайтиб келиб): «Эй Оиша, Аллоҳга қасамки у(қудуқ)нинг суви ҳинонинг ивитилганига ўхшаб кетибди. У ердаги хурмолар худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, уни куйдириб юборганинигизда эди», дедим. «Йўқ. Аммо менга Аллоҳ офият берди. Одамларга бирор ёмонлик қўзимасин дедим. Амр қилдим, уни кўмишди», дедилар (Бухорий ва Муслим).
 Бу ҳодиса ҳақида шунга ўхшаш бошқа ривоятлар ҳам бор. Уларда бу ерда зикр қилинмаган бошқа тафсилотлар ҳам келтирилган. Шунингдек, бу ривоят ва унда зикр қилинган ҳодиса ҳақида турли ихтилофлар ҳам бор. Баъзи кишилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга сеҳр таъсир қилса пайғамбарликларига путур етиб қолмайдими, деган мулоҳазаларни ҳам қилганлар.
Лекин муҳаққиқ уламоларимиз бу ҳақда қуйидаги хулосани айтишган: “Саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган нарса инкор қилинмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан сеҳр қилингани маълум ва машҳур. Лекин у зотга қилинган сеҳр пайғамбарликларига путур етказмагани ҳам собит”.
Ушбу ривоятни бу ерда келтириш ила беморлик инсонга сеҳр орқали, унинг сабабидан ҳам етиши мумкинлигига ишора қилинмоқда. Авваллари, моддапарастлик авж олган даврда сеҳр кишининг соғлигига зарар етишига сабаб бўлиши ҳақида гапирилса, кулги-масхарага сабаб бўлиши мумкин эди. Энди эса аксинча, кўпчиликнинг ҳамма дардлар ортида сеҳр ва унга ўхшаш нарсалар турганига ишонадиган бўлиб кетишига сал қолди.
Исломда эса ҳамма нарса ўз воқеълигига қараб мўътадиллик ила баҳоланади. Асосан хасталиклар маълум ва маъруф сабаблар сабабидан ориз бўлади. Уларни тиб йўли билан муолажа қилинади. Шу билан бирга баъзи ҳолларда хасталикнинг ориз бўлишига сеҳр сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ундоқ ҳолатда беморни даволаш учун аксилсеҳр воситалар ишга солинади.
«Сеҳр» сўзи луғатда ҳар бир чиқиб келган жойи дақиқ ва латиф, сабаби махфий бўлган нарсага ишлатилади.
Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, баёнда ҳам сеҳр бор», деганлар. Фалончини сеҳрлаб қўйди, деган иборада, алдади маъноси бўлади.
Аслида сеҳр бир нарсани ҳақиқатидан бошқа тарафга буришдир. Бунда сеҳргар ботил нарсани ҳақиқат қилиб кўрсатиши кўзда тутилган.
«Лисонул араб» китобида айтилишича, араблар сеҳрни «сеҳо» деб аташи соғликни беморликка буриши ва яхши кўришни ёмон кўришга буриши учундир.
Сеҳр таърифида уламолар турли фикрларни айтишган. Байзовий: «Сеҳрдан мурод ҳосил бўлиши учун шайтонга яқинлашиладиган, инсон ўзи қила олмайдиган нарса бўлиши керак. Бу нарса ёмонликда ва нафсининг ифлослигида иблисга муносиб бўлган шахсларгагина ҳосил бўлади. Аммо ҳийла, турли асбоб ва даволар воситасида одамларни ажаблантирадиган нарсаларни қилиш, қўлини чаққон ҳаракатлантириб ҳунар кўрсатиш мазаммат қилинмайди. Бундоқ ишларни сеҳр дейиш унинг дақиқлигидан холос. Сеҳр аслида сабаби махфий нарсадир», деган.
Ат-Таҳонавий ўзининг «Кашшофу истилоҳотил фунун» номли китобида сеҳр ҳақида қуйидаги таърифни келтиради: «Сеҳр илмнинг бир нави бўлиб, уни жавҳарларнинг хусусиятларини ва юлдузларнинг буржларини билишдан истифода қилинади. Ана ўша нарсадан сеҳр қилинган шахсга ҳайкал олинади ва унинг учун бурждаги махсус вақтни кутилади. Сўнгра шариатга хилоф куфр ва фаҳш сўзларни талаффуз қилинади. Унга шайтонларнинг ёрдами ила эришилади. Уларнинг ҳаммасининг жамланишидан сеҳр қилинган шахсда ғаройиб ҳолатлар юзага келади».
Ал-Қалюбий сеҳрни қуйидагича таърифлайди: «Сеҳр шариатда ифлос руҳларни махсус сўз ва амаллар орқали ишлатиб, одатдан ташқари ҳолатларни келтириб чиқаришдир».
Ҳанбалийлар сеҳрни қуйидагича таърифлайди: «Сеҳр тугунлар, сўзлар, дам солиш ёки бир нарсаларни ёзиш ёхуд қилиш орқали кишининг бадани, қалби ёки ақлига бевосита таъсир қилишдир».
Мазкур таърифларни жамлаб ўргансак, уларнинг ҳар бирида сеҳрнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз бораётганини кўрамиз. Демак, ушбу таърифларнинг йиғиндисидан сеҳрнинг маъносини тўлароқ англаб оламиз (Аллоҳ билувчидир).