1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Насабда тенг бўлмаганларнинг никоҳи дуруст эмасми?

Турмуш қурганимга ўн йил бўлди. Менинг шажарам Имом Али ҳазратларига бориб тақалар экан. Яъни, ота-онамнинг айтишлари бўйича оқсуяк (тўра)лардан эканман. Менинг турмуш ўртоғим эса оқсуяк эмаслар. Амакимларнинг айтишларича, бундай никоҳ ёмон оқибатли бўлиши ҳам мумкин экан. Бундай никоҳ ҳақида фикрингизни билдирсангиз.

ЖАВОБ: Бу каби масалаларда менинг фикримни эмас, шариатнинг ҳукмини сўранг. Амакингизнинг сулолалари Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга улашган бўлса ҳам, Аллоҳнинг шариатни билмайдиган оми эканлар. Сиз бўлса у кишидан ҳам ўтар экансиз. Оқсуякликни суриштириш билан бирга Аллоҳнинг динини ўрганганингизда яхши бўлар эди.
Араб қабилалари ҳам қиз беришдан олдин насабу ҳасабни роса суриштиришар эди. Оиласига тенг насабга эга бўлмаган кишига қиз беришмас эди. Бу эса насаб асосида айирмачилик қилиш, кишиларни камситиш, сен бизга тенг эмассан, дейишнинг кенг тарқалган тури эди. Шунинг учун Ислом бу муаммога ҳам алоҳида эътибор берди.
Имом Абу Довуд ва Ҳокимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай келган: «Абу Ҳинд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларидан қон олди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Бани Баёза, Абу Ҳиндга қиз беринглар, ундан қиз олинглар», дедилар. Бани Баёза аслзода араб қабиласи эди. Абу Ҳинд эса, уларнинг озод қилган қули бўлиб, қон олувчилик қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги амрни эшитиб, Бани баёзаликлар ҳайратга тушишди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб қизларимизни озод қилган қулларимизга берамиз?», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар! Албатта, биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда ўзаро танишишларингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлилигингиз энг тақволигингиздир» (Ҳужурот, 13) оятини нозил қилди».
Демак, одамларни улар мансуб бўлган халқ, қабила, насаб-ҳасаб асосида фарқлаш, яхши-ёмон дейиш дуруст эмас. Шундан сўнг бу ҳукмга мусулмонлар оғишмай амал қила бошлашди.
Ҳабашистонлик собиқ қора қул Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу энг насабли аёлга, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудек улкан саҳобийнинг синглисига уйланди. Ибн Саъд ривоят қилишларича, Билол розияллоҳу анҳу укаси билан бир араб қабиласига совчи бўлиб бориб: «Мен – Билолман, манави – укам Абдон, Ҳабашистонданмиз. Залолатда эдик, Аллоҳ ҳидоят қилди. Қул эдик, Аллоҳ озод қилди. Агар қиз берсангиз – Алҳамдулиллаҳ, бермасангиз – Аллоҳу акбар!» деган. Шунда ҳалиги араблар: сен акаси бўлганингдан кейин албатта унга қиз берамиз-да, дейишган.  
Қурайш қабиласилик бошқа бир аёл Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳога аслзода араблардан Абу Жаҳм ва Муовия розияллоҳу анҳулар совчилик қилган бўлишса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни собиқ қулнинг ўғли, қора танли Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумога эрга тегишни тавсия қилдилар.
Шундай қилиб, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида тенг ҳуқуқлилик ўз ўрнини топиб бораверди. Охири келиб Ислом жамияти тенг ҳуқуқлилик жамиятига айланди. Демак, никоҳ қуришда одамларнинг насаби ва ҳасаби, мансаби ё мавқеи эмас, уларнинг диндорлиги ва тақвоси муҳим (Аллоҳ билувчидир).