1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ўзимга ёққан қизни...

 Ёшим йигирма учда, Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсин, қодир қилганича ибодатдаман. Бир йил ўтар-ўтмас уйланишим эҳтимоли бор. Ўзим Аллоҳ хоҳласа келаси йили магистратурани тамомлайман. Албатта уйлансам, қандай ёр учраркин, ишқилиб диндор, мўминаси насиб этсин, деб ёлвораман. Ўқишим жараёнида ҳеч бир қиз билан яқиндан мулоқотда бўлган эмасман, чунки уларни ўзимга номаҳрам деб билганим учун улар билан узоқроқ гаплашишга ҳам қўрқаман. Лекин ҳозир назаримда ўзим хоҳлагандек қизни учратиш амри маҳолдек кўринади кўзимга.  Саволим шуки, биз каби ҳали оила қурмаган ёшлар ўзимизга ёққан қизларни танлаб, уларга Аллоҳ қодир қилганича Исломни тушунтириб, келажакда улар билан оила қуришга динимиз рухсат берадими ёки йўқми? Ёки улар бизга номаҳрам бўлгани учун бу масалада Аллоҳга таваккал қилиб, улардан ўзимизни узоқроқ олиб юришимиз керакми?

ЖАВОБ: Албатта, балоғатга етган икки жинсдаги шахслар бир-бирларига номаҳрам бўлишади. Уларнинг бирга ёлғиз қолишлари асло мумкин эмас. Ҳозир бу ҳукмга амал қилмай, бир-бирларини «Аллоҳ учун яхши кўраётган» ёшларимиз ҳам йўқ эмас.
Келинликка ва куёвликка номзодларнинг бир-бирларини тўйдан олдин кўришлари гуноҳ ҳисобланадими? Ёки баъзилар айтганидек, ёшлар бир-икки йил бирга юриб, бир-бирини синаб кўришлари керакми? Исломда юқорида айтилган икки услуб ҳам нотўғри ҳисобланади.
Бир-бирини кўрмасдан оила қуриш яхши эмас. Олдин кўришмаган кишилар юзма-юз бўлишганида бир-бирларига ёқмай қолишлари ҳам мумкин. Иккинчидан, сифатлари суриштирилганда бошқани кўрсатилиб, никоҳга бошқани олиб келиш хавфи ҳам бор. Бошқа одамнинг суратини кўрсатиб, тамоман ўзга кишини никоҳламоқчи бўлганлар ҳам топилади. Шунинг учун оила қурмоқчи бўлган икки тараф бир-бирини аввал кўришгани яхши.
Лекин бу дегани, баъзи диндан бехабарлар, ғайридинларга тақлид қилиб, оила қурмоқчи бўлган ёшлар бир-икки йил синашиб, кейин никоҳдан ўтишлари керак, деган гапларни тасдиқлаш ҳам эмас. Бу иш Исломда мутлақо жоиз эмас, ҳаром нарса. Балоғатга етган эр ва аёлнинг холи қолишлари сира мумкин эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бегона эркак ва аёл холи қолса, учинчилари шайтон бўлишини таъкидлаганлар.
Энг қизиғи, мазкур «синаш» даврида ҳар икки томон ҳам мақсаддаги синовга эриша олмаслигини тажриба исбот қилди. Синашиб турмуш қурганларнинг оиласи тезроқ ва кўпроқ бузилишини ҳамма кўриб-билиб турибди. Чунки ҳар икки тараф ҳам «синов» даврида ўз камчиликларини беркитишга, ўзида йўқ фазилатларни бор қилиб кўрсатишга жон-жаҳди билан уринади. Оқибатда икки томон ҳам бир-бирини алдайди, бир-бирига «фаришта» бўлиб кўринади. Лекин қалбакилик умр бўйи давом этиши мумкин эмас.
Никоҳдан кейин икки томон ҳам тезда ўзининг ҳақиқий башарасини очади. Сўнгра келишмовчиликлар чиқади ва оила бузилади. Фақат «синаш» давридаги ҳаром-хариш юриш, гуноҳ, баъзи ҳолларда зино, зинодан ортган фарзанд қолади, холос.
Шунинг учун ҳам Исломда бу ишга рухсат берилмайди. Сўраб-суриштирсин, шариат белгилаб берган доирада кўриб-ўргансин, шунинг ўзи етарли бўлади. Бу масалага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қизиқтирганлар, тавсия қилганлар. Шунинг учун ҳам барча ҳадис китобларимизда, кўпгина фиқҳ китобларимизда совчи қўйилмоқчи бўлган пайтда бир-бирини кўриш ҳақида алоҳида боблар бор. Ана ўша ҳукмларни ўрганиб, амал қилиш керак. Сизнинг бу масалада ўзингизни тутишингиз тўғри (Аллоҳ билувчидир).